loader

064. Тағобун сураси

“Тағобун” – бир-бирини муомалада алдашдир. Сурада қиёмат куни ва қайта тирилишнинг ҳақлиги, бу дунёнинг бевафо ва муваққатлиги, оила ва фарзандларга муносабат, итоаткор бўлишга даъват ва бошқа илоҳий кўрсатмалар ўз ифодасини топган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Осмонлардаги ва Ердаги (ҳамма) нарса Аллоҳга тасбеҳ айтур. Ҳукмронлик фақат Уникидир ва ҳамд ёлғиз Унга хосдир. У ҳар нарсага қодирдир.
2. У сизларни яратган зотдир. Бас, сизлардан (баъзиларингиз) кофир ва сизлардан (баъзиларингиз) мўминдир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.
3. У осмонлар ва Ерни ҳақиқат (ҳикмат) билан яратди ва сизларга сурат (шакл) берди – суратларингизни гўзал қилди*. Қайтиш фақат Унинг ҳузуригадир.
* “Тин” сурасининг 4-ояти билан бир хил мазмундаги бу оятнинг ҳақиқатга қанчалик тўғри келишига мисол қилиб айтганларки, инсон ҳамма жонзот ва ҳайвонот турларидан гўзал эканидан у уларнинг бирортасига ўхшаш сурат ва шаклда яратилмаганига афсусланмайди, ҳавас ҳам қилмайди. Тўғри, шоирлар маҳбубалар юзини ойга, қоматини сарв дарахтига, сочини занжирга ўхшатиб мадҳ этадилар. Лекин бу жузъий ва хаёлий қиёсдир. Балоғат фанида, шеъриятда бу каби ташбеҳлар жоиз. Улардан мажозий маънолар мақсад қилиб олинади. Ҳақиқат эса, ўз моҳиятини ҳеч қачон йўқотмайди. Ўхшатишлардан эса, жузъий маънода фойдаланилади.
4. У осмонлар ва Ердаги (ҳамма) нарсани билур. Аллоҳ диллардаги сирларни билувчидир.
5. (Эй, Макка кофирлари!) Сизларга олдин кофир бўлиб, сўнгра (шу дунёдаёқ) ўз ишларининг зиёнини тотган кимсаларнинг хабари келмадими?! Яна уларга (охиратда) аламли азоб ҳам бордир.
6. Бунга сабаб, уларга пайғамбарлари ҳужжатларни келтирганларида, улар: «Бизларни (ўзимизга ўхшаган) башар (авлодлари) ҳидоят қиладиларми?!» – дейишиб, кофир бўлганлари ва (имондан) юз ўгириб кетганларидир. (Шунда) Аллоҳ ўзининг бой эканини кўрсатди. Аллоҳ беҳожат ва ҳамдга лойиқ зотдир.
7. Кофир бўлган кимсалар ўзларини ҳеч қачон қайта тирилмаймиз, деб гумон қилдилар. (Эй, Муҳаммад! Уларга) айтинг: «Йўқ! Раббимга қасамки, албатта, қайта тирилтирилурсиз, сўнгра, албатта, сизларга қилган амалларингизнинг хабари берилур. Бу Аллоҳга осондир».
8. Бас, сизлар Аллоҳга, Унинг пайғамбарига ва Биз нозил қилган Нурга (Қуръонга) имон келтирингиз! Аллоҳ қилаётган (барча) амалларингиздан хабардордир.
9. (Аллоҳ) сизларни тўплайдиган «тўпланиш куни»ни (эслангиз)! Бу (одамлар) ўзаро алданиб қоладиган кундир. Кимки Аллоҳга имон келтирган ва яхши амал қилган бўлса, (Аллоҳ) унинг ёмонлик (гуноҳ)ларини ўчирур ва уни остидан анҳорлар оқиб турадиган, абадий қолинадиган жаннатларга киритур. Бу эса, (мўминлар учун) улкан мукофотдир.
10. Кофир бўлган ва оятларимизни инкор этган кимсалар – ана ўшалар дўзах аҳли бўлиб, ўша жойда мангу қолувчидирлар. Нақадар ёмон оқибат бу!
11. (Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки Аллоҳга имон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир.
12. Аллоҳга итоат этингиз ва Пайғамбарга бўйин сунингиз! Бас, агар (итоатдан) бош тортсангиз, у ҳолда (билингизки) Бизнинг (юборган) пайғамбаримиз зиммасида фақат (ваҳийларимизни сизларга) аниқ етказиш бор, холос.
13. Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Бас, мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккул қилсинлар!
14. Эй, мўминлар! Албатта, хотинларингиз ва фарзандларингиздан сизлар учун душман (бўладиганлари) ҳам бордир. Бас, улардан эҳтиёт бўлингиз! Агар сизлар (уларни) афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир*.
* Исломга кирган айрим маккалик кишилар Пайғамбар (а.с.) ҳижратларидан кейин Мадинага кўчиб кетмоқчи бўлганларида хотинлари ва фарзандлари қаршилик қилган. Кейинроқ билсалар, ҳижрат қилган мусулмонлар диний билимлардан анчагина эгаллаб олишга улгурибдилар. Шунда аламларидан хотин ва фарзандларини койиганларида шу оят нозил қилинган (Лс.).
15. Сизларнинг мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фақат бир синовдир. Улуғ мукофот эса Аллоҳнинг ҳузуридадир.
16. Бас, тоқатингиз етганича Аллоҳга тақвода бўлингиз, (насиҳатга) қулоқ тутингиз ва итоат этингиз ҳамда эҳсон қилингиз, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқдир. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, айнан ўшалар нажот топувчидирлар.
17. Агар сизлар Аллоҳга «қарзи ҳасана» берсангиз (муҳтожларга эҳсон қилсангиз), У сизларга бир неча баробар қилиб қайтарур ва (гуноҳларингизни) мағфират қилур. Аллоҳ миннатдор (оз олиб, кўп берувчи) ва ҳалимдир.
18. (У) яширин ва ошкора ишларни билувчи, Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир.

Орқага Олдинга