loader

111. Масад сураси

Маккада нозил бўлган. 5 оятдан иборат.
Бу сураи каримага ўзининг охирги «Масад» сўзи ном бўлиб қолган. Суранинг иккинчи исми «Лаҳаб»дир. Кўпчилик биринчи ибора «таббат ядаа» билан ҳам атайди. «Масад» сўзининг маъноси «арқон»дир. Сурада Абу Лаҳабнинг хотини бўйнида арқон ила дўзахга кириши таъкидланган.
Ушбу суранинг қаҳрамони Абу Лаҳабнинг асли исми Абдул Уззо ибн Абдул Мутталиб бўлиб, икки ёноғи оловдек қизариб тургани учун Абу Лаҳаб деган куня олган эди.
Аллоҳ таоло «Яқин қариндошларингни огоҳлантир», деган оятни туширганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалигига чиқиб, баланд овоз билан:
«Эй Қурайш жамоаси!» деб нидо қилдилар. Шунда улар тўпланишди. У зот уларга қараб:
«Агар сизларга ҳозир водийда отлиқлар устингизга бостириб келишга тайёр турибдилар, десам, ишонасизларми», дедилар.
Тўпланганлар:
«Ишонамиз, сенинг ёлғон гапирганингни ҳеч кўрмаганмиз», дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта мен сизларга шиддатли азобдан қўрқитувчи (Пайғамбар) бўлиб келдим», дедилар. Шунда Абу Лаҳаб:
«Ҳалок бўлгур, бизни шунга йиғдингми», дегандан сўнг Аллоҳ таоло «Масад» сурасини нозил қилган.
Абу Лаҳаб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари ва энг ашаддий душманларидир. У бойлиги ғурурга кетказган синф вакили: улар ўзларига вазифа юклатувчи барча ҳаракат ва тузумларга қарши чиқишаверади.
Абу Лаҳабнинг хотини Умми Жамил ҳам Исломнинг ашаддий душманларидан бири бўлиб, Пайғамбар алайҳиссалом ҳақида турли бўҳтон ва туҳматлар тарқатиб юрарди. У ҳам чақимчилик, ғийбатчиликка ўч, фитначи аёллар тоифасининг вакиласи.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Абу Лаҳабнинг икки қўли ҳалок бўлсин, ҳалок!
Ушбу оятдаги икки қўлдан мурод уларнинг эгасидир. Арабларда бир нарсанинг бўлагини зикр қилиб, ўзини қасд қилиш услуби бор. Бу ояти каримада худди ўша услуб қўлланган. Бизда ҳам, бўйнинг узилгир!, деган қарғиш бор, бу ҳам ҳалок бўлгин, деган маънода.
Абу Лаҳаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларини эшитиб туриб, кўпчилик ичида, ҳалок бўлгин!,–деганига қарши ўлароқ бу оятда унга икки марта ҳалок тиланмоқда.

2. Унга моли ва касб қилган нарсалари фойда бермади.
Яъни, Абу Лаҳабга мол-дунёси ҳам, касб-кори ҳам фойда бермади. Касби коридан обрў-эътибори ва фарзандлари кўзда тутилган.
Ушбу оят ҳам Абу Лаҳабнинг куфр йўлида айтган гапига раддиядир. Аллома Исмоил ибн Касир ушбу оят тафсирида қуйидаги маълумотни келтирганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қавмларини Иймонга даъват қилганларида Абу Лаҳаб, агар акамнинг ўғли айтаётган нарса ҳақ бўлса, мен ўзимни молу-дунём ва болаларимни фидо қилиб азобдан қутқариб оламан, деган экан.
Имом Олусуйнинг ёзишларича, Абу Лаҳабнинг учта ўғли бўлиб, Утба, Меътаб ва Утайба, деб номланар эдилар. Уларнинг биринчи иккиси, Фатҳ куни мусулмон бўлдилар ва Ҳунайн, Тоиф ғазотларида қатнашдилар. Утайба эса, мусулмон бўлмади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Гулсумга уйланган эди. Утба эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа қизлари Руқияга уйланган эди. Ушбу сура нозил бўлганидан кейин Абу Лаҳаб икки ўғлига: «Агар Муҳаммаднинг икки қизини талоқ қилмасангиз менинг бошим икковингизнинг бошингиз билан бир жойда туриши ҳаромдир»,–деди. Бас, улар хотинларини талоқ қилдилар.
Сўнг Утайба отаси билан Шомга сафар қиладиган бўлиб қолди ва албатта бориб Муҳаммадга озор бераман, деди. У бориб: «Эй Муҳаммад! Мен тушган юлдузга кофирман, яқинлашиб зоҳир бўлганга ҳам кофирман, деб туриб туфурди ва у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Гулсумни талоқ қилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аччиқлари келди ва: «Эй бор Худоё! Унга Ўз итларингдан бир итни масаллат қилгин!, деб дуо қилдилар. Утайбани шер еб кетди. Абу Лаҳаб бўлса, Бадр урушидан етти кеча ўтгандан сўнг ал-Адаса номли юқумли вабо касалидан ўлди. Унинг ўлиги олдига биров бормай, уч кун ётиб, сасиб кетди. Унинг қариндошлари ор-номус қилиб, бир чуқур қазишди ва жасадни таёқлари билан суриб чуқурга туширишиб, устидан тош отиб кўмишди. Шундоқ қилиб Абу Лаҳаб ҳақида Қуръони Карим берган хабарнинг бу дунёдаги қисми юзага чиқди. Охиратдагиси эса қуйидагича бўлади:

3. У тезда чўғи қизиб турган ўтга кирадир.
Бу қизиб турган ўт жаҳаннам ўтидир.
Уламоларимиз «Масад» сурасида, хусусан унинг ушбу оятида улкан мўъжиза борлигини таъкидлайдилар. Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўпгина душманлари у зотга узоқ муддат адоват қилганларидан сўнг, ҳузурларига келиб ўз Исломларини эълон қилганлар. Улар жумласида, Умар ибн Ҳаттоб, Холид ибн Валид ва Амр ибн Осс розийалоҳу анҳулар каби улуғ саҳобийлар ҳам кўп эдилар. Энг ажабланарлиси, Қуръони Карим ўша душманлардан бир кишини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин қариндош бўлган кишини, амакилари ва қудалари бўлмиш Абу Лаҳабни танлаб олиб, унинг куфрда абадий қолиши, кофир ҳолида ўлиб, дўзахга тушиши хабарини берди.
Бундоқ қатъий ҳукмни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина қилиши мумкин. Чунки, Абу Лаҳаб хоҳлаган лаҳзада калимаи шаҳодатни айтиб иймонга келиши мумкин эди. Ҳеч бўлмаса, душманлик учун, қасддан иймон келтириб, одамлар ичида Қуръонни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончи деган гап тарқатиши ҳам мумкин эди. Лекин, Аллоҳ ҳар бир нарсани, келажакда бўладиган ишларни ҳам ипидан-игнасигача яхши биладиган Зот. Шунинг учун ҳамма нарсани олдиндан очиқ-ойдин айтиб қўйди ва иш ўшандоқ бўлди. Абу Лаҳаб кофир ҳолида ҳалок бўлди, энди қиёматда дўзахга киради.

4. Ва унинг ўтин кўтарган хотини ҳам.
Абу Лаҳабнинг хотини, Умми Жамилнинг, «Ҳамма латал ҳатоб»–ўтин кўтарувчи деб сифатланишига уламолар бир неча хил фикрлар айтадилар.
1) Эри куяётган жаҳаннамга ўтин кўтариб киради ва иккови яна ҳам қаттиқроқ куядилар.
2) Умми Жамил чақимчилиги, динга қарши фитнаси билан машҳур эди. «Ўтин кўтарувчи» дегани фитнани аланга олдириш учун чақимчилик қилиб гап ташиб юришига ишора.
3) Бу аёл тиконли ўтинларни кўтариб келиб Муҳаммад алайҳиссаломга озор бериш мақсадида йўлларига сочар эди, ўша қилиғига ишора.

5. Унинг бўйнида эшилган арқон.
Абу Лаҳабнинг хотини бўйнида дўзахда бўладиган арқон маъносида кўп гаплар айтилган. Жумладан, ўша арқон хурмонинг пўстлоғи ичидаги майин толалардан яхшилаб эшилган ёки жундан, теридан, темирдан, оловдан бўлади, дейилган. Нима бўлганда ҳам, ўша арқон уни азоблаш, хўрлаш учун ишлатилади.
Яъни, бу дунёда ёмонлик йўлида ўтин кўтарган арқони ўрнига қиёматда бўйнига эшилган арқон ўраб судралади.
Абу Лаҳабнинг хотини ал-Аврооу бинти Ҳарб деб номланиб куняси Умми Жамил эди. У Абу Суфён ибн Ҳарбнинг синглисидир. Умми Жамил ҳам эри каби Пайғамбаримиз алайҳиссаломга адовати кучли эди. У зотга қарши турли туман душманлик ишларини қилар эди.
Аллоҳнинг ваъдаси амалга ошди. Абу Лаҳаб хор бўлди. Кишиларни Исломдан қайтариш учун қилган ҳаракатлари бекор кетди.
У асрлар оша Қуръон орқали лаънатланмоқда. Абу Лаҳабнинг йўлига юрганлар ҳам шу оқибатга эришадилар.

Орқага Олдинга