loader

042. Шўро сураси

Ушбу сурайи карима эллик уч оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил қилинган. У Қуръони Каримнинг Оллоҳ таоло томонидан туширилган Илоҳий ваҳий эканлигини таъкидлаш билан бошланиб, сўнгра аввалу охир барча пйғамбарлар келтирган шариатлар моҳияти жиҳатидан бир бўлиб, уларнинг ҳаммаси Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилишга буюргани ҳақида хабар беради.

Бу сурада ҳам бошқа Макка сураларидаги каби мўминлар қўрқув ва умид билан кутаётган, кофирлар эса инкор этаётган Қиёмат Кунининг келиши аниқ ва яқин экани таъкидланади ҳамда барча инсонларни ўша Кун келиб қолишидан илгари Парвардигорга иймон келтириб, Ёлғиз Унинг Амр-Фармонига итоат этишга буюрилади.
Сурайи карима ниҳоясида ушбу Қуръон мўминларни Ҳақ Йўлига ҳи-доят қиладиган бир Илоҳий Нур эканлиги уқтирилади.
Бу сурада аҳли иймоннинг гўзал фазилатларидан бўлмиш - ҳар бир ишда маслаҳат - кенгаш билан иш тутиш хислатига даъват этадиган оятлар ҳам мавжуд бўлгани учун у «Шўро - Маслаҳат» сураси деб номланган.

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1-2. Ҳо, Мим. Айн, Син, Қоф.
Жумҳур уламо Ҳо, Мим ва Айн, Син, Қоф ҳарфлари икки оят эканини айтадилар ва Бақара сурасидан бошлаб бир неча сура аввалида келган мана шундай ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар каби ушбу ҳарфларга ҳам маъно айтмайдилар, балки ушбу ҳарфлар маъноси Ёлғиз Оллоҳ таолнинг Ўзига аён дейиш билан чекланадилар. Биз Бақара сурасининг биринчи ояти бўлмиш Алиф, Лом, Мимнинг тафсирида ушбу «ҳуруфи муқаттаот - маънодан узилган ҳарфлар» ҳақида бир қадар баён қилиб ўтган эдик, мурожаат қилинса бўлади.

3. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Кудрат ва Ҳикмат Соҳиби бўлмиш Оллоҳ Сизга ва Сиздан аввалги (пайғамбар)ларга мана шундай ваҳий қилур -
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сизга ушбу сурада Оллоҳ таоло томонидан ваҳий қилинаётган нарсалар - Танҳо Оллоҳга ибодат қилишга, барча пайғамбарларга иймон келтиришга, қайта тирилишга, Қиёмат Кунига, у Кунда ҳукм қилинадиган савоб ва азоб, яъни, жаннат ва дўзах борлигига аниқ ишониш, солиҳ амаллар қилиш, ёмон-гуноҳ ишлардан узоқ бўлиш буюрилган оятлар - буларнинг барчаси Сиздан аввал ўтган пайғамбарларга нозил қилинган китоблар ва саҳифаларда ҳам ваҳий қилингандир. Бу ҳақда бошқа бир сурада ҳам хабар берилган: «Дарвоқеъ, бу (сурада мазкур бўлган панд-насиҳатлар) аввалги (пайғамбарларга нозил бўлган) саҳифаларда - Иброҳим ва Мусо саҳифаларида ҳам бордир». (Аъло сураси, 18-19-оятлар). Бас, Сиз ўзингизга нозил қилинаётган ваҳийлардаги Илоҳий Амр-Фармонлардан, шариат ҳукмларидан, ғайб олами ҳақидаги хабарлардан ҳаргиз шак-шубҳада бўлманг!

4. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Уникидир. У Юксак ва Улуғдир.
Яъни, осмонлар ва Ерда мавжуд бўлган ва бўладиган ҳар бир нарсанинг Яратгувчиси ҳам, демак, Эгаси ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзидир. Унинг Ўзи жамийки махлуқоти қатори ана ўша мушрик кимсаларни ҳам яратган, уларга ҳаёт, ризқ берган. Ўзи белгилаб қўйган муддат битгач, бандаларига ўлим берадиган Зот ҳам Танҳо Оллоҳ таолодир. Демак, ҳар бир банда модомики ҳаёт экан, умри бўйи Ёлғиз Оллоҳ учун диндор бўлиши - тоат-ибодати ҳам, ихлосу итоати ҳам фақат Унинг ризосини кўзлаб қилиниши вожибдир. Зотан, мушрик кимсалар сиғинадиган барча бут-санамлар вақт-замон ўтиши билан йўқ бўлиб кетгувчидирлар, демак, ўша бутларга сиғинувчиларнинг ўйлаб топган “динлари” ҳам ўткинчи “динлар” эканида ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Фақат Азалий ва Абадий Оллоҳ таолонинг Динигина мангу Дин бўлиб, Ер-у кўкдаги бор мавжудот абадул-абад У Зотга сиғинади, тасбеҳ айтади ва сажда қилади.

5. (Мушрикларнинг ширк келтиришлари сабабли) устларидаги осмонлар ёрилиб кетишга яқин бўлур. Фаришталар эса Парвардигорга ҳамду сано билан (У Зотни айбу нуқсондан ва «шериклар»дан) поклаб - тасбеҳ айтурлар ва Ердаги (мўмин-мусулмон) кишилар учун (Оллоҳдан) мағфират сўрарлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Ёлғиз Оллоҳ Мағфират қилгувчи, Меҳрибондир.
«(Мушрикларнинг ширк келтиришлари сабабли) устларидаги осмонлар ёрилиб кетишга яқин бўлур».
Ушбу оятларни диққат ва инсоф билан ўқиган киши дарҳақиқат, уларни осмону заминни ҳам, тоғу тошларни ҳам яратган Эгаси нозил қилганига иймон келтиради. Чунки Ерлик одамнинг хаёлига Ер ёрилишидан ўзга нарса келиши амри маҳолдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Мушриклар: “Оллоҳнинг боласи бор”, деган вақтларида инсон ва жинлардан бошқа жамийки махлуқот, осмонлар, Ер ва тоғлар даҳшатга тушганларидан тамоман йўқ бўлиб кетишга яқин бўладилар, малоикалар ғазабланиб, жаҳаннам олови кўкка ўрлайди”. (“Тафсири БағавшГдан). Яъни, ҳеч қандай шерикка, ёрдамчига ёки болага муҳтож бўлмаган Танҳо Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ширк келтириш, “Унинг боласи бор” дейиш шу қадар оғир туҳматки, бирон ақлли инсон бундай бўҳтон сўзни айтиши мутлақо мумкин эмасдир. Нафақат инсон, балки Оллоҳ таолонинг жонсиз махлуқотлари бўлмиш Ер-у осмон ва тоғ-тошлар ҳам мушрик кимсалар оғзидан чиқаётган бундай бўҳтон сўзни эшитганларида унинг оғирлигини кўтара олмасдан ғазабдан тарс ёрилиб, парчаланиб, ер билан яксон бўлиб кетишга яқин бўладилар, бошқача айтганда, Қиёмат қойим бўлишига оз қолади. Фақат Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига маълум бўлган ҳикмат сабабли ва Қиёмат Соати қачон келишини Унинг Ўзи аниқ белгилаб қўйгани боисидан Ердаги ҳаёт яна давом этаверади, бахти қаро мушрик кимсалар эса, ғафлат уйқусидан уйғонмасдан, яна ўзларининг: “Оллоҳнинг боласи бор”, деган ботил ақидаларида адашиб-улоқиб юраверадилар.
«Фаришталар эса Парвардигорга ҳамду сано билан (У Зотни айбу нуқсондан ва «шериклар»дан) поклаб - тасбеҳ айтурлар ва Ердаги (мўмин-мусулмон) кишилар учун (Оллоҳдан) мағфират сўрарлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Ёлғиз Оллоҳ Мағфират қилгувчи, Меҳрибондир».
Яъни, Оллоҳ таолонинг нурдан яратган пок малоикалари бирон зум тўхтамасдан, бирон нарсага чалғимасдан, тун кун демасдан ҳар бир нафасларида Яратганнинг ҳар қандай айбу нуқсондан Пок Зот эканлигини зикр қилиб тасбеҳ айтадилар, ҳамду санолар билан Уни улуғлайдилар.
Абдуллоҳ ибн Ҳорис раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен Каъб розияллоҳу ан-ҳудан: “Малоикаларнингтасбеҳ айтишдан бошқа ишлари йўқми? Наҳотки бирон нарса уларни тасбеҳдан чалғитмаса?” деб сўраган эдим, у: “Кимсан?” деди. Мен: “Абдул-Мутталиб авлодиданман”, дедим. Шунда у мени бағрига босиб: “Эй биродаримнинг ўғли, сени бирон нарса нафас оли-шингдан чалғита оладими? Билгилки, тасбеҳ улар учун нафас олиш билан баробардир”, деди”. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Шунингдек, у бегуноҳ фаришталар мудом Ҳақ таолога илтижо қилиб, мўмин бандаларининг гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдилар. Улар айтадиларки, «Парвардигоро, Сен Ўзингнинг Ғофурур-Роҳийм Мағфират қилгувчи ва Меҳрибонлик Сифатларинг билан Ўзинг бандаларинг орасидаги гуноҳларидан тавба қилган ва Сенинг Дининг - Дини Исломга амал қилган мўминларни мағфират қилгин, Ўз Раҳматинг билан уларни дўзах азобидан асрагин».
«Огоҳ бўлингизким, албатта Ёлғиз Оллоҳ Мағфират қилгувчи, Меҳрибондир».

6. (Оллоҳни) қўйиб (бошқа) «дўстлар»ни ушлаб олган (яъни, ўшаларга сиғинаётган) кимсаларни (Қиёмат Кунида жазолаш учун уларнинг қилган амалларини) Оллоҳ Сақлаб қўйгувчидир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз уларнинг устида вакил-қўриқчи эмассиз.
Яъни, шак-шубҳасиз, Оллоҳни қўйиб, бут-санамларини дўст тутиб уларга сиғинадиган мушрик кимсаларнинг қилаётган барча иш-амалларини Оллоҳ таоло кузатиб тургувчидир, кейин жазоларини бериш учун сақлаб-муҳофаза қилиб қўйгувчидир, Сиз эса, эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларни ҳидоят қилишга ва қилмишлари учун жазо беришга вакил қилинган эмассиз. Сизнинг зиммангизда уларни мажбурлаб Исломга киритиш вазифаси йўқ, Сизнинг зиммангизда фақат ва фақат уларга Оллоҳ таолонинг Динини бекаму кўст етказиш бордир, холос. Сиз уларни, агар Ҳақ Динни қабул қилмасалар, Охиратда мангу азобга гирифтор қи-линишлари муқаррар экани ҳақида огоҳлантиргувчисиз, холос.

7. (Барча) қишлоқ-шаҳарлар онаси - пойтахти (Макка аҳли)ни ва унинг атрофидаги кишиларни (Охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун ва (рўй беришида) шак-шубҳа бўлмаган тўпланиш Кунидан огоҳлантиришингиз учун Биз Сизга мана шундай арабий Қуръонни ваҳий қилдик. (У Кунда) бир гуруҳ жаннатда, бир гуруҳ дўзахдадир.
Яъни, Ушбу Китоб Оллоҳ таоло тарафидан Унинг кули ва сўнгги Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга токи у зоти бобаракот барча қишлоқ ва шаҳарларнинг онаси - асли бўлган Макка аҳ-лини ва унинг чор-атрофида жойлашган Ер юзидаги барча маконларда яшайдиган инсонларни Охират азобидан огоҳлантиришлари учун нозил қилингандир.
Ояти каримада Ҳақ таоло Маккайи мукаррамани уммул-куро - қишлоқлар онаси деб атагани албатта бежиз эмасдир. Зотан, Макка барча жойларда яшайдиган мўмин-мусулмонларнинг қибласидир, улар ҳаж қилиш учун келадиган ягона шаҳардир, Ер юзидаги энг қадри баланд шаҳардир. Чор-атрофдаги мусулмонлар худди оналарини зиёрат қилгани келгандек бу улуғ шаҳар зиёратига келадилар, худди оналарига таъзим қилгандек бу Оллоҳтаоло абадий азиз ва мукаррам қилиб қўйган шаҳарни улуғлайдилар. Қолаверса, бу улуғ шаҳар дунё ва Охиратдаги энг улуғ фарзанд, энг буюк Инсон Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламнинг киндик қонлари томган она шаҳарларидир.
(У Кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир.
Яъни, у Кунда тўпланган инсонлар орасида куфр-исёни сабабли дўзах азобига хукм қилингувчи бадбахт кимсалар ҳам, иймон ва солиҳ амаллари учун жаннат неъматларига эришгувчи бахтли инсонлар ҳам бордир.
Имом Бухорий, Муслим ва Бағавий ушбу ояти карима тафсирида ривоят қилган ҳадиси шарифда Алий ибн Абу Толиб розияллоху анху айтди: “Биз бир жаноза ортидан Бақийъ қабристонига чиққан эдик, олдимизга Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам чиқиб келдилар. Қўлларида асолари бор эди. Келиб, бир муддат асони ерга урган ҳолда ўтирдилар, сўнгра: “Нафас олгувчи жон борки, унинг жаннат ёки дўзахдаги ўрни ёзиб-белгилаб қўйилгандир, бахтсиз ёки бахтли экани ёзиб қўйилгандир”, дедилар. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, у ҳолда (яъни, ким жаннати, ким дўзахи экани ёзиб қўйилган бўлса), бизлар ўша ёзиб қўйилган китоби-мизга суяниб, амал қилмай кўймаймизми?” деб сўраган эди, у зот: “Йўқ, сизлар амалларингизни қилаверинглар. Бас, ҳар ким ўзи нима учун (яъни, жаннат учунми ёки дўзах учунми) яралган бўлса, унга ўша нарса осон қилиб қўйилади, бахтсиз кимсалар учун бахтсиз кимсаларнинг амали (яъни, дўзахга олиб борадиган гуноҳ-маъсиятлар) осон қилиб қўйилади, бахтли кишилар учун бахтли кишиларнинг амали (яъни, жаннатга олиб борадиган солиҳ амаллар) осон қилиб қўйилади”, дедилар. (“Тафсири Бағавий”дан).

8. Агар Оллоҳ хоҳлаганида, албатта уларни (яъни, барча инсонларни) бир миллат (Дини Исломда) қилган бўлур эди. Лекин У Ўзи хоҳлаган кишиларни Ўз Раҳматига (жаннатига) дохил қилур. Золим-кофирлар учун эса бирон дўст ва ёрдамчи йўқдир.
Яъни, агар Оллоҳтаоло хоҳлаганида эди, барча инсонларни бир Ислом уммати қилиб қўйган бўлар ва улар ўз ихтиёрлари билан фақат Ислом Динини танлаган бўлар эдилар. У ҳолда одамлар ўртасида ҳеч қандай диний низолар ҳам бўлмас эди. Лекин Оллоҳ таолога ҳамма одамлар ҳам Унинг Раҳматига лойиқ эмасликлари аниқ маълум бўлгани сабабли барчани Ҳақ Динига ҳидоят қилмади. Шунинг учун одамлар тинмай ихтилоф қиладилар, турли-туман динларга бўлинадилар. Бир тоифа одамлар Ол-лоҳ таолонинг Марҳамати билан У Зот юборган элчиларга иймон келти-риб, Ҳақ Йўлга юрсалар, бошқалари улар билан тинмасдан талашиб-тортишиб, охир-оқибат дўзах азобига гирифтор бўладилар. Оллоҳ таоло одамларни шунингучун, яъни, айримлари Оллоҳнинг Раҳматига эришиб, дунё ва Охиратда бахтли-саодатли бўлишлари учун, айримлари эса, Ҳақ Йўлга юрмай умр бўйи талашиб-тортишиб, оқибатда дўзахи бўлишлари учун яратгандир.
Сажда сурасидаги мана бу оят ҳам ушбу оят мазмунини таъкидлайди: “Агар Биз хоҳласак, албатта ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлур эдик, лекин Мен томондан бу Сўз ҳақ-собит бўлгандир: «Мен жаҳаннамни (кофир) жин ва одамларнинг барчаси билан тўлдирурман». (Сажда сураси, 13-оят).
Ушбу оятда Оллоҳ таоло ҳеч кимни мажбуран ҳидоятга бошламаслиги, балки инсу жинни ўз ихтиёрларига қўйиб қўйилиб, сўнгра Оллоҳнинг Динига итоат этишдан бўйин товлаган кимсалар жаҳаннамга дучор қилинишлари аниқ эканлиги уқтирилади.
“Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Жаннат билан дўзах шикоят қилдилар. Жаннат: “Нега менга фақат заиф ва бечора одамлар кирадилар”, деса, дўзах: “Нега мени мутакаббир ва золимлар эгаллаб олганлар”, деди, шунда Оллоҳ азза ва жалла жаннатга: “Сен Менинг Раҳматимсан, Ўзим хоҳлаган одамларни сенга киритиш билан Раҳматимга олурман”, деди. Дўзахга эса: “Сен Менинг азобимсан, Ўзим хоҳлаган кимсалардан сен билан интиқом олурман ва ҳар иккингиз ҳам албатта тўлурсизлар”, деди. Сўнгра айтди: “Жаннатда ҳар доим Оллоҳ таоло жаннат учун энди яратадиган инсонларга аталган ортиқча жой бўлур ва улар ўша ортиқча жойга жойлашурлар, дўзах эса, ҳар доим: “Яна қўшимча борми?” деб турур, то қачонки Қудрат Эгаси унинг оғзига Ўз қадамини қўйганидагина у: “Қудратингга қасам, бўлди-бўлди”, деб қолур”.
“У Кунда Биз жаҳаннамга: «Тўлиб битдингми?», дермиз, у эса:
«Яна қўшимча борми?», дер.” (Қоф сураси, 30-оят).

9. Ёки улар (Оллоҳни) қўйиб (бошқа) «дўстлар»ни ушлаб олдиларми (яъни, ўшаларга сиғинмоқдаларми?! Йўқ), Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзи Дўстдир. У ўликларни тирилтирур, У барча нарсага Қодирдир.
Яъни, мушрик-кофир кимсалар Оллоҳ таолодан ўзгаларни - ўзлари ясаб олган бут-санамларни дўст деб билиб ўша бутларга сиғинмоқдаларми?! Йўқ,улар ҳеч нарса эмасдирлар. Ёлғиз ОллоҳнингЎзи Дўстдир. Танҳо Унинг Ўзи дўстларига ҳаёти дунёда ҳам Охират ҳаётида ҳам Мададкор-дир. Зотан, Унинг Ўзи жамийки мавжудотга ҳаёт берур, сўнгра ўлим берур, сўнгра барча ўликларни Охират ҳаётида яна қайтадан тирилтирур. У барча нарсага Қодирдирки, фақат ана шундай Буюк Сифатларга Соҳиб бўлган Зот ҳақиқий ва Ягона Дўст бўлур. Энди Оллоҳ таоло кимларнинг Дўсти, деган саволимизга Ҳақ таолонинг Ўзи жавоб қилиб: «Оллоҳ мў-минларнинг Дўстидир», дейди. Мазкур ояти каримада зикр қилинган Оллоҳ таолонинг Халили - Дўсти Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг энг яқин издошлари мўмин-мусулмонлардир. Чунки мўминлар бобокалонлари келтирган Ҳақ Диннинг энг улуғ давомчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларидир.
«Шак-шубҳасиз, одамларнинг Иброҳимга яқинроғи у(нинг йўли) га эргашган зотлар, мана бу Пайғамбар (Муҳаммад алайҳис-салом) ва иймон келтирган кишилардир. Оллоҳ мўминларнинг Дўстидир». (Оли-Имрон сураси, 68-оят).
Жаноби Расулуллоҳ Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу муборак ҳадислари мазкур ояти кариманинг энг гўзал тафсиридир: У зот: “Албатта ҳар бир пайғамбар учун пайғамбарлардан бўлган дўстлар бордир. Албатта у пайғамбарлар орасидан менинг дўстим - бобом ва Роб-бимнинг Халили - Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломдир”, деб марҳамат қилдилар ва мазкур ояти каримани ўқидилар.

10. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, мўминларга айтинг): «Сизлар ихтилоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми Оллоҳга (қайтарилур ва У Зот ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб берур). Ана ўша Оллоҳ Парвардигоримдир. Мен Ёлғиз Унинг Ўзига суяндим ва Ёлғиз Унинг Ўзига илтижо қилурман».
«(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, мўминларга айтинг): «Сизлар ихти-лоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми Оллоҳга (қайтарилур ва У Зот ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб берур)».
Ояти каримадаги ушбу жумланинг энг яхши тафсири мана бу оятдир: «Бас, агар бирон нарса ҳақида талашиб қолсангизлар, - агар ҳақиқатан, Оллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирган бўлсангизлар - у нарсани Оллоҳга ва Пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир». (Нисо сураси, 59-оятдан).
Юқоридаги оятда мусулмон ҳокимларга одамлар орасида адолат билан ҳукм қилиш буюрилгач, ушбу ояти каримада мусулмонларга Оллоҳ таолога, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳамда ўзларидан бўлган, Оллоҳ ва Расулининг ҳукмини ижро қилувчи ҳокимларга бўйинсуниш буюрилди. Демак, ҳокимлар модомики омонатдорлик ва адолат билан, яъни, Қуръон ва Суннатга мувофиқ ҳукм юргизар эканлар, уларнинг ҳукмига бўйинсуниш мусулмонлар учун вожиб бўлади.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менга итоат қилса, у Оллоҳга итоат қилибди, ким менга осий бўлса, у Оллоҳга осий бўлибди, ким амирга итоат қилса, у менга итоат қилибди, ким амирга осий бўлса, у менга осий бўлибди”, дедилар.
Яна Бухорий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмон киши модомики гуноҳ иш қилишга буюрилмас экан, истайдими, истамайдими, қулоқ солиши ва итоат этиши вожибдир. Агар гуноҳга буюрилса, у ҳолда қулоқ ҳам солмайди, итоат ҳам қилмайди”.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зарр розияллоҳу анҳуга: “Агар (ҳоким) боши майиздек қоп-қора ҳабаш қул бўлсада, сен унга кулоқ сол ва итоат эт!” дедилар. (Бухорий ривояти).
Яна Бухорий Абу Умома розияллоху анхудан ривоят қилди. У айтади: “Мен Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам видолашиш ҳажида хутба қилганларида шундай деганларини эшитдим: “Оллоҳдан қўрқинглар, беш вақт намозингизни ўқинглар, Рамазон ойи рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини беринглар ва бошлиқларингизга итоат этинглар, (шунда) Роббингизнинг жаннатига кирурсизлар”.
Аммо агар бошлиқ гуноҳга буюрадиган бўлса, у ҳолда унга итоат қилинмайди.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилдилар: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам бир сафар аскарларга ансорийлардан бўлган бир кишини бошлиқ қилиб жўнатдилар ва уларни ўша амирга итоат этишга буюрдилар. Сафар асносида у нимадандир ғазабланиб: “Сизларни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам менга итоат этишга буюрмадими?” деди. Улар: “Ҳа, буюрганлар”, деб жавоб қилишди. У айтди: “Ундай бўлса, ўтин йиғиб, олов ёқинглар!” Улар олов ёққан эдилар, у: “Ўзларингизни оловга ташланглар”, деди. Шунда айримлари ўзларини ташламоқчи бўлдилар, айримлари эса уларни қўлларидан ушлаб: “Биз мана шу ўтда ёнишдан қочиб Пайғамбар томонга ўтган эдик-ку”, дейишди. Сафардан қайтишга-нидан кейин улардан бу хабарни эшитган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар улар ўзларини оловга ташлаганларида Қиёмат Кунигача ундан чиқа олмасдилар. Оллоҳга осий бўладиган ишда итоат қилинмайди. Фақат яхшилик - савоб ишда итоат қилинади”, дедилар”.
Имом Аҳмад, Ибн Можжа ва бошқалар Абу Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, мазкур воқеада аскарларга бошлиқ қилиб тайинланган саҳобий Бадр ғазотига гувоҳ бўлган улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоху анху эди. У кишининг табиатида ўзига хос қувноқлик, ҳазилкашлик бўлиб, ўша олов ёқиш воқеаси ҳам унинг ҳазилларидан бири эди. Сафарда хориб-чарчаган саҳобаларнинг кўнглини ёзиш учун, иккинчи тарафдан уларга агар бошлиқ “ўзингни ўтга ташла” деса ташлайверадиларми, синаш учун мазкур воқеани ўйлаб топган эди, дейилади.
Ояти каримадаги биз “ҳокимлар” деб ўгирганимиз “улул-амр” ибораси сўзма-сўз олинганида “иш эгалари” деган маънони англатади.
Абу Ҳурайра, Ибн Аббос розияллоҳу анҳум каби саҳобалар ояти кари-мадаги “улул-амр”дан мурод султонлар, ҳокимлар ва амирлар дейдилар. Юқорида келтирилган ҳадислар ҳам мана шу тафсирни тасдиқлайди.
Шунингдек, саҳобайи киромдан Ибн Аббос, Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳум ва Ҳасан, Заҳҳок, Мужоҳид каби тобеинлар (саҳобаларнинг саҳобалари) томонидан: “улул-амр”дан мурод уламолар ва фуқаҳолардир. Улар одамларга Қуръон ва Ҳадисни етказиб, Оллоҳ ва Расулининг фармонларини таълим беришганида уларга итоат қилиш вожиб бўлади”, деган тафсир ҳам мавжуддир.
Икрима эса: “Улул-амр”дан Абу Бакр ва Умар розияллоху анҳумо ирода қилинган”, дейди ва Термизий Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу ҳадисни далил қилиб келтиради: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларнинг ичингизда қанча вақт туришимни билмайман. Бас, сизлар мендан кейин икки кишига - Абу Бакр ва Умарга иқтидо қилинглар”, деб марҳамат қилганлар.
Ато бўлса “улул-амр”ни муҳожир ва ансорий бўлган барча саҳобалар ва уларга чиройли йўсинда эргашган кишилар, деб тафсир қилади ва ушбу ояти каримани келтиради: “Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар - Оллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Оллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк саодатдир”. (Тавба сураси, 100-оят).
Ҳасан Басрий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган мана бу ҳадиси шариф ҳам саҳобайи киром - Оллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин - уммати Исломийя ҳаётида нақадар юксак мақом ва мавқега эга эканига далолат қилади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматим ичида асҳобимнинг мисоли худди таомдаги туз кабидир - таом тузсиз тотли бўлмас”, деб марҳамат қилдилар.
Ҳасан Басрий ушбу ҳадиси шарифни ўқиб: “Тузимиз кетди-ку, энди қандай тузаламиз”, дер эди.
Ҳар ҳолда ояти каримада Дини Исломнинг энг асосий кўрсатмалари-дан бири - мўмин инсон дунё ва Охиратда нажот топиши учун, жамият ҳам мунтазам ва барқарор бўлиши учун Оллоҳтаолога итоат қилиш, Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш ҳамда улул-амрга бўйинсуниш вожиб экани баён қилинди, итоатсизлик катта гуноҳ экани маълум бўлди.
“Бас, агар бирон нарса ҳақида талашиб-тортишиб қолсангизлар, агар ҳақиқатан, Оллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирган бўлсангизлар - у (тортишиб қолганингиз) нарсани Оллоҳга ва Расулига қайтарингиз! Мана шу энг яхши ва энг чиройли ечимдир”.
Демак, мусулмонлар бутун ҳаётлари давомида ҳар бир иш-амалда, ибодатда, муомалада Оллоҳ таолога, Унинг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга, яъни, Қуръон ва Суннат кўрсатмаларига итоат қилиб, улул-амрга бўйинсуниб яшаганлари янглиғ, ўзаро ўртала-рида қандай бўлмасин, каттами-кичикми бирон масъалада талашиб-тортишиб қолсалар, албатта унинг ечимини ҳам яна Қуръон ва Ҳадисдан излашлари фарз экан. Чунки инсонлар ҳаётида содир бўлиш эҳтимоли бўлган ҳар қандай масъалага бу икки Асл Манбаъда энг тўғри жавоб бордир. Бу Жавоб Қуръони Азим ва Ҳадиси Шарифда очиқ лафзда “қилгин” ёки “қилмагин”, савоб ёки гуноҳ, ҳалол ёки ҳаром деб аниқ айтилган бўлиши мумкин - аксар ҳолатларда шундай - ёхуд кишилар ҳаётида кўндаланг бўладиган янги-янги масъалаларнинг жавобини оят ёки ҳадис мазмунига мувофиқми, мувофиқ эмасми эканини қиёс қи-лиш усули билан аниқлаб, тўғри хулосага келиш мумкин. Бунинг учун эса мусулмон инсон бу икки Асл Манбаъни изчил ўрганиб, тўғри тушунадиган даражада илм-маърифат ҳосил қилиши керак. Азиз Динимизни дунёга тарқатган улуғ салафларимиз - саҳобайи киромлар мана шундай теран билим соҳиблари эдилар.
Қуръон ва Ҳадисга қиёсан ҳукм чиқариш тўғри иш эканини Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шариф ҳам тасдиқлайди: У зоти бобаракот Муоз ибн Жабал розияллоҳу анхуни Яман мамлакатига қози қилиб жўнатар эканлар: “Ҳукм чиқариш тўғри келса қандай хукм чиқарасан”, деб сўрадилар. Муоз: “Оллоҳнинг Китоби билан ҳукм чиқараман”, деди. “Агар Оллоҳнинг Китобида (сенга кўндаланг бўлган масъаланинг жавоби) бўлмасачи”, дедилар. “Оллоҳ Элчисининг суннати билан ҳукм чиқараман” деди. “Агар Оллоҳнинг Китобидан ҳам, Элчисининг суннатидан ҳам жавоб топа олмасангчи”, дедилар. Муоз айтди: “У ҳолда кучим етганича ижтиҳод қилиб - уриниб (Куръон ва Суннатга мувофиқ келадиган ҳукм чиқараман)”. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Расулуллоҳнинг расулини - элчисини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Оллоҳга ҳамду санолар бўлсин”, дедилар. (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва бошҳалар ривояти).
Маълумки, инсониятга Ислом Динини етказган Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳнинг Каломи бўлмиш Қуръони Азимни етказиш билан баробар бу Азиз Китобнинг тафсири бўлган, ундаги айрим мўжаз маълумотларни шарҳлаб берадиган Ҳадиси Шарифни ҳам етказдиларки, бу ҳадислар саноғи Қуръон оятларидан кўпдир.
Яъни, Жаноби Ҳақ Ўз Элчисига бошқа ҳеч кимга бермаган Буюк Илоҳий Илм ато этди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам: “Менга Қуръон ва у билан бирга яна ўшанча илм ато этилди”, деб марҳамат қилдилар.
Абу Довуд Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бировингиз сўрисида ёнбошлаб ётиб ўзича “Оллоҳ фақат мана бу Қуръондаги ҳаром қилган нарсаларнигина ҳаром қилган”, деб ўйлайдими? Огоҳ бўлингиз-ким, Оллоҳга қасам билан айтаман, мен буюрган, тавсия қилган ва қайтарган нарсалар саноғи Қуръон билан баробар ёки кўпроқдир”, дедилар.
Демак, ҳақиқий мўмин инсон Оллоҳнинг Сўзига қандай итоат этса, Расулуллоҳнинг сўзларига ҳам худди ана ўшандай итоат этиши лозим экан. Бу ҳақда Қуръони Каримда ҳам огоҳлантириш бор: “(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар”. (Нур сураси, 63-оят).
«Ана Ўша Оллоҳ Парвардигоримдир. Мен Ёлгиз Унинг Ўзига суяндим ва Ёлғиз Унинг Ўзига илтижо қилурман».
Ўрганаётганимиз ояти кариманинг ушбу жумласи ҳам Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг тилларидан айтилган. У зоти бобаракот гўё шундай дейдилар: «Эй мўминлар, мен суянган Зот менинг Эгам бўлгани каби сизларнинг ҳам Эгангиздир. Фақат сизлар эмас, балки Ер юзида қимирлаган ҳар бир жоннинг тақдири Ёлғиз Унинг Қўлидадир. Бас, фақат У хоҳлаган иш бўлади, ҳеч ким Унинг Хоҳиш-Иродасига, У Зот белгилаб қўйган Тақдири Илоҳийга қарши боришга қодир эмасдир”. Оллоҳ таоло Ер-у осмонлардаги жамийки нарсалар тақдирини уларни яратишидан неча минг йиллар илгари белгилаб қўйгани ҳақида саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган: “Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ осмонлар ва Ерни яратишидан эллик минг йил илгари барча яратадиган нарсаларнинг тақдирларини белгилаб қўйгандир”. (Муслим, Термизий ва Аҳмад ривояти. “Тафсири Куртубий”дан).
Мен барча ишларимда, жумладан, сизларга Ҳақ таолонинг Амр-Фармонларини етказишимда ҳам Унинг Ўзига суянганман. Чунки агар Парвардигорим мени кўлласа, ҳеч ким йўлимни тўса олмас, агар акси бўлса, ҳеч ким менга ёрдам бера олмас. Бас, мен Ёлғиз Унга илтижо қилурман ва сизлар менга қарши турасизларми ёки қўллаб-кувватлайсизларми, қатъий назар, мен Унинг Динига даъват қилавераман, Унинг Шариат аҳкомларини етказавераман ва зиммамдаги элчилик вазифасини адо этишда кучим ва умрим етганича давом этавераман.
11. (Оллоҳ) осмонлар ва Ернинг илк Яратгувчисидир. У сизлар учун ўзларингиздан бўлган жуфтларни яратди ва чорва ҳайвонларидан ҳам жуфт-жуфт (яратди). У сизларни ана шу (тадбир билан, яъни, жуфтлик воситаси)да кўпайтирур. У Зотга ўхшай оладиган би-рон нарса йўқдир. У Эшитгувчи ва Кўриб тургувчидир.
Яъни, Оллоҳ таоло осмонлар ва Ерни илк бор бирон-бир андозасиз -беандоза яратгувчи Зотдир. Эй инсонлар, У сизларнинг ўзларингиздан жуфтларингизни яратди, яъни, Холиқ таоло инсоният отаси Одам алайҳис-саломни тупроқдан инсон қилиб яратгач, унинг вужудидан - чап қовурғасидан жуфти Ҳаввони яратдики, бунинг ҳикмати, ушбу жуфтлик ўзларидан кўпайиб, авлод-зурриётлар кўриб, Ер юзида то Рўзи Қиёматга қадар Одам болалари бўлмиш инсоният боқий қолиши ва жамийки жонли-ю жонсиз махлуқот устида Оллоҳ таолонинг Ердаги халифаси ўлароқ дунё ҳаётини кечиришидир. Шунингдек, Ҳақ таоло чорва ҳайвонларини ҳам жуфт-жуфт қилиб яратдики, У Зот сизларни ана ўша тарзда кўпайтирур, яъни, сизларни жуфт-жуфт қилиб кўйиш тадбири билан саноқларин-гиз кўпайиб Ер юзига ёйилишингизни ирода қилур.
«У Зотга ўхшай оладиган бирон нарса йўқдир. У Эшитгувчи ва Кўриб тургувчидир».
Яъни, Оллоҳ таолонинг ҳеч бир ўхшаши ва тенги йўқдир. У Зотнинг Зотига, Сифатларига, Ҳикматига, Кудратига ва Илмига ўхшаш бирон нарса йўқдир. У ҳар қандай ошкора ва яширин овозни жуда яхши Эшитгувчидир, нарсаларнинг кичиг-у каттасини, кўзга кўринадиган-у кўринмай-диганини жуда яхши Кўриб тургувчидир.

12. Осмонлар ва Ер (хазиналари)нинг калитлари Ёлғиз Уникидир. У Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Дарҳақиқат, У барча нарсани Билгувчидир.
Яъни, коинотнинг энг юқорисидан тортиб энг қуйисигача барча нарсаларнинг очқичлари уларни йўқдан бор қилган Оллоҳ таолонинг Қўлидадир. Демак, бор жонли-жонсиз мавжудотнинг Эгаси бўлган Холиқ таоло уларга Ўзи хоҳлагандек эгалик қилади, уларни Ўзи истагандек тасарруф қилади. Чунки хазиналарнинг калитлари кимнинг қўлида бўлса, ана Ўша Зот уларнинг Эгасидир.
«У Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Дарҳақиқат, У барча нарсани Билгувчидир».
Бас, У Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳикмат ва Адолат билан айрим бандаларининг ризқини кенг-мўл қилса, айримларининг ризқини тортанг қилади ва у инсонларнинг ҳаёти дунёдаги ризқларини белгилашда уларнинг мўмин ёки кофир эканликларига боқмайди. Балки гоҳо Ўзи яхши кўрган баъзи бир мўмин бандасининг ризқини - синов-имтиҳон учун -тангу тор қилса, айрим кофир кимсаларнинг ризқини кенг-мўл қилиб қўйиши мумкиндир. Чунки Оллоҳ таоло бандаларининг яширган сирларини ҳам, ошкор қилган нарсаларини ҳам жуда яхши кўриб билиб туради. Албатта, У бандаларининг ўзларига махфий бўлган манфаатларини ҳам Билгувчидир.
Ҳадиси Қудсийда келади: “Албатта Мен мўмин бандаларимдан кимнинг иймони бой-бадавлатлик билан яхши, салоҳиятли бўлишини билурман. Агар Мен уни фақир, камбағал қилиб қўйсам, камбағаллик уни бузади. Мўмин бандаларимдан яна шундай кишилар ҳам борки, унинг иймони фақирлик, камбағаллик билан салоҳиятли бўлади. Агар Мен уни бой, бадавлат қилиб қўйсам, бойлик уни бузади. Албатта Мен бандаларимнинг дилларини билганим учун уларнинг ишини Ўзим тадбир қилурман. Албатта Мен Билгувчидирман, Хабардордирман”. (Анас розияллоҳу анҳу ривоят ҳилган. “Баҳрул улувм”китобидан).

13. (Эй мўминлар, Оллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз Сизга (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек), Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани - қонун қилди: Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), мушрикларга Сиз даъват қилаётган нарса (яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш) зўр келди - оғирлик қилди. Оллоҳ унга (яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш бахтига) Ўзи хоҳлаган кишиларни сайлар ва унга (Ёлғиз Оллоҳга) илтижо қиладиган кишиларни ҳидоят қилур.
Яъни, эй мўминлар, билингларки, Ҳақ таоло сизлар, сўнгги Пайғамбар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари учун ҳам, илгари ўтган пайғамбарлар - Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳи-муссаломнинг қавмлари учун ҳам Ўзининг Динидан бир нарсани - Динни тўғри ушланглар, яъни, барчаларингиз Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилинглар, турли йўлларга кириб фирқа-фирқа бўлиб бўлиниб кетманглар, деган Ҳукмини Қонун қилиб қўйди. Мазкур қонун ақийдада: Оллоҳ таолога, Унинг малоикаларига, нозил қилган китобларига, юборган барча элчи-пайғамбарларига ва Охират Кунига иймон келтириш, ибодатда бўлса, намозни барпо қилиш, закотни адо этиш ва Оллоҳ таоло буюрган барча Амр-Фармонларига сўзсиз итоат этиш ҳамда Динда фирқа-фирқа бўлиб бўлинмасликдир. Оллоҳ таоло юборган барча элчи-пайғамбарлар танҳо Динга - Оллоҳга иймон келтириб, Ёлғиз унга ибодат қилишга даъват этганлари ҳақида Анбиё сурасида ҳам хабар берилган: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан илгари юборган ҳар бир элчи-пайғамбарга ҳам: Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Менинг Ўзим бордирман, бас, сизлар фақат Менга ибодат қилинглар», деб ваҳий юборганмиз. (Анбиё сураси, 25-оят).
Ушбу ояти карима юқоридаги оят мазмунини яна бир бор таъкидлайди.
Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз шуни аниқ билингки, Биз Сиздан илгари юборган барча элчи-пайғамбарларимизга ҳам, яъни, Ер юзидаги биринчи пайғамбар бўлмиш Одам алайҳис-саломдан бошлаб, Ийсо алайҳис-саломгача барча-барчаларига ҳам худди Сизга ваҳий қилганимиздек: “Ҳеч қандай Илоҳ йўқ, Ёлғиз Менинг Ўзим бордирман, бас, сизлар фақат Менга ибодат қилинглар!” деб ваҳий юборганмиз”. Демак, Ер юзига юборилган жамийки пайғамбарларга ўз қавмларига улар ҳар икки дунёдаги бахт-саодатга эришишлари учун икки Илоҳий Фармонни адо этмоқликлари фарз эканини етказиш вазифаси топширилганки, улардан биринчиси, Оллоҳ таолонинг Бор ва Бир эканлигига сидқидилдан иймон келтиришлари, иккинчиси, ана ўша Танҳо Маъбуди Барҳаққа чин ихлос билан ибодат қилишларидир. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни, улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқингчи, Биз Раҳмондан (яъни, Ўзимиздан) ўзга ибодат қилинадиган «илоҳ»лар қилганмиканмиз?! (Йўқ, барча пайғамбарлар Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга даъват этгандирлар)!” (Зухруф сураси, 45-оят). “Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Оллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир элчи юборганмиз. Шунда (ўша умматлар) орасида Оллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам, шунингдек, чекларига йўлдан озишлик тушган кимсалар ҳам бўлган. Бас, Ер юзида сайру саёҳат қилиб, (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар.” (Наҳл сураси, 36-оят).
Бу ҳақда Бухорий, Муслим, Аҳмад ва Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда ҳам айтилган: «Пайғамбарлар ота бир оғаинилардир. Уларнинг оналари бошқа-бошқа-ю, динлари бирдир». («Тафсири Мунийр»дан).
Маълум бўладики, Ҳақ таоло томонидан барча умматларга буюрилган Дин ягонадир - Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишдир. Лекин ҳар бир умматнинг шариат қонунлари хилма-хилдир. Бу ҳақда мана бу ояти каримада хабар берилади: «Сизлардан ҳар бир (уммат) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик». (Моида сураси, 48-оятдан).
Қатода розияллоҳу анҳу айтади: “Ушбу жумлада уч умматга - Мусонинг умматига, Ийсонинг умматига ва Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматига (Барчаларига Оллоҳнинг салавот ва саломи бўлсин) хитоб қилинмоқда. Уларнинг динлари бир - Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш бўлса-да, Тавротнинг ўз шариати ва йўли бор, Инжилнинг ўз шариати ва йўли бор, Қуръоннинг ўз шариати ва йўли бордир”. Яъни, Оллоҳ таоло аввал-у охир барча инсонларни бир динда бўлишга - Ёлғиз Ўзига сиғиниб, ибодат қилишга буюрди. Унинг аввал-у охир барча пайғамбарлари - элчилари ўз умматларини ана ўша ягона Динга - Исломга даъват қилдилар. Фақат ҳар бир иши Ҳикмат бўлган Ҳақ таоло асрлар давомида бандаларини тараққий этдириб, тарбиялаб борар экан, уларнинг савияларига яраша ҳар умматга алоҳида шариат ва йўлни жорий қилди. Демак, кейин юборилган пайғамбарга буюрилган шариат аввалгисидан юксакроқ, баркамолроқ бўлиб борди, аввал юборилган элчи-пайғамбарнинг умматлари ўзларига буюрилган шариат қонунларига бўйинсуниб ҳаёт кечирар эканлар, Оллоҳ таоло иймонларини имтиҳон қилиш учун уларга янги пайғамбар ва янги шариат қонунларини юбориб турди. Бу ҳол то сўнгги Пайғамбар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам юборилгунларича, у зотга Шариати Исломийя буюрилгунича ва Ҳақ таоло: “Бугун Мен сизлар учун Динингизни комил қилдим, (сизларни динсизлик зулматларидан иймон нурига чиқариш билан) Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни Дин қилиб танладим (яъни, Исломдан бошқа динлар Оллоҳ ҳузурида мақбул эмас)”, деб Ислом Шариатини сўнгги шариат эканини ва то Қиёмат қойим бўлгунига қадар барча инсонлар фақат Шариати Исломийяга итоат этишлари фарз эканини эълон қилгунича давом этди.
«(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), мушрикларга Сиз даъват қилаётган нарса (яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш) зўр келди - оғирлик қилди. Оллоҳ унга (яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш бахтига) Ўзи хоҳ-лаган кишиларни сайлар ва унга (Ёлғиз Оллоҳга) илтижо қиладиган кишиларни ҳидоят қилур».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, қавмингиздаги мушрик-кофир кимсаларга Сиз даъват қилаётган нарса - Танҳо Оллоҳ таолога ибодат қилиш ва турли бут-санамлардан бутунлай юз ўгириш жуда оғир келди ва улар «ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини айтишдан, Дини Исломни қабул қилишдан бош тортдилар. Чунки бу улуғ неъмат ҳар кимга ҳам берила-вермайди - Ислом Дини ҳаммага ҳам насиб этмайди. Бу буюк Бахтни Ҳақ таоло танлаб-танлаб, фақат Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этади ва фақат Ёлғиз УнингЎзига тоат-ибодат қиладиган мўминларнигина Ўз Фазл-Марҳамати билан Тўғри Йўлга ҳидоят қилади.

14. Улар (яъни, аввалги пайғамбарларнинг қавмлари) ҳам бўлинмаганлар, магар ўзларига (турли дин ва фирқаларга бўлинмаслик зарурлиги ҳақида) билим-ҳужжат келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилишиб (фирқа-фирқа бўлиб кетганлар.) Агар Парвардигорингиз томонидан (уларнинг жазоларини) белгиланган муддатгача (яъни, Қиёматгача таъхир қилиш хусусидаги) Сўз ўтмаганида, албатта уларнинг ўртасида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, улар мана шу дунёдаёқ жазоларини тортган бўлур эдилар)! Албатта улардан кейин Китобга (Таврот, Инжилга) ворис қилинган кимсалар (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга замондош бўлган яҳудий ва насронийлар) ҳам ундан (ўз Китобларидан) шак-шубҳададирлар.
Яъни, аввал ўтган пайғамбарларнинг қавмларидаги фирқа-фирқа бўлиб бўлинган ва ўзларига юборилган элчи-пайғамбарларга иймон келтиришдан, уларга итоат этишдан бош тортган кимсалар ҳам билмаганларидан эмас, балки Ҳақ Динга эргашмаслик ва бўлиниш залолат эканини пайғамбарларидан эшитиб, жуда яхши билганларидан кейин қайсарликлари, ўзаро ҳасад-адоватлари сабабли ва моддий манфаатларидан ажраб қолмаслик ғаразида Ҳақ Йўлдан озиб турли фирқаларга бўлиниб кетганлар.
«Агар Парвардигорингиз томонидан (уларнинг жазоларини) белгиланган муддатгача (яъни, Қиёматгача таъхир қилиш хусусидаги) Сўз ўтмаганида, албатта уларнинг ўртасида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, улар мана шу дунёдаёқ жазоларини тортган бўлур эдилар)!»
Ояти карима мазмунидан маълум бўлганидек, одамлар турли динларга бўлиниб кетганларидан кейин уларнинг ўртасида ҳеч тугамайдиган ихтилофлар бошланди. Бас, ҳар ким ўзини ҳақ, бошқаларни эса ноҳақ деб даъво қилиб, кўп ҳолларда Оллоҳ таолонинг Ҳақ Йўлида барқарор бўлган мўмин-мусулмонлар ўзларининг ҳақ эканликларини исботлашдан ожизлик қиладиган, ноҳақ йўллардаги динсиз-кофир кимсалар эса қилмишларига яраша дарҳол жазоланиш ўрнига Ҳақ Йўлдаги мўминларнинг устидан масхара қилиб куладиган бўлдилар. Ҳатто Макка мушриклари Оллоҳ таолонинг Каломини етказган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳам ёлғончига чиқариб ҳақоратлар қилдилар. Албатта бундай ҳолатларда мўминлар яхши баҳосини, ёмон жазосини олмаётганини кўриб ҳайрон қолишлари табиийдир. Ояти каримада Пайғамбар алайҳис-саломга ва барча мўминларга худди мана шу ҳолатнинг сирри - сабаби баён қилиниб, Ҳақ таоло рўзи азалда, ҳали инсон зотини яратишдан аввал, одамлар ҳаёти дунёда қиладиган амалларининг мукофот - жазосини фақат Қиёмат Кунида олишлари ҳақида Ўз Ҳукмини айтгани, агар ўша Сўз ўтмаганида, Ҳақ Йўлдан бўлиниб ихтилоф қиладиган кимсаларнинг жазолари шу дунёдаёқ нақд қилиниб, ҳалок бўлиб кетишлари аниқ эканлиги ҳақида хабар беради, Қиёмат Кунида ҳар бир ишнинг ҳисоб-китоби бўлишини айтиб мўминларга таскин-тасаллий беради.
«Албатта улардан кейин Китобга (Таврот, Инжилга) ворис қилинган кимсалар (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга замондош бўлган яхудий ва насронийлар) ҳам ундан (ўз Китобларидан) шак-шубҳададирлар».
Яъни, албатта аҳли Китоблардан Таврот ва Инжилни ота-боболаридан мерос қилиб олган кейинги авлодлари ҳам ўзларининг китобларидан, дину иймонларидан шак-шубҳададирлар. Чунки уларга Мусо алайҳис-саломга тушган Таврот ва Ийсо алайҳис-саломга тушган Инжил китоблари Оллоҳ таоло томонидан у пайғамбарларга қандай нозил қилинган бўлса, ўша ҳолатда етиб келмади, балки уларнинг ота-боболари мазкур Илоҳий Китобларни ўзгартирдилар - уларга ёқмаган оятларни қисқартирдилар ёки ўзларидан қўшдилар ва ўзлари тўқиган сўзларни ҳам Оллоҳнинг оятлари деб авлодларига етказдилар. Жумладан, улар асил Таврот ва Инжилда муборак номлари зикр қилинган охир замон Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳақидаги оятларни ҳам ўчириб-ўзгартириб юборганларки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга замондош бўлган аҳли Китобнинг у зотга иймон келтирмасдан шак-шубҳада қолишганининг сабабларидан бири шудир.

15. Бас, Сиз (эй Муҳаммад алайҳис-салом), мана шунга даъват қилинг ва ўзингизга буюрилгани янглиғ Тўғри Йўлда устувор бўлинг, уларнинг (мушрикларнинг) ҳавойи нафсларига эргашманг! Айтинг: «Мен Оллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда (мендан сўраб келган муаммоларингизни ҳал этишда) адолат қилишга буюрилдим. Бизнинг Парвардигоримиз ҳам, сизларнинг Парвардигорингиз ҳам (Ёлғиз) Оллоҳдир. Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Бизлар билан сизларнинг ўртангизда хусумат-жанжал йўқ. Оллоҳ (Қиёмат Кунида) барчамизни жамлар ва Ёлғиз Унга қайтиш бордир.
Яъни, бас, эй Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам, Сиз инсонларни мана шу Ҳақ Динга - Қуръонга даъват қилинг ва ўзингиз ҳам Сизга буюрилгани янглиғ Қуръонга амал қилишда устувор - собитқадам бўлинг, яъни, Оллоҳ таолога ибодатда, Унинг Динини одамларга етказишда бир умр бардавом бўлинг ҳамда уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг! Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни истиқоматга буюрган оят Ҳуд сурасида ҳам келган эди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон оятларидан бирон оят мана шу истиқомат тўғрисидаги оят каби оғир бўлмаган экан. Шунинг учун ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у зотга: “Ё Расулуллоҳ, тез қариб қолдингиз-а?” деганида, “Мени Ҳуд сураси ва унинг опа-сингиллари (айрим ривоятларда Ҳуд, Воқеа ва Мурсалот суралари) қаритди”, дедилар.
Абу Алий Саррий айтади: “Мен тушимда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни кўриб: “Ё Расулуллоҳ, ривоятларга қараганда, Сиз: “Ҳуд сураси, мени қаритди”, деган эмишсиз”, деган эдим, у зот: “Ҳа”, деб жавоб қилдилар. Мен: “У сурадаги қайси оятлар Сизни қаритди? Пайғамбарлар қиссалари ва уларга иймон келтирмаган қавмларнинг ҳалок бўлиб кетганими?” деб сўрадим. Шунда у зот: “Йўқ, балки мени Оллоҳ таолонинг “Ўзингизга буюрилгани янглиғ истиқоматда - Тўғри Йўлда барқарор бўлинг!”, деган Сўзи қаритиб юборди”, дедилар. (“Тафсири Куртубий”дан).
Албатта Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга истиқоматда бўлиш буюрилганидан у зот истиқоматда бўлмаганлари тушунилмайди, балки аксинча, у зоти бобаракот истиқоматда ҳаммага ибрат эдилар. Демак, бу Илоҳий Фармон ана ўша истиқоматда бардавом бўлишга буюрмоқда. Ҳақ таоло Ўз Расулини ва барча мўмин бандаларини истиқоматда бардавом бўлишга буюришининг бир ҳикмати, Оллоҳ таоло буюрганидек Тўғри Йўлда бардавом бўлган инсонлар ҳар қандай душмандан ғолиб бўладилар, аммо у йўлдан ўнг ё сўлга оғадиган бўлсалар, мағлуб ва душманларига қарам бўлиб қолишлари аникдир.
«Айтинг: «Мен Оллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда (мендан сўраб келган муаммоларингизни ҳал этишда) адолат қилишга буюрилдим. Бизнинг Парвардигоримиз ҳам, сизларнинг Парвардигорингиз ҳам (Ёлғиз) Оллоҳдир. Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Бизлар билан сизларнинг ўртангизда хусумат-жанжал йўқ. Оллоҳ (Қиёмат Кунида) барчамизни жамлар ва Ёлғиз Унга қайтиш бордир».
Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз олдингизга келадиган яҳудий ва насронийларга айтингки, мен Оллоҳ таоло нозил қилган Таврот, Инжил, Забурга ҳамда Иброҳим ва Мусо алайҳимас-саломга нозил қилинган саҳифаларга Қуръонга қандай иймон келтирган бўлсам худди шундай иймон келтирганман. Мен айрим самовий китобларга иймон келтириб, айримларига кофир бўлган кимсалардан эмасман. Шунингдек, мен Оллоҳ таоло томонидан қачон сизлар бирон бир масъалада ҳукм сўраб келсангиз, бирон тарафга ён босмай ўрталарингизда адолат қилишга буюрилганман. Зотан, Оллоҳ таоло сизларнинг ҳам, Бизнинг ҳам Танҳо Роббимиздир, ҳаммамизни яратган Холиқимиздир. Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. «Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир».
Яъни, “Менинг қилган амалим - Оллоҳ таоло нозил қилган ваҳийни инсонларга етказиш, кофирларни дўзах азобидан огоҳлантириш, мўминларга жаннат хушхабарини бериш, Ёлғиз Оллоҳга тоат-ибодат қилиш каби амалларим - меникидир, Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида мени ўша амалларим билан ҳисоб-китоб қилиб, менга ўша амалларим учун жазо-мукофот ато қилади.
Сизларнинг Ҳақ Йўлни тарк этиб, нотўғри йўлни танлаш, Танҳо Маъбуд бўлмиш Оллоҳ таолога турли жонли-жонсиз махлуқларни шерик қилиш ва бузғунчилик қилиш каби амалларингиз эса сизларникидир, Оллоҳ таоло сизларни Қиёмат Кунида ўша амалларингиз билан ҳисоб-китоб қилиб, қилмишларингизга яраша жазоларингизни беради. Сизлар мен учун жавобгар эмассизлар, мен сизлар учун жавобгар эмасман”, деб айтиб кўйинг. Бу мазмундаги оятлар бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келади: “Ҳар бир жоннинг қилган гуноҳи фақат ўз зиёнига бўлур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга (жон)нинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас”. (Анъом сураси, 164-оятдан).
“Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга (жон)нинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Ва инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас). Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат Кунида) кўринур. Сўнгра у (ўша саъй-ҳаракати учун) тўла-тўкис жазо-мукофот олур.” (Ван-нажм сураси, 38-41-оятлар).
«Биз билан сизларнинг ўртамизда хусумат-жанжал йўқ».
Чунки Ҳақиқат кундек равшан бўлди ва ҳеч қандай талашиб-тортишишга жой қолмади. Энди ҳамма гап Қиёматга қолди. Ҳаммамиз Унинг ҳузурига қайтишимиз бордир. Ана ўша Кунда: Парвардигоримиз ҳисоб-китоб учун барча инсонларни, жумладан сиз билан бизни ҳам маҳшаргоҳга тўплайди ва кейин, ҳар биримизнинг кимлигимиз, ҳаёти дунёда қандай амаллар қилганимиз аниқ-равшан бўлганидан сўнг ораларимизни очиб, мўмин бандаларини кофир-мушриклардан ажратиб, Ҳақ Йўлда ҳаёт кечирган мўминларни жаннатга, ботил йўлларда умрларини зое қилган кофирларни эса жаҳаннамга ҳукм қилади.

16. Оллоҳ ҳақида (яъни, Унинг Дини ҳақида) у (Дин одамлар томонидан) қабул қилинганидан сўнг (уларни Исломдан чиқариш учун) хусумат-жанжал қиладиган кимсалар - уларнинг ҳужжатлари (яъни, жанжал-хусуматлари) Парвардигорлари - Оллоҳ наздида ботил-беҳудадир. Уларга (бу дунёда) ғазаб, (Охиратда эса) қаттиқ азоб бордир.
Қатода раҳимахуллоҳ айтади: «Ояти каримада зикр қилинган Оллох таолонинг Дини ҳақида талашиб-тортишадиган кимсалардан мурод, яҳуд ва насронийлардир. Улар Ислом Дини одамлар томонидан қабул қилиниб, кўпчилик мусулмон бўлиб кетаётганини кўрганларидан кейин ўринларида ўтира олмай қолдилар ва нима қилиб бўлса ҳам одамларни ушбу Ҳақ Дин ва ҳақ Пайғамбар Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламдан тўсиш учун мусулмонлар билан хусумат қилишиб, жанжаллаша бошладилар ва: «Бизнинг пайғамбаримиз сизларнинг пайғамбарингиздан аввал келган, бизнинг Китобимиз ҳам сизларнинг Китобингиздан илгари нозил бўлган. Ахир ўзларингиз ҳамма иттифоқ қилган нарсани ушлаш ихтилофли нарсани ушлашдан яхшироқ, дейсизларку. Мана, Мусонинг ҳак пайғамбар эканлиги ва Таврот чиндан ҳам Оллоҳтомонидан нозил қилинган Китоб эканлигига сизлар ҳам, бизлар ҳам баб-баробар ишонамиз. Аммо Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбарлиги тўғрисида бўлса, ўртамизда ихтилоф бор. Демак, у келтирган Ислом дини ва Қуръон тўғрисида ҳам ўртамизда ихтилоф бор - сизлар уни Ҳақ Дин ва ҳақ Пайғамбар дейсизлар, бизлар эса унга ишонмаймиз. Бас, сизлар ҳам, бизлар ҳам, бил-иттифоқ тўғри деб билган Мусо ва Тавротни, яъни, яҳудий динини ушлаш вожиб бўлади», деб, одамларни Оллоҳ таолонинг барча инсонлар учун буюрган Ҳақ Дини бўлмиш Дини Исломдан тўсмоқчи бўлдилар. Шунда Ҳақ таолонинг Ўзи уларнинг келтирган «ҳужжат»лари бутунлай ботил эканини айтиб, бундай ботил сафсаталар билан улар ҳеч қачон одамларни Дини Исломдан тўса олмасликларини таъкидлади ва ундай Оллоҳ таолонинг Ҳақ Дини ва ҳақ Пайғамбари билан хусумат қиладиган бузғунчиларнинг барчаси албатта дунёда Яратганнинг ғазабига дучор бўлишлари, Охиратда эса, қаттиқ азобга гирифтор қилинишлари ҳақида қаттиқ огоҳлантирди. («Тафсири Мунийр»дан).

17. Оллоҳ шундай Зотки, ҳаққи-рост бўлган Китобни ва тарози-адолатни нозил қилди. Қаердан билурсиз, эҳтимол (Қиёмат) Соати яқиндир. (Бас, ғафлатда қолмай Оллоҳ нозил қилган Ҳақ Китоб ва адолатни маҳкам ушлаш лозимдир).
Яъни, Оллоҳ таоло Ҳақ Китобни, яъни, Ҳақ Динни нозил қилдики, у Китобдаги ҳар бир хукм, хабар ва қонун ҳақдир. Шунингдек, У Зот Ўзининг Китобида одамлрнинг ҳақ-хуқуқ ва масъулиятларини аниқ тортиб - белгилаб берадиган адолатли тарози қилиб Шариат қонунларини туширди ва бирма-бир баён қилиб берди. Бас, ҳар-бир мўмин-мусулмон банда дарҳол Оллоҳ таоло нозил қилган Китобни маҳкам ушлаб, ундаги адолат тарозиси бўлган Шариат қонунларига бекаму кўст амал қилишга шошилмоғи лозим. Чунки ҳаёти дунё ҳеч билинмасдан жуда тез ўтиб кет-гувчидир ва ҳеч ким билмайдики, эҳтимол, ҳар бир амал бирма-бир ҳисоб-китоб қилинадиган ва адолат тарозисида тортилиб, жазо-мукофоти бериладиган Қиёмат Соатининг келиб қолиши кўз очиб-юмгунчалик масофада - жуда ҳам яқиндир.
«Тафсири Бағавий»да Муқотил раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қиёмат Соати жуда яқин эканлигини зикр қилганларида ўша жойда турган мушриклар у зотни ёлғончи қилишиб: «Ўша сен бизни қўрқитаётган Қиёмат Соати қачон келади ўзи?» дейишган эди, Ўша онда Оллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди -

18. (Қиёматга) иймон келтирмайдиган кимсалар уни шоштирурлар. Иймон келтирган зотлар эса ундан қўрқувчидирлар. Улар (Қиёматнинг) ҳақ эканлигини билурлар. Огоҳ бўлингизким, (Қиёмат) Соати хусусида талашиб-тортишадиган кимсалар (Ҳақ Йўлдан) йироқ залолатдадирлар.
Яъни, Қиёмат Соати албатта келишига ишонмайдиган ва у Соатда қандай даҳшатли ҳодисалар рўй беришини билмайдиган ғофил-жоҳил кимсаларгина ҳеч қачон Қиёмат қоим бўлмайди деб гумон қилганлари сабабли уни тезроқ кела қолмайдими, деб шоштирадилар. Аммо Қиёмат Куни ҳақ эканлигига иймон келтирган мўминлар эса, доимо у Куннинг келиши ҳақлигини билиб, ўша Кундан, унда бўладиган ҳисоб-китобдан қўрқиб яшайдилар ва ўша Кунга тайёргарлик кўриб, қўлларидан келганича солиҳ амаллар қилиш ҳаракатида бўладилар. Зотан иймоннинг икки қаноти бўлиб, мўмин инсон доимо Қиёмат Соатида Оллоҳ таоло ҳузурида бўладиган ҳисоб-китобдан қўрқиб, шу билан баробар қилган солиҳ амаллари учун Оллоҳ таоло ато этадиган ажр-мукофотдан умидвор бўлиб ҳаёт кечиради ва мана шу икки туйғу - хавфу ражо, яъни, қўрқув ва умид туйғулари мўминни бутун умри давомида яхшиликка чорлаб, ёмон амаллардан олис бўлишга даъват қилиб туради. Аммо Қиёмат Соати келишига ишонмаганлари учун у Кун ҳақида мўминлар билан талашиб-тортишадиган иймонсиз кимсалар эса, Тўғри Йўлдан озиб, залолат йўлларида олис-олисларга кетиб қолган гумроҳлардир. Улар Тўғри Йўлдан шу қадар олислаб кетганларки, улар турган жойдан Ҳидоят Йўли мутлақо кўринмайди, шу сабабдан, гарчи улар жисмонан мўминларнинг ёнгинасида турган бўлсалар ҳам, Ҳидоят даъватини эшита олмайдилар!

19. Оллоҳ бандаларига Латиф - Меҳрибондир. У Ўзи хоҳлаган ки-шиларга (кенг-мўл) ризқ берур. У Кучли, Кудратлидир.
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг бениҳоя Лутфу Марҳаматли ва ҳар бир нарсадан Хабардор Зот эканлигини таъкидлайдики, биз бандалар барча ризқ-рўзимиз, бутун ҳаётимиз ва ундаги сон-саноқсиз ноз-неъматларнинг барчаси Ёлғиз Унинг Лутфу-Марҳаматидан эканлигини билиб, қилаётган ҳар бир иш-амалимиздан Яратган Парвардигоримиз жуда яхши Хабардор эканлигидан огоҳ бўлиб ҳаёт кечиришимиз лозим.
Ояти каримадаги Оллоҳ таолонинг Латиф сифатини уламолар: “Бениҳоя лутфу карамли, бандаларига ўта юмшоқ муомала қилгувчи” деб тафсир қиладилар. У Зотнинг лутфи шу қадарки, бандалари хижолат бўлмасликлари учун гунохқорларнинг қилган гуноҳларини ёдларидан чиқариб юборар экан.
Ана ўша бениҳоя Латиф ва беқиёс Куч-Қудрат соҳиби бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзи хоҳлаган кишиларга кенг-мўл ризқу рўз ато этади.
Мусулмон инсон ризқ Ёлғиз Оллоҳдан эканини бир зум ҳам унутмаслиги керак. Демак, ризқ Оллоҳники, ўлчов ҳам У Зотнинг Кўлидадир. Ким қанча ризққа эга бўлишини Ёлғиз Оллоҳ белгилайди, банда эмас. “Оллоҳ Ўзи истаган кишиларга ҳисобсиз ризқ беради”. Мўмин инсон агар ризқи танг бўлса хотиржам ҳолда сабр қилади, бунинг албатта ҳикмати борлигини билади, нима қилиб бўлса ҳам бой бўлишим керак, деб ҳаром ризқ ортидан қувмайди, балки менинг ризқимни Эгам Ўз зиммасига олган, албатта У мени унутиб қўймайди, деб ҳалолдан топган ризқига қаноат қилади. Агар ризқи кенг бўлса Яратганга шукроналар айтади ва Оллоҳ берган ризқни ўзига, қарамоғидаги инсонларга, муҳтож мусулмонларга, эл-юртига сарфлайди.
Ҳақ таолонинг қонуни шундай эканки, дунёвий ризқ мўминга ҳам, кофирга ҳам берилаверар экан. Аммо Оллоҳ таоло фақат Ўзи яхши кўрадиган бандаларига ато этадиган яна бошқа бир ризқ борки, у Охират ризқидир. Яъни, Ҳақ таоло қайси бир бандасининг қалбини илм, иймон, Оллоҳни севиш, Ундан қўрқиш, Ундан умидвор бўлиш каби бебаҳо фазилатлар билан ризқлантирса ана ўша инсон мангу бойлик ва икки дунё саодатига эришган ҳақиқий бахтли инсондир.

20. Ким (ўз амали билан) Охират экинини (яъни, савобини) истар экан, Биз унга экинини(нг ҳосилини) мўлзиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан (дунё матоларидан) берурмиз ва унинг учун Охиратда бирон насиба бўлмас!
Бу ояти каримада ҳар қандай яхши амал фақат Охиратдаги мукофотни кўзлаб қилинсагина Оллоҳ таоло унинг ажру савобини комил қилиб бериши, аммо мол-дунё ва шон-шуҳратга етиш ғаразида риёкорлик билан қилинган амаллар учун эса Охиратда ҳеч қандай савоб йўқлиги уқтирилмоқда.
Мана бу оятлар ўрганаётганимиз ояти кариманинг энг яхши тафсиридир: «Ким нақд (дунё)ни истайдиган бўлса, Биз унинг учун -(улардан) Ўзимиз истаган кимса учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани (мана шу дунёда) нақд қилиб берурмиз. Сўнгра (яъни, Охиратда) эса, у таънамаломатга қолган ва (Оллоҳнинг Раҳматидан) узоқ қилинган ҳолда кирадиган жаҳаннамни унинг учун жой қилиб берурмиз». (Ал-Исро сураси, 18-оят).
Ояти карима биринчи навбатда Оллоҳ ва Охиратга иймон келтирмайдиган динсиз кимсаларнинг дунё ва Охиратдаги аҳволларидан хабар беради. Лекин муфассир уламолар оятда сўз фақат улар ҳақида эмаслигини, балки одамлар кўзида ўзларини мўмин-мусулмон қилиб кўрсатадиган мунофиқлар, мусулмонлик даъвосини қила туриб Дини Ислом буюрган ишларни қилмайдиган ибодат, итоатсиз фосиқлар, қиладиган амалларини Оллоҳ ризоси учун эмас, балки эл кўрсинга, одамлар орасида обрў топиш ёки дунёвий ғаразларига эришиш учун қилади-ган риёкорлар ҳам худди ўша “нақд”ни истайдиган тоифадан эканликларини айтадилар. Бас, ояти карима хабар беришича, бундай кимсалар қилган бирон амал Охиратда қабул бўлмас, дунёдан эса, улар учун Оллоҳ таоло тақсимлаб қўйган ризқдан бошқа бирон нарсага эга бўла олмаслар. Охират диёрида борадиган жойлари аниқ жаҳаннам бўлиб, улар ҳамманинг қарғиш маломатлари остида, Оллоҳ таолонинг Раҳматидан мутлақо маҳрум бўлган ҳолларида ана ўша дўзахга кириб, унинг ўтида мангу ёнишга маҳкумдирлар.
«Ким Охиратни истаса ва мўмин бўлган ҳолида (Охират) учун саъй-ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйлари (Оллоҳ наздида) ташаккурга лойиқ - мақбул бўлур». (Ал-Исро сураси, 19-оят).
Яъни, кимда ким чин мўмин бўлса ва қилган амаллари билан дунё матоларини эмас, балки Охират диёрини, у жойдаги мангу бахт-саодатни истаса ва унинг қиладиган барча ҳатти-ҳаракати ана ўша Охиратга лойиқ ҳаракат бўлса, яъни, ўз раъйича, кўнглига келган ишни савоб деб қилавермасдан, Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳамда Унинг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ишларни қилса ва Оллоҳ ва Расули қайтарган ишлардан тийилса, фақат ана ўшандай иймон, ирода ва саъй-ҳаракат эгалари қилган амалларгина Оллоҳ таолонинг Раҳматига сазовордир - Оллоҳ даргоҳида мақбулдир.
Ояти каримадаги биз “ташаккурга лойиқ - мақбул бўлур” деб таржима қилган “машкуро” калимаси “Тафсири Қуртубий”да “мукофоти неча баробар қилиб берилгувчи бўлур”, деб шарҳланибди ва Имом Аҳмаддан ривоят қилинган мана бу ниҳоятда умидбахш ҳадиси шариф оятга тафсир бўлиб келибди: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: “Сиз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг “Албатта Оллоҳ таоло бир чиройли амалга мингнинг минг баробарича ҳасанотни мукофот қилиб беради”, деганларини эшитганмисиз?” деб сўралган эди, Абу Ҳурайра: “Мен у зотнинг: “Албатта Оллоҳтаоло бир чиройли амалга мингнинг икки минг баробарича ҳасанотни мукофот қилиб беради”, деганларини эшитганман”, деди.

21. Балки улар (яъни, мушриклар) учун Оллоҳ изн бермаган (куфр ва ширк каби ботил) нарсаларни дин деб уларга шариат қилиб берган шериклари - бутлари бордир?! Агар (ким ҳақ, ким ноҳақлиги Қиёмат Кунида) ажратилиши хусусидаги Сўз бўлмаганида, албатта уларнинг ўрталарида (шу дунёдаёқ) ҳукм қилинган бўлур эди. Золим кимсалар учун шак-шубҳасиз, аламли азоб бордир.
Ушбу ояти карима мазмунан суранинг ўн учинчи ва ўн еттинчи оятларига бевосита боғлиқдир. Мазкур оятларда Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Пайғамбари бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳам худди Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳимус-саломга буюрган Динни нозил қилиб, Шариат қонунларини белгилаб бергани ва У мўминлар учун самодан ҳаққи рост Қуръон ва адолатли тарози туширгани ҳақида хабар берилган эди. Лекин мушрик-кофир кимсалар Оллоҳ таоло нозил қилган Ҳақ Дин - Қуръонга ҳам, унинг Шариат қонунларига ҳам иймон келтирмадилар. Шунинг учун ушбу оятда ўта мантиқли ва жуда адолатли савол ўртага қўйилиб, «Балки улар (яъни, мушриклар) учун Оллоҳ изн бермаган (куфр ва ширк каби ботил) нарсаларни диндан деб уларга шариат қилиб берган шериклари - бутлари бордирки, мушриклар ўшаларга ишониб Оллоҳ таолонинг Ҳақ Динига ва У Зот буюрган Шариат қонунларига иймон келтирмаётгандирлар», дейилмоқда. Ояти карима давомида агар «Эй жиноятчи кимсалар, мана Бугун (мўминлардан) ажралинглар!» (Ёсин сураси, 59-оят) дейилиб, кофир-мушриклар дўзахга, мўмин-лар жаннатга киритилишлари Қиёмат Кунида бўлиши ҳақида Сўз бўлмаганида, албатта кофир шу дунёнинг ўзидаёқ азоб-уқубатга гирифтор қилинган бўлар эдилар, дейилади ва золим-кофир кимсалар учун Охиратда ҳеч шак-шубҳасиз, чидаб бўлмайдиган ва ҳеч қачон тугамайдиган аламли азоб борлиги ҳақида қаттиқ огоҳлантирилади.
«Йўқ, уларга (кофирларга мангу азоб учун) ваъда қилинган вақт (Қиёмат) Соатидир. У Соат янада балоли, янада аччиқдир!» (Қамар сураси, 46-оят).

22.    (Қиёмат Кунида) у золимларни ўзлари (ҳаёти дунёда) касб қилган нарсадан (яъни, куфру исёнларига бериладиган жазолардан) даҳшатга тушиб турган ҳолларида кўрурсиз. У (жазо эса қўрқсалар-қўрқмасалар) уларнинг устига тушгувчидир! Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса жаннатларнинг гулзорларида бўлишиб, Парвардигорлари ҳузурида улар учун хоҳлаган нарсалари бордир. Мана шу катта Фазлу Марҳаматдир!
Яъни, эй кўриш қобилиятига эга бўлган инсонлар, Қиёмат Кунида сизлар у золим-кофир кимсаларни ҳаёти дунёда қилиб ўтган ёмонликларидан ва уларга ўша Кунда берилиши аниқ бўлган ҳақли жазодан тамомила даҳшатга тушиб қолганларини кўрасиз. Лекин кофирларнинг у Кундаги қўрқувларининг ҳеч қандай фойдаси бўлмайди! Куфру исёнлари учун Ҳақ таоло томонидан бериладиган одил жазо албатта уларнинг устига тушгувчидир - улар мангу аламли азобга гирифтор бўлгувчидирлар!
Аммо Оллоҳ таолога,Унинг Элчисига ва Охират Кунига иймон келтирган, Оллоҳ таоло буюрган аммалларни қилган ва У Зот қайтарган ишлардан тийилган инсонлар жаннат боғу бўстонида шундай иззат-икром қилинурларки, шод-хуррамликдан қалблари мунаввар бўлиб, юзлари нурга йўғрилгандек ёп-ёруғ бўлур.
Уларнинг у кундаги шодликларини таърифлашга инсон тили ожиз эканлиги ҳақида мана бу ояти карима ва ҳадиси шарифда ҳам баён қилинган: “Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб, улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни, Охират неъматларини) бирон жон билмас”. (Сажда сураси, 17-оят).
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “У жойда (яъни, жаннатда) бирон кўз кўрмаган, бирон қулоқ эшитмаган ва бирон инсоннинг хаёлига ҳам келмаган неъматлар бордир”. (Бухорий, Муслим, Ибн Можжа ва бошкдлар ривоят қилган. “Тафсири Мунийр”дан).
Албатта бу Ҳақ таоло томонидан мўмин бандаларига ато этилган жуда катта Фазл-Марҳаматдир.

23.    Мана шу - Оллоҳнинг иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган бандаларига берадиган хушхабаридир! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Макка мушрикларига), айтинг: «Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман, фақат қариндошчиликдаги дўстлик-яқинликнигина (сўрайман, яъни, мен сизлар билан насл-насаб жиҳатидан қариндош бўлганим ҳаққи-ҳурмати бу даъватимга тўсқинчилик қилмасликларингизнигина сўрайман)». Ким бирон чиройли амал қилса, Биз унинг учун ўша (чиройли амали)даги чиройни зиёда қилурмиз, (яъни, зиёда савоб ато этурмиз). Албатта Оллоҳ жуда Мағфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир.
«Мана шу - Оллоҳнинг иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган бандаларига берадиган хушхабаридир».
Яъни, мана шу юқоридаги ояти каримада зикр қилинган Буюк Илоҳий Фазлу Марҳамат Оллоҳ таолонинг мўмин бандаларига берадиган хушхабаридирки, улар иймон келтирганлари ва Оллоҳ буюрган солиҳ амалларни адо этганлари, У Зот қайтарган ёмонликлардан қайтганлари сабабли албатта Яратган ҳозирлаб қўйган жаннатларнинг боғу бўстонларига киргувчидирлар ва Парвардигорлари ҳузурида кўнгиллари нени тиласа баҳраманд бўлиб, абадул-абад ўлмасдан бахту саодатда яшагувчи-дирлар. Зотан, Ҳақ таоло Ўзи берган хушхабарни албатта рўёбга чиқаргувчидир, У Зот ҳеч қачон Ваъдасига хилоф қилмас.
«(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Макка мушрикларига), айтинг: «Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман, фақат қариндошчиликдаги дўстлик-яқинликнигина (сўрайман, яъни, мен сизлар билан насл-насаб жиҳатидан қариндош бўлганим ҳаққи-ҳурмати бу даъватимга тўсқинчилик қилмасликларингизнигина сўрайман)».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз билан Қиёмат Соати ҳақида талашиб-тортишаётган қавмингиздаги мушрикларга айтинг: «Эй қавму қариндошларим, мен сизлардан Ҳақ Динга даъват қилганим учун ҳеч қандай ҳақ сўрамайман. Менга сизларнинг молу дунёларингизнинг кераги йўқ. Магар менинг сизлардан сўрайдиганим, ўртамиздаги қавм-қариндошчиликни риоя қилинглар, ўртамиздаги борди-келдини узманглар ва менинг қилаётган даъват, панд-насиҳатларимга тўсқинлик қилманглар».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Қурайш қабиласининг ҳар бир маҳалласида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қариндош-уруғлари бор эди. Шунинг учун улардан дўстона қариндош-уруғликни узмасликларини сўрадилар». (Табарийнинг «Жомиул-баён» тафсиридан).
«Ким бирон чиройли амал қилса, Биз унинг учун ўша (чиройли амали)даги чиройни зиёда қилурмиз, (яъни, зиёда савоб ато этурмиз). Албатта Оллоҳ жуда Мағфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир».
Яъни, мўминлардан ким Оллоҳ таолога ибодатда чиройли бир амал қилса, Ҳақ таоло унинг амалидаги чиройни янада зиёда қилиб, бирига ўн ва яна Ўзи хоҳлаганича неча-неча баробар ажр-савоблар ато этади. Чунки Оллоҳ таоло жуда Мағфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир, яъни, бандаларининг билиб-билмай қилган хато ва гуноҳларини кечириб юборишни жуда Яхши кўргувчи ва улар қилган озгина чиройли яхши амал учун бениҳоя кўп мукофот ато этгувчидир.

24. Ёки улар (яъни, Макка мушриклари: «Муҳаммад, Қуръон Оллоҳ томонидан нозил бўлган, деб) Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиди», дейдиларми?! (Асло ундоқ эмас)! Чунки агар (Сиз ёлғон тўқийдиган бўлсангиз), Оллоҳ хоҳласа, дилингизни муҳрлаб қўюр; Оллоҳ Ўз Сўзлари билан ботил-ноҳақ (гаплар)ни йўқ қилур ва Ҳақни ҳақ қилур рўёбга чиқарур. Албатта У дилларни эгаллаган (сирлар)ни Билгувчидир.
«Ёки улар: «(Муҳаммад, Қуръон Оллоҳ томонидан нозил бўлган, деб) Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиди», дейдиларми?! (Ундоқ эмас), чунки агар (Сиз ёлғон тўқийдиган бўлсангиз), Оллоҳ хоҳласа, дилингизни муҳрлаб қўюр; Оллоҳ Ўз Сўзлари билан ботил-ноҳақ (гаплар)ни йўқ қилур ва Ҳақни ҳақ қилур - рўёбга чиқарур».
Яъни, ёки Макка мушриклари, ана ўша Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни дунёга келганларидан буён жуда яхши танийдиган, у зот ҳаётлари давомида бирон марта бўлсин ёлғон сўзламаганига тирик гувоҳлар бўлган, ҳатто уларнинг ўзлари у зотнинг исмларига Амин - ҳеч қачон ёлғон сўзламайдиган ва омонатга хиёнат қилмайдиган ишончли деган сифатни кўшиб «Муҳаммад Амин» деб атайдиган Макка мушриклари Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга Оллоҳ таоло Ўз оятларини нозил қилди», деб уларга Оллоҳнинг оятларини етказганларида «Муҳаммад Оллоҳ шаънига ёлғон тўқимоқда, унга ҳеч қандай ваҳий нозил бўлган эмас», деяптиларми?!
«(Асло ундоқ эмас)! Чунки агар (Сиз ёлғон тўқийдиган бўлсангиз), Оллоҳ хоҳласа, дилингизни муҳрлаб қўюр; Оллоҳ Ўз Сўзлари билан ботил-ноҳақ (гаплар)ни йўқ қилур ва Ҳақни ҳақ қилур - рўёбга чиқарур. Албатта У дилларни эгаллаган (сирлар)ни Билгувчидир».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар Сиз Оллоҳ таоло шаънида бирон ботил - ёлғон сўз айтганингизда, ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳ Ўз Хоҳиш-Иродаси билан қалбингизни муҳрлаб қўйган ва ундан Ўзи нозил қилган оятларини бутунлай ўчириб юборган бўлур эди. Бас, Сиз Оллоҳ таоло нозил қилган оятларга ўз томонингиздан бирон сўз кўшмасдан ниҳоятда омонатдорлик билан инсонларга етказаётганингиз учун ҳам диллардаги сирларни Билгувчи Ҳақ таоло Ҳақни Ҳақ қилиб - рўёбга чиқариб у оятлар қалбингиздан кўтарилиб кетмасдан тўла-тўкис ёдингизда турибди ва Оллоҳ таоло ҳидоят қилган мўминлар у оятларни Сиздан тинглаб иймон келтирмоқдалар, Дини Исломни қабул қилмоқдалар.
Бу мавзу Ал-Ҳааққа сурасида янада аниқроқ баён қилинган: «Бас, Мен сизлар кўрадиган нарсаларга ҳам, сизлар кўра олмайдиган нарсаларга ҳам қасам ичурманки, у (Қуръон) шак-шубҳасиз, улуғ Пайғамбарнинг (Оллоҳ даргоҳидан келтирган) сўзидир! У бирон шоирнинг сўзи эмасдир! Сизлар (ушбу Қуръон Оллоҳнинг Каломи эканлигига) камдан-кам иймон келтирурсизлар! Ва бирон коҳин-фолбиннинг сўзи ҳам эмасдир. Сизлар камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар! (У) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилинган (Китобдир). Агар (Пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида, албатта Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик. У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни, Пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди. (Бас, Муҳаммад алайҳис-салом Оллоҳнинг Каломига ўз томонидан бирон сўз қўшмагани, балки зиммасидаги омонат-Пайғамбарликни ҳалол адо қилиб келаётгани учун ҳам сизларнинг орангизда соғ-омон ҳаёт кечирмоқда, акс ҳолда Оллоҳуни ҳалок қилган бўлур эди. Бу Муҳаммад алайҳис-саломнингҳақ Пайғамбар эканликларининг яна бир ёрқин далилидир)». (Ал-Ҳакка сураси, 38-47-оятлар).

25. У бандаларидан тавба-тазарруъни қабул қиладиган, ёмон-ликларни афв этадиган ва қиладиган ишларингизни биладиган Зотдир.
Ушбу ояти каримада барча инсонлар учун тавба дарвозаси очиқ экани эълон қилинмоқда. Дарҳақиқат, Оллоҳ нақадар даргоҳи кенг, нақадар Меҳрибон. Бандаларининг ҳар қандай гуноҳларини кечишга тайёр. Фақат улар астойдил тавба қилсалар, қилган хатоларига пушаймон бўлсалар, ўтмишдаги гуноҳ ва жиноятларидан бутунлай юз ўгириб, бор вужудлари билан Оллоҳга қайтсалар бас. Зотан, тавба фақат тилда айтиладиган сўз эмас, балки Оллоҳга қайтиш демакдир. Яхши англаб, ёдимизда сақлашимиз ва шукрлар қилишимиз керакки, ушбу Илоҳий Марҳамат фақат Ислом умматига ато этилди. Аввалги умматларга, жумладан бани Исроил қавмига қилган гуноҳларининг каффорати учун бир-бирларини ўлдириш буюрилган эди.
Биз бу ҳақда Бақара сурасининг 54-ояти тафсирида батафсил баён қилганмиз.
Яна бир ояти каримада Ҳақ таоло: “Барчаларингиз Оллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар”, деб буюрган. (Нур сураси, 31-оят).
Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Барча Одам бола-лари хатокордирлар. Хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилгувчилардир”, деб марҳамат қилганлар. Бас, тавба қилмоқ ҳар бир мўминнинг зиммасидаги фарз экан.
Бандасининг ожизлиги Яратганга жуда яхши маълумдир. Шунинг учун У бандадан хато қилмасликни талаб қилмайди - у ҳолда ҳамма ҳалок бўлган бўлар эди - балки қилган хато-гуноҳларидан тавба қилиб Оллоҳга, У буюрган Тўғри Йўлга қайтишни буюради.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Шайтон: “Қудратингга қасам, ё Роббим, модомики, бандаларингнинг жонлари баданларида экан,уларни иғво қилиб гуноҳга буюришдан ажрамайман”, деганида, Парвардигор деди: “Қудратимга, Буюклигимга, Олий Мақомимга қасам, модомики улар Мендан мағфират сўрар эканлар, Мен ҳам уларни мағфират қилишдан тўхтамайман”. Яна Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг шундай марҳаматлари бор: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар гуноҳ қилмаганларингизда, Оллоҳ сизларни кетказиб, ўрнингизга гуноҳ қиладиган, сўнгра гуноҳларига мағфират сўраб, тавба қиладиган кишиларни келтирган бўлур эди”.
Бу албатта бандаларни гуноҳ қилишга чорлаш эмас, балки Ер юзида гуноҳсиз, хатосиз банда йўқ эканлиги ҳақидаги хабардир.
Демак, инсон на қадар парҳезкор, тақводор бўлмасин, “Менинг гуноҳим йўқ”, дейишга ҳаққи йўқдир. Балки ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарзи, Яратган олдидаги қарзи ўзи гуноҳлигини билиб қилган гу-ноҳларига ҳам, билмай қилган гуноҳларига ҳам мағфират сўраш, тавба қилишдир.
Ушбу ояти каримада Бениҳоя Меҳрибон ва Марҳаматли Парвардигор бандаларининг тавбаларини қабул қилишга ваъда беради. Фақат бунинг учун улар нодонлик билан қилган гуноҳларида оёқтираб туриб олмасдан, тездан тавба қилишлари, яъни, Оллоҳ таоло буюрган яхши амалларни қилишга қайтишлари шарт эканини таъкидлайди.
Шу мазмунда ҳадиси шариф ҳам ворид бўлгандир: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоху анҳумодан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Оллоҳтаоло банданинг тавбасини то унга ғарғара келгунича қабул қилади”, деб марҳамат қилдилар.
Аммо зоҳирда тавба учун вақт кенг эканига далолат қиладиган бу ҳадиси шариф яна тавбага шошилиш зарур эканини ҳам билдиради - ҳеч ким қачон ўлимга дуч келишини билмайди, бас, тавбага кеч қолмаслик керак. Чунки «На гуноҳ ишларни мудом қилиб юриб, қачонки бировларига ўлим келганида: «Энди тавба қилдим», дейдиган ва на кофир ҳолда ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари қабул қилинмас. Улар учун Биз аламли азобни тайёрлаб қўйгандирмиз». (Нисо сураси, 18-оят).

26. У иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларнинг (дуо-ларини) ижобат қилур ва уларга (сўраган нарсаларини ато этиб, яна) Ўз Фазлу Раҳматидан зиёда қилур. Кофирлар учун эса қаттиқ азоб бордир.
Яъни, Оллоҳ таоло Унга иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилиш билан Унга итоат этган кишиларнинг дуоларини ижобат қилади, уларга сўраган нарсаларини беради ва Ўз Фазлу Раҳмати билан сўраганларидан ҳам, ҳақдор бўлганларидан ҳам зиёда ажр-мукофот ва неъматларни ато этади. («Маолимут-танзийл» тафсиридан).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Оллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандала-рининг дуоларини қабул қилиши, уларнинг дўст-биродарлари ҳақидаги шафоатларини қабул қилишидир, Ўзининг Фазлу Раҳмати билан зиёда қилиши эса, уларнинг дўстларининг дўстлари ҳақидаги шафоатларини ҳам қабул қилишидир, деб тафсир қилади.
Дарвоқеъ, Оллоҳ таоло Ўзининг дўстларига - мўмин-мусулмон бандаларига шундай Меҳрлидир, аммо душманларига - кофир-мушрикларга эса, бениҳоя Қаҳрлидир. Оллоҳга ва Унинг Элчисига иймон келтирмаганлар учун Қиёмат Кунида қаттиқ азоб - дўзахда абадий ёниш бордир.

27. Агар Оллоҳ (барча) бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилса, албатта улар Ер юзида ҳадларидан ошган - тажовузкорлик қилган бўлур эдилар. Лекин У Зот (бандаларининг ризқу рўзларини) Ўзи хоҳлаганича ўлчов билан туширур. Албатта У бандаларидан Хабардор ва Кўриб тургувчидир.
Хаббоб ибн Аратт розияллоҳу анҳу: «Ушбу ояти карима биз ҳақимизда нозил бўлди. Бизлар Бани Қурайза, Бани Назийр ва Бани Қайнақоъ қабилаларидаги яҳудийларнинг мол-дунёларини кўриб «қани эди бизнинг ҳам мана шундай мол-дунёйимиз бўлса», деб орзу қилганимизда, Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди», дейди. (Воҳидийнинг «Асбобун-нузул - Оят-ларнинг нозил бўлиш сабаблари» китобидан).
Ҳақ таоло хабар беришича, агар Оллоҳ бандаларига ҳожатларидан ортиқ кенг-мўл ризқ берса, бу нарса уларнинг ҳадларидан ошиб, туғёнга тушишларига сабаб бўлади ва улар Ерда гуноҳлар қиладилар, неъматга ношукрлик қиладилар, кибру ҳавога бериладилар, Қорун ва Фиръавнга ўхшаб, тўймаслик балосига гирифтор бўладилар. Шу боисдан Ҳақ таоло бандаларига ризқу рўзни муайян ўлчов билан, Ўзи хоҳлаганича, Ёлғиз Ўзига маълум бўлган ҳикмат андозасида беради, улар учун ўзлари лойиқ бўлганича белгилаб, бойликка лойиқ бўлганларини бой қилади, камбағалликка лойиқ бўлганларини камбағал қилади. Чунки У бандаларининг аҳволидан жуда яхши Хабардор, улар учун бойлик фойдалироқми ёки камбағалликми, Кўриб тургувчидир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган Ҳадиси Қудсийда Ҳақ таоло айтади: «Бандаларим орасида шундайлари борки, уларни фақат бой-бадавлат бўлиш ўнглайди, агар Мен уни фақир қилиб қўйсам, динининг бузилишига сабаб бўламан. Шунингдек, бандаларим орасида шундайлари борки, уларни фақат фақир-камбағаллик ўнглайди, агар Мен уни бой-бадавлат қилиб қўйсам, динининг бузилишига сабаб бўламан».
Қатода риҳимаҳуллоҳ деди: «Айтиладику, ҳаётнинг энг яхшиси, сени бутунлай банд қилиб ҳам, туғёнга тушириб ҳам қўймайдиган ҳаётдир». («Тафсири Мунийр»дан).

28. У шундай Зотдирки, (одамлар ёғин-сочиндан) умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирур ва Ўз Раҳмат-баракотини кенг ёюр. У Дўст ва ҳамду сано Эгасидир.
Муқотил раҳимаҳуллоҳ айтади: «Оллоҳтаоло Макка аҳлидан етти йил мобайнида ёмғирни манъ қилиб тўсиб қўйди, ҳатто одамларнинг энди ёмғир ёғишидан бутунлай умидлари узилди. Шундан сўнг Ҳақ таоло ём-ғир ёғдириб, уларга ёғин-сочин ҳам Ўзининг Раҳмат-Марҳаматидан эканлигини эслатиб қўйди». («Маолимут-танзийл» тафсиридан).
«У Ўз Раҳмат-баракотини кенг ёюр».
Дарҳақиқат, ёмғир Оллоҳ таолонинг Раҳмат-баракотидир, Яратганнинг бандаларига берадиган ризқларидан энг манфаатлисидир. Ёмғир етиб борган жойда ўлик ер тирилиб, янгидан ҳаёт бошланади ва одамзот ҳам, ҳайвонот ҳам, жамодот ҳам Оллоҳ таолонинг Меҳри - Раҳматидан баҳраманд бўлиб, бутун борлиқ, жумладан мўмин инсонлар Оллоҳ энг Меҳрибон Дўст эканига яна бир бор иймон келтириб, Унга Ўз Раҳматини ҳамма томонга ёйиб, янгидан ҳаёт бахш этгани учун ҳамду санолар айтадилар. Алабатта «У Дўстдир ва ҳамду сано Эгасидир».
Бу мавзу Рум сурасида янада батафсилроқ баён қилинади: «Оллоҳ шундай Зотдирки, шамолларни юборур, бас, улар булутни ҳайдар, сўнг (Оллоҳ булутни) Ўзи хоҳлагандек ёюр ва (агар хоҳласа) уни бўлак-бўлак қилур. Сўнг у (булут)лар орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсиз. Энди қачон (Оллоҳ) уни Ўзи хоҳлаган бандаларига етказ-са, баногоҳ улар шод-хуррам бўлурлар. Ҳолбуки, улар илгари, устларига (ёмғир) ёғдирилишидан олдин мутлақо ноумид эдилар». (Рум сураси, 50-оят).
Яъни, Оллоҳ таоло шундай Қудратли Зотки, шамолларни - ўзлари кўзга кўринмайдиган, аммо қиладиган ишлари ҳамманинг кўз ўнгида содир бўладиган ўзига хос лашкарларини Ўз Ҳикмат ва Иродаси билан Ўзи хоҳ-лаган томонга юборур. Бас, улар самода тинч ором олиб ётган булутларни қўзғатиб, Оллоҳ таоло буюрган тарафга қараб ҳайдаб кетар ва гоҳо тарқоқ булутларни тўплаб бутун осмонни қоплаб оладиган ҳолатга келтирса, гоҳо тўпланган булутларни парчалаб катта-кичик бўлакларга айлантирар. У булутлардан айримлари пардек енгил бўлса, бошқалари денгиз-дарёлар устидан кўтарилган намликка тўлиб, сув зарралари билан тўйинган оғир-вазмин булутлар бўлади ва “у (булутлар) орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсиз”. Ва албатта у булутлардан ёғаётган сув-ёмғир тўғри келган ерга тушавермайди, балки Яратган уни фақат Ўзи хоҳлаган жойлардаги бандалари устига ёғдиради ва ана ўшанда курғоқчиликдан экинлари битмай, дарахтлари тутмай ғамга тушиб қолган одамлар ўзларида йўқ шодланадилар, аммо бу оби раҳматни уларнинг ерларига ким ёғдиргани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Ҳолбуки, улар бундан озгина илгари, осмонни булут қоплаб, ундан ёмғир куйиб беришидан олдин энди экин-тикинлари қурғоқчиликдан нобуд бўлишига кўзлари етиб, кўзлаган ҳосилларидан бутунлай умидлари узилиб, тамоман ноумидликка тушиб қолган эдилар. Ана шундай соатда Меҳрибон Парвардигор уларнинг устига Ўзининг оби ҳаётини юборди - «Ана энди Сиз Оллоҳнинг Раҳмати - ёмғирнинг изларига боқинг - У қандай қилиб Ерни ўлганидан кейин тирилтирди-я?! Ҳеч шак-шубҳасиз, ана ўша (Оллоҳ) ўликларни ҳам Тирилтиргувчидир. У барча нарсага Қодирдир». (Рум сураси, 50-оят).

29. Осмонлар ва Ернинг яратилиши ҳамда (Оллоҳ) уларда тарқатиб-ёйиб юборган жониворлар - Унинг (Қудрати Илоҳийясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. У Ўзи хоҳлаган вақтида уларни жамлаб-йиғиб олишга Қодирдир.
Яъни, Оллоҳ таолонинг Борлиги, Бирлиги ва бениҳоя буюк Қудрат Эгаси эканлигига аниқ далолат қилиб турган белги-аломатлардан яна бири, У Зот осмонлар ва Ерни шундай гўзал суратда яратиб қўйганидир. Бу яра-тилишда - осмонларнинг юксаклигида, юмшоқ - латифлигида, кенглиги-да, қуёш ва ой каби юрадиган юлдузларида, яна бошқа саноқсиз, “илиб” қўйилган жойида турадиган юлдузларида, Ернинг паст ва қаттиқлигида, тоғлари-ю, дарё-денгизларида, саҳроларида, водийларида, обод гўшаларида ва унинг остидаги инсон учун яшириб - “кўмиб” қўйилган манфаатларда - хазиналарда; шунингдек, У Зотнинг юзида доимо ҳаёт нафаси уфуриб туриши учун ва инсон билган-билмаган турли ҳикматлар сабаб қуруқлиқца, сувда ва ҳавода шаклу шамойиллари хилма-хил бўлган, бир-бирига ўхшамаган гўзал ва бетакрор суратли, овозлари ҳам турлича бўлган сон-саноқсиз жонзотларни ёйиб-тарқатиб юборганида - буларнинг барчасида илм эгалари учун, оқил, доно кишилар учун Яратганнинг Қудрати нақадар улуғ эканлигини яққол кўрсатиб турадиган оят-аломатлар бордир. Бас, маълум бўладики, шундай беқиёс ва беназир Қудрат Соҳиби бўлган Зот Ўзи хоҳлаган вақтда - Қиёмат Кунида уларни жамлаб-йиғиб ҳисоб-китоб қилишга албатта Қодирдир.

30. (Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларин-гиз қилган нарса - гуноҳ сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермас)дан афв қилиб юборур.
Яъни, инсонга етадиган барча яхшиликлар-неъматлар Оллоҳ таоло томонидан ато этилган Эҳсон - Марҳаматдир, аммо инсон бошига тушадиган ёмонлик-мусибатлар, турли-туман офатлар эса унинг қилган қилмиш-гуноҳлари сабабли Оллоҳ берган жазонинг бир қисмидир. Қолгани Охиратга қолади. Агар банда гуноҳига тавба қилиб, Оллоҳ таоло унинг гуноҳини кечирса, бу ҳам Яратганнинг Фазл-Марҳамати, акс-ҳолда Охи-ратда унга етадиган мусибат-жазо олдида дунё мусибати ҳеч нарса бўлмай қолади.
«Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермас)дан афв қилиб юборур».
Бу ҳақда мана бу ояти каримада ҳам айтилган: «Агар Оллоҳ одамларни улар қилган гуноҳлари билан ушлаганида эди, (Ер) юзида бирон жониворни тирик қолдирмаган бўлур эди. Лекин У Зот уларни (жазолашни) белгиланган муддатгача (яъни, Қиёмат Кунигача) қолдирур. Бас, қачон ўша муддатлари келгач, (уларнинг ҳар бирига қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларининг мукофот-жазоларини бе-рур). Зеро, Оллоҳ бандаларини Кўриб тургувчи бўлган Зотдир». (Фотир сураси, 45-оят).
Ушбу ояти карима юқоридаги оятларда зикр қилинган мушрик-кофир кимсаларнинг мудҳиш кирдикорлари ва куфр сўзларидан хабардор бўлган киши кўнглида табиий равишда пайдо бўладиган: “Нега Оллоҳ таоло ундай жиноятчиларни дарҳол қириб, ҳалок қилиб юбормас экан-а?” деган саволга Ҳақ таоло томонидан берилган жавобдир. Шунингдек, ояти карима Жаноби Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг бениҳоя сабрли ва беқиёс Ҳалим Зот эканлигига ҳам равшан далилдир. Чунки оят мазмунидан англашилишича, Қодир Оллоҳ агар золим кимсаларнинг иймонсизлик билан қилган зулмларига сабр-тоқат қилмасдан ғазабига оладиган бўлса, улар содир этган мудҳиш жиноятларга ҳалимлик қилмасдан Ўз азобини юборадиган бўлса, у ҳолда золимларнинг касофатидан нафақат уларнинг ўзлари, балки Ердаги тирик жонзотнинг ҳаммаси қирилиб кетган бўлар эди. То Қиёмат дунёга келадиган барча инсонларга ибрат бўлсин учун тариҳца бўндай воқеа бир марта содир бўлди ҳам!
Қатода айтади: “Оллоҳ таоло Нуҳ замонида шундай қилди - золим кимсаларнинг касофатидан Нуҳ алайҳис-саломнинг кемасидаги киши-лардан бошқа, Ердаги барча жонзотни ҳалок қилиб юборди”.
Ўрганаётганимиз ояти карима нозил бўлганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирон томирнинг безовта уриши ҳам, бирон новданинг тирналиши ҳам, бирон тошнинг синиб-парчаланиши ҳам (бекордан бўлмайди), магар бандалар қилган бирон гуноҳ сабабли бўлади, яна ҳам Оллоҳ афв қилиб кечириб юборган гуноҳлар жуда кўпдир», дедилар. (Имом Аҳмад ва бошқалар ривоят қилганлар. «Тафсири Қуртубий»дан).
Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу айтди: «Мен сизларга Оллоҳ азза ва жалланинг Китобидаги энг афзал - умидбахш оят ҳақида хабар берайми? У ҳақда бизга Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам сўзлаб, ушбу: «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса - гуноҳ сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермас)дан афв қилиб юборур» оятни ўқидилар ва эй Алий, энди мен сенга уни тафсир қилиб бераман», деб, айтдилар: «Сизларга дунёда не бир ҳасталик ё азоб-уқубат ёки бало-мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган гуноҳ сабаблидир. Оллоҳ азза ва жалла бандаларини қилган гуноҳлари учун дунёда бир марта жазолаганидан кейин Охиратда уларни яна қайтадан жазолаб-азоблашдан Улуғроқдир, не бир гуноҳларингизни дунёда афв қилиб кечириб юборган бўлса, Оллоҳ Ўзи афв қилганидан кейин қайтиб, азоблашдан Ҳалимроқдир». («Тафсири Бағавий»дан).
Ушбу ояти кариманинг назири мана бу оятдир: «(Эй мусулмонлар, биз Оллоҳнинг энг улуғ Дини - Исломга кирдик, энди нима қилсак бўлаверади, деб ўйлаб юрган бўлсангизлар, у ҳолда) сизларнинг хомхаёлларингиз ҳам, («Биз Оллоҳнинг суюкли болаларимиз, шунинг учун нима қилсак ҳаққимиз бор», деб хомтама бўлаётган) аҳли Китобнинг хом-хаёллари ҳам (ҳақ) эмасдир - кимки ёмон амал қилса, жазосини олур ва ўзи учун Оллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор топмас». (Нисо сураси, 123-оят).
Имом Муслим ва Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: “Ушбу оят нозил бўлганида мусулмонлар “Хато қилмаган ким бор, барчамизнинг ҳолимизга вой экан-да”, деб қўрқишиб, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга шикоят қилишганида, дедилар: “Тўғри бўлинглар, қурбат - ибодатнинг яқинини ушланглар (яъни, тоат-ибодатда бир оз фурсат ўтгач чарчаб, безиб қоладиган даражада ўзларингизни қийнамасдан ўртача ва бардавом бўлинглар). Билингларки, мусулмонга етган ҳар бир мусибат, ҳатто баданига санчилган бир тикон ҳам, бошига тушган кичик бир офат ҳам унинг қилган гуноҳларига каффоратдир”.
Мана шу маънодаги ҳадислар жуда кўпдир. Шунинг учун уламолар: “Оғирми, енгилми ҳар қандай хасталик, бошга тушадиган бало-офатлар, ғам-ташвишлар сабабли Оллоҳтаоло бандаларининг гуноҳларини ўчириб юборади”, деганлар.
Бас, мўминларнинг Дўсти ва Мададкори фақат Оллоҳ таолонинг Ўзидир.

31. Сизлар Ерда (ҳеч қаёққа) қочиб қутулгувчи эмассизлар. Ва сизлар учун Оллоҳдан ўзга бирон дўст ва ёрдамчи йўқдир.
Ушбу ояти кариманинг энг гўзал тафсири мана бу оятдир: «Албатта сизларга ваъда қилинаётган нарса (қайта тирилиш, Охират, Қиёмат Куни) ҳеч шак-шубҳасиз, келгувчидир. Сизлар (Оллоҳдан ҳеч қаёққа) қочиб қутула олгувчи эмассиз. (Анъом сураси, 134-оят).
“Тафсири Мунийр”да Абу Саид Худрий розияллоҳу анхудан ушбу оят тафсирида ривоят қилинган ҳадиси шариф ўта ибратлидир: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам буюрдилар: “Эй Одам болалари, агар ақл эгалари бўлсангиз, (ҳали ҳаёт чоғларингиздаёқ) ўзларингизни ўлган инсонлар қаторида сананглар!”. (Яъни, Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб-китоб бераётганингизни тасаввур қилинглар!) Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамёд қилиб айтаманки, “Албатта сизларга ваъда қилинаётган нарса (қайта тирилиш, Охират, Қиёмат Куни) ҳеч шак-шубҳасиз, келгувчидир. Сизлар (Оллоҳдан ҳеч қаёққа) қочиб қутула олгувчи эмассиз.”
Бас, Ҳақ таоло Ўз Каломида таъкидлаган, Унинг Расули қасам билан огоҳлантирган Қиёмат албатта қойим бўлади. Демак, ақл-ҳуши жойида бўлган ҳар бир инсон ҳаётини ғанимат билиб ўша Кунга тайёргарлик кўриб яшаши керак - Оллоҳга ибодат, Расулига итоат қилиши керак. Акс ҳолда у Ҳақ таолонинг жазосидан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайди.
Чунки Ер-у осмонлар ва улардаги бор мавжудот Унинг қабзасидадир. Одамларни Оллоҳ таолонинг Ҳукмидан ҳимоя қила оладиган бирон дўст йўқ, Унинг жазосидан кутқариб қоладиган бирон ёрдамчи йўқдир.

32. Денгиз-дарёлардаги тоғлар янглиғ сузиб юрган (кема)лар ҳам Унинг (Қудрати Илоҳийясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир.
Яъни, денгиз-дарёларда сузиб бораётган, узоқдан худди баланд тоғларга ўхшаб кўринадиган катта кемалар вазнлари жуда оғир, ҳажмлари жуда катта бўлсада, тоғдек бўй-бастлари билан чўкиб кетмасдан ва бир жойда туриб қолмасдан сув юзида қалқиб, сузиб юришларида ҳам Оллоҳ таолонинг Қудрати нақадар улуғлигига, Ҳикмати нақадар буюклигига аниқ далолат қилиб турган оят-аломатлар бордир.

33. Агар (Оллоҳ) хоҳласа, шамолни тўхтатиб қўюр, бас, улар (денгиз) устида (ҳеч қаёққа сузолмай) туриб қолурлар - Албатта бунда ҳар бир (балога) сабр қилгувчи, (Оллоҳнинг неъматларига) шукр қилгувчи учун оят-ибратлар бордир;-
Яъни, агар Оллоҳ таоло ўша сузиб кетаётган кемаларни тўхтатиб қўйишни хоҳласа, уларни «олдига солиб» ҳайдаб кетаётган шамолни эсишдан тўхтатиб қўяди, бас, кемалар денгиз устида қимирлай олмай тўхтаганча қолурлар. Демак, инсонлар модомики минган кемалари денгиз-дарёларда сузиб, уларни кўзлаган манзилларига томон олиб борар экан, уларни ҳайдаб кетаётган шамолларни юргизиб қўйган Ҳақ таолога шукр қилишлари, агар тўхтаб қолар экан, ўша шамолларни тўхтатиб қўйган Парвардигорларининг Амрига итоат этиб, сабр қилишлари ва денгиз ўртасида кемалари тўхтатиб қўйилишига сабаб ўзларининг қилган гуноҳлари ва ҳаётларида йўл қўйган хатолари эмасмикан деб тафаккур қилишлари лозим. «Албатта бунда ҳар бир (балога) сабр қилгувчи, (Ол-лоҳнинг неъматларига) шукр қилгувчи учун оят-ибратлар бордир». Зотан, ҳар бир мўмин сабр ва шукр сифатларига соҳиб бўлмоғи вожибдир. Чунки иймоннингярми сабр бўлса, ярми шукрдир.

34. Ёки (агар Оллоҳ хоҳласа, қаттиқ бўрон юбориб, кемадаги одамларнинг) қилган гуноҳлари сабабли у (кема)ларни ҳалок (ғарқ) қилур ва кўпларни афв этур (ва уларни ҳалок қилмасдан нажот берур).
Яъни, ёки Оллоҳ таоло агар хоҳласа, ана ўша денгиз ўртасида сузиб кетаётган кемаларни уларга минган одамларнинг қилган гуноҳлари сабабли ҳалок қилиб денгизга чўкдириб юборур ва уларнинг кўпларини кечириб, соғ-саломат ҳолларида кўзлаган манзилларига етказиб ҳам қўюр. Назари ожизимизда ушбу оятларда сўз, агар таъбир жоиз бўлса, нафақат денгиз-дарёларда сузиб юрган улкан кемалар ҳақида бормоқда, балки шу билан баробар самоларда бир зум тўхтамасдан сайр қилиб юрган ҳаёт кемаси - Ер сайёраси ва бу бениҳоя улкан сайёрага миниб олган инсонлар ҳақида ҳам бормоқда ва бу кеманинг аҳолиси орасида нонкўр-ношукрликлари касофатидан ҳалокатга маҳкум кимсалар ҳам, шукр ва сабр қилганлари сабабли Яратганнинг Афву Мағфиратига эришиб, нажот топишлари умид қилинадиган Оллоҳ таолонинг мўмин-мусулмон бандалари ҳам борлиги ҳақида хабар берилиб, Яратганнинг бундай оят аломатларини тўғри англаб, ибрат олишга буюрилмоқда.

35. (Токи) Бизнинг оятларимиз хусусида талашиб-тортишадиган кимсалар ўзлари учун (Оллоҳнинг азобидан) қочиб қутуладиган жой йўқ эканлигини билиб олсинлар!
Яъни, юқоридаги оятлардан Оллоҳ таолонинг Қудрати улуғлигига, ҳар иш Унинг Қўлида эканлигига аниқ далолат қилиб турган оят-аломатлар - денгиздаги кемаларни юргизиш ҳам, тўхтатиб қўйиш ҳам, ёки қаттиқ бўрон юбориб кемаларни, ундаги одамлар ва юкларни денгизга ғарқ қилиб юбориш ҳам ва кўп одамларни афв қилиб, ўша ҳалокатли соатларда ҳалокатдан қутқариб уларга нажот бериш ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қудрат Қўлида эканлиги маълум бўлгач, Оллоҳнинг оятлари ҳақида ҳеч қандай далил-хужжатсиз талашиб тортишадиган, Қуръон Оллоҳнинг Каломи эканлигига иймон келтирмайдиган кофир-мушрик кимсалар Яратганнинг интиқомидан қўрқсинлар ва У Зотнинг Қаҳрига учраган кимсалар учун ҳалокатдан қутулиб қоладиган бирон жой топилмай қолишини жуда яхши билиб олсинлар!

36. Бас, (эй инсонлар), сизларга ато этилган нарса ҳаёти дунё матосидир ва иймон келтирган ҳамда Ёлғиз Парвардигорларига суя-надиган зотлар учун Оллоҳ ҳузуридаги нарсалар (яъни, Охират неъматлари - дунё матоларидан) яхшироқ ва боқийроқдир.
Ушбу ояти каримада Оллоҳ таоло даргоҳидаги нарса яхшироқлигининг далили баён қилинди: дунёнинг ўзи ҳам, ундаги бор нарсалар ҳам ўткинчи ва замон ўтиши билан йўқ бўлиб кетгувчидир. Аммо Охират диёридаги Оллоҳ таоло мўмин солиҳ бандаларига ажр-мукофот қилиб тайёрлаб қўйган жаннат ва ундаги кўз кўриб кулоқ эшитмаган неъматлар эса, боқий ва туганмасдир. Бас, ҳар бир оқил инсон, агар у чиндан ҳам оқил бўлса, ўткинчи матони эмас, мангу боқий бўлган неъматни танлаши лозим. Бу ҳақда ҳадиси шарифда ҳам буюрилгандир: Ҳоким “Мустадрак” китобида Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Ким дунёсини севса, Охиратига зиён қилур, ким Охиратини севса, дунёсига зиён қилур. Бас, сизлар, эй мусулмонлар, йўқ бўладиган нарсани қўйиб, боқий қоладиган нарсани танланглар”. (“Маолимут-танзил” тафсиридан).

37. Улар (яъни, Оллоҳ таоло ҳузурида ажр-мукофотларга сазовор бўладиган мўминлар) шундай кишиларки, катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадилар, ғазабланган вақтларида кечириб юборадилар.
Ушбу ва қуйидаги оятларда Оллоҳтаоло Охират неъматларига сазовор бўладиган мўминларнинг сифат-фазилатларини баён қилади. Муҳтарам ўқувчи эътибор берган бўлса, ояти каримада умуман гуноҳлардан эмас, балки катта гуноҳлар ва бузуқликлардан йироқ бўлиш ҳақида айтилди. Улар Оллоҳга ширк келтириш, ноҳақ одам ўлдириш, ота-онага оқ бўлиш, ўғрилик, порахўрлик, судхўрлик ва зинокорлик кабилар бўлиб, мўмин одам ундай иллатлардан пок бўлиши вожибдир. Аммо киши билиб-билмай қилиб қўядиган кичик саҳву хатолар ҳам бордирки, бу ҳақда Пайғамбар алайҳис-салом шундай марҳамат қилганлар: «Ҳар бир одам бола-си хатокордир. У хатокорларнинг яхшироғи - қилиб қўйган саҳву хатоларига тавба-тазарруъ қиладиган кишилардир».
Албатта катта гуноҳлардан узоқ бўлишимиз учун аввало қандай гуноҳлар Шариати Исломийя наздида катта гуноҳ ҳисобланишини яхши билиб олишимиз керак. Табиийки, ўз ақлимиз билан нима катта гуноҳ-у нима кичик гуноҳ эканини белгилашга ожизлик қиламиз ва бунга ҳаққимиз ҳам йўқдир. Бас, биз мусулмонлар ояти каримада зикр қилинган катта гуноҳлар қайси гуноҳлар эканини Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан билиб олишимиз ва у гуноҳлардан узоқ бўлишимиз керак.
У зот бир қанча ҳадиси шарифларида қандай ишлар катта гуноҳ эканини батафсил баён қилиб берганлар: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Катта гуноҳлар - Оллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, бировни ўлдириш ва ёлғон қасам ичишдир”. (Имом Бухорий ривояти).
Абу Бакра отасидан ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уч бор: “Сизларга энг катта гуноҳлар нима эканини айтиб берайми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Айтиб беринг, ё Расулуллоҳ”, дейишди. Айтдилар: “Оллоҳ азза ва жаллага ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”. Ёнбошлаб ётган эдилар, ўтириб олдилар-да: “Огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш, огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш”, деб такрор-такрор айта бошладилар... (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилди: Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Етти ҳалок қилгувчидан узоқ бўлинглар!” дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, улар нималар?” деб сўрашган эди, айтдилар: “Оллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, Оллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, жанг майдонидан қочиш, покиза, (бузуқ ниятлардан) бехабар мўмина аёллар-ни бадном қилиш”. (Имом Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ривоят қилди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Киши ўз ота-онасини сўкиши катта гуноҳлардандир”, дедилар. Саҳобалар: “Қандай қилиб киши ўз ота-онасини сўкади”, деб сўрашган эди, айтдилар: “Бир киши бошқа кишининг отасини сўкади-да, кейин униси ҳам бунинг ота-онасини сўкади”. (Имом Бухорий ривояти).
Бир киши Ибн Аббос розияллоху анҳумодан: “Катта гуноҳлар еттитами?” деб сўраган эди, “Улар етти юзга яқиндир”, деб жавоб қилди, сўнгра қўшимча қилди: “Катта гуноҳ қилган одам истиғфор айтиб, тавба қилса кечирилур, аммо кичик гуноҳ ҳам такрор-такрор қилинаверса катта гуноҳга айланур”.
Энди «ғазабланган вақтларида кечириб юборадилар» жумласини шундай тушунмоқ лозим. Ислом дини назарида ғазабланмасликнинг ўзи ҳеч қандай фазилат эмас, чунки масалан динга тош отилган вақтда ғазабланмаган мусулмон мусулмон эмас, балки мунофиқ бўлади. Фазилат ғазабни ютиш ва ўша ғазаб туйғусига қул бўлиб қолмасдан ақл ва инсоф билан иш юритмоқдир.

38. Улар Парвардигорларига ижобат-итоат этган ва намозни тўкис адо қилган зотлардир. Уларнинг ишлари (мудом) ўзаро шўро-маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар.
Сурайи карима номи «Шўро - Маслаҳат» мана шу ояти каримадан олингандир. Ҳақ таоло ушбу оятда Ўзининг Раҳамат-Марҳаматига сазовор бўладиган мўмин бандаларида мужассам бўлиши буюрилган энг муҳим сифат-фазилатлардан яна тўрт сифатни зикр қилади. Мазкур сифатлардан биринчиси, нажот топгувчи мўминлар Танҳо Парвардигорлари бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ижобат қиладилар, яъни, Унинг Ёлғиз Илоҳ эканлигига, бирон-бир тенги - шериги йўқлигига иймон келтириб, юборган Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган оятларига итоат қиладилар, иккинчи сифатлари, улар хусусан намоз ибодатига эътиборли бўлиб, беш вақт намоздан ҳар бирини доимо, чин ихлос билан бекаму кўст адо этадилар. Учинчи сифатлари, улар оят-ҳадисда аниқ белгилаб берилган тоат-ибодат ва Амр-Фармонлардан бошқа барча ишларда якка фикрга суянмасдан, албатта ўзаро кенгаш - маслаҳат билан иш кўрадилар. Масалан, муҳим мансаб-лавозимларга бир кишини одамлар ўзаро кенгашиб - сайлаб олишлари ҳам мана шундай маслаҳатлардандир. Жумладан, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин у зотнинг халифаси қилиб мусулмонлар томонидан Абу Бакр Сиддиқ розияллоху анхунинг сайлангани ҳам ана шундай ўзаро кенгаш-маслаҳатнинг ёрқин мисолларидан биридир. Демак, мусулмонлар бир-бирларидан маслаҳат сўраб, кенгашиб, хулосада бир иттифоққа келиб иш кўришлари уларнинг Тўғри Йўлда барқарор бўлишларининг энг муҳим омилларидандир.
Абу Ҳурайра розияллоху анхунинг айтишича, ҳеч ким Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламдан кўра кўпроқ маслаҳат сўрамас эди. (Термизий ривояти).
Ҳолбуки у зот инсонларнинг энг доноси эдилар. Ҳолбуки у зотга кўндаланг бўлган ҳар бир ишда энг Буюк, Тенгсиз - Йўл Кўрсатгувчи томонидан ваҳий нозил бўлиб турар эди. Шундай бўлса-да, саҳобаларидан кен-гаш сўрар эдилар. Чунки у зотга нозил бўлган оятлар ичида: “ишларин-гизда улар билан кенгашинг”, (Ол-и Имрон сураси, 159-оятдан) деган Буйруқ ҳам бор эди. Ҳасан Басрий розияллоху анҳу: “Пайғамбар алайҳис-салом ҳеч ким билан кенгашишга муҳтож эмас эдилар. Фақат умматларига намуна бўлсин учун кенгашишга буюрилган эдилар”, дейди. Демак, биз мусулмонлар қиладиган ишларимизда катталаримиз, тажрибали инсон-лар маслаҳатларини олиб, кенгашиб иш қиладиган бўлсак, Оллоҳ таолонинг Амрига бўйинсунган, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашган бўламиз ва оқибатда қилган ишларимиздан пушаймон бўлиб қолмаймиз. Эл оғзида юрадиган: “Кенгашиб кесган бармоқ оғримайди”, деган сўзнинг маъноси ҳам шу бўлса керак.
Ва ниҳоят ояти каримада зикр қилинган нажот топгувчи мўминларнинг сифатларидан тўртинчиси, «Биз уларни ризқлантирган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар». Демак, Оллоҳтаолодан қўрқадиган чин иймон эгасининг яна бир сифати у ўз қўлидаги молу давлат ва нозу неъ-матни Оллоҳ томонидан берилган ризқ эканини доим ёдида тутади ва топган бойлигини фақат ўзининг шахсий манфаати йўлидагина сарфламасдан, Оллоҳ таолонинг бошқа бандаларига ҳам закот беради, садақотлар қилади, саховатлар кўрсатади.

39. Улар ўзларига зулм етган вақтда (унга қарши курашиб) ғолиб бўладиган зотлардир.
Ато раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ояти карима мушриклар зулм-зўравонлик қилиб Маккадан ҳайдаб чиқарган мўминлар ҳақидадир. Сўнгра Оллоҳ таоло мўминларга куч-қувват, имконият бериб, улар ўша золимлар устидан ғалаба қозониб, интиқом олдилар». («Тафсири Бағавий»дан). Демак, мусулмонлар тажовузкор золимларнинг зулмларига бўйинларини қисиб итоат қилиб тураверадиган ожиз-нотавон миллат эмасдирлар. «Улар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (яъни, мўминлар билан) эса, раҳм-шафқатлидирлар». (Фагпҳ сурасининг 29-оятидан).
Агар бошқа динларда «Ўнг юзингга урсалар, чап юзингни ҳам тутиб бер» қабилида золимларга мутеълик тарғиб қилинса, Ислом дини назарида ҳақиқий мўмин зулму зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиб ғолиб бўладиган кишидир. Зотан, золимнинг зулмидан қўрқиб ҳақсизлик, адолатсизликка қарши тура олмаган одамнинг иймони комил иймон эмасдир! Зеро...
40. Ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни, ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас, унинг ажри Оллоҳнинг зиммасидадир. Албатта У зулм қилгувчиларни севмас.
Яъни, ким бировга ёмонлик қилиб, моддийми, маънавийми ёки жисмонийми зиён етказадиган бўлса, Шариат ҳукми билан унга қилган ёмонлиги билан баробар жазо берилади. Масалан, биров бошқа бировнинг баданига жароҳат етказса, маҳкама ҳукми билан ундан қилган жиноятига баробар қасос олинади. Шунингдек, ушбу ояти каримада дунёдаги ҳаётларини ёмонлик - куфр билан ўтказган динсиз кимсаларнинг мангу дўзах азобига гирифтор қилинишлари ҳақида хабар берилади. Одил Подшоҳ ёмонликнинг жазоси албатта ёмонлик бўлишини айтиб, ёмонларни огоҳлантиради. Ояти каримада зикр қилинган “ёмон амаллар”дан мурод, Оллоҳ таолога кофир бўлиш, Унга ширк келтириш ва Унинг Амрига бўйинсунмасдан итоатсизлик қилиш каби ёмонликлардир. Юқорида айтиб ўтилганидек, чиройли амал қилгувчи мўминларга Оллоҳтаолонинг Фазлу Марҳамати билан неча баробар зиёда мукофотлар ато этилса, энди ёмонлик қилгувчи кимсаларга эса, Оллоҳтаолонинг Адолати билан фақат қилган ёмонликлари баробарида, бирга бир жазо берилади.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ таоло айтди: “Чиройли бир амалга ўн баробар мукофот ато этурман ёки бериладиган ажрни ундан ҳам зиёда қилурман. Бир ёмон амалга эса фақат бир жазо берурман ёки кечириб юборурман. Бас, бирлари (яъни, ёмонлик, гуноҳлари) ўнларидан (яъни, чиройли амалларидан) ғолиб бўлган кимсага ҳалокат бўлгай!”
Зотан, инсоннинг қиладиган иш-амаллари турли-тумандир. Бу ҳақда Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: “Амаллар Оллоҳ наздида етти турлидир: вожиб қилувчи икки амал, ўзига баробар мукофотланувчи икки амал, ўн баробар мукофотланувчи бир амал, етти юз баробар мукофотланувчи бир амал ва яна шундай амалки, уни қилган одамга бериладиган савобни Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзи билур. Во-жиб қилувчи икки амалдан бири шуки, ким Оллоҳ таолога чин ихлос билан ибодат қилган ҳолида, Унга бирон нарсани шерик қилмаган ҳолида рўбарў бўлса (яъни оламдан ўтса), унинг учун жаннат вожиб бўлур.
Вожиб қилувчи икки амалдан яна бири шуки, ким Оллоҳ таолога бирон нарсани шерик қилган ҳолида рўбарў бўлса, унинг учун дўзах вожиб бўлади.
Ўзига баробар мукофотланувчи икки амалнинг бири - ким бирон ёмонлик қилса, ўша ёмонлигига баробар жазоланади, ким бирон яхшиликни қилишга ният қилса-ю, аммо кўлидан келмай қолса, ўша яхшиликка баробар мукофотланади.
Ким бирон яхшилик қилса, ўн баробар мукофотланади.
Ким Оллоҳ Йўлида молини инфоқ қилиб юборса, ҳар тангаси, ҳар тиллоси етти юз баробар қилиб берилади.
Оллоҳ учун тутилган рўзанинг тутувчи учун бериладиган савоби қанча бўлишини эса Ёлғиз Оллоҳ азза ва жалланинг Ўзи билади”.
Энди агар банда Қиёмат Кунига бир ёмон амал билан келса, унга ўша қилган ёмонлигига яраша бир жазо берилади ва у Кунда ҳеч кимга зулм қилинмайди. Яъни, қилинган яхши амалдан бирон нарса камайтирилмайди ва ёмон амалга бирон нарса қўшилмайди.
«Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас, унинг ажри Оллоҳнинг зиммасидадир. Албатта У зулм қилгувчиларни севмас».
Ушбу мавзу Ол-и Имрон сурасининг 134-оятида ҳам зикр қилинади: «Улар (яъни, тақводор зотлар) одамлрнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир».
Бу тўғрида ҳам кўп ҳадислар ворид бўлган. Анас розияллоху анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат Куни бўлганида бир жарчи жар солади: “Кимнинг ажри Оллоҳ таоло зиммасида бўлса, жаннатга кирсин!” Одамлар: “Ажри - мукофоти Оллоҳнинг зиммасида бўлган ким экан”, деб қоладилар. Шунда одамларни афв қилган кишилар ҳисоб-китобсиз жаннатга кирадилар”, деб марҳамат қилдилар. Ўтган улуғларимиз бу муборак оятга амал қилишда намуна бўлганлар: Байҳақий ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтларидан бўлган Алий ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум ажмаиннинг жорияси у таҳорат олаётган пайтида сув қуйиб турар эди. Тўсатдан қўлидаги кўза тушиб кетиб, Алийнинг бошига тегди. У ғазабланиб, қонаган бошини кўтариб жорияга қараган эди, жория шундай деди: “Оллоҳ таоло тақводор бандалари ҳақида: “ғазабларини ичларига ютадиган зотлар” дейди”. У: “Хўп, ғазабимни ютдим”, деди. Жория айтди: “Яна У Зот: “Улар одамларнинг хато-камчиликларини афв этадиган кишилар”, дейди”. У: “Хўп, сени афв этдим”, деди. Жория айтди: “Яна У Зот: “Оллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади”, дейди”. Шунда Алий жориясига: “Боравергин! Оллоҳнинг ризоси учун сени озод қилдим”, деди.

41.    Албатта ким мазлум бўлганидан сўнг (ўзига зулм қилган кимсадан) ғолиб бўлса, (интиқом олса), бас, улар(ни олган интиқомлари учун айблаш)га йўл йўқдир.
Яъни, масалан, молиявий ҳуқуқларда, биров бир кишининг молини ноҳақ ўзлаштириб ёки очиқдан-очиқ тортиб олиш билан унга зулм қилган бўлса, мазлум ўша зўравон-золимдан ғолиб бўлгач, ўз ҳаққини худди ўша йўл билан, лекин унга зулм қилмаган ҳолда тортиб олишининг зиёни йўқдир ва бу ишни қилгани учун уни айблаб маломат қилишга йўл йўқдир. Фақату, маҳкамада ўша золимдан унга зулм қилган ҳолда ўз ҳаққини қайтариб олганини исботлай олиши лозим. Ана шунда у инсон Оллоҳ таоло ҳузурида ҳам гуноҳ иш қилган деб ҳисобланмайди.

42.    Фақат одамларга зулм-зўравонлик қиладиган ва Ерда ноҳақ ҳадларидан ошадиган тажовузкор кимсалар(ни айблаш ва қилган зулму зўравонликлари учун жазолаш)гагина йўл бордир, ана ўшалар учун аламли азоб бордир.
Яъни, фақат одамларга бошлаб зулму зўровонлик қилиб, уларнинг ҳақларини ноҳақ ўзиники қилиб оладиган кимсалар ва ёки зўравонларнинг устига ғолиб бўлган вақтларида ўша золимлардан ўз ҳақларини қайтариб олишда ҳадларидан ошиб тажовузкорлик билан уларнинг моллари-ни ҳам ўзлаштириб оладиган кимсаларгина Ерда қилган ноҳақ бузғунчи-ликлари сабабли дунёда қилмишларига яраша жазога мустаҳиқдирлар. Лекин бундай золим, тажовузкор кимсалар фақат ҳаёти дунёда ҳукмга тортилиб, жазоларини олишнинг ўзи билан қутулмайдилар, балки улар учун одамларга қилган жабр ва тажовузлари сабабли Охират диёрида ҳам аламли азоб бордир. Чунки Ҳақ таоло агар хоҳласа, Ўзининг бандалар устидаги ҳаққини кечиб юбориши мумкин, аммо бандаларнинг бандалардаги ҳақларини - улар хоҳ моддий, хоҳ маънавий ҳақлар бўлсин - кечирмайди, магар ўша ҳаёти дунёда зулму тажовузга учраган, ҳаққи поймол қилинган банданингўзи кечириб юборсагина Оллоҳтаоло ҳам унинг қилган бу гуноҳидан ўтиши мумкин. Қуйидаги оятда сўз шу ҳақда боради -

43. Албатта ким (ўзига етган озор-азийятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Оллоҳучун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз, бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир,
Юқоридаги оятларда Ҳақ таоло зулм ва унинг аҳлини мазаммат қилиб, золимлардан қасос олиниши Шариат қонуни эканлигини айтгач, ушбу ояти каримада қасос олишдан кечириб юбориш афзалроқ эканига ишора қилиб, кимда-ким ўзига етган озор-азийятга сабр қилиб, нафси учун интиқом олмасдан ўзига зулм қилган кимсани кечириб юборса, албатта унинг сабри ва кечирими чин мўминнинг фазилатларидан бўлиб, унга буюрилган ишларнинг мақсадга мувофиқроқ - афзалроғидан эканлиги таъкидланди. Албатта бу ўринда сўз афв қилиниши золимни яна бадтар ҳаддан ошишига сабаб бўлмайдиган ишлар ҳақидадир. («Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафоашр» китобидан).
«Танвийрул-азҳон» тафсирида ҳикоя қилинади: Ҳасани Басрий раҳимахуллоҳ мажлисида бир кимса бир кишини сўкиб ҳақорат қилган эди, ноҳақ ҳақоратланган киши ғазабини ичига ютиб, терлаб кетди, сўнгра ўрнидан турдида, ўрганаётганимиз ояти каримани тиловат қилганича мажлисдан чиқиб кетди. Шунда Ҳасани Басрий: «Оллоҳга қасамки, жоҳил-нодон кимсалар ушбу оятни зое қилиб, унутиб юборган бир пайтда бу киши уни унутмасдан тўғри англаб, унга амал қилди», деди.

44. Кимни Оллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун ўшандан кейин бирон (Тўғри Йўл кўрсатгувчи) дўст йўқдир. У золимларнинг (Қиёмат Кунида) азобни кўрган вақтларида «(Яна дунёга) қайтишга бирон йўл бормикан?» деяётганларини кўрурсиз.
Ушбу ояти карима Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам иймон келтиришга ва қавму қариндошлик ришталарини узмасликка даъват қилганларида у зотдан юз ўгирган, қайта тирилиш ҳақ эканлигини, дунё матоси эса жуда оз ва арзимас мато эканини айтганларида у кишини ёлғончи қилган мушрик-кофир кимсалар ҳақида, яъни, Оллоҳтаоло Тўғри Йўлдан оздирган кимсалар ҳақида бўлиб, бундай иймонсизликлари-дан кейин уларга ҳаёти дунёда Тўғри Йўлни кўрсатиб берадиган бирон дўст йўқ экани, энди уларнинг кўзлари фақат Охират диёрида Қиёмат Кунида, жаҳаннам азобини ўз кўзлари билан кўрганларидан кейингина очилиши ҳақида хабар берилади. Ана ўшанда у бадбахт кимсалар ҳаёти дунёдаги куфру исёнлари учун минг-минг афсус надоматлар чекиб: «Ҳаёти дунёга қайтарилишнинг бирон-бир йўли бормикан, ҳар бир на-фасимизни Ёлғиз Оллоҳ таолога тоат-ибодат билан ўтказсак», деб қоладилар. Аммо у Кунда вақт ўтган, фурсат битган бўлиб, кофирларнинг аттанг-пушаймонларининг ҳеч қандай фойдаси бўлмайди. Бу ҳақда Анъом сурасининг 27-28-оятларида ҳам айтилган бўлиб, ўз ўрнида бақадри ҳол тафсир қилиб ўтилган эди. «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), уларни дўзах устида турғазиб қўйилган пайтларида: «Қани энди бизлар (дунёга) қайтарилсак ва Парвардигоримизнинг оятларини ёлғон демай, мўминлардан бўлсак», деганларини кўрсангиз эди. Йўқ, (улар иймонга келмайдилар. Фақат ҳозир - Қиёмат Кунида) уларга илгари яшириб юрган нарсалари ошкор бўлиб қолди, холос. Агар (дунёга) қайтарилсалар, шубҳасиз, улар яна ўзлари манъ қилинган ишларга қайтадилар. Албатта улар ёлғончидирлар». (Анъом сураси, 27-28-оятлар).

45. Уларнинг хорликдан эгилган ва кўз қирлари билан ўғринча назар ташлаган ҳолларида (дўзахга) кўндаланг қилинаётганлирини кўрурсиз. Ва Иймон келтирган зотлар: «Ҳақиқий зиёнкорлар Қиёмат Кунида ўзларига, ва аҳли-оилаларига зиён қилган кимсалардир», дедилар. Огоҳ бўлингизким, у золимлар мангу азобдадирлар.
«Уларнинг хорликдан эгилган ва кўз қирлари билан ўғринча назар ташлаган ҳолларида (дўзахга) кўндаланг қилинаётганлирини кўрурсиз».
Яъни, шунингдек, Қиёмат Кунида мўминлар кофирларни қай ҳолатда дўзахга ташланаётганларини ҳам кўрадилар: «У дўзах азобига хукм қилинган кофир ва мушриклар қўрқув ва хорликдан бошлари эгилган ҳолларида, хатарнинг қаттиқлигидан дўзахга рўй-рост киришга ҳам ботина олмай ўғринча кўз қири билан назар ташлаганларича фаришталар томонидан олиб борилиб унга итқитиб юбориладилар. Яъни, дўзах аҳли учун дўзахга ташланишлари асносида чекадиган азоб-уқубатлари унда мангу ёниш азобига баробар бўлади.
«Ва Иймон келтирган зотлар: «Ҳақиқий зиёнкорлар Қиёмат Кунида ўзларига, ва аҳли-оилаларига зиён қилган кимсалардир», дедилар. Огоҳ бўлингизким, у золимлар мангу азобдадирлар».
Яъни, мўминлар Қиёмат Кунида кофирларнинг мана шундай азоб-уқубатларга гирифтор бўлганларига гувоҳ бўлгач: «Ҳақиқатан ҳам энг катта зиёнга дучор бўлгувчи кимсалар дўзахга кириш ва унда мангу азобланиш билан ўзларига ҳам, оила ва фарзандларига ҳам зиён етказган кимсалардир», дедилар.Уларнингўзларига етказган зиёнлари ҳеч қандай нажотга умид қилмаган ҳолларида дўзахдаги мангу азобга гирифтор қилинишларидир, аҳли оилаларига етказган зиёнлари эса, агар улар ҳам дўзах аҳлидан бўлса, уларнинг дўзахга киришларига мана шу кофирлар сабабчи бўлганлар, чунки буларнинг йўлларидан борганлари учун улар ҳам дўзахга тушдилар. Аммо агар бу кофирларнинг авлод-зурриётлари Оллоҳ таолонинг Ҳидояти билан иймон йўлини танлаб аҳли жаннат бўлган эсалар, у ҳолда кофир аждодларнинг мўмин авлодларига етказган энг катта зиёнлари, мўмин авлодлар кофир аждодларидан мангу ажралиб, дийдорларидан маҳрум бўлиб қолганларидир. Аниқки, бундай зиёнкор-золимлар мангу азоб-уқубатдадирлар.

46. (Дўзах эгалари) учун Оллоҳдан ўзга уларга ёрдам берадиган «дўстлар» бўлмас. Кимни Оллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун (Тўғри) Йўл йўқдир.
Яъни, кофирлар Қиёмат Кунида дўзах азобига ҳукм қилинганлари-да, улар Оллоҳни қўйиб сиғинган ва бизларни Оллоҳ ҳузурида шафоат қиладилар деб ишонган бут-санамларидан биронтаси уларга ёрдам бера олмайди, уларни дўзах азобидан қутқара олмайди. Зотан, кимни Оллоҳ йўлдан оздирса, яъни, Ўзининг Илми Азалийси билан у кимсанинг қандай йўлни танлашини ва қандай гуноҳлар қилишини билгани сабабли Ҳидоят ва иймон Йўлидан тўсиб қўйса, ундай кимса ҳеч қачон нажот ва жаннат йўлини топа олмайди ва то ўлгунича залолат йўлларининг бунисидан кириб унисидан чиқиб адашиб-улоқиб юраверади, аммо Тўғри Йўлни асло топа олмайди. Бас, залолатдаги кимсаларнинг Ҳақ Йўлга даъват қилинганларида қабул қилмасликларидан ажабланишнинг ҳеч ҳожати йўқ, чунки улар Тўғри Йўлдан тўсилиб қолган бахтсиз кимсалардир.

47. (Эй инсонлар), Оллоҳ томонидан ортга қайтарилмайдиган Кун (Қиёмат) келиб қолишидан илгари Парвардигорингизга ижобат-итоат этингиз! У Кунда сизлар учун бирон илтижо қилиб борадиган жой ҳам, (қилиб ўтган гуноҳларингизни) инкор қилиш (имкони) ҳам бўлмас.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло жамийки инсониятни Қиёмат Кунининг даҳшатидан огоҳлантириб ва у Кун учун мана шу ҳаёти дунёда та-йёргарлик кўришга буюриб, гўё шундай дейди: «Эй инсонлар, сизларнинг барчангиз Парвардигорингизнинг даъватига лаббай деб жавоб беринглар. У сизларни Ўзига, китобларига ва элчи-пайғамбарларига иймон келтиришга чақирмоқда. Бас, сизлар ҳали кеч бўлиб қолмасидан - ҳеч ортга қайтарилмайдиган Қиёмат Куни келиб қолмасидан Оллоҳ таолога иймон келтиринглар, Ёлғиз УнингЎзига тоат-ибодат қилинглар ва Унинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга итоат этинглар! Ҳеч шак-шубҳасиз келадиган у Кун кўз очиб юмгунча келиб қолиши мумкинки, у холда хеч ортларингизга қайтарилмайсизлар ва ўзларингиз учун Оллоҳ таолонинг ҳақли жазосидан қочиб қутулиш мумкин бўлган бирон жой топа олмай қоласизлар, шунингдек, ҳаёти дунёда қилиб ўтган гуноҳ-маъсиятларингиздан биронтасидан тонишга имкон ҳам топа олмай қоласизлар. Чунки қилган барча иш-амалларингиз номайи амалларингизда ёзилган бўлади ва жамийки аъзоларингиз тилга киритилиб, сизларга қарши гувоҳлик беради! Бу ҳақда бошқа бир сурада шундай хабар берилади: «Бас, (кўрган даҳшатларидан) кўз қамашиб, (осмондаги) ой ҳам тутилган ҳолда қуёш ва ой бирлаштирилган вақтда - ана ўша Кунда у инсон: «(Бу бало-офатлардан) қаерга қочиб-қутулиш мумкин?», деб қолур! Йўқ! (Эй инсон, Оллоҳнинг азобидан қочиб қутуладиган) бирон бошпана йўқдир! У Кунда Ёлғиз Парвардигоринг (хукм қилган жой)га қарор топишгина бордир! У Кунда инсонга (ҳаёти дунёдалик чоғида) қилиб ўтган ва (ўзидан кейин) қолдирган (барча) нарсаларнинг (яъни, яхши-ёмон амалларнинг) хабари берилур. Балки (У Кунда) инсонгарчи ўз узр-баҳоналарини (ўртага) ташласа - келтирса-да, - (унинг барча аъзолари) ўзининг зиёнига гувоҳлик бергувчидир! (Қиёмат сураси, 7-15-оятлар).
Яъни, инсон ҳаёти дунёдалик пайтида ҳар қандай ҳакамни ўз тили-нутқи билан алдаб кетиши мумкин, аммо Қиёмат Кунида - Ёлғиз Оллоҳ таоло Ҳакам бўлган пайтида инсоннинг нотиқлиги бекор-бефойда бўлиб қолади. Чунки у Кунда инсон ўзини оқлаш учун қандай сабаб-баҳоналар топмасин, Оллоҳ таоло томонидан унинг баданидаги барча аъзоларига тил ато этилиб, улар ўз эгаларининг қилиб ўтган гуноҳларига гувоҳлик берадилар.

48. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар (мушриклар) энди ҳам (Ёлғиз Оллоҳга иймон келтиришдан) юз ўгирсалар, бас, Биз Сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ! Сизнинг зиммангиз-да фақат (Биз Сизга нозил қилган ваҳийни) етказиш бор, холос. Дарҳақиқат, Биз инсонга Ўз томонимиздан Раҳмат-Марҳамат тотдирган вақтимизда у ўша (неъмат) билан шодланур, (аммо) агар уларга ўз қўллари қилган (гуноҳлари) сабабли бирон ёмонлик етса, бас, албатта инсон (зоти) куфрони неъмат қилгувчи - кўрнамакдир!
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, бас, агар Макка мушриклари Сиз уларга етказган мана шундай Илоҳий ҳужжатлар ва ибратли эслатмаларни эшитиб-билганларидан кейин ҳам Ҳақ Динни қабул қилмай ўзларининг ширк ва исёнларида оёқ тираб тураверадиган бўлсалар, у ҳолда Сиз ўзингизни маломат қилманг, чунки бу Сизнинг айбингиз эмасдир. Сизнинг зиммангиздаги вазифа, фақат ўзингизга нозил бўлган Каломуллоҳни одамларга очиқ-ойдин қилиб етказиш, холос. Сиз бу улуғ вазифани ҳеч бир қўшимча қилиб бўлмайдиган тарзда мукаммал адо этдингиз.
Чунки уларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилиш ёки залолатга кетказиш Сизнинг қўлингиздаги иш бўлмай, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган бандаларини (яъни, ҳидоят топиш бахтига лойиқ бўлган бандаларини) Тўғри Йўлга бошлар, Тўғри Йўлга нолойиқ бўлган кимсаларни эса, Унинг Ўзи залолатга кетказур.
Ояти каримада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг вазифалари фақат Оллоҳ таолонинг Динини бандаларига етказиш экани, у зот итоатдан юз ўгирган кимсалар устида кўриқчи эмасликлари яна бир бор таъкидланди.
«Дарҳақиқат, Биз инсонга Ўз томонимиздан Раҳмат-Марҳамат тотдирган вақтимизда у ўша (неъмат) билан шодланур, (аммо) агар уларга ўз қўллари қилган (гуноҳлари) сабабли бирон ёмонлик етса, бас, албатта инсон (зоти) куфрони неъмат қилгувчи - кўрнамакдир!»
Яъни, агар Биз инсонга Ўз Марҳаматимизни кўргазиб, соғлик, тинчлик, бойлик, ва бошқа неъматлар ато этсак-да, сўнгра у ўша неъматларнинг мазасини тотиб, уларга ўрганиб қолган пайтида яна Ўзимиз ундан ўша неъматларнинг биронтасини олиб қўядиган бўлсак, албатта у сабрсизлиги ва Бизга ишонмагани сабабли Фазлу Марҳаматимиздан бутунлай ноумид, илгари ўзига ато этилган неъматларга ношукр кимсага айланиб олиши аниқдир.
Ояти карима мазмунидан маълум бўлишича, бу ўринда сўз динсиз иймонсиз инсонлар ҳақида боради. Чунки иймонли инсон Оллоҳ таоло унга неъмат ато этса, шукр қилади, агар у бандасини синаш учун ёки унинг ўзига маълум бўлган ҳикмат сабабли ато этган неъматини олиб қўядиган бўлса, сабр қилади, ноумидликка тушмайди.
Мусулмон инсон қандай неъматга эришса, унинг Оллоҳ таоло ато этган неъмат эканини билади. Шунинг учун кўлидан бирон неъмат чиқиб кетганида ҳам умидсизликка тушмай сабр қилади ва Яратгандан аввалгидан яхшироқ неъматлар ато этишини сўраб дуо-илтижо қилади. Мўминлар қўлларидан бирон неъмат кетса шундай дейдилар: “Шоядки Парвардигоримиз бизларга ундан яхшироғини алмаштириб берса. Бизлар албатта Ёлғиз Парвардигоримизга рағбат-илтижо қилгувчи-дирмиз”. (Қалам сураси, 32-оят).
“Зеро, Оллоҳнинг Раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур”. (Юсуф сураси, 87-оят).

49-50. Осмонлар ва Ер Оллоҳнинг мулкидир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни хддя этур. Ёки уларни эгизак ўғиллар ва қизлар қилур ва Ўзи хоҳлаган кишини - туғмас (бепушт) қилиб қўюр. Албатта У (барча нарсани) Билгувчи ва (Ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) Қодирдир.
Яъни, осмонлар ва Ер ҳамда уларда мавжуд бўлган барча жонли-жонсиз нарса ва кимсаларнинг Эгаси Ёлғиз Оллоҳдир. Уларнинг ҳаммасини ва ҳар бирини У Зотнинг Ўзи комил Қудрат ва гўзал Ҳикмат билан тасарруф қилади - бошқаради. Ҳеч ким Ундан яширина олмайди ва ҳеч ким Ундан қочиб қутула олмайди.
Зотан, бутун борлиқ Унинг мулкидир, У Ўзи хоҳлаган нарсасини Ўзи хоҳлаганидек яратади - хоҳласа бировни Ийсони яратгани каби отасиз ҳолда яратади, хоҳласа, бировни Ҳаввони яратгани каби онасиз ҳолда яратади, хоҳласа, бировни Одамни яратгани каби на ота, на онасиз, бир ҳовуч тупроқдан яратади, хоҳласа, Ўзи хоҳлаган нарсага “Бўл” дейиши билан у нарса дунёга келади!
«У Ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва Ўзи хоҳлаган ки-шига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларни эгизак ўғиллар ва қизлар қилур ва Ўзи хоҳлаган кишини - туғмас (бепушт) қилиб қўюр. Албатта У (барча нарсани) Билгувчи ва (Ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) Қодирдир».
Оятларда зикр қилинган нарсанинг тасдиқини Оллоҳ таолонинг пайғамбарлари алайҳимус-салом ҳаётида ҳам кўрилса бўлади. Масалан, Ҳақ таоло Лут алайҳис-саломга икки қиз берди-ю, ўғил бермади, Иброҳим алайҳис-саломнинг саккиз ўғли бор эди, аммо қиз фарзанд кўрмаган эди, сўнгги Элчи Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг эса, ўғиллари ҳам, қизлари ҳам бор эди, Яҳё ва Ийсо алайҳимас-саломнинг бўлса, на ўғил ва на қизлари бор эди. Барча инсонларнинг ҳаётларида ҳам худди шу Илоҳий қонун ўз аксини топгандир. Чунки бу иш осмонлар ва Ернинг Танҳо Эгаси бўлмиш барча нарсани Билгувчи ва ҳар ишга Қодир Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг Ихтиёридаги ишдир.

51. Бирон одам учун Оллоҳ унга сўзлаши жоиз эмас, магар ваҳий-илҳом орқали ё парда-тўсиқ ортидан ёки элчи-фаришта юбориб, ўша (фаришта Оллоҳнинг) Изни-Ихтиёри билан У хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши орқали (сўзлар). Албатта У Юксакдир, Ҳикмат Эгасидир.
Мазкур оятдан пайғамбарлар Оллоҳ таоло билан уч восита орқали боғланганлари маълум бўлди: биринчиси ғойибдан келган ваҳий - илҳом ёки ўнгидан келадиган туш орқали. Чунки Пайғамбар алайҳис-салом: «Пайғамбарларнинг тушлари ваҳийдир», деганлар. Бунга мисол, Иброҳим Халилуллоҳнинг тушларида ўз ўғиллари Исмоил Забиҳуллоҳни Оллоҳ Йўлида қурбонлик қилишга буюрилишидир. Иккинчиси бирон парда-тўсиқ ортидан Оллоҳ таоло Ўз пайғамбарига сўзлашидир. Бунга мисол Тур тоғида Оллоҳтаоло Мусо пайғамбарга парда ортидан бевосита сўзлаганидир. Учинчиси эса, Оллоҳ таоло Ўз пайғамбарларига фаришталар орқали ваҳий юбориши бўлиб, Жаброил алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг ваҳийларини пайғамбарларга элтгувчи элчи-фариштадир.
Муфассирларнинг айтишларича, ушбу ояти кариманинг нозил бўлишига сабаб, яхудлар Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламга: «Агар сен чиндан ҳам пайғамбар бўлсанг, Мусо сўзлашгани каби Оллоҳни кўриб турган ҳолингда у билан сўзлашмайсанми?» дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусо Оллоҳ таолони кўриб турган эмас», деган эдиларки, Оллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилди. (Воқидийнинг «Асбобун-нузул» китобидан). Мусо алайҳис-салом Оллоҳ таоло билан сўзлашганида Уни кўрмагани ҳақида Аъроф сурасининг 143-оятида очиқ баён қилинган ва биз мазкур ояти каримани ала қадри ҳол тафсир қилиб ўтганмиз.

52-53. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), шу янглиғ (яъни, худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиз каби) Биз Сизга Ўз Амримиздан бўлган Руҳни - Куръонни ваҳий қилдик. Сиз (Пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни - Куръонни ва на иймонни (яъни, унинг ҳақиқат-моҳиятини) билгувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Куръонни) бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилурмиз. Албатта Сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида мўминларни) Тўгри Йўлга етаклайсиз. У (Йўл) осмонлардаги ва Ердаги бор нарсанинг Эгаси бўлмиш Оллоҳнинг Йўлидир! Огоҳ бўлингизким, барча ишлар айланиб Ёлғиз Оллоҳ ҳузурига борур!
«(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), шу янглиғ (яъни, худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиз каби) Биз Сизга Ўз Амримиздан бўлган Руҳни - Куръонни ваҳий қилдик».
Бу ўринда Оллоҳтаоло томонидан Қуръони Карим Руҳ деб аталишига сабаб, жасад жон билан тирик бўлгани каби Диннинг руҳи - жони Қуръондир.
У билан ўлик бахтсиз кофир тирилиб - иймон келтириб, янги бахтли ҳаётга қайтади, унинг нозил бўлиши билан аввало араблар, кейин барча мусулмонлар жаҳолат уйқусидан уйғониб - тирилиб, Ер юзида мисли кўрилмаган янги ва тенгсиз буюк маданият - Исломий ҳаёт тарзини бунёд қилдилар.
«Сиз (Пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни - Куръонни ва на иймонни (яъни, унинг ҳақиқат-моҳиятини) билгувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни) бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилурмиз».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз ўзингизга ваҳий нозил қилинишидан илгари Қуръон нималигини ҳам, иймоннинг тафсилотини ҳам, Шариати Исломия қонунларини ҳам билгувчи эмас эдингиз. Қуръон, иймон - Исломнинг ҳақиқат-моҳиятига йўл топа олгувчи эмас эдингиз. Лекин биз Сизга нозил қилганимиз ушбу Қуръонни бир ёруғлик - нур қилдикки, у нур билан Ўзимиз ҳидоят қилишни хоҳлаган бандаларимизга, Тўғри Йўлни кўрсатурмиз, уларни жаҳолат ва залолат зулматларидан чиқариб, Ҳидоят ва Маърифат Йўлига бошлаймиз ва Ҳақ Динга ҳидоят қилурмиз.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам нима сабабдан уммий Пайғамбар бўлганларининг сири-ҳикмати мана бу ояти каримада баён қилинади: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Биз Сизга Қуръон нозил қилишимиздан) илгари Сиз бирон китобни тиловат қилгувчи бўлган эмас эдингиз ва ўз қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз. Акс ҳолда, бузғунчи кимсалар албатта шубҳага тушган бўлур эдилар». (Анкабут сураси, 48-оят).
Ҳақ таоло Ёлғиз Ўзига маълум бўлган ҳикмат билан сўнгги элчиси ум-мий пайғамбар бўлишини ирода қилди.
Уламолар “уммий” сўзини уч хил тафсир қиладилар. Ибн Азиз: “Уммий” сўзи уммат сўзидан олинган бўлиб, ўқимаган, хат танимайдиган саводсиз миллат бўлган араблар ичидан танланган пайғамбар деган маъ-нони англатади”, дейди.
Наҳҳос: “Уммий” сўзи “уммул-қуро”дан олинган. ОллоҳтаолоЎз Каломида Маккайи мукаррамани “Уммул-қуро - барча қишлоқ ва шаҳарларнинг онаси” деб атайди. Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Уммул-қурода, яъни, Маккада туғилиб, вояга етиб, ўша шаҳарда Ҳақ таоло ҳузуридан у зотга илк бор ваҳий нозил қилиниб пайғамбар бўлганлари учун “уммий Пайғамбар” деб номландилар”, дейди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса: “Пайғамбарингиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам - ўқишни, ёзишни ва ҳисоб-китобни билмайдиган уммий киши эдилар”, деб у зотнинг онадан туғилганларидан вояга етгунларича бирон кимсадан таълим олмаганларини таъкидлайди. Бу таъвилга кўра “уммий” сўзи умм - онадан туғилган ҳолида қолган деган маънони англатади.
Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам: “Биз ёзув ва ҳисобни билмайдиган уммий умматмиз”, деб марҳамат қилганлар. Яъни, у зоти бобаракот бирон инсондан на ўқишни, на ёзишни ва на ҳисоб илмини ўрганмаганлари ҳолда дунёнинг аввал-у охир барча олимлари жамланиб ҳам эгаллай олмайдиган, Ҳақ Сўз эканини ҳеч ким инкор қила олмайдиган Қуръон Илмига эга бўлганлари яъни, Жаноби Ҳақнинг Ўзидан таълим олганларининг ўзи у зотга ато этилган энг улуғ мўъжизалардан биридир.
Агар фаразан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ёшликларидан бошлаб бировлардан таълим олганларида ва кейин ўзларига Ҳақ таоло томонидан нозил бўлган оятларни одамларга етказганларида айрим кимсалар: “Устозларидан ўрганганларини айтяпти”, дейишлари мумкин эдики, у зотнинг уммий пайғамбар бўлишлари ана шундай туҳмат тошларига қарши қўйилган Илоҳий ҳимоя бўлди.
«Албатта Сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида мўминларни) Тўғри Йўлга етаклайсиз. У (Йўл) осмонлардаги ва Ердаги бор нарсанинг Эгаси бўлмиш Оллоҳнинг Йўлидир! Огоҳ бўлингизким, барча ишлар айланиб Ёлғиз Оллоҳ ҳузурига борур!»
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, ҳеч шак-шубҳа йўқки, албатта Сиз ушбу Қуръон оятлари билан Сизга иймон келтирган мўминларни Оллоҳнинг Йўлига - Ер-у осмонларнинг Эгаси таълим берган бирдан-бир Ҳақ Йўлга етаклайсиз. Зотан, бандалар ўйлаб топган ҳеч қайси йўл Ер-у осмонларнинг эгаси бўлмиш Ҳақ таоло Ўзининг ҳақ Элчисига нозил қилган Китобида аниқ-равшан қилиб кўрсатиб берган Сиротуллоҳга - Оллоҳнинг Йўлига баробар бўла олмас. Огоҳ бўлингизким, бандаларнинг қилган барча ишлари Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло ҳузурига қайтарилиб, бирма-бир ҳисоб-китоб қилинур ва ана ўша Кунда кимлар Қуръони Каримда кўрсатилган Тўғри Йўлда барқарор бўлиб ҳаёт кечирдилар, кимлар бандалар ўйлаб топган залолат йўлларида адашиб-улоқиб юриб умрларини зое қилдилар, барча-барчаси аён бўлгай. Ҳақ таоло барчамизга Ўзининг Йў-лида собитқадам бўлиш бахтини ато этгай.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг Фазлу Марҳамати билан Шўро сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

 

 

 

Орқага Олдинга