У тўғри йўлга ҳидоят қилур. Бас, биз унга иймон келтирдик ва ўз Роббимизга бировни ширк келтирмасмиз. (Жинлар ўз ақл-фаросатлари ила Қуръонни туширган Аллоҳ уларнинг Робилари эканлиги ва унга шерик бўлиши мумкин эмаслигини ҳам тушуниб етадилар. Макка мушрикларига ўхшаб Аллоҳга ширк келтирмасликларини таъкидлайдилар.)
Ва, албатта, биз ҳидоятни эшитган пайтимизда унга иймон келтирдик. Кимки ўз Роббисига иймон келтирса, савоби озайиб қолишдан ҳам, унга оғир юк юкланишидан ҳам қўрқмас.
Ва, алабатта, масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг. (Масжидлар Аллоҳга ибодат қилиш учун бино қилинган жойлардир, шунинг учун ҳам улар «Байтуллоҳ» –Аллоҳнинг уйи деб аталади. Бошқа дин вакиллари ўз ибодатхоналарида Аллоҳга ширк келтиришар, ягона Аллоҳдан ўзгага ҳам ибодат, дуо қилишарди. Аллоҳ таоло бу оятда Ўз Пайғамбари ва мўмин-мусулмонларни тавҳидга-фақат Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишга чақиради.)
Ва, албатта, Аллоҳнинг бандаси Унга ибодат қилиб турганда улар унинг атрофида от ёлидек тўпланиб, босиб юборай дейишди. (Бу оятда жинларнинг Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига иккинчи бор келиб Қуръон эшитганлари пайти тасвирланяпти.)
Менинг вазифам, фақат, Аллоҳнинг топшириқларини етказишдир. Кимки Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига бўйсунмаса, унга жаҳаннам оташи бор, унда абадий қолажаклар.
Пайғамбарлар ўз Роббилари рисолаларини дарҳақиқат етказганликларини билиш учун ва Аллоҳ бандалар ҳузуридаги барча нарсани ихота қилиб олганлигини ва ҳамма нарсани адади, ҳисобини қилганлигини билиш учун», деб айт. (Пайғамбарлар муҳофазаси учун қўйилган фаришталар бир йўла, уларнинг Аллоҳнинг динини одамларга қандоқ етказаётганларига гувоҳ ҳам бўлиб турадилар. Аллоҳ ҳамма нарсани Ўз ихтиёрига олиб ўрагани, ҳамма нарсанинг ҳисоб-китобини қилиб туришига ҳам шоҳиддирлар.)