loader

084. Иншиқоқ сураси

Суранинг номи ўзидан олинган бўлиб, “ёрилиш” деган маънони билдиради. Зеро, сурада қиёматда осмонлар ёрилиб, кўп аломатлар рўй бериши баён этилган.
Бу сура инсон доимий равишда ҳаракатда бўлиб, ё эзгу ёки ёвуз ишлар билан банд бўлиши, охиратда шу ишлари бўйича савол-жавоб бўлиши ва азоб-уқубатлар билан бир қаторда солиҳ бандалар учун улуғ мукофотлар тайёрлаб қўйилгани ҳақидадир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Осмонлар ёрилганда,
2. (бу билан у) Парвардигори (амри)га қулоқ тутганда ва (шу амрга) лойиқ топилганда,
3. (шунингдек) Ер ёйилганда,
4. ўз ичидаги (жасадларни) чиқариб ташлаб, бўшаб қолганда
5. ва у Парвардигори (амри)га қулоқ тутганда ва (шу амрга) лойиқ топилганда (ҳар бир инсон Аллоҳга ҳисобот берур)!
6. Эй, инсон! Албатта, сен меҳнат-машаққат чекиб Раббингга (яъни Унинг мукофоти ёки жазоси сари) борувчисан, бас, (сўнгра) У зотга йўлиқувчисан.
7. Бас, кимнинг номаи аъмоли (қиёмат куни) ўнг томонидан берилса,
8. бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак,
9.ва (жанннатга тушган) ўз аҳли (оиласи)га шоду хуррам ҳолда қайтажак.
10. Аммо, кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса,
11. бас, (ўзига) ўлим тилаб қолажак
12. ва дўзахда куяжак.
13.Дарвоқе, (дунёдалик пайтида) у аҳли оиласида шоду хуррам эди,
14. ўзини ҳеч қачон (Парвардигор ҳузурига) қайтмасман деб ўйлар эди.
15. Йўқ! Парвардигори уни, шубҳасиз, кўриб турувчи эди.
16. Бас, қасамёд этаман (Қуёш ботаётган пайтдаги) шафақ билан,
17. тун ва у қамраб олган (барча) нарса билан
18. ҳамда тўлин Ой биланки,
19. албатта сизлар босқичма-босқич (яшаб) келурсиз!
20. Бас, нега улар имон келтирмайдилар?!
21. Уларга Қуръон қироат қилинганда, (Яратганга) сажда қилмайдилар?!*
21-оят. Сажда ояти.
22. Аксинча, кофир бўлганлар (Қуръонни ва қайта тирилишни) инкор этурлар.
23. Аллоҳ эса улар ичларида яшириб юрган нарсаларни яхши билувчидир.
24. Бас, (эй, Муҳаммад!) Уларга аламли азоб ҳақида «хушхабар» беринг!
25. Аммо имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар учун (охиратда) битмас-туганмас мукофот бордир.

Орқага Олдинга