loader
Шунингдек, ичингизга ўзингиздан, сизларга оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга китобни, ҳикматни ва билмайдиган нарсаларингизни ўргатадиган Пайғамбар юбордик.'
Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз.
Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир. (Демак, мўмин-мусулмон банда мазкур қийинчиликларни енгиш учун катта миқдордаги сабрга эга бўлиши керак. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, гоҳида сабр ҳам тугаши, сусайиши мумкин, бундай ҳолатда намоз ёрдамга келади. Намоз битмас-туганмас ёрдамчи, кучга-куч, қувватга-қувват бахш этувчи, қалбга мадад берувчи, сабрга-сабр қўшувчи, сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. У ожиз, заиф одамни қувват ва ёрдамнинг асл манбаи бўлмиш Аллоҳ таолога боғловчи воситадир.)
Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмайсиз.
Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер.
Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар.
Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир. (Бу улкан тарбиянинг ёрқин мисолидир. Шунча синов ва машаққатларга мукофот қилиб ғалаба, нусрат ва бошқа нарсалар эмас, Аллоҳнинг саловатлари, меҳри ва шафқати ҳамда раҳмати ваъда қилинмоқда! Шунинг учун мўминлар доимо Аллоҳнинг розилигини кўзлаб иш қилишлари лозим бўлади. Бу дунёда ҳосил бўладиган баъзи бир натижалар охирги мақсад бўлиб қолмаслиги керак. Ҳатто ақиданинг ғолиб келиши ҳам юқорида айтилган мукофотнинг ўрнини боса олмайди.)
Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳ(дини)нинг белгиларидандир. Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас. Ким яхшиликни холисона қилса, бас, албатта, Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчидир. (Оятда Аллоҳ таоло: «Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас», дейди. Ушбу оят ҳужжат бўлиб шариатимизда Сафо ва Марва тепаликлари ўртасида саъйи қилиш вожиб амал, деб белгиланган. Оятда саъйи қилиш вожиб бўлади, дейиш ўрнига, «Саъйи қилиш гуноҳ бўлмайди», дейилишининг боиси шуки, иккала тепаликда бут борлиги учун, саъйи қилиш мушрикларнинг иши, гуноҳ бўлади, деб ўйлаб мусулмонлар саъйи қилмай қўйган эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло гуноҳ бўлмайди, саъйи қилинглар, демоқда.)
Албатта, Биз нозил қилган равшан оятларни ва ҳидоятни одамларга китобда баён қилиб берганимиздан кейин беркитганларни–ўшаларни Аллоҳ лаънатлайди. Ва лаънатловчилар лаънатлайди.
Магар тавба қилиб, аҳли солиҳ бўлиб, баён қилганларнинг, ана ўшаларнинг тавбасини қабул қиламан. Ва Мен тавбаларни кўплаб қабул қилувчи ва раҳмлидирман.
Албатта, куфр келтирган ва кофирлик ҳолида ўлганларга–ана ўшаларга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва одамларнинг–барчанинг лаънати бўлгай.
Унда абадий бўлурлар. Улардан азоб енгиллатилмас. Ва уларга назар ҳам солинмас.
Ва илоҳингиз бир илоҳдир. Роҳман ва Раҳийм бўлмиш Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқдир.
Албатта, осмонлару ернинг яратилишида, кечаю кундузнинг алмашиб туришида, одамларга манфаатли нарсалари ила денгизда юриб турган кемада, Аллоҳнинг осмондан сув тушириб, у билан ўлган ерни тирилтириши ва унда турли жондорларни таратишида, шамолларни йўналтиришида, осмону ер орасидаги итоатгўй булутда ақл юритувчи қавмлар учун белгилар бор. (Ушбу оятларда зикр қилинган ҳолатларни доим кўриб, уларнинг ичида яшаб юрамиз. Шу қадар кўникиб кетганмизки, алоҳида эътибор бермай қўйганмиз. Ҳолбуки, буларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг борлигига катта бир далилдир. Дарҳақиқат, инсоф билан, ақлни жойига қўйиб, бир ўйлаб кўрайлик-чи: осмонлару ерни ким яратган? Осмонларнинг чегарасини ҳали биров чегаралаб билгани йўқ. Ундаги бор нарсалар, ҳамма-ҳаммасини ким яратган? Аллоҳнинг борлигини инкор қилаётган худосизларми? Ёки бошқа бирорта яратувчи борми?)
Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари қаттиқдир. Зулм қилганлар азобни кўрган чоғларида, албатта, барча қувват Аллоҳга хослигини ва, албатта, Аллоҳнинг азоби шиддатли эканини билсалар эди!
У пайтда пешволар (ўзларига) эргашганлардан тонурлар ва азобни кўрурлар, уларнинг боғланишлари кесилур.
Ва эргашганлар: «Қани энди бизга бир ортга қайтиш бўлса эди, биздан тонганларидек, биз ҳам улардан тонар эдик», дерлар. Шундай қилиб, Аллоҳ уларга амалларининг ўзларига ҳасрат бўлганини кўрсатур. Ва улар дўзахдан чиқувчи эмаслар. (Қиёматдан бир кўриниш: ҳамма ўзи билан овора, биров билан бировнинг иши йўқ. Пешволар, бошлиқлар, бу дунёда бошқаларни ўз ортидан эргаштириб юрганлар ўзларига эргашганлардан тонадилар. Чунки ўзининг иши чатоқ бўлиб турганда, бошқанинг ташвиши ортиқча бўлади уларга. Азобни кўргач, ораларидаги барча боғланишлар, алоқалар, яқинликлар кесилади.)
Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир. (Ояти карима ҳалол-пок ризқларни ейишга зид қилиб шайтоннинг изидан эргашиш қўйилмоқда. Яъни, шайтоннинг йўлида юрганларгина ҳалол-пок емайдилар, деганидир бу. Шайтон инсонларга ҳалол едирмаслик билан уларни Аллоҳнинг итоатидан чиқаради. Шайтоннинг етовига тушиб қолган нодон инсон эса, ҳалол-ҳаромни фарқламай нақадар улкан гуноҳ қилаётганини ўзи билмайди, ҳатто ҳис этмайдиган даражага тушади.)
Албатта, у сизларни ёмон ва фаҳш ишларга ҳамда Аллоҳга қарши билмаган нарсангизни гапиришингизга буюради.
Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашингиз», дейилса, улар: «Йўк, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз», дейдилар. Оталари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?!
Куфр келтирганлар мисоли худди қичқириқ ва сасдан бошқа нарсани эшитмайдиганларга бақираётганга ўхшайди. Улар кар, соқов ва кўрдирлар. Улар ақл ишлатмаслар. (Аллоҳ таоло бу ояти каримада кофирларни чўпонни овозини эшитиб, маъносини тушинмайдиган чорва ҳайвонларига, Пайғамбарларни уларни ҳайдаб юрувчи чўпонга ўхшатмоқда.)
Эй иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унга ибодат қиладиган бўлсаларингиз.
Албатта, У зот сизларга фақат ўлимтикни, қонни, чўчқанинг гўштини ва Аллоҳдан бошқага сўйилганни ҳаром қилди. Кимки мажбур бўлса-ю, зулм қилмай, ҳаддан ошмай (еса), унга гуноҳ бўлмайди. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир. (Саъд ибн Аби Ваққос розийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин», дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоси қабул бўладиган бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот билан қасамки, бир одам ҳаром луқмани қорнига ташласа, Аллоҳ унинг дуосини қирқ кунгача қабул қилмайди. Қайси банданинг гўшти ҳаромдан ва рибодан ўсса, унга дўзах муносибдир», дедилар.)
Албатта, Аллоҳ китобда туширган нарсани беркитганлар ва уни озгина баҳога сотганлар, ана ўшалар қоринларига оловдан бошқа нарсани емаслар, уларга Аллоҳ қиёмат куни гапирмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоблар бор. (Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, у киши: «Ушбу оят яҳудийларнинг Каъб ибн Ашраф, Молик ибн ас-Сойф ва Ҳаййи ибн Ахтобга ўхшаш бошлиқлари ҳақида тушган. Улар ўзларига эргашганлардан ҳадялар олар эдилар. Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар этиб юборилганларидан сўнг, мазкур манфаатлардан маҳрум бўлишдан қўрқиб, у киши ҳақидаги ҳақиқатни беркитдилар», дедилар.)
Ана ўшалар адашувни ҳидоятга, азобни мағфиратга сотиб олганлардир. Дўзах ўтига қандоқ чидайдилар-а?!
Бунинг сабаби, албатта, Аллоҳ китобни ҳақ билан нозил қилган эди. Китоб хусусида ихтилоф қилганлар эса, тубсиз тортишувдадирлар. (Қўлларидаги ҳидоят ва мағфиратни бой бериб, қаттиқ азобга дучор бўлишларининг сабаби–улар «Аллоҳ китобни ҳақ билан нозил қилган»ини тан олмадилар. Ҳолбуки, бу ҳақ китобга амал қилиб, бахт-саодатда яшасалар бўлар эди. Аммо улар Аллоҳнинг китоби хусусида ихтилоф қилдилар, тубсиз талашув ва туганмас ихтилоф гирдобига тушиб қолдилар. Оқибатда мазкур азобларга дучор бўлдилар.)
Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир.
Эй иймон келтирганлар! Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди: ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл. Кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса, бас, яхшилик ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин. Бу Роббиларингиздан енгиллик ва раҳматдир. Ундан кейин ким душманлик қилса, унга аламли азоб бор. (Бу ояти каримада Аллоҳ таоло қасос олишда адолат бўлишини, ҳаддан ошмасликни уқдириб, «ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл», деб тушунтирмоқда. Лекин ояти каримага биноан, одам ўлдирган шахсни қасос учун, албатта, ўлдириш шарт эмас, балки ўликнинг эгалари кечиб юборса, ўлдирмай қўйиб юборса, ўрнига хун пули олса ҳам бўлади. Бунда ўлик эгаси ҳақини яхшилик билан сўраши лозим, айбдор тараф ҳам уларнинг ҳақини яхшилик билан адо этиши зарур.)
Сизларга қасос олишда ҳаёт бор. Эй ақл эгалари! Шоядки тақводор бўлсангиз. (Бу ояти карима қасоснинг шариатга киритилишининг ҳикматини баён қилмоқда. Демак, қасос олишда кишилар учун ҳаёт бор экан. Қасос қалбдаги нафратни қондириш эмас, балки олий мақсад–ҳаёт учун экан. Қасос олиш йўлга қўйилса, инсон ҳаётини сақлаб қолишда катта иш қилинган бўлади. Чунки ҳар бир одам бошқа бировни ўлдирса, қасосига ўзининг ҳам ўлдирилишини билади ва ҳеч қачон одам ўлдиришга қўл урмайди.)
Сизлардан бирортангизга ўлим келганда, агар у бойлик қолдираётган бўлса, ота-онаси ва яқинларига тўғрилик билан васият қилиш тақводорларнинг бурчи сифатида фарз қилинди. (Бу ояти карима мерос ҳақидаги оятдан аввал тушган, кейинчалик мерос ояти тушиб, васият қилмаса ҳам, ўлгандан қолган мол мерос сифатида яқин кишиларга бўлиб берилиши баён қилинди. Ўша оятда кимга қанча тегиши ҳам айтилди. Ота-она меросхўрлар қаторига кирдилар.)
Ким уни эшитгандан сўнг ўзгартирса, бас, гуноҳи фақат ўзгартирганларнинг ўзига бўлади. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир. (Яъни, ўлаётган одамнинг васиятини эшитган одам у ўлгач, васиятини ўзгартириб, мол-дунёсининг васиятга мувофиқ тақсимланмаслигига сабаб бўлса, гуноҳкорлардандир. Гуноҳ васият қилувчи ёки васият қилинган кишига эмас, балки ўша ўзгартирувчининг ўзига бўлади. Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир.)
Кимки васият қилувчидан тойилиш ёки гуноҳ содир бўлишидан қўрқса, бас, уларнинг орасини ислоҳ қилса, унга гуноҳ бўлмайди. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Биз «тойилиш» деб таржима қилган сўз ояти каримада «жанафан» дейилган. Бу сўз хато қилиб ҳақдан бурилишни билдиради. Яъни, билмасдан. «Гуноҳ» эса, билиб туриб ҳақсизлик қилишдир. Демак, васият қилувчи билибми-билмайми нотўғри васият қилган бўлса, унинг васиятини бузган одам бундан аввалги оятда келгани каби гуноҳкор бўлмайди. Мисол учун, бир одам молининг учдан бири миқдоридан кўпини васият қилиб юборса, васияти фақат учдан бирига ўтади, қолганига амал қилмаган одам гуноҳкор бўлмайди.)
Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз.
Саноқли кунлар. Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя лозимдир. Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, ўзи учун яхшидир. Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир.
Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсаларингиз. (Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби Қуръони Каримни тушириш вақти қилиб Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарган. Энди эса, нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида тутишни фарз қилмоқда.)
Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар. (Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан имом Аҳмад Ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алаҳиссалом: «Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди», дедилар. Имоми Бухорий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар банда шошилишмаса, дуосига ижобат бўлади. Дуо қилдим, қабул бўлмади, демасин», деганлар.)
Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга ҳиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг. Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этади. Шоядки тақво қилсалар. («Эътикоф» сўзи бир нарсани лозим тутиш маъносини билдиради. Шариатда эса, масжитда Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида ибодатни лозим тутишга айтилади. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалам Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикофда ўтирар эдилар. Эътикоф ўтирган одам иложи борича масжиддан чиқмай ибодат билан машғул бўлади. Унда банда Аллоҳ учун ҳамма нарсадан ажраб чиқади. Шунинг учун аёлларга яқинлик қилишдан ҳам ўзини тияди. Ушбу зикр қилинган нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолога боғлиқ нарсалар, Унинг чегаралари. Аллоҳ уларга яқинлашмасликка буюрмоқда, чунки чегарага қанча яқинлашилса, чегарани бузиш эҳтимоли шунча кўпаяди.)
Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг. (Имом Қуртубий деганларки: «Оятдаги «ботил йўл билан емаслик»ка ҳаромнинг барча турлари киради. Қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб мол топишлик, ҳаром касбларни қилиб мол топишлик ва бошқалар».)
Сендан ҳилоллар ҳақида сўрарлар. «Улар одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовидир», деб айт. Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас, лекин яхшилик, ким тақводорлик қилса, шундадир. Ва уйларга эшикларидан киринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки нажот топсангиз. (Ҳажга боғлиқ улуғ рукнлар кунини ва яна бошқа вақтларни аниқлаш учун, албатта, ҳилолга қаралади ва вақт унинг чиқишидан белгиланади. Демак, ҳаж ва ҳилолда ўзаро боғлиқлик бор. Шу боғлиқлик туфайли ҳилол ҳақида жавоб тушган оят ҳажга боғлиқ яна бир масалани ҳам ойдинлаштиради. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар саҳиҳ китобларида ал-Барро розийаллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки: «Ансорийларда (мадиналик мусулмонларда) ҳаждан қайтиб келганда уйнинг эшигидан кирмаслик одат бор эди. Улардан бир киши ҳаждан қайтганда уйининг эшигидан кирибди. Бу иши унга айб қилгандек қаралишига сабаб бўлибди. Шунда «Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас...», ояти тушди», деганлар.)
Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас.
Уларни топган ерингизда қатл қилинг. Ва сизларни чиқарган жойдан уларни ҳам чиқаринг. Фитна қатл этишдан ёмонроқдир. Масжидул Ҳаром олдида сизга қарши урушмагунларича, сиз урушманг. Агар урушсалар, бас, сиз ҳам урушинг. Кофирларнинг жазоси шундай.
Агар тўхтасалар, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир.
Фитна бўлмаслиги ва дин Аллоҳга бўлиши учун улар билан жанг қилинг. Агар тўхтасалар, золимлардан бошқаларга душманлик йўқ.
Ҳаром ойга ҳаром ой. Ҳаром қилинган нарсаларда қасос бор. Ким сизга душманлик қилса, сиз ҳам унга шунга ўхшаш душманлик қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир. (Ояти каримадаги «Аш-шаҳрул-ҳарому» деб келган таъбирни «ҳаром ой» деб таржима қилдик. «Ҳаром ой» дегани уруш ҳаром қилинган ой, деганидир. «Ҳаром ойга ҳаром ой», яъни, ким уруш ҳаром қилган ойнинг ҳурматини бузса, унга бу ой берган ҳурматлар бекор қилинади. Агар у бу ойни ҳурмат қилмай уруш бошласа, унга қарши уруш қилинади. Мусулмонларга қарши уруш очиб, ҳаром қилинган нарсани бузиб тажовузкорлик қилганлардан ўч олинади. Аммо ўч олишда маълум чегара бўлиб, мусулмонлар ундан чиқмайдилар. Қилган душманлигига яраша жавоб қилинади, ошириб юборилмайди ёки камайтириб қўйилмайди.)
Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта. Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўради. (Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзининг йўлида пул-мол нафақа қилишга амр қилмоқда. Бунга жиҳод учун ҳам, бошқа хайрли ишлар учун ҳам нафақа қилиш киради. «Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг» жумласида бир неча хил маъно бор. Бири: Аллоҳнинг йўлида нафақа қилмай, ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Яъни, бахиллигингиз ҳалокатга сабаб бўлмасин, дегани. Яна бир маъноси: ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Бир киши ўзининг ўлимига ўзи сабаб бўлса, ўзини ўзи ўлдирди, дейилади.)
Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тугал адо этинг. Агар ушланиб қолсангиз, муяссар бўлганича қурбонлик қилинг. Қурбонлик ўз жойига емагунча, сочингизни олдирманг. Сиздан ким бемор бўлса ёки бошида озор берувчи нарса бўлса, рўза тутиш ёки садақа бериш ёхуд қурбонлик сўйиш ила тўлов тўласин. Агар тинч бўлсангиз, ким умрадан ҳажгача ҳузур қилган бўлса, муяссар бўлган қурбонликни қилсин. Ким топмаса, уч кун ҳажда, етти кун қайтганингизда–ҳаммаси ўн кун тўлиқ рўза тутсин. Бу аҳли Масжидул Ҳаромда яшамайдиганлар учун. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир.
Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни билади. Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй ақл эгалари! (Ўзига ҳажни фарз қилиш–ҳажни ният қилиб, иҳромга кириш деганидир. Демак, ундай одамга шаҳвоний ишлар, яъни, жинсий яқинлик ва унинг ҳақидаги гап-сўзларни сўзлаш мумкин бўлмайди. Фисқ–катта-кичик гуноҳ ишларни қилиш. Жанжал–одамлар билан талашиб-тортишиш ва сўкишиб, аччиқ чиқариш. Бу ишлар ҳам мумкин эмас. Чунки ҳаж қилувчи инсон улуғ мақомга эришган бўлади. У дунёнинг ҳаммасидан юз ўгириб, ажраб, Аллоҳга юзланади, Роббул Оламийннинг уйини зиёрат қилгани чиққан бўлади. Шу боис олий даражадаги одоб билан одобланиши зарур. Ҳамма ёмон нарсаларни тарк этиб, яхши ишларни кўпроқ қилиши лозим.)
Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир. Арофатдан қайтиб тушганингизда, Аллоҳни машъарул ҳаромда зикр қилинг. Илгари адашганлардан бўлсангиз ҳам, сизни ҳидоятга бошлагани учун Уни зикр қилинг. (Оятда зикр қилинган «фазл» сўзи ризқ, касб маъносини англатади. Одамлар ўртасида ҳажга борган киши тижорат билан ёки бошқа бирор касб билан шуғулланса бўлмайди, деган тушунча бор эди. Имом Насафий ривоят қилишларича, бир қавм: «Ҳаммоллик ва тожирлик қилган одамнинг ҳажи ҳаж бўлмайди», деган гапни тарқатганида, шу оят нозил бўлган экан. Шунга ўхшаш маънолар бошқа ривоятларда ҳам келган. Имом Аҳмад қилган ривоятда, Абу Умома айтадиларки: «Абдуллоҳ ибн Умардан, биз кирага ишлаймиз, ҳаж қилсак бўларми?» деб сўрасам, «Байтуллоҳни тавоф қилиб, Арофатда вуқуф қилиб, тош отиб, сочингизни олдирасизми?» деди. «Албатта» дедим. У киши: «Бир одам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, сен ҳозир мендан сўраган нарсани сўраган эди, жавоб бермай турдилар. Сўнг Жиброил «Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир», деган оятни олиб тушди, дедилар. Илгари мусулмонлар Исломдан олдинги ҳаётлари билан мусулмон бўлганларидан кейинги ҳаётларини солиштириб кўриб, бу улуғ неъматларни тушуниб етар эдилар ва уни берган Аллоҳга шукр қилар эдилар.)
Сўнгра одамлар қайтиб тушган жойдан тушинглар. Ва Аллоҳга истиғфор айтинглар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, раҳмли зотдир.
Ибодатларингизни тугатганигизда, Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ҳам кучлироқ эсланг. Одамлардан баъзилари: «Роббимиз бизга бу дунёда бергин», дейди ва унга охиратда насиба йўқдир.