loader
Биз уни арабий Қуръон этиб нозил қилдик, шоядки ақл ишлатсангиз.
Биз сенга ушбу Қуръонда ваҳий қилган нарсамиз ила энг гўзал қиссани ҳикоя қилурмиз. Агарчи ундан олдин сен бундан бехабарлардан бўлсанг ҳам.
Юсуф отасига: «Эй отажоним, мен ўн битта юлдузни ҳам қуёш ва ойни кўрдим, уларнинг менга сажда қилаётганларини кўрдим», деганини эсла. (Бу тушни кўрганда Юсуф (а. с.) ёш бола эди. Одатда ёш болалар бунчалар аниқ ва башоратли туш кўрмайдилар. Яъқуб (а. с.) кичик ўғли Юсуфдан кўрган тушини эшитиб, шу гаплар хаёлидан ўтди. Бу туш улуғ келажакдан башорат эканини англади.)
У: «Эй ўғилчам, тушингни акаларингга айтмагин. Яна улар сенга бирор ҳийла қилмасинлар. Албатта, шайтон инсонга очиқ-ойдин душмандир», деди.
Шундай қилиб, Роббинг сени танлаб оладир, сенга тушларнинг таъбирини ўргатадир ва сенга ва Яъқуб аҳлига, худди оталаринг Иброҳим ва Исҳоққа батамом қилганидек, ўз неъматини батамом қилиб берадир. Албатта, Роббинг билгувчи ва ҳикматли зотдир». (Аллоҳнинг Пайғамбари бўлмиш Яъқуб (а. с.) ўғли Юсуф кўрган тушни ана шундай таъбир қилган эди. Бу туш Юсуфнинг келажакда боболари Иброҳим ва Исҳоқ алайҳимуссаломлар каби Пайғамбар бўлишидан дарак берар эди.)
Батаҳқиқ, Юсуф ва унинг оға-иниларида сўровчилар учун оят-ибратлар бор эди. (Яъни, Юсуф ва унинг ака-укалари қиссасида ажойиб ибратли аломат-белгилар жуда ҳам кўпдир. Ким сўраса, эътибор берса, диққат билан ўрганса, кераклигича ваъз-насиҳат, ибрат ва ўрнак олади.)
Ўшанда улар: «Албатта, Юсуф ва унинг укаси отамизга биздан кўра маҳбуброқлар, ҳолбуки, биз кўпчиликмиз. Албатта, отамиз очиқ-ойдин адашувдадир», дедилар. (Яъни, Юсуфнинг акалари (улар ўн киши бўлиб, оналари бошқа эди), отамиз биздан кўра укамиз Юсуф ва унинг ота-она бир укаси икковини яхши кўради, аслида улардан кўра бизга кўпроқ эътибор бериши керак эди, отамиз бу ишда адашмоқда, дедилар.)
«Юсуфни ўлдиринглар ёки узоқ ерга олиб бориб ташланглар, шунда отангизнинг юзи сизга холи қолади. Бундан кейин солиҳ қавмдан бўлиб оласизлар», дедилар. (Бу уларнинг ўзаро маслаҳатлари эди. Улар нима қилиб бўлса ҳам, Юсуфни йўқотиб, оталари фақат ўзларига эътибор бериши учун ҳаракатга тушиб қолдилар. Шайтон васвасага солганда шундай бўлади.)
Улардан бир сўзловчи: «Юсуфни ўлдирманглар. Агар бирон иш қилмоқчи бўлсангиз, уни қудуқнинг қаърига ташланглар, баъзи йўловчилар олиб кетади», деди. (Акалар гапни бир жойга қўйиб, режани амалга ошириш учун ҳаракатга тушдилар. Бориб, оталарини аврай бошладилар.)
Улар: «Эй отамиз, сен нега Юсуфни бизга ишонмайсан? Ҳолбуки, биз унга ихлос қилувчилармиз.
Эртага уни биз билан юбор, еб-ичиб, ўйнаб келадир. Албатта, биз уни муҳофаза қилувчилармиз», дедилар.
У: «Уни олиб кетишингиз мени хафа қиладир. Сиз ундан ғофил қолсангиз, уни бўри еб кетишидан қўрқаман», деди. (Уни сизларга ишониб, қўшиб юбора олмайман, деган маънодаги сўзни юмшоқроқ қилиб айтдилар.)
Улар: «Агар биз кўпчилик бўлиб туриб, уни бўри еб кетса, унда биз зиёнкорлардан эканмиз-да?!» дедилар.
Уни олиб кетиб, қудуқ қаърига ташлашга қарор қилганларида, биз унга: «Сен, албатта, уларга бу қилмишларининг хабарини берасан, ўшанда улар сени сезмаслар ҳам», деб ваҳий қилдик. (Ниҳоят, Юсуфнинг акалари ўзларининг машъум ниятларига етдилар. Уни қудуқ қаърига ташлаш ҳақидаги қарорларини амалга оширдилар. Қудуқ қаърида қалби хавфга тўлиб, ўлимини кутиб ўтирган ёш Юсуфга ваҳий келди: Яъни, сен хафа бўлма, қўрқма ҳам, вақти-соати келиб, акаларингга ўзингга қилган хиёнатларининг хабарини берасан. Ўшанда вазият шу даражада ўзгарадики, акаларинг сени танимайдилар ҳам.)
Кечқурун йиғлаган ҳолларида оталарига келиб:
«Эй отамиз, биз Юсуфни нарсаларимиз олдига қолдириб, ўзимиз қувлашиб кетсак, уни бўри еб қўйибди. Агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмассан», дедилар.
Ва унинг ёлғон қонга бўялган кўйлагини келтирдилар. У: «Йўқ! Сизга ҳавои нафсингиз бирор ишни зийнатлаб кўрсатибди. Энди чиройли сабр (дан бошқа чорам йўқ). Сиз васф қилаётган нарсада ёрдам сўраладиган зот ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи», деди. (Ўғиллар оталарини ишонтириш мақсадида Юсуфнинг кўйлагини ёлғондан қонга бўяб олиб келишди. Аммо Аллоҳнинг Пайғамбари Яъқуб (а. с.) гап нимада эканини тушундилар. Юсуфни бўри емагани ҳам у кишига аён бўлди.)
Ва йўловчилар келиб (қудуққа) сувчиларини юбордилар. Бас, у челагини ташлади ва: «Суюнчи беринглар! Бу бола-ку!», деди. Уни тижорат моли сифатида яшириб қўйдилар. Зотан, Аллоҳ уларнинг нима қилаётганларини билгувчи зотдир.
Ва уни арзон баҳога, саноқли дирҳамларга сотдилар. Улар унга қизиқмаган эдилар. (Юсуфнинг ҳур инсон эканлиги, насли ошкор бўлиб қолса, бошларига нималар келишини яхши билардилар. Шунинг учун тезроқ сотишга ҳаракат қилдилар.)
Ва уни Мисрда сотиб олган (одам) ўз хотинига: «Уни яхшилаб жойлаштир, шояд бизга манфаат берса ёки бола қилиб олсак», деди. Мана шундай қилиб, унга тушларнинг таъбирини ўргатишимиз учун Юсуфни жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар. (Аллоҳнинг тадбири бўлмаса, карвон қаёқдаю қудуқ қаърида ўтирган Юсуф қаёқда? Карвон тўхтамай, ўтиб кетса ҳам бўлаверарди. Аммо тўхтади. Юсуфни кўрди. Уни сотиб, фойда қилишмоқчи ҳам бўлдилар. Беркитиб қўйишмаса, бирорта маҳаллий одам уни кўриб, Мисрга бормай қолиб кетиши ҳам мумкин эди. Лекин Аллоҳ уларнинг кўнглига беркитиб қўйишни солди. Уни Мисрда сотиб олган кишининг қалбида эса, меҳр-шафқат уйғотди. Мана шундай қилиб, уни энг яхши жойга жойлаштирди. Бу ҳам келажакда бўладиган улуғ ишлар томон бир қадам силжиш эди.)
Вояга етган вақтида унга ҳукмни ва илмни бердик. Гўзал иш қилгувчиларни шундай мукофотлармиз.
У уйида бўлган аёл ундан нафсини хоҳлади. Эшикларни беркитиб: «Бу ёққа кел!» деди. У: «Аллоҳ сақласин! Ахир, у жойимни яхшилаб берган хўжам-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар», деди. (Яъни, бундай ҳаром ишни қилишдан Аллоҳ сақласин, демоқда. Кейин у яхшиликни унутадиган одам ҳам эмас. Шунинг учун ҳам, ахир у, яъни, уй эгаси–хотиннинг эри, жойимни яхшилаб берган хўжам-ку, деди. Менга шунча яхшилик қилган инсонга хиёнат этиб, хотинининг гапига кириб, фаҳш иш қиламанми? Агар шундай қиладиган бўлсам, золимлардан бўламан.)
Батаҳқиқ, (хотин) унга интилди. У ҳам, агар Роббининг бурҳон-ҳужжатини кўрмаганида, (хотинга) интилар эди. Ундан ёмонлик ва фаҳш ишларни узоқлаштириш учун шундай қилдик. Албатта, у Бизнинг мухлис бандаларимиздан.
Икковлари эшик томон чопишди. Хотин унинг кўйлагини орқасидан юлиб олди. Эшик олдида у(хотин)нинг хўжайинига дуч келишди. У (хотин): «Сенинг аҳлингга ёмонлик хоҳлаганнинг жазоси фақатгина қамалмоқ ёки аламли азобдир», деди. (Хотиннинг эри келиб қолди. Нима қилиш керак? Маккор хотин ўзини йўқотмай, дарҳол ҳужумга ўтди: «Юсуф менга–сенинг аҳлингга ёмон ният билан ҳамла этди, бузуқлик қилишни хоҳлади. Энди унинг жазоси ёки қамоқ, ёки аламли азоб бўлиши керак», деди.)
У: «Унинг ўзи менинг нафсимни хоҳлади», деди. У(хотин)нинг аҳлидан бир гувоҳ гувоҳлик берди ва: «Агар унинг кўйлаги олд томондан йиртилган бўлса, бас, хотин рост айтибдир, у ёлғончилардандир.
Агар унинг кўйлаги орт томондан йиртилган бўлса, бас, хотин ёлғон гапирибдир, у ростгўйлардандир», деди. (Воқеани ҳеч ким кўрмаган. Фақатгина кўйлак йиртилган. Шунга қараб аниқлаш мумкин. Агар кўйлак олд томондан йиртилган бўлса, Юсуф ҳамла қилган, хотин эса, ҳимояланиш чоғида кўйлакнинг олдидан йиртиб олган бўлади. У ҳолда хотиннинг даъвоси тўғри, Юсуф ёлғончи бўлади. Агар кўйлак орт томондан йиртилган бўлса, хотин ҳамла қилган бўлади ва қочаётган Юсуфни тутиш учун ортидан ташланиб, кўйлакни йиртган бўлади. У ҳолда хотин ёлғон гапирган, Юсуф эса, ростгўй бўлади. Оқилона гап, одилона ҳукм.)
Эр унинг кўйлагини орт томонидан йиртилганини кўрган пайтда: «Албатта, бу (иш) сиз хотинларнинг макрингиздир. Албатта, сиз хотинларнинг макри жуда зўрдир.
Эй Юсуф, сен бу ишни унут. Сен, хотин, гуноҳингга истиғфор айт. Албатта, сен хато қилгувчилардан бўлдинг», деди.
Шаҳардаги аёллар: «Азизнинг хотини хизматкорининг нафсини хоҳлабди. Унга жуда ҳам муҳаббат қўйиб қолган экан-да! Биз у (аёл)ни, албатта, очиқ-ойдин адашувда деб биламиз», дейишди.
Уларнинг макри ҳақида эшитган вақтда, уларга одам юбориб чақирди. Уларга суяниб ўтирадиган жой тайёрлади. Ва ҳар бирларига пичоқ берди. Сўнгра (Юсуфга): «Уларнинг олдига чиқ!» деди. Уни кўрган чоғларида лол қолдилар, қўлларини кесдилар. Ва: «Ё пок Парвардигоро! Бу башар эмас! Бу карамли фариштанинг ўзи-ку!» дейишди. (Юсуф меҳмонларнинг ҳузурига чиқди. Аёллар унинг ҳусну жамолини кўриб, бошлари айланиб, лол қолдилар, ҳайратга тушдилар ва беихтиёр: «Қўлларини кесдилар». Ана шунда Азизнинг хотини уларни, Юсуфнинг ҳусну жамоли олдида таажжуб ва ҳайрат ила лол бўлганларини кўриб, ўзини ғолиб сезди. Энди у ўзини маломат қилган аёллар устидан кула бошлади.)
У: «Сиз мени маломат қилган эдингиз. Ҳа, мен ундан нафсини хоҳладим, бироқ у ўзини сақлади. Агар у менинг амримни бажармаса, албатта, қамалур ва хор бўлгувчилардан бўлур», деди.
«Эй Роббим, улар мени чорлаётган нарсадан кўра мен учун қамоқ маҳбуброқдир, бу(аёл)ларнинг макрини мендан Ўзинг нари қилмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қоламан», деди.
Бас, Робби унинг (дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрини ундан нари қилди. Албатта, Унинг ўзи эшитгувчи ва билгувчи зотдир.
Сўнгра оят-аломатларни кўрганларидан кейин уларга уни бир муддат қамашлари аён бўлди. (Бўлиб ўтган воқеалардан сўнг, Азиз ва унинг атрофидагиларга, хотиннинг аҳлига Юсуфнинг беайб эканлиги аломатлари зоҳир бўлиб, кўзлари билан кўрганларидан кейин, уни бир муддат қамашлари аён бўлди. Юсуфнинг (а. с.) бошларига янги синов келди. У киши қамоққа тушди.)
У билан қамоққа иккита йигит ҳам кирди. Улардан бири: «Мен тушимда, шароб тайёрлаб юрибман», деди. Бошқаси эса: «Мен бошимда нон кўтариб юрибман, қуш ундан емоқда», деди. «Бизга бунинг таъбирини хабар қил. Биз сени, шубҳасиз, яхши амал қилгувчилардан, деб билмоқдамиз».
У: «Мен сизларга ризқ бўладиган таом келгунига қадар унинг қандай эканининг хабарини бераман. Бу иш менга Роббим таълим берган нарсалардандир. Чунки мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратга кофир бўлган қавмнинг миллати-динини тарк этган одамман», деди. (Юсуф (а. с.) ўзларига умид билан қараб турган икки йигитга латофат билан жавоб бердилар. Дастлаб, улар тушунолмай қийналаётган жумбоқни ечиш осон иш эканлигига ишора қилдилар. Сўнгра дин ҳақида сўз очдилар. У кишининг ақидалари ва даъват қилаётган динлари бошқа динлар қатори Аллоҳга ва охират кунига иймон келтиришга асосланган. Бу икки унсур ҳамма Пайғамбарларнинг ақидасидир.)
Ва оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубнинг миллати-динига эргашдим. Биз учун Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш мумкин эмас эди. Бу бизга ва одамларга Аллоҳ берган фазл эди. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмаслар. (Юсуф (а. с.) бу сўзлари билан куфрни тарк этибгина қолмай, ҳидоят, иймон йўлига юриш зарурлигини ҳам қамоқдаги шерикларига англатмоқдалар. Уларни куфр миллатини ташлаб, иймон миллатига эргашишга даъват қилмоқдалар.)
Эй ҳамзиндон дўстларим, турли-туман Робблар яхшими ёки ёлғизу Қаҳҳор Аллоҳми?
Сизлар Ундан ўзга, ўзингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган исмларга, Аллоҳ уларга бирон ҳужжат нозил қилмаган нарсаларга ибодат қилмоқдасизлар. Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир, У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди. Ана ўша тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар.
Эй ҳамзиндон дўстларим, сизлардан бирингиз хўжасига хамр соқийлиги қилур. Бошқаси бўлса, осилур ва қушлар унинг бошидан ейдир. Сиз билмоқчи бўлган иш битди. (Юсуф (а. с.) туш таъбирини айтишда жуда риоя билан, одоб билан иш тутдилар. Албатта, шунинг ўзи ҳам очиқ-ойдин кўрсатиб турибдики, тушида шароб сиқаётган йигит яна бориб, хўжаси–подшоҳ саройида соқий бўлиб хизмат қилар экан. Тушида бошида нон кўтариб юрган, ўша нондан қушлар келиб чўқиб еяётганини кўрган шахс эса, осилади ва қушлар келиб, бошини ейди.)
Ва у ўзи икковларидан нажот топгувчи деб билган шахсга: «Хўжанг ҳузурида мени эсга ол», деди. Шайтон унга хўжасига эслатишни унуттирди. Бас, у қамоқда бир неча йил қолди. (Юсуф (а. с.) икки ҳамзиндон дўстларига тушларининг таъбирини айтиб бўлганларидан сўнг, улардан нажот топади, деб билган шахсга, яъни, соқийга: «Хўжанг ҳузурида мени эсга ол», дедилар. Дарҳақиқат, тушнинг таъбири тўғри чиқди. Ҳалиги йигит қамоқдан озод бўлиб, яна подшоҳга соқийлик қила бошлади. Аммо Юсуфнинг (а. с.) илтимосини бажо келтирмади.)
Подшоҳ: «Мен тушимда еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғини кўрмоқдаман. Эй аъёнлар, агар туш таъбирини қиладиган бўлсангиз, менга тушимнинг фатвосини беринг», деди. (Миср подшоҳининг «кўрмоқдаман» деб айтишидан мазкур тушни бир эмас, бир неча марта кўрганлиги маълум бўлади. У фақат шу тушни кўраверганидан кейин аъёнларини тўплаб, уларга тушини айтган ва таъбир қилишларини сўраган.)
Улар: «Бу алғов-далғов тушдир. Биз бундай тушларнинг таъбирини билувчи эмасмиз», дедилар
Ва иккисидан нажот топгани анча муддат ўтгандан сўнг хотирлаб: «Бунинг таъбирининг хабарини сизга мен бераман. Мени юборинг», деди. (Яъни, Юсуф (а. с.) билан қамоқда бўлган йигит бир неча йиллар ўтгандан сўнг Юсуфни ва унинг туш таъбири билимдони эканини хотирлаб, мени Юсуфнинг ҳузурига юборинг, деди.)
«Юсуф, эй ростгўй зот, бизга еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғининг таъбирини айт. Шоядки одамларга қайтиб борсам, улар ҳам билсалар», деди.
У: «Кетма-кет етти йил зироат қиласизлар. Йиғиштириб олган ҳосилингизни бошоғида қолдиринг. Магар озгина ейдиганингизни (қолдирманг). (Яъни, подшоҳ тушида кўрган еттита семиз сигир ва яшил бошоқнинг таъбири шулки, етти йил жуда серҳосил келади. Ҳосил тўплайсизлар. Ўшанда тўплаган ҳосилларингизни бошоғида қолдиринг. Яхши сақланади. Чиримайди, қурт-қумурсқалар тешиб кетолмайди. Фақат ўзингиз учун ейишга ярашасини олсангиз, бўлаверади.)
Сўнгра, ундан кейин еттита шиддатли (йил) келадид, улар олдиндан тайёрлаб қўйганингизни ейдилар. Магар озгина асраб қўйганингизгина қолур. (Cерҳосил етти йилдан кейин қаҳатчилик йиллари келади. Подшоҳнинг тушидаги етти ориқ сигир ва қуруқ бошоқ шунга ишорат. Ўша етти шиддатли, қаҳатчилик йили ўзидан олдинги етти серобчилик йилини ейди.)
Сўнгра ундан кейин бир йил келадики, унда одамлар сероб қилинадилар ва унда (меваларни) сиқадилар. (Бу оятда келаётган башорат подшоҳнинг тушидан ташқаридадир. Яъни, Миср подшоҳи кўрган тушда бундай йилга таъбир қилинадиган ишора йўқ. Бу кейингиси Юсуфнинг (а. с.) Пайғамбарлик мўъжизаларидир. )
Подшоҳ: «Уни менга келтиринглар», деди. Унга элчи келган пайтда: «Хўжанг ҳузурига қайтиб бор ва ундан қўлларини кесган хотинларнинг ҳоли нима бўлганини сўра, албатта, Роббим уларнинг макрини билгувчидир», деди.