loader
Эй иймон келтирганлар! Аҳдномаларга вафо қилинг! Сизга, кейин тиловат қилинадиганларидан бошқа, чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди, эҳромдалик вақтингизда овни ҳалол санамаган ҳолингизда. Албатта, Аллоҳ нимани ирода этса, шуни ҳукм қиладир. (Ояти каримадаги «аҳдномалар» сўзи Аввало, инсоннинг банда сифатида Аллоҳ таоло ҳузуридаги аҳдномаларидир. Буни иймон аҳдномаси дейилади ва у ўз ичига Аллоҳнинг ягона илоҳлигини, Робблигини ва Ҳокимлигини эътироф этишни, Унга банда бўлиш, итоат қилиш ва таслим бўлишни олади. Бу аҳдномани Аллоҳ таоло биринчи инсон Одам атодан бошлаб ола бошлаган. )
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг. Эҳромдан чиқиб ҳалол бўлсангиз, ов қилсангиз, майли. Масжидул Ҳаромдан тўсгани учун бир қавмни ёмон кўришингиз уларга тажовузкор бўлишингизга олиб бормасин. Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир.
Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич еган ҳайвонлар ҳаром қилинди. Магар, (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз, ҳалол. Ва бутларга сўйилган ҳайвонлар ҳам, чўплар ила фол очишингиз ҳам ҳаром қилинди. Бундай қилмоғингиз фосиқликдир. Бугунги кунда куфр келтирганлар динингизга зарар етказишдан умид уздилар. Улардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар. Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим. Кимки гуноҳга моил бўлмаган ҳолида очликдан музтар бўлса, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Ушбу ояти каримада асли гўшти ҳалол қилинган ҳайвонлар ҳақида сўз кетмоқда. Албатта, чўчқани ҳисобга олмаганда. Аслида, гўшти ҳаром бўлган ҳайвонлар ўз-ўзидан маълум, баҳс улар ҳақида эмас. Гўшт тирик ҳайвондан олинади. Ана ўша тирик жониворни гўштга айлантириш жараёни ва ундаги ният ҳамда эътиқод унинг ҳалол ёки ҳаромга айланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам бу жараёнга, яъни, тирик ҳайвонни гўштга айлантириш жараёнига шариатда алоҳида эътибор берилади. Бу шартларнинг бошида ҳайвоннинг жонини чиқариш пайтида унга жон берган Аллоҳнинг номини зикр қилиш туради. Бу иш қилинмаса, катта маънавий жиноят содир бўлган бўлади, шу сабабли унинг гўшти ҳаромга айланади.)
Сендан уларга нима ҳалол қилинганини сўрарлар. Сен: «Сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Овчи итларга ўхшатиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан уларга ҳам ўргатган овчи ҳайвонларингиз сизга тутиб берган нарсадан енглар. Уларга Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ ҳисоби тезкор зотдир», деб айт!
Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган афийфалар ҳам, агар иффатли бўлган ҳолингизда, зинокор бўлмай ва ўйнаш тутмай маҳрларини берсангиз, сизга ҳалолдир. Ким иймонни инкор қилса, унинг амали бехуда кетадир ва охиратда у зиён кўрувчилардан бўладир. (Ислом мусулмонларга аҳли китобларнинг сўйган сўйишлари ҳалол қилинган. Бу оятда «таом» сўзи қўлланган, аммо ундан аҳли китобларнинг барча таомлари, жумладан, чўчқа ёки бошқа ҳаром ҳайвонларнинг гўшти, ароққа ўхшаш ичимликлари ҳам ҳалол экан-да, деб тушунилмаслиги керак. Бу нарсаларнинг ҳаромлиги ўз-ўзидан ҳаммага маълум. Асли ўзи ҳалол бўлган бошқа нарсалар ҳақида ҳам аввал айтиб ўтилди. Демак, бу ерда гап гўшти асли ҳалол бўлган ҳайвонлар аҳли китобларнинг динлари асосида сўйилган бўлса, ҳалол бўлишлиги ҳақида кетмоқда.)
Эй иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсаларингиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар. Агар жунуб бўлсаларингиз, покланинглар. Агар бемор ёки сафарда бўлсаларингиз ёхуд бирорталарингиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, бас, покиза тупроқ ила таяммум қилинглар. Ундан юзингизга ва қўлларингизга масҳ тортинглар. Аллоҳ сизларга қийинчилик туғдиришни истамас Аммо сизларни поклашни ва сизларга ўз неъматини батамом қилиб беришни истайдир. Шоядки шукр қилсангизлар. (Ушбу оятлар синчиклаб ўқиб-ўрганилса, Исломнинг поклик дини, поклик бўлганда ҳам, мукаммал поклик дини эканлиги яққол намоён бўлади. Аввалги беш оятда пок нарсаларнинг ҳалол қилингани, мусулмонларга пок таомлар, покиза аёллар ҳалол қилингани ҳақида сўз борган бўлса, бу оятда бадан поклиги ҳамда, энг муҳими, қалб поклиги ҳақида сўз кетмоқда. Чунки намоз қалбни покловчи амалдир. Ҳамма нарса покликка таянади, покликка қаратилгандир. Хоссатан, намоз ўқиш учун нафақат бадан, балки кийим-бош ва жой ҳам пок бўлиши зарур.)
Аллоҳнинг сизга берган неъматини ва сиздан олган аҳдини эсланг. Ўзингиз: «Эшитдик ва итоат қилдик», дегансиз-а?! Ва Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ кўкраклардаги нарсани ҳам билгувчи зотдир. (Инсонга Аллоҳ берган неъматларнинг саноғига етиб бўлмаслигини, бу неъматларнинг шукрини ҳам адо эта олмаслигимизни яхши биламиз. Аммо Аллоҳнинг бизга берган неъматлари ичида энг улуғи иймон–Ислом неъмати эканини тушуниб етмоғимиз лозим. Бу улкан неъматнинг шукри унга амал қилиш билан бўлишини ҳам тушунмоғимиз керак. Оятда келаётган «мийсоқ»–аҳднома эса, Аллоҳнинг амрига итоат қилиш аҳдномаси эди. Бандалар ўзлари иймон келтириб, мўмин-мусулмон бўлганларида, «эшитдик ва итоат қиламиз», деб аҳд беришган эди. Энди аҳкомлар келди. Уни тинглаб, ўргансинлар ва итоат қилсинлар. Тақводор бўлсинлар. Чунки Аллоҳга иймонсиз, итоатсиз ва тақвосиз ҳаётнинг мазмуни бўлмайди.)
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан харабдор зотдир. (Дарҳақиқат, ўзи учун ёки оиласи, қавми-қариндоши, миллати ёки бошқа эътиборлар учун эмас, фақат Аллоҳ учун ҳақда туриш керак. Бу осон иш эмас. Шунингдек, кези келганда ўзига қарши, ҳатто ота-онаси, бола-чақасига қарши адолатли гувоҳ бўлишга ҳам тўғри келади. Бундай мўъжизасифат ишлар фақат иймоннинг таъмини тотган, Исломнинг ҳақиқатини англаган кишилардангина содир бўлади. )
Аллоҳ иймон келтириб яхши амалларни қилганларга ваъда қилди: Уларга мағфират ва улкан ажр бўлур.
Куфр келтирганлар ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар–ана ўшалар дўзах эгаларидир!
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг. Бир қавм сизга қўл узатмоқчи бўлганида, У уларнинг қўлларини сиздан қайтарган эди. Ва Аллоҳга тақво қилинг. Мўминлар Аллоҳга таваккал қилсинлар. («Мусулмонларга қўл чўзмоқчи бўлган қавм» кимлар эканлиги ҳақида турли ривоятлар бор. Аммо муҳаққиқ уламоларимиз бу қавм Ҳудайбия ҳодисаси пайтида Расулуллоҳни (с. а. в) ва мусулмонларни ғафлатда қолдириб, қириб ташламоқчи бўлган мушриклар гуруҳи эканини таъкидлаганлар. Аллоҳ уларга ёвуз ниятларига эришиш имконини бермади. Улар мусулмонлар қўлига асир тушдилар. Бу, албатта, Аллоҳ томонидан мусулмонларга берилган улкан неъматдир. Кўриниб турибдики, Аллоҳ хоҳласа, ҳар қандай ҳолда ҳам бандасига неъмат ато этади. Аммо банда бундай бахтга эришиши учун бу иноятга лойиқ бўлиши лозим. Бу эса, яна тақво билан бўлади.)
Батаҳқиқ, Аллоҳ Бани Исроилдан аҳднома олди. Улардан ўн иккитасини нақиб қилиб юбордик. Ва Аллоҳ: «Албатта, Мен сизлар биланман. Агар намозни қоим қилсангиз, закотни берсангиз, Пайғамбарларимга иймон келтирсангиз, уларни қўлласангиз ва Аллоҳга яхши қарз берсангиз, албатта, сизнинг хатоларингизни кечираман ҳамда сизни остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритаман. Бас, бундан кейин ҳам сиздан ким куфр келтирса, батаҳқиқ, тўғри йўлдан адашган бўлади», деди. (Бани Исроил–яҳудийлардир. Исроил–Яъқуб алайҳиссаломнинг иккинчи исмлари. Маълумки, у кишининг ўн иккита ўғиллари бўлган. Ушбу ўн икки ўғилдан тарқалган зурриётлар Бани Исроилни ташкил этади. Аллоҳ таоло аҳдни ўша ўн икки уруғнинг (асботнинг) ўн икки нақиби–вакилидан олган.)
Аҳдларини бузганлари учун уларни лаънатладик ва қалбларини қаттиқ қилдик. Улар калималарни ўз ўрнидан ўзгартирдилар. Ўзларига эслатма бўлган нарсадан кўп насибани унутдилар. Уларнинг озгиналаридан бошқаларидан мудом хиёнат кўрасан. Бас, уларни авф эт ва айбларини ўтиб юбор. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади. (Бани Исроил яҳудийлигига борди. Ҳатто Аллоҳ таоло билан бўлган аҳдномани ҳам бузди. Уни бажо келтирмади. Намозни қоим қилмади. Намоз деб аталмиш улуғ ибодатни Аллоҳ айтганидек эмас, ўзлари хоҳлаганларидек бузиб адо этадиган бўлишди. Закот бериш у ёқда турсин, ҳамма иқтисодий алоқаларга ҳаром-харишни қўшдилар. Одамларнинг молини ботил йўл билан ейишни жорий қилдилар. Аллоҳнинг барча Пайғамбарларига бирдай иймон келтиришмади, аксинча, уларнинг кўпчилигини ҳақорат қилдилар. Ҳатто Закариё, Яҳё алайҳиссаломларга ўхшашларини ўлдиришгача бориб етдилар. Исо алайҳиссаломни ўлдирдик деб даъво қилдилар. Охирги Пайғамбар Муҳаммадни (с. а. в.) ҳам ўлдиришга ҳаракат қилдилар. Аллоҳга яхши қарз бериш тугул, бандага ҳам яхши қарз бермадилар. Қарз беришда рибохўрликни бутун дунё бўйича йўлга қўйдилар.)
Ва «Биз насоролармиз» деганларнинг ҳам аҳдномасини олдик. Бас, улар ўзларига эслатма бўлган нарсадан кўп насибани унутдилар. Биз улар орасида адоват ва ёмон кўришни қиёмат кунигача қўзғатдик. Аллоҳ, албатта, уларга қилмишлари ҳақида хабар беради. ( Ийсо алайҳиссаломга биринчи эргашганлар Носиро номли қишлоқ аҳолиси экан. Шунинг учун ҳам уларга «насоролар», деб ном берилган. Бошқа бир талқинларга кўра, Ийсо алайҳиссалом: «Ким менга нусрат (ёрдам) беради?» деганларида, биз, деб чиққан эканлар. Шунинг учун «насоро» номини олганлар. Насороларнинг ўзаро адоватлари ҳаммага маълум ва машҳур. Католик протестант билан, православ моруний билан ёки бошқаси яна бири билан ҳамиша душман. Ҳар бир черков ўзини алоҳида динда деб ҳисоблайди ва бошқасини душман билиб, ёмон кўради. Уларнинг ўзаро олиб борган диний-мазҳабий урушлари оқибатида қонлар дарё бўлиб оққани тарихда машҳур.)
Эй аҳли китоблар! Батаҳқиқ, сизларга Пайғамбаримиз келди. У сизга китобдан беркитиб юрган кўпгина нарсаларингизни баён қилиб беради. Кўпгинасини эса авф қилади. Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин Китоб келди. (Яҳудий ва насороларга бу оятда таъкидлаб айтилаётган нарса–Аллоҳнинг охирги Пайғамбарининг (с. а. в.) нафақат араб мушрикларига, балки дунёдаги бошқа барча халқларга, шу жумладан, аҳли китобларга ҳам Аллоҳ томонидан келганликларидир. Муҳаммад алайҳиссаломнинг яҳудийларга ҳам Пайғамбар бўлиб келишлари хабари Тавротда бор бўлиб, улардан аҳд олинганда, у зотга иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди. Шунингдек, у зоти бобаракотни (с. а. в.) насороларга ҳам Пайғамбар бўлиб келишлари хабари Инжилда зикр қилинган бўлиб, Аллоҳ таоло насоролардан аҳд олган пайтида, у зот келган вақтларида иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди. Бу оятда уларга ўша аҳдномада айтилган Пайғамбар дарҳақиқат келганлигининг хабарини бериб туриб, у зотнинг аҳли китобларга қиладиган баъзи ишлари ҳам айтилмоқда.)
У билан Аллоҳ Ўз розилигини истаганларни салом йўлларига бошлайди ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқаради. Ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилади. (Ўша ойдин Китоб–Қуръон билан Аллоҳ таоло ўз розилигини истаб мусулмон бўлган бандаларини салом (тинчлик) йўлларига бошлайди.)
Батаҳқиқ Масиҳ ибн Марям Аллоҳдир, деганлар ҳам кофир бўлдилар. Уларга: «Агар Аллоҳ Масиҳ ибн Марямни, унинг онасини ва ер юзидаги барча кимсаларни ҳалок этишни ирода қилса, ким уни бирон нарсадан манъ қила олади? Ҳолбуки, осмонлару ер ва уларнинг орасидаги нарсалар Аллоҳникидир. У нимани хоҳласа, халқ қилади. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир», деб айт! (Насоролар Аллоҳга берган аҳдларида вафо қилмаган энг бош масала–Аллоҳнинг тавҳидини қўйиб, ширкка бурилишлари эди. Уларнинг залолатга кетишларининг асосий масаласи шу бўлган.)
Яҳудий ва насоролар: «Биз Аллоҳнинг ўғилларимиз ва Унинг маҳбубларимиз», дедилар. Уларга: «Ундай бўлса, нимага У сизларни гуноҳларингиз туфайли азоблайдир? Балки сизлар У яратган башардирсизлар. У кимни хоҳласа, мағфират қиладир. Кимни хоҳласа, азоблайдир. Осмонлару ер ва уларнинг орасидаги нарсалар Аллоҳникидир. Қайтиб бориш фақат Унинг Ўзигадир», деб айт.
Эй аҳли китоблар! Батаҳқиқ, сизларга Пайғамбаримиз келди. У сизларга Пайғамбарлардан бўш даврда (динни) баён қилади. Бизга башорат бергувчи ҳам, огоҳлантиргувчи ҳам келмаган, демаслигингиз учун. Бас, батаҳқиқ, сизларга башорат бергувчи ҳам, огоҳлантиргувчи ҳам келди. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. (Биз «бўш давр» деб таржима қилган сўз Қуръони Карим матнида «фатратин» дейилган. Бу сўз луғатда, сукунат, бўшлик, кесилиш ва заифлик маъноларини англатади. Шариатда бир Пайғамбар билан иккинчисининг орасидаги Пайғамбарсиз ўтган вақтга «фатиратун»–бўш давр дейилади. Маълумки, Ийсо алайҳиссаломнинг Пайғамбарликларидан сўнг Муҳаммад (с. а. в.) келгунларига қадар орадан олти юз йил ўтган.)
Мусо ўз қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг. Ахир, У сиздан Пайғамбарлар юборди, подшоҳлар чиқарди ва оламларда бирортага бермаган нарсаларни берди-ку.
Эй қавмим, Аллоҳ сизга ёзиб қўйган муқаддас ерга киринг. Ортингизга қайтманг, бас, зиён кўргувчига айланасиз», деганини эсла.
Улар: «Эй Мусо, унда зўравон қавм бор. Улар ундан чиқмагунларича биз ҳеч қачон кирмаймиз. Агар улар чиқсалар, биз кирувчидирмиз», дедилар.
Улардан (Аллоҳдан) қўрқадиганлардан бўлган ва Аллоҳ уларга неъмат ато этган икки киши: «Уларнинг устига эшикдан кириб боринглар. Агар унга кирсангиз, албатта, ғолиб бўласизлар. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккал қилингиз», дедилар. (Мусо алайҳиссалом муқаддас ердаги аҳволни билиш мақсадида олдин ўн иккита нақиб–вакил юборган эдилар. Ушбу оятда зикри келган, Аллоҳдан қўрқувчи ва унинг неъматига сазовор бўлган икки киши ўша нақиблардан эди. Аллоҳдан қўрқадиган банда ҳеч қачон бошқадан қўрқмайди. Чунки бир қалб икки хавфни кўтармайди. Аллоҳдан қўрқмаган эса, ҳаммадан қўрқади. Ушбу икки солиҳ банда ҳам Аллоҳдан қўрқадиганлардан бўлганлари учун, қўрқмасдан муқаддас ерга бориб, у ерда юрган катта жуссали, бақувват ва зўравон қавмни ўз кўзлари билан кўриб келдилар. Қавмларини Аллоҳнинг амрига итоат этиб ўша зўравон қавм устига дадил бостириб бораверишга ундадилар. Аммо Худодан қўрқмаганлар Аллоҳнинг амрига итоат этмасликларига зўравон қавмдан қўрқишларини баҳона қилдилар.)
Улар: «Эй Мусо, модомики улар бор экан, биз зинҳор ва зинҳор у ерга кирмаймиз. Сен ўзинг Роббинг ила бориб икковлон уларга қарши уруш қилаверинглар. Биз бу ерда ўтириб турувчимиз», дедилар. (Қўрқоқликнинг оқибати шу-да. Демак, Аллоҳ Мусо алайҳиссаломнинг Робби, Бани Исроилнинг Робби эмас экан-да. Қўрқоқ бўлгандан кейин ҳол шу. Ҳамма нарсадан, ҳатто ақидадан ҳам воз кечиб юбораверилади.)
У: «Эй Роббим, албатта, мен ўзим ва биродаримдан бошқага эга эмасман. Ўзинг биз билан фосиқ қавмнинг орасини ажратгин», деди.
У зот: «Албатта, бу ер уларга қирқ йилгача ҳаромдир. Улар ер юзида ҳайрон бўлиб юрарлар. Фосиқ қавмлар учун хафа бўлма», деди. (Бани Исроилнинг бу қилмиши учун, яъни, Аллоҳнинг амрига итоат этмагани–Муқаддас ерга кирмагани учун, Аллоҳ уларга бу муқаддас ерга киришни қирқ йилгача ҳаром қилиб қўйди. Тафсирчиларимизнинг айтишларича, яҳудийлар бу муддатда Сийно ярим оролидаги саҳрода 270 фарсаҳлик жойдан ташқарига чиқа олмай, адашиб, ҳайрон бўлиб, бир борган жойга қайта-қайта бориб юравердилар. Ана шундай ҳайронлик ва сарсон-саргардонликда қирқ йил юрдилар. Бу даврда мазкур гуноҳни содир этган, нобакор авлод ўлиб битди. Саҳрода ўсган янги авлод пайдо бўлди. Яъни, Аллоҳ тайин қилган муддат тугагунча аввалгилар муқаддас ерга кира олмай ўлиб кетдилар.)
Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Икковлари қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади. У: «Албатта, мен сени ўлдиражакман», деди. Бириси: «Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир.
Агар сен мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармасман. Мен, албатта, оламларнинг Робби Аллоҳдан қўрқаман.
Мен, албатта, менинг ҳам гуноҳимни, ўзингнинг ҳам гуноҳингни олиб кетишингни, шу сабабдан дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Ана ўша золимларнинг жазосидир», деди.
Нафси унга биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиёнкорлардан бўлди.
Аллоҳ ер юзида кезиб юрган қарғани унга биродарининг ўлигини қандай кўмишини кўрсатиш учун юборди. У: «Шўрим қурсин! Мана шу қарғачалик бўлиб, биродарим ўлигини кўма олмадим-а?!» деди. Бас, у надомат қилувчилардан бўлди. (Ояти кариманинг сиёқидан кўриниб турибдики, қотил биродарини ўлдириб қўйгандан кейин нима қиларини билмай қолган. Ўликни кўмиш кераклиги хаёлига келмаган. Чунки аввал ўлик бўлмаган. Бу ер юзидаги биринчи ўлик эди. Ривоятларда келишича, шу пайтда Аллоҳ унга ўликни кўмишни ўргатиш учун икки қарғани юборган. Улар қотилнинг олдида урушиб, бири иккинчисини ўлдирган. Сўнгра қотил қарға ўлган қарғани ерни кавлаб кўмган.)
Шунинг учун ҳам Бани Исроилга: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деб ёздик. Батаҳқиқ, уларга Пайғамбарларимиз баёнотлар олиб келдилар. Сўнгра, бундан кейин ҳам, улардан кўплари ер юзида исроф қилгувчилардан бўлдилар. (Исломда ўлим ҳукмига лойиқ жиноят қилмаган жон жуда ҳам юқори баҳоланади. Зотан, ўлим ҳукми ҳам бошқа яхши жонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун чиқарилади. Шу боис бир беайб инсонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят қилган ҳисобланади. Худди шу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Бани Исроилга ёзиши–фарз қилиши–улар ўша вақтда аҳли китоб бўлиб турган қавм эканлигидадир.)
Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига қарши уруш қилувчилар, ер юзида фасод қилувчиларнинг жазоси, албатта, ўлдирилмоқлари ёки осилмоқлари ёхуд қўл-оёқлари қарама-қарши томондан кесилмоғи ёки ер юзида сургун қилинмоқларидир. Бу (нарса) уларга бу дунёда ор бўлур. Охиратда эса, уларга улкан азоб бор.
Магар, уларга қодир бўлишингиздан олдин тавба қилсалар, билингки, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Қўлга тушмасдан олдин тавба қилиш ҳақиқий афсус-надоматнинг, яхшиликка қайтишга қилинган қатъий қарорнинг аломатидир. Улар ўз жиноятларини давом эттираверсалар ҳам бўларди, аммо инсофга кириб, ишларининг нотўғри эканини англаб етибдилар, Ислом дини бу рағбатни тақдирлайди. Бошқа шаръий ҳукмлар қатори ушбу ҳукмга ҳам амал қилинган даврда элу улус тинч бўлиб, ҳамма омонда эди. Бепоён саҳрода қўй боқиб юрган чўпон қўйларига бўри ҳужум қилишидан хавфсирамаса, бошқа қўрқинчи йўқ эди. Аммо ҳозир-чи? Одамлар уйида тинч ўтира олмайдилар. Ҳар қадамда жонлари ҳам, молу мулклари ҳам хавф остида. Дунёдаги жами ҳукуматлар бирлашиб ҳам жиноятчиларни жиловлай олмаяптилар. Аллоҳнинг ҳукмига юрмасликнинг оқибати шу.)
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васийла ахтарингиз ҳамда Унинг йўлида жиҳод қилингиз. Шоядки, ютуққа эришсангиз. (Дунёда қўрқиш лозим бўлган ягона зот Аллоҳдир. Қачонки инсонларда Аллоҳдан қўрқиш ҳисси–тақво ҳисси бўлмас экан, ҳеч қандай қонун, ҳеч қандай тузум одамларни ёмонликдан сақлаб тура олмайди. Қўйилган миршаб ёки жосуслар назоратидан қочиб, олдингидан ҳам баттар ишларни қилаверадилар. Инсонда тақво бўлса-чи? Унда ҳар бир инсон ўзига ўзи қўриқчи ва кузатувчи бўлади. Ҳеч ким уни назорат қилмаса ҳам, ҳеч ким кўрмаётган бўлса ҳам, ёмонлик қилмайди.)
Агар куфр келтирганлар қўлида ер юзидаги ҳамма нарса ва яна шунча нарса бўлсаю уни қиёмат кунининг азобидан қутулишга тўлов қилиб берсалар ҳам, улардан қабул қилинмас. Уларга аламли азоб бор.
Улар дўзахдан чиқмоқчи бўлурлар. Аммо ундан чиқа олмаслар. Уларга муқим азоб бор.
Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар. Бу уларнинг қилмишига жазо ва Аллоҳдан ъиқобдир. Аллоҳ азиз ва ҳакимдир.
Ким зулмидан кейин тавба этса ва амали солиҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Гуноҳ қилган банда тавбага шошилмоғи лозим. Аммо бу ояти каримага чуқурроқ назар соладиган бўлсак, унда: «тавба этса ва амали солиҳ қилса», дейилмоқда. Мусулмон одам учун ёмонликдан қайтишнинг ўзи кифоя қилмас экан. Ёмонликдан қайтиш билан бирга, яхшилик амалларни қилиши ҳам зарур экан. Мадинаи Мунавварада бир аёл ўғрилик қилиб қўлга тушади. Унинг қариндош-уруғлари бундан қаттиқ ташвишланадилар. Агар қўли кесилса, бутун уруғимизга ор бўлади, деб қайғурадилар. Маслаҳатлашишиб, Усома ибн Зайд Пайғамбаримизнинг эркаси, уни ишга солайлик, кечириб юборсалар ажаб эмас, дейишади. Усома ибн Зайд (р. а.) воситачилик қиладилар. Шунда Расулуллоҳ (с. а. в.) қаттиқ ғазабланадилар ва масжидда жамоат намозидан сўнг хутба қилиб: «Сизга нима бўлдики, Аллоҳнинг ҳаддидан бўлмиш бир ҳадда менга воситачи қўясизлар! Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам, қўлини кесаман! Сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишига сабаб ҳам оддий одамга ҳадни жорий этиб, обрўлига жорий этмаслик эди», дедилар. («Ҳад» деганда шаръий жазо тушунилади.))
Осмонлару ернинг мулки Аллоҳнинг эканлигини, кимни хоҳласа, азоблашини, кимни хоҳласа, мағфират қилишини ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир эканини билмасмидинг?!
Эй Пайғамбар! Оғизлари ила, иймон келтирдик, деб қалблари иймон келтирмаганлар ва яҳудий бўлганларнинг куфрга ошиқадиганларидан хафа бўлма. Улар ёлғонни кўп эшитадилар, сенга келмаган қавмлардан ҳам эшитадилар. Сўзларни жойларидан ўзгартирадилар. Улар: «Агар сизга бу берилса, олинглар, агар бу берилмаса, ҳазир бўлинглар», дерлар. Аллоҳ кимни фитнага солишни ирода қилса, унга Аллоҳ томонидан бўладиган бирон нарсани тўса олмассан. Аллоҳ ана ўшаларнинг қалбларини поклашни ирода қилмади. Уларга бу дунёда шармандалик бор. Уларга охиратда улкан азоб бор. («Оғизлари ила, иймон келтирдик, деб қалблари иймон келтирмаганлар»дан мурод–мунофиқлардир. Демак, ушбу ояти карима мунофиқлар ва яҳудийлар ҳақида тушган. Маълумки, мунофиқликнинг келиб чиқиши ҳам яҳудийларга бориб тақалади.)
Улар ёлғонни кўп эшитувчилар, ҳаромни кўп еювчилардир. Агар сенга келсалар, ораларида ҳукм чиқар ёки улардан юз ўгир. Агар улардан юз ўгирсанг, сенга ҳеч зарар келтира олмаслар. Агар ҳукм қилсанг, ораларида адолат ила ҳукм қил. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни севади. (Иймон-Ислом бўлмаса, жамиятда ёлғон авж олади. Уларнинг эшитадиган нарсаси ёлғон бўлиб қолади. Ёлғонни кўп эшитади дегани, демак, қарийб ҳамма ёлғон гапиради, деганидир. Атроф ёлғонга тўлиб кетади. Етти ёшдан етмиш ёшгача ёлғончига айланади. Рост ва тўғри сўзга жой қолмайди. Ундай жамиятда рост ва тўғри сўзли одам ақлдан озган ва ғариб саналади. Чунки у яшаб турган жамиятда рост сўзни фақат ёлғон топа олмай қолганларидагина, ноиложликдан гапирадилар. Мазкур кишиларнинг яна бир сифати–«ҳаромни кўп еювчилар»дир. Оғзи билан иймон келтириб, қалби иймон келтирмаганлар жамиятида ва яҳудий бўлганлар жамиятида ҳаром емоқ одат тусига киради. Иймон-Ислом бўлмаган жамиятда ҳаром ейиш авж олади. Аллоҳ ҳаром қилган чўчқа, ўлимтик, қон, ароқ ва бошқаларни ўзлари учун энг тансиқ ва азиз таом ҳисоблайдилар. Бунинг устига, топганлари ҳаммаси ҳаром. Ботил йўл билан, қимор, порахўрлик, рибохўрлик, товламачилик, зўравонлик, ўғрилик, бировнинг ҳақини тортиб олиш каби йўллар билан мол топадилар. Уларнинг жамиятида ҳалол йўл билан ризқ топиш анқонинг уруғига айланади. Ўзлари шундай ҳолда бўла туриб, яна мунофиқлик ила фатво сўраб келишади.)
Ўзларида Таврот бўла туриб, унда Аллоҳнинг ҳукми бўла туриб, қандай қилиб сени ҳакам қиладилару сўнгра яна юз ўгириб кетарлар? Улар мўмин эмаслар.
Биз Тавротни нозил қилдик. Унда ҳидоят ва нур бор. У билан У зотга таслим бўлган Пайғамбарлар, Аллоҳнинг китобини муҳофаза қилишга мукаллаф бўлган роббонийлар ва аҳборлар яҳудий бўлганларга ҳукм юритарлар. Улар бу китобга гувоҳ қилинганлар. Одамлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар. Менинг оятларимни арзон баҳога сотманглар. Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар кофирлардир.
Биз унда уларга жонга–жон, кўзга–кўз, бурунга–бурун, қулоққа–қулоқ, тишга–тиш ва жароҳатларда қасос вожиб, деб ёздик. Ким у(қасос)ни кечиб юборса, бу унга каффоротдир. Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар золимлардир. (Яъни, Биз Тавротда яҳудийларга жиноятчилардан қасос олишни вожиб деб ёздик. Жонга–жон, яъни, одам ўлдирганнинг ўзи ҳам ўлдирилади. Кўзга–кўз, яъни, бировнинг кўзини кўр қилгандан унинг ҳам кўзини кўр қилиш ила қасос олинади. Бурун, қулоқ, тиш ва бошқа аъзолар, шунингдек, етган жароҳатларга ҳам шунга ўхшатиб қасос олинади. Ушбу ҳукм Ислом шариатида ҳам ўзгартирилмасдан қабул қилинган.)
Уларнинг изларидан Ийсо ибн Марямни ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи қилиб юбордик. Унга Инжилни бердик. Унда ҳидоят ва нур бор. У ўзидан олдинги Тавротни тасдиқлагувчидир. У тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир.
Инжил аҳли унда Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритсинлар. Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ана ўшалар фосиқлардир. (Демак, Инжилга эътиқод қилган насоролар ҳам унда Аллоҳ нозил қилган ҳукмлар остида, ўша ҳукмларни жорий қилган ҳолда яшамоқлари керак бўлган. Таврот аҳли ундаги ҳукмлар остида, Инжил аҳли ҳам ундаги ҳукмлар остида яшамоқлари матлуб бўлган. Қуръон тушиб бўлганидан кейин эса, ҳамма бараварига Қуръоннинг аҳкомлари остида яшаши вожибга айланган.)
Ва Биз сенга китобни ҳақ ила, ўзидан олдинги китобни тасдиқловчи ва унинг устидан назорат этгувчи қилиб нозил қилдик. Бас, улар орасида Аллоҳ нозил этган нарса ила ҳукм юрит. Ўзингга келган ҳақни қўйиб, уларнинг хоҳишларига эргашма. Сизлардан ҳар бирингизга алоҳида шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа, ҳаммангизни бир уммат қилиб қўяр эди. Аммо У сизларни Ўзи ато этган нарсада синамоқ истайдир. Яхшиликка шошилингиз. Ҳаммангизнинг қайтар жойингиз Аллоҳ ҳузурида. Бас, ўшанда ихтилоф қилган нарсаларингиз ҳақида хабар берадир. ( Қуръон, ундан келиб чиқадиган Ислом шариати Аллоҳ томонидан тушган. Ким уни инкор этса, Аллоҳни инкор этади. Яъни, Қуръони Карим ўзидан олдинги китобларда келган илоҳий таълимотларни тасдиқлайди. У охирги ва боқий китоб, шунинг учун ҳам олдинги китобларга ҳақиқий баҳони у беради. Қуръони Карим охирги китоб бўлгани учун ҳам ҳамма таълимотлар устидан нозир ва ҳакамдир. Улардаги ихтилоф ва келишмовчиликлар ҳақидаги ҳукмлар ҳам Қуръондан чиқади.)
Улар орасида Аллоҳ нозил этган нарса ила ҳукм юрит. Уларнинг хоҳишларига эргашма ва улар сени Аллоҳ сенга нозил қилган нарсада фитнага солишларидан ҳазир бўл. Агар юз ўгирсалар, билки, Аллоҳ уларни баъзи гуноҳлари туфайли мусибатга солишни ирода қилибди. Албатта, одамлардан кўплари фосиқлардир. (Яъни, одамлар шариат ҳукмини юритишда баъзи жузъий камчиликлар бўлишини таклиф қилса ҳам, қабул этма, деганидир. Номаъқул одамлар шариатга умуман амал қилмаслик ҳақида таклифлар киритадилар, бу қабул бўлмаса, кичикроқ ўзгартиш киритишни таклиф этадилар. Табиийки, бу ҳам қабул бўлмайди. Шунда Аллоҳ инсоф берганлари ўзига келиб, ҳақиқатга таслим бўлади. Мусулмон бўлиб ҳаёт кечиришни бошлайди. Инсофга келмаганлари эса, юз ўгириб кетади.)
Жоҳилият ҳукмини истайдиларми?! Ишончи комил қавмлар учун Аллоҳдан ҳукми яхшироқ ким бор?!