loader

066. Таҳрим сураси

Мадинада нозил бўлган, 12 оятдан иборат

“Таҳрим” сўзининг луғатда «ҳаром қилиб олиш» деган маъноси бор, Қуръони каримнинг олтмиш олтинчи сураси номи, Мадинада нозил бўлган, 12 оятдан иборат. Сура Пайғамбар алайҳиссаломга Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ўзлари учун ҳаром қилиб олганлари сабабли танбеҳ бериш билан бошлангани учун шундай ном олган. Сўнгра у зот билан аҳли байтлари ўртасида бўлиб ўтган айрим воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳикоя қилинади ва бу билан мусулмонларга эр билан хотиннинг оилада тутиши лозим бўлган ўрни-мавқеи ҳамда улар ўртасидаги риоя этилиши лозим бўлган айрим тартиб-қоидалар ўргатилади. Сурада Набий алайҳиссаломнинг хотинлари ораларида содир бўлган баъзи келишмовчиликлар, рашк қилишлар нотўғри экани уларнинг ўзларига тушунтирилади. Сура охирида эса мўмин эр билан яшаган кофира аёл ва кофир эр билан турмуш қурган мўмина аёлнинг мисоли келтирилади. Охиратда ҳасабу насаб, яқинлик ва қариндошлик сира фойда бермаслиги уқтириб ўтилади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Эй Пайғамбар! Хотинларингизнинг розилигини истаб Аллоҳ сизга ҳалол қилган нарсани нега ҳаром қилиб оласиз? Аллоҳ магфиратлидир, раҳмлидир.
Аллоҳ таоло Ўзининг Набийси Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб айтяптики, эй Пайғамбарим, нима учун хотинларингизнинг розилиги деб Аллоҳ сизга ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиб оляпсиз? Аллоҳ мағфиратли, раҳмли бўлгани учун сизнинг бу хатойингизни кечиради. Ушбу ояти кариманинг нозил бўлишига Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хонадонларида содир бўлган бир воқеа сабаб бўлган. Пайғамбар алайҳиссалом бир куни покиза завжалари Зайнаб бинти Жахдтнинг уйида асал истеъмол қилиб бир оз қолиб кетадилар. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа завжалари Оиша ва Ҳафса розияллоху анҳумонинг рашклари қўзиб, у зотга ҳийла қилишга келишиб олишади. Шундан сўнг Пайғамбар алайҳиссалом бундан кейин асал емасликка қасам ичадилар.
Ҳишом ибн Урва отасидан, у эса Оиша розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ширинликлар ва асални яхши кўрар эдилар. Асрдан қайтгач аёллари олдига кирардилар. Бир куни Ҳафса бинти Умарнинг олдига кириб одатдагидан кўра узоқ ушланиб қолдилар. Мен буни билдимда, бу ҳақда сўрадим. Менга айтишдики: “Ҳафсага ўз қавмидан бир аёл бир идишда асал ҳадя қилибди. У шундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ичирибди. Шунда мен: “Аллоҳга қасамки, биз у кишига ҳийла қиламиз”, дедимда Савда бинти Замъага: “Яқинда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хонангга яқинлашадилар. Агар олдингга кирсалар сен: “Эй Аллоҳнинг Расули, мағофир (саримсоққа ўхшаш бадбўй ҳид чиқарадиган таом) едингизми?” деб айт. У киши: “Ҳафса менга асал ичирган эди”, дейдилар. Сен: “Ҳиди келиб турибди” деб айт. Мен ҳам шундай дейман, эй София, сен ҳам шундай дегин”, дедим”. Савда айтади: “Аллоҳга қасамки, қарасам, у киши эшик олдида турибдилар. Менга Оиша буюрган нарсани ўзим у кишига айтиб беришимга сал қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга яқинлашганларида “Эй Аллоҳнинг Расули, мағофир едингизми?” дедим. У киши: “Йўқ, Ҳафса менга асал ичирган эди”, дедилар. Мен: “Мағофирнинг ҳиди келяпти”, дедим”. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: “Менинг олдимга кирганларида Расулуллоҳга мен ҳам шундай дедим. София ҳам шундай деди. Кейинги сафар яна Ҳафсанинг олдига кирганларида у: “Эй Аллоҳнинг Расули, асалдан ичирайми?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, менинг унга эҳтиёжим йўқ”, дедилар. Шунда Савда: “Субҳан-аллоҳ, биз у кишига (асални) ҳаром қилиб қўйдик-ку!” деди. Мен унга: “Жим бўл”, дедим” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ибн Абу Мулайка айтади: “Савда бинти Замъанинг тоғалари бор эди, унга асал ҳадя этиб туришарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Савданинг кунидан бошқа кунларда ҳам унинг олдига кириб асал ичиб турардилар. Оиша билан Ҳафса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа аёллари орасида ўзаро биродарлашган эдилар. Бири бошқасига: “Шунга қараб тураверасизми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу асалдан ейиш учун уникига ўзиникидан бошқа кунда ҳам келишга одатланиб қолдилар. Агар энди ҳузурингга кирсалар бурнингни ушла. “Нима бўлди?” десалар, “Сиздан бир ҳид келяпти, нималигини билмаяпман”, дегин. Мен ҳам шундай дейман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. У бурнини ушлади. У киши: “Сенга нима бўлди?” дедилар. У: “Сиздан бир ҳид келяпти, мағофир бўлса керак”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўй бўлиб юришни ёқтирардилар. Кейин бошқасининг олдига кирдилар. У ҳам шу каби гапни айтди. Шунда у киши: “Менга бу гапни фалончи ҳам айтган эди. Бу Савданинг уйида еган нарсам сабаблидир. Аллоҳга қасамки, мен уни ҳеч қачон тотиб қўрмайман (емайман)”, дедилар. Ушбу оят шу ҳақда нозил бўлган”.

2. Дарвоқе, Аллоҳ сизларга қасамларингизни ҳалоллаб олишни фарз қилди. Аллоҳ Хожангиздир ва У билувчидир, ҳикматлидир.
Яъни, Аллоҳ таоло Ўз илми ва ҳикматига кўра сизларга аҳкомларини ва ҳидоятни юборгандир. Улардан бири шуки, агар бир киши номуносиб бир нарсага қасам ичгудай бўлса, каффоратини бериб, қасамидан бўшалиши, яъни уни ҳалоллаб олиши мумкин. Аслида Ислом дини одамларни қасам ичишга тарғиб қилмайди, аммо қасам ичилгандан кейин уни бажаришни талаб этади. Баъзи вақтларда эса қасам ичилган ишни бажаргандан кўра қасамни бузган афзалроқ бўлиб қолади. Масалан, биров қасам ичиб, ўзига бирор ҳалол нарсани ҳаром қилган бўлса, шариат бўйича унинг қасамни бузишига рухсат берилади. Лекин қасамни бузгани учун қасам ичган киши маълум каффорат-товон тўлаши керак. Моида сурасида баён қилинганидек, қасамнинг каффорати ўнта мискинни тўйдириш ёки кийинтириш, имкони бўлса, бир қулни озод қилиш билан ёки уч кун рўза тутиш билан амалга ошади. Шундай бўлганидан кейин, сизлар буюк Хожангиз Аллоҳ таолонинг буйруғини бажаринг. Аллоҳ азза ва жалла “билувчи” сифати билан ҳамма нарсани, жумладан ичган қасамларингизни ва унинг каффоратини қандай адо этганингизни ҳам билиб туради. У “ҳикматли” сифати билан турли ҳукмларни, жумладан ҳалоллашга оид ҳукмни жорий қилиб қўйган.

3. Пайғамбар хотинларидан бирига бир гапни махфий айтган эди. Шунда бу ҳақда хабар бергач, Аллоҳ уни бундан воқиф қилди. У баъзисини билдирди ва баъзисини қолдирди. Қачон (Пайғамбар Ҳафсага) бу ҳақда хабар берганида, у: «Буни сизга ким айтди?» деди. «Менга билувчи, хабардор хабар берди», деди.
Қуръон оятл ари ўта қисқаю маъноси кенг ва бал оғатли бўл ганидан улар кенгроқ шарҳланмаса, таржимада мақсадни тўлиқ англатиш қийин бўлади. Оятда айтиляптики, Пайғамбар алайҳиссалом завжаларидан бири Ҳафсага бир сирли гапни, яъни чўрилари Мориянинг талоқ қилишлари ёки асал ичмасликлари ҳақидаги хабарни махфий равишда айтиб, ҳеч кимга етказмасликни тайинлаган эканлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг «Ҳеч кимга айтма, мен ўзимга фалон нарсани ҳаром қилдим» деган махфий гапларини Ҳафса онамиз Ҳазрати Оишага айтиб қўйди. Аллоҳ Ҳафса онамизнинг ўртадаги сирни фош этганини Пайғамбар алайҳиссаломга фариштаси Жаброил алайҳиссалом орқали билдирди. Пайғамбар алайҳиссалом эса бағрикенгликлари ва улуғликларига бориб, завжалари Ҳафсага бўлиб ўтган гапларнинг баъзисидан хабар топганларини айтган бўлсалар, баъзиларини билмасликка олиб, айтмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртадаги махфий гапни Ҳафса ошкор қилганини ҳазрати Оишага эслатганларида у киши: “Бу хабарни сизга ким етказди?” деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом бунга: “Ҳамма нарсани билувчи, ҳамма ишлардан хабардор Аллоҳ таоло етказди”, деб жавоб бердилар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳшнинг ҳузурида туриб қолар, унинг олдида асал ичар эдилар. Ҳафса икковимиз «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қай биримизнинг олдига кирсалар, «Сиздан мағофир (бад-бўй ўсимлик) ҳиди келяпти, мағофир едингизми?» десин», деб келишиб олдик. У зот биримизнинг олдига кирдилар. У ўша гапни айтди. У зот: «Йўқ, Зайнаб бинт Жаҳшнинг олдида асал ичган эдим, энди асло буни қайтармайман», дедилар. Шунда: «Эй Набий! Нима учун Аллоҳ сенга ҳалол ҳилган нарсани ҳаром ҳиласан?...»дан Оиша ва Ҳафса ҳақидаги «Агар икковингиз Аллоҳга тавба ҳилсангиз»...гача бўлган оятлар нозил бўлди. «Набий аёлларидан бирига сир гап айтган эди...» жумласи у зотнинг «Йўқ, асал ичдим», деган гаплари ҳақидадир» (Бухорий ривояти).

4. Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз, ҳақиқатан қалбларингиз (ҳаққа) мойил бўлибди. Агар унга қаршиликка борсанглар, унда Аллоҳнинг Ўзи ҳам, Жаброил ҳам, солиҳ мў-минлар ҳам, булардан кейин яна фаришталар ҳам унга ёрдамчидир.
Бу ояти карима орқали Аллоҳтаоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг икки завжалари Ҳафса ва Оишаларга хитоб қилиб шундай деяпти: агар икковингиз қилмишларингиз учун Аллоҳга тавба қилсангиз, бу ҳақ йўлдан тойиб кетган дилларингизнинг яна ҳаққа мойил бўлганини билдиради. Агар турли ҳийла ва озорлар билан Аллоҳнинг Пайғамбарига қаршиликка бориб, у зотга азият етказсанглар, унда Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам, Жаброил алайҳиссалом ҳам, солиҳ мўминлару фаришталар ҳам Пайғамбар алайҳиссаломга ёрдамга келишади. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ларида келган ушбу ҳадис оятда зикр қилинаётган воқеаларнинг тафсилотини баён этади:
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Аллоҳ «Агар икковингиз Аллоҳга тавба ҳилсангиз, батаҳҳик» қалбларингиз (ҳаҳҳа) мойил бўлибди» деб айтган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки завжалари тўғрисида Умар розияллоҳу анҳудан сўрашга қаттиқ иштиёқманд бўлиб юрар эдим. Кейин у билан бирга ҳаж қилиб қолдим. (У йўлда кетаётиб) бирдан четга чиқди. Мен ҳам тери обдастани олиб, у билан бирга четга чиқдим. У қазои ҳожат қилиб, кейин қайтиб келди. Мен унинг қўлларига тери обдастада сув қуйиб турдим, у таҳорат олди. Кейин мен: «Эй мўминларнинг амири, Аллоҳ «Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз» деб айтган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки завжалари кимлар?» дедим. Шунда у: «Ажойибсанда, эй Ибн Аббос! Оиша билан Ҳафсада», деди. Сўнгра Умар гапни бир бошдан бошлаб, шундай деди: «Мен бир ансорий қўшним билан Бани Умайя ибн Зайд ерларида эдик. Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига тушишда навбатлашар эдик. Бир кун у тушарди, бир кун мен тушардим. Қачон мен тушсам, унга ўша куннинг хабарларини - ваҳий ва бошқа нарсаларни келтирар эдим. У ҳам қачон тушса, худди шундай қилар эди.
Биз, Қурайш жамоаси, аёллардан устун келардик. Ансорларнинг олдига келсак, улар аёллари устун келадиган одамлар экан. Бизнинг аёллар ҳам секин-аста ансорийларнинг аёлларининг хулқ-атворидан ўзлаштира бошлашди. (Бир кун) аёлимга бақирсам, у менга гап қайтарди. Унинг менга гап қайтаришини рад қилган эдим, «Нима учун сенга гап қайтаришимни рад қиласан? Аллоҳга қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари ҳам у зотга гап қайтаришади-ку?! Улардан бири у зотдан бир кун кечгача ҳам аразлаб юради», деди. Бу мени даҳшатга солди ва: «Уларнинг қайси бири шундай қилган бўлса, катта хатоликка йўл қўйибди!» дедим. Сўнгра уст-бошимни кийдимда, Ҳафсанинг олдига кириб: «Эй Ҳафса, сизлардан бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бир кун кечгача ғазаблантириб юрадими?» дедим. Шунда у: «Ҳа», деди. Мен: «Ўша аёл хато қилибди, ютқазибди! Аллоҳ Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазаблари туфайли ғазаб қилиб, ҳалок бўлишингдан хотиржаммисан?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп нарса талаб қилма, у зотга бирор нарсада гап қайтарма, у зотдан аразлаб юрма. Нима керак бўлса, мендан сўра. Кундошингнинг (яъни Оишанинг) сендан гўзалроқ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга суюклироқ бўлиши сени алдаб қўймасин», дедим.
Ғассон қабиласи бизга қарши ғазот қилиш учун улов ҳозирлаётгани ҳақида гапириб юрар эдик. Шеригим ўзининг навбати куни тушиб, кечки пайт қайтиб келдида, эшигимни қаттиқ тақиллатди ва: «У ухлаяптими?» деди. Мен қўрқиб кетиб, унинг олдига чиқдим. У: «Улкан иш юз берди», деди. Мен: «Нима экан у? Ғассон қабиласи келдими?» дедим. Ў: «Йўқ, ундан ҳам улканроқ ва муҳим иш: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларини талоқ қилдилар», деди. Мен: «Дарҳақиқат, Ҳафса хато қилибди ва ютқазибди. Шундай бўлмасайди, деб ўйлаб юрган эдим», дедим.
Кейин уст-бошимни кийиб, бомдод намозини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўқидим. У зот ҳаммадан ажраб, хос хоналарига кириб кетдилар. Ҳафсанинг олдига кирсам, йиғлаётган экан. Мен: «Нега йиғлаяпсан? Мен сени огоҳлантирмаганмидим?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларни талоқ қилдиларми?» дедим. У: «Билмайман, у зот анави ерда, хос хоналаридалар», деди. Чиқиб, минбар олдига келдим. Қарасам, унинг атрофида бир тўп одам ўтирибди, айримлари йиғлаяпти ҳам. Бирпас улар билан ўтирдимда, кейин мени ташвишга солган нарса устун келиб, у зот ўтирган хос хонага келдим. У зотнинг қора танли ғуломларига: «Умарга изн сўрачи», дедим. У кириб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдида, сўнг чиқиб: «У зотга сени айтган эдим, индамадилар», деди. Қайтиб бориб, яна минбар ёнидаги ҳалиги бир тўп одам билан бирга ўтирдим. Кейин мени ташвишга солган нарса устун келиб, яна келган эдим, боягига ўхшаш гап айтди. Минбар ёнидаги бир тўп одам билан бирга ўтирдим. Кейин мени ташвишга солган нарса устун келиб, яна ғуломнинг олдига келиб, «Умарга изн сўрачи», дедим. У боягига ўхшаш гап айтди. Ортимга бурилиб, қайтиб кетаётган эдим, бирдан ҳалиги ғулом мени чақириб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга изн бердилар», деди. Ҳузурларига кирсам, у зот тўқилган бўйрага ёнбошлаб олган эканлар. Тагларида кўрпа бўлмагани учун, ёнбошларига тўқиманинг изи тушиб қолган эди. У зот ошланган теридан қилинган, ичига хурмо пўстлоғи солинган ёстиққа суяниб олган эдилар. Мен у зотга салом бердим-да, сўнг тик турган ҳолимда: «Аёлларингизни талоқ қилдингизми?» дедим. Шунда у зот менга нигоҳташладиларда: «Йўқ», дедилар. Кейин тик турган ҳолимда: «Бир гап, эй Аллоҳнинг Расули. Агар билсангиз, биз, Қурайш жамоаси, аёлларга устун келардик. Аёллари устун келадиган одамларнинг олдига келганимиздан кейин...» дея гапириб бердим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васал-лам табассум қилдилар. Сўнгра: «Агар билсангиз, Ҳафсанинг олдига кириб: «Кундошингнинг (Оишанинг демоқчи) сендан гўзалроқ ва Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга суюклироқ бўлиши сени алдаб қўймасин», дедим», деган эдим, у зот яна бир бор табассум қилдилар. У зотнинг табассумларини кўргач, ўтирдим. Кейин у зотнинг уйларига кўз ташладим. Аллоҳга қасамки, ошланмаган учта теридан бошқа кўзга илинадиган бирор нарса кўрмадим. Кейин: «Аллоҳга дуо қилинг, умматингизга мўл-кўлчилик қилиб берсин. Зеро, Форс ва Румга мўл-кўлчилик қилиб берилган ва уларга мол-дунё ато этилган, ваҳоланки, улар Аллоҳга ибодат қилмайдилар», дедим. У зот суяниб ўтирган эдилар. Шунда: «Сен шакдамисан, эй Ибн Хаттоб? Улар - лаззатлари дунё ҳаётидаёқ бериб қўйилган қавмдир», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳдан мен учун мағфират сўранг!» дедим.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша гап туфайли, Ҳафса уни Оишага фош қилгач, ҳаммадан ажраб олган эдилар. У зот улардан қаттиқ аччиқланганларидан, Аллоҳ у зотни койиганда «Уларнинг олдига бир ой кирмайман», деган эдилар. Йигирма тўққиз кун ўтгач, Оишанинг олдига кириб, (мулоқотни) ундан бошладилар. Оиша у зотга: «Сиз бизнинг олдимизга бир ой кирмасликка қасам ичган эдингиз. Ҳозир эса йигирма тўққизинчи кечанинг тонгини оттириб турибмиз. Мен кунма-кун санаб юрибман», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ой йигирма тўққиз (ҳам бўлади)», дедилар. Ўша ой йигирма тўққиз кун бўлган эди».
Оиша айтади: «Ихтиёр бериш ояти нозил қилинганда, буни би-ринчи бўлиб мендан бошладилар: «Сенга бир ишни айтаман. То ота-онанг билан маслаҳатлашмагунингча бир қарорга келишга шошилма», дедилар. «Ота-онам сиздан ажрашишимни буюрмаслигини яхши биламан», дедим. Сўнгра у зот: «Аллоҳ: «Эй Набий, жуфти ҳалолларингга айт: «Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини ирода қилсангиз, келинглар, сизларни баҳраманд қилай ва чиройли бўшатиш ила бўшатиб қўяй. Агар Аллоҳни ва Унинг Расулини ва охират диёрини ирода қиладиган бўлсангиз, бас, албатта, Аллоҳ сизлардан яхши амал қилувчиларга буюк ажрни тайёрлаб қўйган», деди», дедилар. Мен: «Ота-онам билан шуни маслаҳатлашаманми?! Мен Аллоҳни, Унинг Расулини ва охират диёрини ис-тайман», дедим». Кейин у зот бошқа аёлларига ҳам ихтиёр берган эдилар, улар ҳам айнан Оиша айтган гапни айтишибди» (Бухорий ривояти). (Йзоҳ: «Ана ўша гап» деганда қуйидаги воқеа назарда тутилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳонинг навбати куни Мория розияллоҳу анҳо билан бирга бўладилар. Буни Ҳафса розияллоҳу анҳо билиб қолади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «Буни ҳеч кимга айтма, мен Морияни ўзимга ҳаром қилдим», дейдилар. Аммо Ҳафса розияллоҳу анҳо буни Оиша розияллоҳу анҳога айтиб қўяди ва у қаттиқ аччиқланади. Шунда Аллоҳ таоло «Эй Пайғамбар! Хотинларингизнинг розилигини истабАллоҳ сизга ҳалол ҳилган нарсани нега ҳаром ҳилиб оласиз? Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир» оятини нозил қилиб, Ўз Расулини койийди. Натижада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига бир ой яқинлашмасликка қасам ичадилар).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Оишанинг кунида Ҳафса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Иброҳимнинг онаси билан бирга кўрдида: “Унга (Оишага) айтаман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар мен бунга яқинлашсам, бу менга ҳаромдир”, дедилар. У буни Оишага айтди. Шунда Аллоҳ ўз Пайғамбарини бундан хабардор қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафсага айтган баъзи гапларини билдириб қўйдилар. Шунда у: “Ким сизга хабар берди?” деди. У киши: “Билувчи ва хабардор Зот хабар берди”, дедиларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бир ой узоқлашишга қасам ичдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.

5. Агар у сизларни талоқ қилса, Парвардигори сизлардан яхшироқ жуфтларни - муслима, мўмина, итоатли, сертавба, ибодатли, рўзадор жувон ва қизларни алмаштириб бериши мумкин.
Ояти каримадаги “рўзадор” деб таржима қилинган “саиҳат” сўзи “ҳамиша Аллоҳнинг йўлида юрувчи, ҳаж ва умра қиладиган, рўза тутадиган, ўзини дунё лаззатларидан тортган” деган маъноларни билдиради. Ушбу хитоб Пайғамбар алайҳиссалом-нинг икки жуфти ҳалоллари Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо билан Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳога қаратилган. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарининг сирларини ошкор қилишгани учун уларга шундай танбеҳ бермоқда ва Пайғамбар сизларни талоқ қилса, ўрнингизга улардан ҳам яхшироқ қиз-жувонларни алмаштириб бериши мумкинлигини билдирмоқда. Ибн Касир “Ал-Бидаяту ван-Ниҳая”да: “Осиё бинти Мазоҳим Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг жаннатдаги аёлларидан бири бўлади”, деб юқоридаги ояти каримани келтиради. Ушбу оятда мўмина аёл-ларнинг энг муҳим сифатлари баён этиб берилмоқда. Яъни, улар энг аввало мусулмон, Исломда бўлишлари зарур. Сўнг Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига, Қуръони каримга, фаришталарга, охиратга ва ўлгандан кейин қайта тирилишга имон келтирган мўмина бўлишлари лозим. Улар Аллоҳга ва Унинг Расулига ҳамиша итоатда бўлишади, қилган гуноҳларига дарров тавбага шошилишади, ибодатларда бардавом бўлишади, Аллоҳнинг йўлида ҳамма нарсага тайёр туришади.

6. Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва аҳли аёлларингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлмиш дўзахдан сақланглар. Унда қўпол, қаттиққўл фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига итоатсизлик қилишмайди, фақат буюрилганини бажаришади.
Аллоҳ таоло имон келтирган бандаларига хитоб қилиб айтяптики, ўзингизни ва оила аъзоларингизни дўзахдан ҳимоя қи-либ олингки, унинг ёқилғиси одамлар ва тошдан бўлади, унинг устида дарғазаб, қаттиққўл, шафқатсиз, ҳеч бир гапга кўнмайдиган азоб фаришталари бўлади.Улар фақатАллоҳга бўйсунишади, Унинг буйруқларини бажаришади. Аллоҳ таоло мўминларга ўзларини ва бола-чақаларини дўзах оловидан ҳимоя қилиб олишни бежизга буюрмаяпти. Чунки аҳли аёл, бола-чақа ва яқинлар учун хонадоннинг раҳбари бўлмиш эркаклар масъулдирлар. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида “Ҳар бирингиз тарбиячисиз ва ҳар бир тарбиячи қўл остидагиларга масъул-жавобгардир”, деганлар (Бухорий ривояти). Уларни дўзах оловидан асраш эса гуноҳларни тарк этиш ва тоат-ибодат қилиш билан бўлади. Охират олови бу дунёнинг оловидан фарқ қилади, бир неча минг марта кучли ва азобли, ёқилғиси одамлардан ва тошдан иборат бўлади. Яъни бу дунёда имонга келмай, гуноҳ қилиб, Аллоҳнинг амрига бўйсунмай, осий ўтган бандаларнинг жасади ўша ўтга ёқилғи бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва-саллам шундай деганлар: “Фарзандларингизга шаръан буюрилган ва қайтарилган нарсаларга риоя қилишни буюринглар. Шу ишларинг уларни дўзахдан сақлаганларинг бўлади”. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан сўнг Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўз жонимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраганида Пайғамбар алайҳиссалом:
«Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам шундан қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам шунга буюрасизлар. Ана шу уларни дўзахдан сақлаш бўлади», деб жавоб берганлар. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деганлар. Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй аҳлим, намоз ўқинг, рўза тутинг, закот беринг, мискинларга, етимларга, қўшниларга яхшилик қилинг, шоядки, Аллоҳ сизларни жаннатда бирга қилса», деган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», деганлар. Демак, ҳар биримиз рафиқамиз, ўғил-қизларимиз, невара-чевараларимиз, оила аъзоларимизнинг барини динга чорлашимиз, диний аҳкомларни ҳамиша ўз вақтида бажаришларини қатъият билан талаб қилиб туришимиз керак. Агар юқоридаги буйруқларга амал қилинмаса, оқибати нима бўлиши келаси оятда васф қилинади:

7. Эй куфр келтирганлар! Бугун узр айтмай қўяқолинглар, қилмишларингиз жазосини оляпсиз, холос.
Аллоҳ таолонинг амрларини инкор қилган, У Зотга итоатсизлик кўрсатган, Пайғамбарига эргашишни истамаган кофир кимсалар эса Парвардигорларининг юқоридаги огоҳлантиришидан ғафлатда ўтишгани учун қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалланинг ғазаби ва азобига учрайдилар. Улар ўша кунда ўзларини оқлаш учун турли баҳоналарни келтиришади, азобдан қутулиб қолиш учун Аллоҳга узрхонлик қилишга ўтишади. Аммо энди уларнинг узри ва баҳоналари ўтмайди, дунё ҳаётидаги барча қилмишларининг, имонсизликлари ва Пайғамбарга итоатсизликларининг жазосини тўла-тўкис олишади. Аллоҳнинг амридан чиқмайдиган дарғазаб ва сержаҳл азоб фаришталари уларнинг гап-сўзларига, узрларига эътибор ҳам қилмай, юзтубан қилиб дўзах оловига улоқтиришади. Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўзахни зикр қилдилар ва ундан паноҳ сўрадилар. Сўнг юзларини уч марта орқага бурдилар ва: «Дўзахдан бир дона хурмонинг ярми билан бўлса ҳам сақланинглар. Уни ҳам топмасангиз, ширин сўз билан», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

8. Эй имон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Ажаб эмаски, Парвардигорингиз ёмонликларингизни ўчирса ва сизни остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса. У Кунда Аллоҳ Пайғамбарни ва у билан бирга имон келтирганларни шарманда қилмайди. Уларнинг нурлари олдлари ва ўнг тарафларида боради. Улар эса: «Парвардигоро, бизларга нуримизни батамом қилиб бер, гуноҳларимизни кечир, албатта Сен ҳамма нарсага қодирсан», дейишади.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин бандаларини холис тавба қилишга буюрмоқда. “Тавба” сўзи луғатда «қайтиш» маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда эса динимиз ман этган нарсалардан қайтиб, буюрган амалларини адо этиш, қилган гуноҳларидан надомат чекиб афсусланиш «тавба» дейилади. Тавба Қуръони карим ва Суннати набавийя билан собит бўлган. Гуноҳни тамоман тарк этиш, унга истиғфор айтиш, гуноҳга бошқа қайтмасликка жазм қилиш тавбанинг шартларидандир. Тавба орқали банданинг гуноҳи мағфират қилинади. Тавба ҳар қандай шароитда ҳам, ҳеч бир истисносиз вожиб, тавбага шошилиш ҳам вожиб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда: «Тавба қилувчи киши Аллоҳнинг суйган бандасидир, у гуноҳдан тавба қилар экан, гўё гуноҳсиз киши кабидир», дейилган (Ибн Можа ривояти). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: “Пушаймон бўлиш - тавбадир”, деганлар (Абу Довуд ривояти). Оятдаги “насуҳ” сўзининг “холис Аллоҳ таоло учун”, “жазм қилинган тавба”, “шубҳалардан холи бўлиб” деган маънолари бор. Демак, банданинг гуноҳлардан тавба қилиши холис Аллоҳ учун, унинг кечирилишига қаттиқ ишонган ҳолда бўлиши керак. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан: «Тавбаи насуҳ» нима?» деб сўрашганда у киши: «Кишининг ёмон ишдан қайтиб, сўнг унга абадий қайтмаслигидир», деб жавоб берганлар.
Аллоҳ таолога холис тавба қилиб, сўнг бу гуноҳларига минбаъд қайтмасликка азму қарор қилган банданинг гуноҳ ва хатоларини Аллоҳ Ўз раҳмати ва мағфирати билан кечириб юборади. Тавба
қилган киши худди онасидан янги туғилгандек гуноҳсиз, маъсум ҳолатга тушади. Аллоҳ таоло гуноҳига тавба қилган мўмин бандаларини остларидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатига киритади. Қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг севикли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам, у зотга эргашиб, рисолатларини тасдиқлаган ва ҳақиқий тавба-тазарру қилган мўмин бандаларини ҳам жазоламайди, шарманда қилиб қўймайди. Ҳадислардан бирида шундай ривоят қилинади: «Ислом ўзидан аввалги гуноҳларни ювиб юборгани каби тавба ҳам ўзидан аввалги гуноҳларни ювиб юборади». Уларнинг гуноҳлардан поклангани рамзи сифатида олдиларида ва ўнг томонларида бир нур улар билан бирга юриб боради. Шунда улар “Эй ҳамма нарсага қодир Парвардигоримиз, нурларимизни тугал қилиб бер, гуноҳларимизни мағфират қилгин”, дейишади.
Биз, бандалар учун холис тавба эшигининг очиб қўйилиши Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъматларидандир. Бошқа динларда тавба қилиш жуда ҳам қийин, баъзи умматларга тавба қилиш учун ўзларини ўлдиришлари буюрилган. Исломда эса тавба қилиш осон: қилган хатоликларнинг ёмонлигини англаган ҳолда дарров Парвардигорига тавба қилган, сўнг ушбу гуноҳга асло қайтмасликка азму қарор қилган, солиҳ амалларини кўпайтирган мўмин банда, иншааллоҳ, гуноҳларидан албатта халос бўлади ва Аллоҳнинг мукофотига эришади. Дунёда гуноҳига тавба қилмай ўтганлар эса қиёматда зулмат тагида қолишганида мўминлар атрофларидан таралиб турган нур зиёсида машаққат кўрмай туришади. Ҳадиси шарифларнинг бирида Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Парвардигорим, қиёмат куни шарманда қилмагин» деб дуо қилганлари келтирилган (Аҳмад ривояти). Абу Дардо ва Абу Зарр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: «Набий алайҳиссалом марҳамат қилиб айтадилар: “Қиёмат куни сажда қилишга биринчи изн берилган киши мен бўламан, саждадан бош кўтариш учун изн берилган биринчи киши ҳам мен бўламан. Бошимни кўтаргач, олдимга назар солиб, умматлар ичидан ўз умматимни танийман, ўнг тарафимга назар солиб, умматлар ичидан ўз умматимни танийман, чап томонимга назар солиб, умматлар ичидан ўз умматимни танийман”, дедилар. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, умматлар ичидан ўз умматингизни қандай танийсиз?” деб сўради. У зот алайҳиссалом: “Таҳоратнинг сабабидан пешоналари ва оёқ-қўллари ярқираб турганидан. Улардан бошқа ҳеч бир умматда бундай бўлмайди. Яна номаи аъмоллари ўнг қўлларидан берилаётганидан танийман. Сажда туфайли юзларидаги сиймодан танийман ва олдиларида йўл кўрсатиб кетаётган нурларидан танийман”, дедилар» (Марвазий ривояти).

9. Эй Пайғамбар! Кофир ва мунофиқларга қарши жиҳод қилинг ва уларга қаттиқ туринг. Уларнинг жойи дўзахдадир. У нақадар ёмон жой!
Аллоҳ таоло ушбу ояти орқали Ўз Пайғамбари Муҳаммад алай-ҳиссаломга Исломнинг ташқи душманлари бўлмиш кофирларга ва ички душманлари бўлмиш мунофиқларга қарши кураш олиб боришни, уларга нисбатан қаттиққўллик ва қаҳр кўрсатишни буюряпти. Яъни, эй Пайғамбар, кофирлар ва мунофиқлар Исломнинг катта душманларидир, уларнинг кирдикорлари, ҳийлалари сизни ғафлатга солмасин, улар мўминларга асло хайрихоҳ бўлишмайди. Имкони топилгани заҳоти албатта уларга бир ёмонлик қилишга, доғда қолдиришга уринаверади. Шу боис, уларнинг ҳийла-найрангларига учмай, уларга қарши қаттиқ жанг қилинг, уларга қаттиққўл бўлинг. Улар куфрлари ва иккиюзламачиликлари туфайли Аллоҳнинг динига тўсқинлик қиламиз, деб ўйлашади. Аммо асло бу ният-ларига ета олишмайди. Аллоҳ азза ва жалла асло бундай кимсаларга ёрдам бермайди, уларни ҳидоятга бошламайди. Уларга аламли азоб-қийноқлар жойи, абадий хорлик маскани бўлган дўзахни тайёрлаб қўйган ва улар ўша жойда азобланишади.

10. Аллоҳ куфр келтирганларга Нуҳнинг хотини ва Лутнинг хотинини мисол келтирди. Улар бандаларимиздан икки солиҳ банданинг измида эди, уларга хиёнат қилишди ва Аллоҳдан бирор нарсани улардан қайтара олишмади ҳамда уларга: «Ки-рувчилар билан бирга дўзахга киринглар!» дейилди.
Аллоҳ таоло ушбу оятда куфр аҳлига икки хиёнаткор аёл - Нуҳ ва Лут алайҳимассаломларнинг хотинларини мисол қилиб келтирмоқда. Нуҳ алайҳиссаломнинг хотини у кишига имонда хиёнат қилган, эрини масхара қилганларга қўшилиб, у эри - Нуҳ алайҳис-саломни масхара қилган. Шунинг учун тўфон балоси бошланганида Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга бир кема ясашни, унга барча имонли кишиларни ва жонзотлардан бир жуфтдан чиқариб олишни буюрганида пайғамбарнинг хотини ва ўғлини қутқармасликни ирода қилган. Лут алайҳиссаломнинг хотини ҳам эътиқод ишида хиёнат қилган. У гуноҳкор қавмга эрининг хузурига келган меҳмонлар ҳақида маълумот бериб турар экан. Гуноҳкор қавм эса келиб, улар билан фаҳш ишларни қилишга уринар эди. Бу икки аёл Аллоҳнинг икки солиҳ бандаси - икки пайғамбарига хотин бўлишларига қарамасдан, куфр ҳолатида хиёнат қилишди. Аллоҳга энг яқин бандаларга хотин бўлишлари ҳам уларни жазодан қутқариб қолмади. Уларга: «Дўзахга кирувчилар билан бирга сизлар ҳам дўзахга киринглар!» деб айтилди. Демак, ҳар ким ўз имони ва амалига қараб жазо ёки мукофотини олади. Бунда қариндош-уруғчилик, мансаб, насаб, ҳасаб асло фойда бермайди.
Кейинги оятларда мўминларга Фиръавннинг хотини Осиё бинти Мазоҳим ва Исо алайҳиссаломнинг онаси Марям бинти Имрон мисол қилиб келтирилади.

11.Аллоҳ имон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: «Парвардигорим, менга Ўз ҳузурингда - жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин ва мени золим қавмдан қутқаргин», деди.
Уламолар Фиръавннинг хотини Осиёнинг Парвардигорга ёлбориб қилган дуоси хусусида “Осиё уйдан олдин қўшни танлади”, дейишган. Дунё ва охиратдаги энг афзал қўшни Аллохдир. Мўминларга ёрдам ва нусратни ваъда қилган Аллоҳ бу дуони ҳам ижобат этди. Осиё азобланар экан, осмонга қаради, кўз ўнгида ўзи учун жаннатда барпо қилинаётган уй ва қасрлар намоён бўлди. Бу ажиб манзарани кўриб, унинг имони ором олди, қалби хотиржам бўлди ва азобни ҳам унутиб табассум қилди. Аллоҳтаоло имон келтирган мўмин бандаларига Оиръавнингхотинини мисол қилиб келтирмоқда. Парвардигорнинг кудрати ва ҳикмати билан ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли бўлган Фиръавннинг хотини ҳеч нарсадан камчилик кўрмай тўкин-ликда яшар эди. Подшоҳнинг қасрида малика сифатида неъматлар ичида роҳат-фароғатда яшашига қарамай, кофир ва золим эрига ва қавмига қарши чиқди. Аллоҳ таолога имон келтирди. Аллоҳнинг бўлажак пайғамбари Мусо алайҳиссаломни болалигида ўз ҳимоясига олиб, тарбиялади. Аёл Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини, Фиръавннинг зулмидан ва ёмонликларидан ўзига нажот беришни ва золим қавмдан қутқаришни сўраб, Парвардигорига илтижолар қил-ди. “Тафсири Жалолайн”нинг ҳошиясида шундай дейилган: “Фиръ-авннинг аёли Осиё бинти Мазоҳим аёлларнинг энг афзали эди. Осиё бева-бечораларга худди онасидек меҳрибонлик қилар, уларнинг бошини силар, раҳм-шафқат кўрсатар ва уларга кўплаб инфоқ-эҳсонлар қилар эди” (“Ҳошиятул Жамал ъалал Жалолайн”, 3-жилд, 337-бет). Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлди, аёллардан фақат Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади” (Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти); Анас розияллоҳу анхудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоху алайҳи васаллам: «Оламнинг аёлларидан сенга Марям бинти Имрон, Хадижа бинти Хувайлид, Фотима бинти Муҳаммад ва Фиръавннинг аёли Осиё етарлидир», деганлар» (Термизий, Насоий ва Ҳоким ривояти).

12. Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни. Ўшанда Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва у Парвардигорининг сўзларини ва китобларини тасдиқлади ҳамда итоаткорлардан бўлди.
Исо алайҳиссаломнинг онаси Марям Имрон қизи Аллоҳга соф эътиқодда бўлган ва ўзини ҳам соф тутган, фаржини ва номусини пок сақлаган. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, асло нопокликка қўл урмаган. Аллоҳ таоло фариштаси Жаброил алайҳиссалом орқали ўша пок жасадга Ўз руҳидан пуфлаши билан Исо алайҳиссаломни ато қилган. Убода ибн Сомитдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги ҳам йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир, Исо Аллоҳнинг бандаси, расули ва Марямга илқо қилган «калима»си ҳамда Ўзидан бўлган руҳдир, жаннат ҳақ, дўзах ҳам ҳақ» деб гувоҳлик берса, қилган амалининг нималигига қараб Аллоҳ уни жаннатга киритади», деганлар» (Бухорий ва Муслим ривояти); Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Дунё аёлларининг энг яхшиси Марям бинти Имрондир. Дунё аёлларининг энг яхшиси Хадижа бинти Хувайлиддир» деганларини эшитганман» (Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти). Марямнинг қиссалари бошқа сураларда батафсил келган. Бу ўринда шуни таъкидлаш лозимки, Марям бинти Имрон Аллоҳнинг сўзларига ва китобларига имон келтирган ҳамда итоаткор бандалардан бўлган. Шунинг учун барча мўминалар Биби Марямнинг ҳаётларидан ўрнак олишлари керак.

Орқага Олдинга