loader

051. Зориёт сураси

“Зориёт” – ҳайдовчилар. Яъни булутларни ҳайдаб юрувчи шамоллар. Шу сўз билан қасамёд этилгани сабабли сурага шу ном қўйилган. Сурада Аллоҳ таоло Ўз бандаларини охиратдан огоҳ этиб, эзгу амал билан унга ҳозирлик кўриш лозимлигини таъкидлайди.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Қасамёд этаман (булутларни) ҳайдаб юрувчи (шамол)лар билан,
2. юк (ёмғир) ташувчи (булут)лар билан,
3. (сув юзида) енгил сузувчи (кема)лар билан
4. ва (Аллоҳ буюрган) иш(лар)ни тақсимловчи (фаришта)лар биланки,
5. сизларга ваъда қилинаётган нарса (қайта тирилиш), шубҳасиз, ростдир
6. ва албатта, (қиёмат кунида ҳисоб-китоб қилингандан кейин) жазо (ва мукофот) ҳам воқе бўлувчидир!
7.(Юлдузлар ҳаракат қиладиган) йўллар эгаси бўлмиш осмон билан қасамёд этаманки,
8. албатта, сизлар (ушбу Пайғамбар хусусида) қарама-қарши сўз узрадирсиз!
9.Ундан (Қуръондан ва Пайғамбардан) бурилган (бахтсиз) кимса оғиб кетур.
10. (Ўша) ёлғончиларга – ўлим!
11. Улар (жаҳолат) гирдобида адашиб юрувчи кимсалардир.
12.(Улар) жазо (қиёмат) куни қачон бўлишини сўрарлар.
13. (У кун) улар дўзахда синаладиган кундир.
14. (Ўшанда уларга айтилур): «Синовингизни тотингиз! Сизлар (дунёдалик пайтингизда) шоштирган нарса мана шудир».
15. Албатта, тақводорлар (жаннатдаги) боғларда ва булоқлар узра бўлурлар.
16.Парвардигорлари уларга ато этган нарсаларни (мукофотларни) олган ҳолларида (бўлурлар). Зеро, улар бундан илгари (дунёда) эзгу ишларни қилувчи эдилар.
17.(Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар.
18. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар.
19. Уларнинг мол-мулкларида тиланчи ва маҳрум (муҳтож) кишилар учун (ажратилган) ҳақ (улуш) бўлар эди.
20. (Эй, инсонлар!) Ерда ишонувчилар учун аломатлар бордир,
21. ўзларингизда ҳам. Ахир, (уларни) кўрмайсизми?!
22. Осмонда эса, сизларнинг ризқларингиз (ёмғир) ва сизларга ваъда қилинаётган нарса (жаннат) бордир.
23. Бас, осмон ва Ернинг Парвардигорига қасамки, албатта, у (ваъда) худди сизларнинг сўзлашингиз каби (ҳақ ва рост)дир!
24. (Эй, Муҳаммад!) Сизга Иброҳимнинг азиз меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими?
25. Ўшанда улар (Иброҳим) ҳузурига кириб: «Салом!» –дейишганда, у ҳам: «Салом! (Булар) нотаниш қавм-ку!» – деди.
26. Сўнгра у аста оиласи олдига чиқиб, бир семиз бузоқни (сўйиб, пишириб) келтирди.
27.Уни уларга яқин қилиб, «(Таомдан) емайсизми?» – деди.
28.(Лекин овқатга қўл чўзишмагач) улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар: «Қўрқмагин! (Биз фаришталар таом емаймиз)», – дедилар ва (Иброҳимга) бир доно ўғил (туғилиши) хушхабарини бердилар.
29.Шунда (Иброҳимнинг) хотини қичқирганча келди-да, (ажабланганидан) ўзининг юзига уриб: «(Ахир, мен) туғмас кампир(ман)ку!» – деди.
30. Улар айтдилар: «Парвардигоринг мана шундай, деди. Албатта, Унинг ўзи Ҳаким (ҳикматли) ва Алим (билимли)дир».

Йигирма еттинчи пора

31. (Иброҳим) деди: «Эй, элчилар! Юмушларингиз недир?»
32. Айтдилар: «Бизлар бир жиноятчи қавмга (Лут қавмига) юборилдик.
33. Лой сополидан қилинган тошни улар узра ёғдиришимиз керак.
34. Парвардигоринг наздида ҳаддан ошувчи кимсалар учун (ҳар бир тошга) белги қўйилган (номлари ёзиб қўйилган)».
35. Бас, Биз у жойдаги мўминлардан бўлмиш кишиларни чиқариб юбордик.
36. У жойда бир хонадондан (Лут хонадонидан) ўзга мусулмонларни топмадик.
37. Биз (кофирларни ҳалок қилганимиздан сўнг) аламли азобдан қўрқадиган зотлар учун у жойда аломат қолдирдик.
38. Мусо (қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, Биз уни аниқ ҳужжат билан Фиръавн олдига юборган эдик.
39. У ўз аркони (давлати)га суяниб, имон келтиришдан юз ўгирди ва: «(Мусо) сеҳргар ёки мажнун», – деди.
40.Бас, Биз уни ҳам, қўшинларини ҳам ушлаб, уларни денгизга отдик (ғарқ қилиб юбордик). У маломатга лойиқдир.
41. Од (қабиласи қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Қайсики, Биз уларнинг устига яхлит (фойдасиз) бўронни юборган эдик.
42. У (бўрон) ниманинг устидан ўтса, албатта, уни (ҳалок этиб), худди чириган суяклардек қилиб қўяр эди.
43. Самуд (қабиласининг қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Қайсики, уларга (ман этилган туяни сўйиб юборганларида) «бир вақтгача (яъни уч кунгача тириклик неъматидан) баҳраманд бўлингиз!» – дейилган эди.
44. Бас, улар Парвардигорнинг амри (итоати)дан кибр қилишгач, қараб турган ҳолларида уларни чақмоқ урди.
45. Бас, улар (қочиш учун тикка) туришга ҳам қодир бўлмадилар ва (ҳеч ким томонидан уларга) ёрдам берилувчи ҳам бўлмадилар.
46. (Мазкур қавмлардан) олдин Нуҳ қавмини ҳам (ҳалок қилгандирмиз). Чунки улар фосиқ (итоатсиз) қавм эдилар.
47. Осмонни Биз «қўллар» билан барпо этдик. Дарҳақиқат, Биз қудратлидирмиз.
48. Ерни эса (ёйиб) тўшаб қўйдик. Бас, (Биз) нақадар яхши ёювчидирмиз!
49. Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик.
50. (Эй, Муҳаммад! Уларга айтинг): «Бас, Аллоҳга (имон келтириш учун) қочингиз! Албатта, мен сизлар учун У зот(нинг азоби)дан аниқ огоҳлантирувчидирман.
51. Аллоҳ билан бирга яна бошқа илоҳ бор, демангиз! Албатта, мен сизлар учун У(нинг азоби)дан аниқ огоҳлантирувчидирман».
52. Худди шунингдек, улардан (Макка мушрикларидан) аввалги (кофир)ларга (бирор) пайғамбар келса, улар ҳам, албатта, уни сеҳргар ёки мажнун, дер эдилар.
53. Улар ўша (сўз)ни бир-бирларига васият қилиб қолдирганмилар? Йўқ! Улар туғёнга кетган қавмдирлар!
54. Бас, (эй, Муҳаммад!) Сиз улардан юз ўгиринг! Энди Сиз маломат қилинувчи эмассиз.
55. Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур.
56. Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим.
57. Мен улардан бирор ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман.
58. Зеро, Аллоҳнинг ўзи Раззоқ (ризқ берувчи), қувватли ва Матин (қудратли)дир.
59. Бас, золим (кофир)лар учун, шубҳасиз, худди (илгари ўтган кофир) дўстларининг насибалари каби (азобдан) насиба бордир. Бас, улар Мени(нг азобимни) қистамай қўя қолсинлар!
60. Бас, кофир бўлган кимсаларга ваъда қилинаётган кунларида уларнинг ҳолларига вой!

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР