loader

086. Ториқ сураси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

[1]. Осмонлар ва Зуҳал (юлдузи) билан қасамёд этаман.

[2]. (Эй Муҳаммад!) Сиз Зуҳал нима эканини қаердан ҳам билар эдингиз?!

[3]. (У нури) ўткир юлдуздир.
«Осмонлар ва Зуҳал (юлдузи) билан қасамёд этаман». Аллоҳ таоло осмонни халойиқларнинг ризқлари учун манба, Ўзининг қадрли махлуқотлари - фаришталар учун маскан қилиб қўйиш орқали бандаларнинг кўзларига унинг қадр-қийматини юксалтириб қўйди. Жаннатни ҳам осмонда яратиб қўйди ва уни кўриниб турганидек, устунсиз қилиб яратди. Аллоҳ таоло осмоннинг шаънини буюк қилиб қўйганлиги сабабидан у билан қасам ичди. Озиқ-овқатларнинг манфаатларини унинг зийнати бўлмиш Қуёш ва Ойга боғлиқ қилиб қўйди. Шунингдек, У [ан-нажмус-саақиб], яъни нур сочиб турувчи ёки (осмондан гап ўғирлаб фолбинларга етказиб турадиган) шайтонга санчиладиган ёхуд уни куйдириб юборадиган юлдуз билан қасам ичди. Шунингдек, унда кўплаб баракалар борлиги учун ҳам (у билан қасам ичди). Жумладан, унинг баракотларидан бири - қуруқлик ва денгизда унга қараб йўл изланадиган (йўлчи юлдуз) қилиб қўйилгани, улар орқали дунё тадбирининг ажойиботларидан воқиф бўлинганидир. Иш шу даражага бориб етганки, айрим инсонлар Етти юлдузни дунёни тадбир қилиб турувчилардир, деган гумонга ҳам бориб қолганлар.
Шунингдек, бу юлдузда шайтонларнинг осмонга кўтарилишларига тўсқинлик қиладиган жиҳати бор. Бундан мақсад, улар сабабли ваҳийни унга ёлғон аралаштириб юборилишидан соф ҳолда ушлаб қолишдир.(Бу ўринда муаллиф «ваҳий» деганда Аллоҳ таолодан пайғамбарларга жўнатиладиган ваҳийни назарда тутмаган. Чунки у ваҳий Жаброил алайҳиссалом орқали пайғамбарларга нозил қилинган. Жаброил алайҳиссалом эса Аллоҳ таоло айтганидек: «(Жаброил) қувватли, Аршнинг соҳиби (Аллоҳ) наздида мартабали. У жойда (фаришталар томонидан) итоат этилувчи ва ишончли зотдир». (Таквир сураси, 20-21-оятлар). Ундан шайтонлар ваҳийни ўгирлай олиши мутлақо мумкин эмасдир. Имом Мотуридий бу ўринда фаришталар бир-бирларига ўқиб эшиттирадиган «Лавҳул маҳфуз»даги сўзларни назарда тутган бўлиши мумкин. Яна Аллоҳ билувчирокдир!) Чунки улар осмонга кўтарилишдан тўсиб турилмаганларида эди, ундаги хабарлардан воқиф бўлгач, дарҳол уларни олиб коҳинларнинг олдига кўтариб келган бўлар ва бу иш (ваҳий билан бошқасининг ўртаси) чалкашиб кетишига олиб келган бўлар эди. Бу юлдузнинг шаъни буюклигининг сабабларидан яна бири шуки, у бир кеча-кундузда минг ойлик масофани босиб ўтади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло у билан қасам ичди.
Аллоҳ таолонинг бу иши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга [ан-нажмус-саақиб] билан қасам ичишни таълим бериш учун бўлиши ва у Аллоҳ таоло ичган қасам бўлмаслиги ҳам мумкин. Чунки кофирлар Аллоҳ таолонинг Рабб ва Илоҳ эканига, У юборган хабарларнинг ростлигига шубҳа қилмасдиларки, ичилаётган қасам сабабли улардаги шак-шубҳалар кўтарилса. Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканликларига шубҳа қилар эдилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло у зотга ўзлари олиб келган дин ва Қуръонни тасдиқлаш учун юқорида зикр қилинган нарса билан қасам ичишни таълим берди. Шоядки, бу қасам уларни Пайғамбар алайҳиссалом олиб келган нарсалар (дин ва Қуръон) борасида тафаккур қилиб кўришга мажбур қилса.
Бу қасам ана шу нарсаларнинг айнан ўзи билан ичилаётган бўлиши ҳам мумкиндир. Чунки улар кофирларнинг наздида улуғланган ва буюк нарсалар бўлган. Мусулмонлар ўзаро улар билан қасам ичишларига рухсат йўқдир. Ёки бу нарсалар билан ичилган қасам айнан уларнинг Яратувчиси билан ичилган қасам бўлади. Яъни гўёки Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни зимдан ана шу нарсаларнинг Холиқи билан қасам ичишга амр қилаётгандек. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!
Ушбу оятда келган [ат-ториқ]нинг таъвилида муфассирлар турли хил фикрларни айтганлар. Жумладан, уларнинг айримлари: «У, оқшом ўзи билан олиб келадиган нарсадир. Агар сиз тунда бировнинг олдига борсангиз: [то-роқтуҳу бил лайли](Яъни мен унинг олдига оқшом келдим.) дейилади», деганлар.
Зажжожнинг айтишича, [ат-ториқ] - тинч, (сокин, ҳаракатсиз) нарсадир. Агар киши (ўз гапида) тўхтаб сокин бўлиб қолса: [атроқо фил калаами малийян](Яъни узоқ вақт гапида тўхтаб, жим бўлиб қолди.) дейилади.(Зажжож, «Маъонил Қуръон ва эъробуҳу», 5-жилд, 311-бет.)
Баъзи муфассирлар: [ат-ториқ] - тунда пайдо бўлиб, кундузи пана бўладиган юлдуз, яъни [ан-нажмус-саақиб]дир.(Яъни нури ўткир юлдуз.) Аллоҳ таоло уни [ат-ториқ]ни изоҳлаш учун зикр қилган»,(Бу гапни Қатода раҳматуллоҳи алайҳ айтган бўлиб, уни Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 897-бет. Яна Қатодадан Абдураззоқ, Абд ибн Ҳумайд, ва Ибн Мунзир ундан ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 12-жилд, 533-бет.) - деганлар.
[4]. Ҳар бир жон (эгаси - инсон) устида (уни сақловчи ва амалларини) ёд олувчи (фаришта) бордир.
Ушбу оятда келган [ин] (шарт юкламаси) борасида турлича фикрлар билдирилган. Баъзи муфассирлар шундай деганлар: «Бу ўринда зикр қилинаётган [ин]дан [маа] (эмас) маъноси ирода қилинган. Ундан кейин зикр қилинган [ламма] гапдаги боғловчидир. Бинобарин, оятнинг маъноси: «Барча жон эгасининг устида ҳам (уни сақловчи ва амалларини) ёд олувчи (фаришта) йўқдир. Ёд олувчи (фаришта) фақат айрим жон эгалари устида бордир», бўлади».(Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 12-жилд, 533-бет.)
Иккинчидан, ёд олувчи (фаришта) жон эгасининг айрим амалларни ёд олиб боради, ҳаммасини эмас. Фаришта ёд олиб борган ўша айрим амаллар жон эгаси ошкора қилган амаллардир. Аммо махфий қилган амалларига унинг елкасидаги икки ёзувчи фаришталар шоҳид бўлмайдилар».
Муфассирлар орасида мазкур [ламма] ҳарфини истисноликка буриб: «Оят: «Ҳеч бир жон йўқки, унинг устида (қилган амалларини) ёд олувчи фаришта бўлмаса», маъносидадир», деганлари ҳам бордир.
Зажжож шундай деган: [ламма] ҳарфи истисно ўрнида
ишлатилган. Луғатда: «ақсамту ъалайка ламма фаъалта казаа» яъни иллаа фаъалта казаа»,(Яъни фалон ишни қил, деб сенга қасам ичаман.)    деган гап бор».(Зажжож. «Маъонил Қуръон ва эъробуҳу», 5-жилд, 311-бет.) Шундай экан, [ламма]нинг маъноси уламолар юқорида зикр қилиб ўтганларидек бўлса, у ҳолда унда сергак тортиш ва ақл кўзини очишга мажбурлаш бордир. Нафснинг шундай табиати бор: агар унинг тепасида уни кузатиб, қилган амалларини ёд олиб борадиган киши турса, ўзини кузатиб турган кишидан ҳаё қилади ва қўрқиб туради. Сергак тортиб, тепасида туриб, қилган амалларини ёд олиб борувчи кишилар тарафидан жавобгарликка тортилмайдиган ишларгагина қўл уради. Шунинг учун банда ўзининг ҳар бир гапи ва амалида диққат-эътиборли бўлсин, дунё ва охирати учун манфаати бор бўлган ишлардан бошқасига қўл урмасин, деган мақсад билан унинг устига икки фаришта масъул қилиб қўйилди. Аллоҳ таоло ана шу икки фариштани    [кироман котибийн](«Улар ҳурматли, ёзиб турувчилардир». (Инфитор сураси, 11-оят).)
деб атади. Улуғ инсонлар билан бирга юрган киши ундан андиша қилади, унга ўхшаш инсонлардан ҳаё қилинадиган ишларга қўл уришдан ўзини сақлайди. Бирор инсонга мактуб ёзмоқчи бўлган киши ўзига айб саналадиган ва қораланадиган гапларни унда ёзмайди. Аксинча, ишни пухта қилиб бажаради, имкони етганича уни ниҳоятда тўғри қилади. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг жон эгалари устида (уларнинг амалларини) ёд олиб борувчилар мавжудлигини зикр қилишида биз юқорида санаб ўтган жиҳатлардан сергак тортиш ва қалб кўзини очишга мажбур қилиш бордир.
Энди биз сўз юритаётган оятда зикр қилинган [ҳофиз] калимасига тўхталадиган бўлсак, баъзи муфассирлар: «У жон эгаси ўзининг ризқини тўла-тўкис олмагунига қадар уни қўриқлаб турадиган фариштадир», деганлар. Агар [ҳофиз] калимаси ана шу маънода бўлса, демак, бу қўриқлаш унинг фойдасига бўлади, зарарига эмас.
[ҳофиз] - жон эгасининг яхши-ёмон амалларини ёдлаб борадиган фариштадир», деган муфассирлар ҳам бор.

[5]. Бас, инсон ўзининг нимадан яралганига бир боқсин.

[6]. (У) отилиб чиқувчи бир «сув»дан яралган.
Аслида, инсоннинг ўзи ундан яратилган нарсага диққат-эътибор билан назар солиши қайта тирилишни инкор қилувчиларни ҳам, пайғамбарликни инкор қилувчиларни ҳам уларни ҳақ деб эътиқод қилишга етаклайдиган омиллардандир. Негаки, инсон ундан яратилган нутфа бир ликопчага солинган ҳолда кўрилса, сўнгра бирор киши ундан алақ(Алақа - ҳомиланинг лахта қон шаклидан бир парча чайналган гўшт ҳолати.) ва музға(Музға - ҳомила 35 кунлик бўлганда музға ҳолатига ўтади. Музға - тишланган, чайналган гўштдек бир кўриниш.) вужудга келиши ҳамда ундан инсон яратилишига асқотадиган сабабни чиқариб олишни мақсад қиладиган бўлса, уни англаб етмаган бўлар эди. Агар инсонлар ва жинлар йиғилиб, ўша нутфадан инсоннинг аъзоларидан бирортасини яратишга киришсалар ҳам, уни яратишнинг уддасидан чиқмаган бўлар эдилар. Ёки ундан қулоқ ва кўз пайдо бўлишига ярайдиган сабабни билишга ҳаракат қилсалар ҳам, ундан бохабар бўлолмас эдилар. Бундан аён бўладики, қудрати шу даражага қадар етган Зотга ҳеч нарса махфий эмас, ҳеч нарса Уни ожиз қолдира олмайди. Шунингдек, бандаларга Унинг ҳикмати ҳам аён бўлади. Агар улар Аллоҳ таолонинг ҳикматини билсалар, бу нарса уларни қайта тирилиш борлигига ишонишга олиб келади. Чунки қайта тирилиш мавжуд бўлмаганида эди халойиқлар бекордан-бекорга яратилган бўлиб чиқар, Аллоҳ таоло ҳам Ҳаким зот бўлмай қолган бўлар эди. Шундай экан, инсонлар пайғамбарлар уларга хабарини етказган барча нарсаларни тасдиқлашлари лозимдир.
Бу оят замирида Аллоҳ таоло нарсаларни йўкдан бор қилганига далолат бордир. Чунки бутун бошли инсон нутфадан (она қорнидаги) ҳомилага айланиб қолиши мумкин эмас. Бундан аён бўладики, битта нарсада сон-саноқсиз ўшандай нарсалар «Мудаббир» (тадбир қилувчи) ва «Алим» (донишманд) зотнинг тадбири билангина жойлаша олади. Бу иш нутфанинг ҳам иши эмас. Чунки у ўлик нарса, ўз-ўзидан тирик ҳомилага айланиб қололмайди. Демак, биз санаб ўтган ишларда оламни яра-тилган деб эътиқод қилиш лозимлигига далолат бордир. Чунки нутфа ўз табиати билан алақа ва музғага, ундан сўнг тўкис бир яратилмишга айланиб қоладиган бўлса, барча-барча нутфалар биз айтиб ўтган ҳолатга ўтиб қолиши керак бўлар эди. Оловга қаранг, унинг табиати куйдириш, қорники эса совутиш бўлгани боис улардан ҳеч бири ўзи яратилган табиатидан бошқасининг табиатига ўта олмайди. Қолаверса, биз юқорида санаб ўтган маънолар топилмайдиган нутфалар ҳам йўқ эмаслигини алла-қачон билиб бўлганмиз.( Яъни ҳамма вақт ҳам нутфадан ҳомила пайдо бўлавермайди. Йўқса, бефар-занд юрган инсонлар орамизда бўлмас эди. Яна Аллоҳ билувчироқдир!) Шундай экан, нутфа биз айтиб ўтган ҳолатларга (яъни алақа, музға ва тўкис бир жон ҳолатига) ўз табиатидан келиб чиқиб эмас, балки «Ҳаким» ва «Мудаббир» зотнинг тадбири билангина ўтганлиги ўз тасдиғини топди.
Сўнгра инсон унинг ичида яратилган нарсадаги мўъжиза у ундан яратилган нарса (нутфа)даги мўъжизадан кам эмас. Негаки, инсон Аллоҳ таоло ирода қилгани каби зулматлар ичида яратилган ва У инсонга Узи истагани каби суврат берган. Агар бирор инсон ана ўша зулматларни билишни ёки кўриб турганимиздаги сувратга ўхшатиб суврат беришни истаса, бунинг уддасидан чиқмаган бўлар эди. Ўша макон айнан бола унинг ичида ўсиб-унадиган ва озуқаланадиган жой ичида яратиб қўйилди. Агар инсонлар ва жинларнинг донишмандлари ўша маконнинг боланинг ўсиб-униши ва озуқаланиши учун яроқли бўлишига сабаб бўладиган жиҳатни билишни истасалар ва уларга илм-фаннинг барча турлари берилган бўлса ҳам, уни билмаган бўлар эдилар. Шундай экан, ким биз юқорида зикр қилиб ўтган нарсалар ҳақида тафаккур қилиб кўрса, Аллоҳ таолонинг қудрати зотий бўлиб,
Унга фонийлик ҳам, ожизлик ҳам етмаслигини билиб олади. Яна шуни ҳам билиб оладики, Унинг илми ҳам зотий бўлиб, касбий1 эмасдирки, айрим нарсалар Унинг илмидан махфий қолади, деган ўй-хаёлга борилса.
Ушбу оятда зикр қилинган «отилиб чиқувчи бир сувдан» мурод эр киши бачадонга шиддат билан тўкадиган нутфадир. [даафиқ] нинг маъноси «шиддат билан тўкилган»дир. Бунга» [лайлун нааъимун], яъни унда уйқуга кетиладиган кеча ва» [ҳаммун наасибун], яъни уни деб машаққат чекиладиган мақсад сўзлари мисолдир.
Зажжож: [мааъин даафиқин] ибораси - «тўкиладиган, қуйиладиган», деган маънодадир», - дейди.(Зажжож. «Маъонил Қуръон ва эъробуҳу», 5-жилд, 311-бет.)

[7]. (У «сув» эса) отанинг пушти камари ва онанинг кўкрак суягидан чиқур.
Бу оятнинг таъвили борасида турли хил фикрлар айтилган. Жумладан, улар орасида: «(У сув) эркакнинг пушти камари ораси ва аёлнинг кўкрак суяги орасидан (чиқур). Бу суяклар саккиз қовурға бўлиб, тўрттаси аёлнинг ўнг тарафида, яна тўрттаси чап тарафида жойлашган»,(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтган бўлиб, «Ад-дур ал-мансур» нинг 6-жилд, 560-бетида келганидек, ундан Абд ибн Ҳумайд, Ибн Мунзир ривоят қилган. Икрима ва Ибн Абзай ҳам шу гапни айтган.) деганлари бор.
Айрим муфассирлар: (ат-тароиб) - бу (аёлнинг) бош, қўл ва оёқларидир», - деганлар.(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур». 6-жилд. 560-бет.)
Баъзилар: (ат-тароиб) - аёлнинг мунчоқ тақадиган (бўйин, билак ва оёқ каби) жойларидир», - деганлар.
Яна айримлар: (ат-тароиб) - ўмров суягининг пасти ва кўкрак суягининг тепасидир», - деганлар.(Бу гапни Мужоҳид розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 919-бет.)
Сўнгра бу оят айнан эркаклар ҳақида айтилган, бинобарин, [яхружу мин байнис сулби ват тароиб] иборасидан эркакнинг пушти камари ҳамда кўкрак суяклари назарда тутилган, деб таъвил қилиб, бола ундан пайдо бўладиган сувнинг манбаси айнан пуштикамар эмас, балки унинг барча тарафларидан (чиқиб) тўпланади, деб ҳисоб қилган одамлар ҳам бор. Бу оятга (юқоридагилардан) бошқа маъноларни берганлар бу иш эркак ва аёлнинг ҳар иккисига тааллуқлидир, яъни бола яратиладиган сув ҳам эркакдан, ҳам аёлдан чиқади, деганлар.
Абу Бакр Асамнинг айтишича: [ас-сулб] эркакдан, [ат-тароиб] эса, аёлдан киноядир. (Бу фикрдан келиб чиқадики), бу нарса эркак ва аёлга, икковларидан пайдо бўла-диган нарсанинг аслидан олиб қўйилган номдир. Ахир сиз Аллоҳ таолонинг [ва ҳалааилу
абнааикумуллазина мин аслаабикум](«... ва яна, ўз пушти камарларингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари(ни никоҳингизга олиш сизларга ҳаром қилинди)». (Нисо сураси, 23-оят).) оятини ўқиб, унда ўғилларни пуштикамарларга нисбат берганини кўрмаганмисиз?
Сувни (манийни) пуштикамар ва кўкрак суяклари орасидан чиқариши замирида Аллоҳ таолонинг марҳамати бордир. Чунки халойиқлар ўзларидаги имкониятлар, қувватларини ишга солган ҳолда уни юқорида зикр қилинган нарсалар орасидан чиқариб олиб, уни бачадон ичига жойлаштиришга каттиқ ҳаракат қилсалар, унинг уддасидан чиқмаган бўлар эдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло Ўзининг марҳамати билан халойиқларда ана шу шаҳватни жо қилиб қўйди ва у сабабли пуштикамар билан кўкрак суяклари орасидан ўша сувни (манийни) чиқариб қўйди. Ҳеч ким ўша шаҳватни барча воситалар ва чораларни ишга солиб ҳам улардан кўтариб юбора олмайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло ўзининг марҳамати билан (инсонлардаги) истеъмол қилишда фаолият кўрсатадиган аъзоларнинг ҳар бирида емоқ ва ичмоққа бўлган шаҳватни ҳам жойлаб қўйди. Бу иш фақат-гина еб-ичиш билан пайдо бўлиб қолмайди. Худди шу сингари инсон ҳам бирор дарахтга сув берса, унинг самараси ўша дарахтнинг шохлари, япроқлари ва меваларида намоён бўлганини кўради. Агар бирор киши қайси сабаб туфайли ўша сув биз айтиб ўтган ўринда пайдо бўлишга ярашини билишни, таомда яратиб қўйилган сабаб, биз айтиб ўтган қувватни чиқариб олишни истаса, уни англаб етмаган бўлар эди. Демак, биз юқорида айтиб ўтган ишларда санавийлар(Санавийлар: биринчисининг аломати нур, иккинчисиники эса зулмат бўлган иккита илоҳ - яхшилик илоҳи ва ёмонлик илоҳи бор, деб эътиқод қиладиган дин вакиллари. Монавийлар ҳам деб аталади. «Муъжамул васит».  1. Фасл. Дуализм; 2. Монавийлик (Сурайк Патик асос солган дуалистик дин). «Ал-қомус», 336-бет.)га қарши ҳужжат бор. Чунки улар нарсаларнинг йўкдан бор қилинганини инкор қиладилар. Улар: «Мавжуд нарсанинг йўқ нарсадан яратилганига биз гувоҳ бўлганимиз йўқ. Кўзимиз билан кўриб турган нарса биз кўрмай турган нарсага далилдир. Шундай экан, бу ҳолат бизга кўринмайдиган нарсаларда ҳам бўлиши лозим», деган даъво билан чиқдилар. Бачадон ичидаги ўша зулматлар ва тор жой-ларда болага суврат беришга, сув ва таомда халойиқлар уни англаб етишга ожизлик қиладиган сабабларни яратиб қўйишга қодир бўлган Зот уларни йўкдан бор қилишга, албатта, қодирдир. Чунки биз айтиб ўтган ишлардаги мўъжизавийлик тарафи - бор нарсани йўқ нарсадан пайдо қилишдаги мўъжизавийликдан кам эмасдир.

[8]. Албатта, У (Аллоҳ йўкдан яратгач) уни қайта тирилти-ришга (ҳам) қодирдир.
Бу оятга айрим муфассирлар: «Албатта, У (инсонни йўқдан бор қилгач) уни ўз отасининг пуштикамарига яна қайтадан жой-лаб қўйишга (ҳам) қодирдир», - деб тафсир қилганлар.(Бу гапни Икрима розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 928-929-бетлар. Яна Икримадан Абд ибн Ҳумайд, Ибн Мунзир ҳам ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 561-бет. Бу борада Ибн Абзайнинг ҳам фикри шу сингаридир.)
Баъзи муфассирлар: «Албатта, У (Аллоҳ) инсонни қайта тирилтиришга қодирдир», - деб тафсир қилганлар(Бу гапни Қатода розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 937-бет. Яна ундан Абурраззоқ, Абд ибн Ҳумайд, Ибн Мунзир ҳам ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 561-бет.) ва бу мазкур икки таъвил ичидан ҳақиқатга энг яқинроғидир. Чунки бу оят кофирларга қарши ҳужжат ўрнида келган. (Манбаларда мушриклардан) ҳеч бирининг (Аллоҳ таоло инсонни отасининг) пуштикамарига яна қайтариб қўя олмайди, деб баҳслашгани ва уни инкор қилгани зикр қилинмаганки, бу оят билан ўша баҳслашиш даф қилинса. Улар қайта тирилишни инкор қиладиган инсонлар бўлган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларга илк яратишни ҳужжат қилиб келтирди. Шунингдек, Қуръони Каримда қайта тирилишни исботлашда ҳужжат сифатида зикр қилинган оятларнинг кўпчилигида ҳам уларга фақатгина дастлабки яратиш ҳужжат қилиб келтирилган. Агар бу оятни «(инсонни ўз отасининг) пуштикамарига қайтариш» маъносини бериб таъвил қиладиган бўлса, у ҳолда ана шу қайтаришни инсон қарилик ҳолатидан йигитлик ҳолатига, сўнгра кексалик ҳолатидан кичиклик ҳолатига, сўнгра болалик ҳолатига, сўнг музға, сўнг алақа, сўнг нутфа ҳолатига, ундан сўнг эса ўша нутфа ўз отасининг пуштикамарига қайтарилади, деб тушунилади. Бу оятда Аллоҳ таоло инсонни отасининг пуштикамари қанчалик тор бўлишига қарамай, ҳозиргидек катта бир шахс кўринишида унга қайтариб жойлашга қодир экан, деб тушунилмайди. Чунки бу иш амри маҳолдир. Аллоҳ таоло эса бу каби ишларга қодирлик билан сифатланмайди. Уни иложсиз ишга қодирлик билан сифатлаб бўлмайди, дегани ана шу қудрат азалдан Унда мавжудлигини инкор қилиш дегани эмасдир.
«Аллоҳ таоло дунёни битта тухум ичига жойлаб қўйишга қодирми?» деб савол берган кишига бериладиган жавоб ҳам ана шудир. Яъни унга: «Агар бу гапингиз билан дунёни аввал кичрайтириб ва торайтириб, тухумдан кўра майдароқ кўринишга келтирилиб ёки тухумни дунё унинг ичига сиғадиган даражада катта қилиниб, сўнгра уни ўша тухумнинг ичига жойлаштирилишини назарда тутаётган бўлсангиз, Аллоҳ таоло ана шу ишга қодир Зотдир. Агар дунё ҳам, тухум ҳам ҳозирги ўз ҳолатида қолганча, уни тухумнинг ичига жойлаштиришни назарда тутаётган бўлсангиз, бу ишнинг бўлиши имконсиздир. Чунки бу ҳолатда нарсанинг жузлари унинг яхлит қисмига, яхлит қисмлари эса жузларга айланиб кетиши бордир», дейилади.
Худди шу сингари Аллоҳ таоло тирик инсонни биз юқорида айтиб ўтган жиҳатлар орқали отанинг пуштикамарига қайтаришга қодирдир, деб сифатланади. Уни ҳозирги ҳолатида отанинг пуштикамарига қайтаради, деб сифатланмайди. Чунки бу ишда амри маҳоллик бордир.
Шунингдек, бизга: «Жаннатдаги инсонларнинг ҳаракатлари ва жим туришларининг сон-саноғи борми?» - деган савол берилганида: «Иўқ», - деб жавоб берамиз. Агар: «Аллоҳ таоло уларнинг сон-саноғини билишга қодирми?» - десалар, биз: «Уларни (аввалдан) умумий ҳолда билади, (ҳаракатланиб бўлганларидан сўнг) алоҳида тарзда эмас», деб жавоб берамиз. Бизнинг: «Аллоҳ таоло уларни алоҳида ҳолатида билмайди», деган сўзимизда Уни билмаслик билан сифатлаш ва Унда илм сифати йўқ дейиш маъноси йўкдир. Аксинча, билмаслик сифати ажралмайдиган нарсаларни улар ажралганидан кейин билиш билан сифатланган такдирда вужудга келади. Худди шу сингари Аллоҳ таолони амри маҳол ишга қодирлик билан сифатланмайди, деган гапда Уни ожизга чиқариш йўкдир. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!

[9]. Сирлар фош қилинадиган (қиёмат) куни.
Яъни яширин сирлар ошкор қилинадиган куни. Бу ошкор қилиш банданинг елкасидаги фаришталар кўрмаган амаллардир. Агар кўрган бўлганларида уларни ёзиб борган бўлар эдилар. Аллоҳ таоло ўша сирларни Ўзи истаган шаклда бандасига эслатади ва у уларга иқрор бўлади ёки «(У кун) уларнинг қилиб ўтган иш (бўутон)лари билан тиллари, кўл ва оёҳлари уларга гувоҳлик берадиган кундир»(Нур сураси, 24-оят) оятида келганидек, банданинг аъзолари ўша сирларни сўзлаб беради.
Ёки сирларнинг фош қилиниши банда ўзининг гуноҳ амалларини ошкора ўқиши билан бўлади. Зеро, дунёда ўша гуноҳларни одамлардан сир тутиб юрган бўлса-да, у (ўқиб берганидан сўнг) уларга ошкор бўлади.
Сўнгра бу иш имтиҳон деб аталди. Чунки имтиҳон - бу синовдир. Имтиҳон фақат савол бериш ёки амр қилиш ва тақиқлаш билан амалга ошади. Шунинг учун ҳам бандадан охиратда улар ҳақида сўраладиган нарсалар имтиҳон деб аталди.

[10]. унга (Аллоҳнинг азобидан қутқарувчи) бирор куч ҳам, бирор ёрдамчи ҳам бўлмас.
Бу оят икки талқин (важҳ)ни қабул қилади. Биринчиси, ўша сирларни ўзида яшириб қолиш учун унда ҳеч қандай куч-қувват бўлмас. Яширган такдирида ҳам ўзидан азобни нари қилиш учун унда ҳеч қандай куч бўлмас.
Иккинчиси, у билан ўзига етадиган азобдан ҳимояланадиган бирор бир қуввати ҳам, уни ўша азобдан ҳимоя қиладиган бирор ёрдамчиси ҳам бўлмас.
«Унга (Аллоҳнинг азобидан қутқарувчи) бирор куч ҳам, бирор ёрдамчи ҳам бўлмас», - дейилаётганининг сабаби шуки, кофирлар дунёда ўзларининг куч-қудратлари ва ёрдамчиларининг кўплиги билан фахрланиб яшар, агар азобга тутиладиган бўлсалар ҳам ўша ёрдамчилари уни даф қиладилар, деган ўй-хаёлда эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг куч-қудратлари ҳам, ёрдамчиларининг кўплиги ҳам охиратда уларга фойда бермаслиги, улардан Унинг азобини даф қила олмасликларининг хабарини бермоқда. Аллоҳ таоло: «Аллоҳ (ибодати)ни куйиб, ёрдам олиш умидида «илоҳ»ларни тутдилар»,(Ёсин сураси, 74-оят.) - деб айтганидек, улар бизни Аллоҳга яқин қиладилар, дўзах азобидан бизни ҳимоя қиладилар, деган нуқтаи назар билан санамларга ибодат қилар эдилар. Бу билан ўша санамлар кофирлардан Аллоҳ таолонинг азобидан бир озини бўлса ҳам даф қила олмасликлари аён бўлади.

[11]. Қасамёд этаман ёмғирли осмон билан.
Абу Убайда:    [ар-рожъу] - сувдир. Оятнинг маъноси:
«Ёмғирли осмон билан қасам», - деганидир»,(«Мажозул Қуръон», 2-жилд, 294-бет.) - дейди.
Ундан бошқалар: [зотир-рожъи] - ҳар йили ундан олдинги йилда бўлганидек, ёмғир билан қайтадиган (осмон билан қасам), маъносида бўлиб, (ар-ражъи) - қайтишни англатади», - деганлар.
[зотир-рожъи] - халойиқлар ундан ўз насибаларини тўла-тўкис олишлари учун уларнинг устидан такрор-такрор ўз баракасини ёғдирадиган (осмон билан қасам) маъносида бўлиш эҳтимоли ҳам бор.

[12]. ва (у сабабли донлар ва ўт-ўланлар учун) ёриб чиқиш эгаси (онаси) бўлмиш Ер биланки,
Бир таъвилда шундай дейилган: [заатис содъи] ўт-ўланлар учун ёриб чиқиш эгаси», - деган маънодадир».(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир («Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 953-954-оятлар), Абдураззоқ, Фарёбий, Абд ибн Ҳумайд, Бухорий (ўзининг «Тарих»ида), Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим, Ҳоким (саҳиҳ деган), Ибн Мардавайҳ ривоят қилгани «Ад-дур ал-мансур»нинг 6-жилди, 561-бетида келган. шунингдек, Ҳасан, Қатода, Заҳҳок ва бошқалар ҳам шу гапни айтганлар.)
Ёки: [заатис содъи] - водийлар ва дарёлар эгаси(бўлган Ер) бўлиб, унда одамлар ўз ерлари ва ҳайвонларини суғоришда фойдаланишлари учун сув йиғилиб қолади. Бас, Аллоҳ таоло Осмон ва Ернинг шаънини юксалтирган ҳолда улар билан қасам ичиб: «Шубҳасиз, у (яъни Қуръон ҳақ билан ботилни) ажрим этувчи сўздир, ҳазил (беҳуда сўз) эмасдир»(Шу суранинг 13-14-оятлари.), деди.
Аллоҳ таолонинг ўт-ўланларни ердан чиқариб қўйишида ажойиб ҳикмат ва гўзал тадбир бордир. У ҳам бўлса шуки, ўт-ўланлар салгина тегиниладиган бўлса, энгашиб қоладиган юмшоқ нарсадир. Сўнгра Аллоҳ таоло Ўзининг лутфи билан унга қаттиқ ва қуруқ Ерни ёриб қўйиб, (ўша ўсимликни) ундан букилмаган ва синмаган ҳолда чиқариб қўйди. Токи одамлар унинг тадбир қилувчиси Ҳаким зот эканини билсинлар ва пировардида Уни ягона деб эътиқод қилишни ўзларига лозим тутсинлар. Шунингдек, Ердаги манфаатларни осмондаги манфаатлар билан туташ қилиб қўйди. Чунки осмондан тушадиган ёмғир Ерга тегсагина, у ўт-ўланлар учун ёрилади. Демак, бу ишда ҳам Ер ва Осмоннинг тадбирини юритувчи Зотнинг ягона экани, агар У ягона бўлмаганида бирининг манфаати иккинчисига етмаган бўлишининг хабари бордир.

[13]. шубҳасиз, у (Қуръон ҳақ билан ботилни) ажрим этувчи Сўздир.

[14]. У ҳазил (беҳуда сўз) эмасдир.
Ушбу оятда келган [фасл] калимаси [баййин](Яъни аниқ, равшан, очиқ-ойдин.) маъносида бўлиб, (оятнинг маъноси) «Аллоҳ таоло унда ҳалол билан ҳаромни, қилинадиган иш билан қилинмайдиган ишни, тўғри билан нотўғрини, (жаннат) ваъдаси билан (дўзах) тахдидини очиқ-ойдин баён қилиб қўйгандир» (бўлади).
Ёки бу оятдаги [фасл] калимаси ажратиш маъносидадир. Яъни Аллоҳ таоло Қуръонда (жаннат) ваъдаси билан (дўзах) таҳдидининг, ҳалол билан ҳаромнинг, ҳақ билан ботилнинг ўртасини ажратиб қўйди (яъни алоҳида-алоҳида зикр қилиб қўйди). Ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйди ва бир-бирларига аралаштириб юбормади.
«У ҳазил эмасдир», яъни ўйин ва ботил сўз эмасдир.

[15]. Албатта, улар (кофирлар) макр қилурлар.

[16]. Мен ҳам «макр» қилурман.
Бу оятдаги «Мен ҳам макр қилурман» иборасини икки хил талқин қилиш мумкин. Биринчиси, «Уларни макрларига яраша жазолайман». Аллоҳ таолонинг бу иши макр қилиш ҳисобланмасада, жазони унга сабаб бўлган ишнинг номи билан атаган. Жазолаш ёмонлик бўлмаса ҳам Унинг ёмонлик учун бериладиган жазони унга ўхшаган ёмонлик(«(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир». (Шуро сураси, 40-оят)..) деб атагани, шунингдек, Аллоҳ таоло ўзининг: «Ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга ўша меъёрда тажовуз қилинг!»(Бақара сураси, 194-оят.) - деган сўзи билан тажовуз қилиш жазо бўлмасада, унинг жазосини тажовуз деб атагани бунга мисол бўлади. Бундан ташқари У: «Аллоуни унутдилар, бас, У ҳам уларни унутди»,(Тавба сураси, 67-оят.) - деган. Яъни уларга унутганларининг жазосини берди ёки уларни эътиборга олинмайдиган ва унутиб юборилган нарса каби қилиб кўйди, деганидир, Аллоҳ таоло ҳақиқатдан ҳам унутди, дегани эмас. Демак, худди юқоридагилар сингари У макрнинг жазосини макр деб атади ва бу - ана шу жазолаш макр бўлади, дегани эмас.
Иккинчи талқин шуки, аслида ҳийла ва макр қилиш - бу кишини у хавотир олмайдиган томонидан тутишдир. Ана шунда ҳийла қилувчи зотга мазамматга қолиш исми берилади. Чунки у ўша кишини ўзи сезмаган томондан ушлади. Бундай маъно Аллоҳ таолога нисбат берилган макр-ҳийлада мавжуд эмасдир. Негаки, Аллоҳ таоло бандага қайси йўлни тутса, хотиржам бўлиши ва қайси йўлни тутса, ҳалокатга тушишини баён қилиб унга йўл кўрсатиб қўйди. Шундан кейин ҳам банда ўзининг ўжарлиги ёки ўз жонига адолат қилмаслиги билан ана шу йўлни тутиб, ўзи ёмон кўрган макр-ҳийлага дуч келадиган бўлса, ана шу васфлаш билан Аллоҳ таолога ўша ёмон маъно нисбат берилмайди.
Сўнгра кофирларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамда мўминларга қилган макрлари бошқа бир ўринда, яъни ушбу: «Кофир бўлганларнинг Сизни асир олиш ё ўлдириш ёки (юртдан) чиқариб юбориш учун қилган макрларини эсланг! (Улар) макр циладилар, Аллоҳ (ҳам) «макр» «қилади»(«Кофир бўлганларнинг Сизни асир олиш ё ўлдириш ёки (юртдан) чиқариб юбо-риш учун қилган макрларини эсланг! (Улар) макр қиладилар, Аллоҳ (ҳам) «макр» қилади. Аллоҳ «макр» қилувчиларнинг яхшисидир». (Анфол сураси, 30-оят).) оятида зикр қилинган.

[17]. Бас, (эй Муҳаммад!) Кофирларга озгина муҳлат беринг ва бир муддат қўйиб беринг!
Ушбу оятда зикр қилинаётган [маҳҳил] ва [амҳил] икки хил маънодаги калималардир.(Уларнинг биринчиси «вақт, мухдат бериш», иккинчиси эса «кечиктириб туриш, шошилтирмаслик» маъносидадир.) Аллоҳ таоло: «Кофирларни бир муддат қўйиб беринг», - дейиш билан «уларни ўз қилмишлари эвазига жазоламанг. Чунки Аллоҳ таоло уларни ўз қилмишлари эвазига яқинда жазолайди», демоқчидек гўё. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари билан ҳалок қилиш ва (баъзиларини) асир олиш орқали мушрикларни жазолади ҳам. Демак, бу оятда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мушрикларга қарши ёрдам бериши ва уларнинг устиларидан ғолиб қилиб қўйишининг хушхабарини бермокда. Шунингдек, бу оятда у зот алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари(ни тасдиқлайдиган) мўъжиза ҳам бор. Чунки у киши мушрикларга бу оятни ўз тарафдорлари сони оз ва кучсиз бўлган чоғларида ўқиб берган эдилар.
Сўнгра Аллоҳ таоло у зотнинг тарафдорларини кўпайтирди ва мушрикларга айтганларидек, уларнинг устиларидан ғолиб қилиб қўйди. Токи улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсани ваҳий ёрдамида билиб олганликларини яхши билиб қўйсинлар. Аллоҳ ҳақ ва тўгри сўзга муваффақ қилувчи Зотдир!

Орқага Олдинга