loader

105. Фил сураси

Маккада нозил бўлган. 5 оятдан иборат.
Фил сураси машҳур Фил воқеаси ҳақида сўз юритади. Бу қиссани ҳамма яхши биларди, ҳатто араблар тарихларини ҳам ушбу ҳодиса бўлиб ўтган йил билан белгилашарди.
Қиссанинг мухтасари қуйидагича: Ҳабашистон (Эфиопия) Яманни босиб олгандан сўнг, Ҳабашистон подшоси Яманга Абриҳа ал-Ашрам исмли шахсни ҳоким этиб тайинлади. Абриҳа барча ҳабашистонликлар қатори насроний динида эди. У Яман пойтахти Санъо шаҳрида жуда дабдабали, серҳашам черков қурдириб, унга ал-Қалийс деб ном берди. Арабларни Каъбадан буриб ўз черковига ҳаж қилдирмоқчи бўлди. Барча уринишлари пучга чиққандан сўнг ниятига куч ишлатиш йўли билан эришмоқчи бўлди. Каъбани бузиб ташлаб ҳаммани ўз черковига буришни қасд қилди. Шу мақсада катта аскар тўплади, урушга керак бўладиган барча нарсаларни олди, арабларнинг қалбига даҳшат солиш учун кўплаб филларни ҳам олди ва Маккага қараб юрди. Йўлда ҳеч қандай қаршиликка учрамай Тоиф шаҳри тарафидан Маккага яқинлашиб, ал-Миғлас деган жойга аскари билан келиб тушди. Сўнгра Маккага одам юбориб у ернинг улуғини олиб келишга буюрди. У бориб Қурайш қабиласи раҳбари, улуғи Абдулмутталибни етаклаб келди. Абдулмутталиб гавдали, хушбичим, серсавлат, виқорли одам эди.
Абриҳа уни кўриб қойил қолди ва тахтидан тушиб унга пешвоз чиқди. У билан бирга гилам устида ўтирди ва таржимонга:
«Сўрагин, менда нима ҳожати бор экан?» деди. Абдулмутталиб:
 «Аскарлар менинг икки юзта туямни ҳайдаб кетишибди, шуларни қайтариб берсанг» деди. Абриҳа таржимонга:
«Унга айт! Келганингда сени кўриб қойил қолган эдим. Сўзингни эшитиб ҳафсалам пир бўлди, сенинг ва ота-боболарингнинг дини бўлган Каъбани бузгани келиб турибман-у, сен уни сўрамай, ўзингнинг икки юзта туянгни сўраяпсан» деди.
Абдулмутталиб:
«Мен туянинг эгасиман, Каъбанинг ҳам ўз эгаси бор, ҳимоя қилиб олади» деди.
Абриҳа:
«Мендан ҳимоя қилолмас» деди.
Абдулмутталиб:
«Ўз билганингни қилавер» деди. Унга туяларини қайтариб беришди. Абдулмутталиб Маккага қайтиб одамларни тоққа чиқиб кетишга буюрди. Ўзи бир неча киши билан Каъбага борди ва ҳалқасини ушлаб туриб, илтижо қилиб дуо қилди. Сўнгра улар ҳам тоққа чиқиб кетишди.
Абриҳа аскару филларини тўплаб Каъбани бузишга юрмоқчи бўлди. Лекин филлар ётиб олиб ҳеч ўринларидан турмади. Бошқа тарафга буришса фил тезлаб борди, лекин яна Макка тарафга буришса, ётиб олаверди. Шу пайт Аллоҳнинг иродаси билан тўп-тўп қушлар учиб келиб, душманлар устидан тош ташлай бошлади. У тошлар кимга тегса шу жойида ўлаверди. Аскар қирилди. Абриҳанинг жасади узилиб-узилиб туша бошлади. Уни кўтариб Санъогача олиб боришди ва ўша ерда вафот этди.
Аллоҳ таоло бу сурада барчага ўз қудратини ва мўъжизасини эслатмоқда. Кимки Аллоҳга, Унинг динига қарши чиқса, оқибати нима бўлишини эслатмоқда.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Роббинг фил соҳибларини нима қилганини билмадингми?
Яъни, албатта яхши биласан.

2. Уларнинг макру ҳийласини зое кетказмадими?

3. Ва уларнинг устига тўп-тўп қушларни юбормадими?
4. Лойдан пиширилган тошларни отадиган.
5. Бас, уларни қурт еб ташлаган ўсимликка ўхшатиб юбормадими?
Уламолар ривоят қилишларича, бу улкан ҳодиса Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келишларидан эллик кун олдин бўлиб ўтган экан. Бўлган барча мўъжизалар шу зотнинг шарофатларию барокатларидандур. Кўпгина тарих китобларида Муҳаммад алайҳиссалом «Фил йили»да туғилганлар дейилишининг сабаби ҳам шу.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР