loader
Атрофингиздаги аъробийлардан мунофиқлар бор. Мадина аҳлидан ҳам. Улар нифоқда сийқаси чиққанлардир. Сен уларни билмассан, уларни Биз биурамиз. Албатта, уларни икки марта азоблаймиз. Сўнгра улкан азобга қайтарилурлар. (Ушбу ояти каримада аъробийларнинг ва аҳли Мадинанинг алоҳида мунофиқлари, сийқаси чиққан мунофиқлари ҳақида сўз кетмоқда. Шу даражада сийқаси чиққанки, усталигидан, ҳатто Пайғамбаримиз (с. а. в.) ҳам уларнинг мунофиқ эканликларини билмайдилар. Мунофиқлигини фақат Аллоҳ таолонинг ўзигина билади.)
Бошқалар эса, гуноҳларини эътироф қилдилар; улар яхши ва ёмон амални аралаштириб қилганлардир. Шоядки Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Ушбу оят тушишига сабаб бўлганлар Табук урушига бормай қолиб, сўнгра ўз ишларидан афсус-надомат қилиб тавба этган кишилардир. Улар ғазотдан қолиб жуда ёмон иш қилган, аммо чин кўнгилдан афсусланишлари яхши ишдир. Энди бундай кишиларнинг ишлари Аллоҳнинг ўзига ҳавола қилинади.)
Уларнинг молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан ва уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, сенинг дуоинг улар учун сокинликдир. Аллоҳ эшитгуви ва билгувчи зотдир.
Улар, албатта, Аллоҳ Ўз бандаларидан тавбани қабул қилишини ва садақаларни олишини ва, албатта, Аллоҳнинг Ўзи тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи ва раҳмли зот эканини билмайдиларми?
Сен: «Амал қилинглар! Бас, албатта, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар амалингизни кўрарлар. Ва, албатта, ғайбни ва шаҳодатни билгувчи зотга қайтариласизлар. Бас, У сизларга қилиб юрган амалларингизнинг хабарини берадир»– деб айт.
Ва Аллоҳнинг амрига ҳавола қилинган бошқалар бор. Уларни ёки азоблайдир ёки тавбаларини қабул қиладир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Уламоларимиз бу тоифадаги одамлар мазкур оят нозил бўлган пайтда уч киши, яъни, Ҳилол ибн Умаййа, Каъб ибн Молик ва Мирор ибн ар-Робийълар эди, дейдилар. Улар мунофиқ эмас, балки чин мусулмон бўлганлар, лекин хато қилиб, Табук ғазотига бормай қолганлар. Сўнгра афсус-надомат қилганлар-у, аммо Абу Лубоба ва унинг шерикларига қўшилиб, ўзларини масжид устунига боғламаганлар. Абу Лубоба ва унинг шерикларининг тавбалари қабул қилинди, гуноҳлари кечирилди. Аммо бу уч кишининг амри Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилинди. Хоҳласа, уларни азоблайди, хоҳласа, тавбаларини қабул қилиб, гуноҳларини кечиради.)
Зиён, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва бундан олдин Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиш жойи бўлиши учун масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ шоҳидлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир. (Мазкур мунофиқлар қурган масжиддан ҳеч қандай фойда йўқ эди. Чунки улар ўз масжидларини Муҳаммад (с. а. в.) биринчи бўлиб тиклаган Қубо масжиди ёнида қурган эдилар. Шунинг учун бу масжид Масжидул Зирор–зиён масжиди, деб номланди. Бу масжиднинг куфр учун қурилди дейилишига сабаб мунофиқлар уни ўзларига марказ қилиб, куфр ишларини ривож топтириш мақсадида эдилар. Ояти карима маълум шахслар, маълум масжид сабабли тушган бўлса ҳам, унинг маъноси умумийдир. Мунофиқ ва кофирлар барча жойларда ва барча замонларда Исломга зиён етказиш учун, куфрни ривожлантириш учун, мўмин-мусулмонлар орасига тафриқа солиш учун, Аллоҳ ва Унинг Расулига уруш очганларга кузатиш жойи бўлиш учун кўплаб Масжидул Зирорлар қурганлар. Бу ҳолат динсиз давлатлардаги масжид ва диний муассасалар мисолида жуда ҳам равшан намоён бўлган.)
Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир.
Биносини Аллоҳга бўлган тақво ва Унинг розилиги асосида қурган кимса яхшими ёки биносини емирилаётган жар ёқасини асос қилиб қуриб у билан бирга жаҳаннам ўтига қулаган кимса яхшими? Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас.
Барпо қилган бинолари қалбларида шак-шубҳа ҳолида бардавом қолади. Магар қалблари қиймаланиб кетсагина шак-шубҳа қолмас. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир.
Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларнинг жонлари ва молларини жаннат эвазига сотиб олди. Улар Аллоҳнинг йўлида жанг қиладилар, ўлдирадилар ва ўлдириладилар. Бу Тавротда, Инжилда ва Қуръонда Унинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Ким Аллоҳга берган аҳдига вафо қилса, бас, қилган савдоларингиздан шод бўлаверинг. Ана шунинг ўзи улкан ютуқдир. (Ушбу савдо алоқасида Аллоҳ таоло харидору, мўмин инсон сотувчи. Мўмин-мусулмон бўлиш билан инсон ўз жони ва молини Аллоҳга сотади. Аллоҳ таоло эса мўмин мусулмон бандасига жонингни ва молингни Менинг йўлимга тиксанг, Мен бунинг эвазига жаннатни бераман, деб сотиб олади. «Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларнинг жонлари ва молларини жаннат звазига сотиб олди», дегани шу маънони англатади. «Сотиб олди», яъни, савдо тугади. Шунинг учун ҳеч бир мўмин-мусулмон шахс савдони бузмасликка, Аллоҳга сотган жони ва молини беришга доим тайёр турмоғи лозим.)
Улар тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар, Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир. Ва мўминларга хушхабар бер! (Бу ояти каримада мўмин кишининг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда, агар уларда бу сифатлар мавжуд бўлса, мўминлик шарафига эришадилар ва Пайғамбаримиз (с. а. в.) берадиган хушхабарга ҳақли бўладилар.)
Пайғамбар ва мўминлар учун дўзах эгалари эканлиги аён бўлган мушрикларга, агар яқин қариндошлари бўлса ҳам, истиғфор айтишлари дуруст эмасдир. (Демак, Пайғамбаргаки (с. а. в.) рухсат йўқ экан, бошқаларга бўлмаслиги аниқ гап. Мўмин киши учун ҳамма нарсадан иймони афзал, шунинг учун у аввало иймон, дин қардошлари ила алоқа ва боғланишларни йўлга қўяди. Қон-қардошлик алоқаси эса бу жойда ҳеч нарсани ҳал қилмайди.)
Иброҳимнинг отаси учун айтган истиғфори унга берган ваъдаси устидан эди, холос. Вақтики, унга отасининг Аллоҳга душман эканлиги аён бўлганда ундан воз кечди. Албатта, Иброҳим тазарруъли ва ҳалиймдир. (Яъни, отаси Иброҳим (а. с.) билан тортишиб, уни сўкиб, тошбўрон қилмоқчи бўлганда ҳалийм сифатли Иброҳим (а. с.): «Сенинг учун Аллоҳга истиғфор айтаман», деб ваъда берган эди. Ана шу ваъдага вафо қилиш учун отасига истиғфор айтди, холос. Кейинчалик унга отаси Аллоҳнинг душмани эканлиги аён бўлди. Ўшанда у отасидан воз кечди.)
Аллоҳ бир қавмни ҳидоятга бошлаганидан сўнг уларга сақланишлари лозим бўлган нарсани баён қилмасдан туриб залолатга кетказмас. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билгувчи зотдир. (Яъни, иймон келтириб мусулмон бўлганларга аввало нима қилиш кераклиги, нималардан сақланишлари лозимлиги баён қилинади. Кейин ҳам ноҳақ иш қилсалар, нотўғри йўлда юрсалар, ана шундан сўнг Аллоҳ уларга нисбатан чора кўради.)
Албатта, осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У тирилтирур ва ўлдирур. Сизларга Аллоҳдан бошқа дўст ҳам йўқ, ёрдамчи ҳам йўқ.
Батаҳқиқ, Аллоҳ Пайғамбарининг, муҳожир ва ансорларнинг тавбасини қабул қилди. Улардан баъзиларининг қалблари тойиб кетай дегандан сўнг тавбаларини қабул қилди. Албатта, У зот уларга марҳаматли ва меҳрибондир. (Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) тавбаларини қабул қилгани хусусида хабар бермоқда. Маълумки, Пайғамбарлар маъсумдирлар. Аммо бу оятда Пайғамбаримизнинг Аллоҳдан тушган ваҳийга хилоф қилганлари ҳақида гап кетаётгани йўқ. Бу ҳол бўлиши ҳам мумкин эмас. Балки У зот (а. с.) ижтиҳод маъносида баъзи бир кишиларга Табук ғазотига чиқмай қолишга изн берган эдилар. У зот (с. а. в.) бу билан афзал ишни эмас, ундан пастроғини қилган эдилар. Афзали эса то ростгўйлар ёлғончилардан ажралгунча кутиб туриш эди.)
Ва ортда қолган уч кишига ҳам. Уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан қочиб, ўзгага бориб бўлмаслигига ишонганларидан сўнг тавба қилишлари учун тавба эшиги очилди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир. (Бу уч кишининг қиссаси ҳамма тарих китобларимизда, тафсир ва ҳадис китобларимизда ривоят қилинган. Мазкур уч киши Каъб ибн Молик, Мирора ибн Робиъ ва Ҳилол ибн Умаййа ал-Воқифийлар мунофиқ эмас, балки чин мусулмон бўлганлар, лекин хато қилиб, Табук ғазотига бормай қолганлар.)
Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар.
Мадина аҳлига ва уларнинг атрофидаги аъробийларга Расулуллоҳдан четда қолишлари ва ўз жонларини кўзлаб унинг жонига эътибор қилмасликлари дуруст эмас. Зеро, уларга Аллоҳнинг йўлида ташналик, чарчоқ, очлик етса, кофирларнинг ғазабини чиқарадиган бирон қадам боссалар, душманга бирон зиён етказсалар, албатта, уларга солиҳ амал ёзиладир. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмас.
Кичик ёки катта нафақа қилсалар ҳам, бирон водийни кесиб ўтсалар ҳам, албатта, уларга (солиҳ амал) ёзиладир. Аллоҳ уларга қилган энг гўзал амалларининг мукофотини берадир. (Яна ҳаммаёқ тўла ажр-савоб. Катта-кичик бўлсин, нафақа қилсалар бас. Унга ҳам ажр-савоб берилади. Душман томон бирон водийни кесиб ўтсалар ҳам ажр-савоб ёзилади. Ёзилганда ҳам мужоҳиднинг умрида қилган энг яхши амалининг савоби ёзилади. Шундай бўлиб тургандан кейин нима учун энди сафарбарликдан қочиб, жиҳоддан ортда қолиш керак экан?)
Мўминларнинг ҳаммалари (жангга) қўзғолишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар. (Ушбу ояти каримадаги мўминларнинг ҳаммалари бирдан жиҳодга чиқишлари лозим эмаслиги ҳақидаги маъно, бошқа оятлардаги ҳамма чиқиши лозимлиги ҳақидаги маъноларга қарама-қарши келмайди. Ҳар бир оятга мақомга қараб амал қилинади. Баъзи вақтлар бўладики, ҳамма жиҳодга чиқиши тақазо қилинади. Баъзи вақтларда эса, ҳамманинг чиқиши шарт эмас. Керакли даражада чиқса етади. Ҳамма нарса вазиятга қараб, Ислом жамияти раҳбарлари томонидан аниқланади. Биз ўрганаётган бу оятда ҳамма жиҳодга чиқиши лозим бўлмаган ҳолат ҳақида гап кетмоқда.)
Эй иймон келтирганлар, сизга яқин бўлган кофирларга қарши жанг қилинг. Улар сиздаги шиддатни кўрсинлар. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир. (Пайғамбаримиз (с. а. в.) ва хулофаи рошидинлар даврида ушбу ояти каримага тўлиқ амал этилган. Ислом ерларига яқин турган куфр жамиятларига қарши жиҳод қилинган. Бу тарихда маълум ва машҳур ҳақиқатдир.)
Бирон сура нозил қилинган вақтда улардан: «Бу сиздан кимнинг иймонини зиёда қилди?» дейдиган кимсалар бор. Бас, иймон келтирганларнинг иймонини зиёда қилди ва улар шоду хуррам бўлдилар. (Қуръони Каримдан бир сура нозил бўлиши жуда катта ҳодиса бўлган. Аммо мунофиқлар учун бу улкан ҳодиса истеҳзо ва масхара учун фурсат ҳисобланади. Улар сиртдан ўзларини мусулмон қилиб кўрсатиш учун уринадилар, аммо иймон ва Ислом тақазосидаги ишлар ўртага чиққанда ўзларини ким эканликларини фош қилиб қўйишади. Улар нозил бўлган сура бировнинг иймонини зиёда ҳам қиладими, деган истеҳзони бошқача қилиб айтадилар. Ҳа, Қуръон, унинг оятлари мўминларнинг иймонини зиёда қилади. Улар ўша иймонлари ва унинг зиёдалиги туфайли икки дунёда шоду хуррам бўлурлар. Қалби касал мунофиқларга эса бошқача таъсир қилади.)
Аммо қалбларида касали борларнинг ифлосликлари устига ифлослик зиёда қилди ва улар кофир ҳолларида ўларлар. (Албатта, қалбларида касали борлардан мурод мунофиқлардир, «ифлослик»дан мурод эса мунофиқликларидир.)
Улар ҳар йили бир ёки икки марта фитна қилаётганларига қарамайдиларми? Шунда ҳам на тавба қилмаслар ва на эсламаслар. (Ҳар йили уларнинг ҳаётида бир ёки икки марта синовли ишлар, касалликми, бошқа мусибатми бўлиб ўтади. Аслида ўша ҳодисалар уларнинг кўзини очиши керак. Лекин улар бу нарсаларга ибрат кўзи билан қарамайдилар.)
Бирон сура нозил бўлган вақтда сизни биров кўрмадими, деб бир-бирларига назар соладилар-да, сўнгра бурилиб кетадилар. Улар фаҳмламайдиган қавм бўлганлари учун Аллоҳ қалбларини буриб қўйди.
Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди. (Ояти каримада Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) асосий сифатларидан бир нечаси зикр қилинмоқда. Дунё тарихида У зотдек (с. а. в.) кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. Бу улкан ҳақиқатни Пайғамбаримиз (с. а. в.) сийратлари ва ҳадисларидан билиб оламиз.)
Бас, юз ўгириб кетсалар, сен: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ, Унга таваккал қилдим, У улуғ аршнинг Роббисидир», дегин.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР