loader

062. Жумъа сураси

Мадинада нозил бўлган, 11 оятдан иборат

Жумъа - Қуръони каримнинг олтмиш иккинчи сураси номи, Мадинада нозил қилинган, 11 оятдан иборат. Сурада жума намозининг аҳкомлари баён қилингани учун сура шундай номланган. Сура Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб, У Зотни барча айбу нуқсондан поклаш билан бошланади. Сўнгра сурада ўзларига ато этилган Таврот кўрсатмаларига амал қилмаган яҳудийлар устларига китоб ортилган эшакларга ташбиҳ қилиниб, уларнинг золим қавм эканлари таъкидланади. Сураи карима Ислом дини инсоният учун Аллоҳнинг раҳмати эканини, ушбу дин ила араблар ширк ва залолатдан халос бўлганликларини, бу дин башариятнинг барча дардларига малҳам эканини баён қилади. Шундан сўнг сурада жума намози ҳукмлари ҳақида сўз кетади. У намозга азон айтилиши билан мўминлар масжидларга шошилишлари зарурлиги, бу вақтда савдо-сотиқнинг ҳаромлиги, намозга бормай, тижорат ва ўйин-кулги билан машғул бўлишнинг оқибати ёмон бўлиши таъкидланади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Осмонлардаги ва Ердаги нарсалар барча нарсанинг эгаси, айблардан холи, қудратли, ҳикматли Аллоҳни поклаб тасбеҳ айтади.
Аллоҳ таолони барча айбу нуқсонлардан поклаб, Унга сано ва мақтовлар йўллаш, Уни муқаддас деб зикр қилиш «тасбеҳ айтиш» дейилади. Ҳадиси шариф ва бошқа оятларда келган хабарларга кўра, дунёдаги ҳамма нарса Парвардигорига ўз йўли билан тасбеҳ айтади. Осмонлардаги фаришталар ва жинларнинг мўминлари ҳам, Ер юзини макон тутган инсонлар, ҳайвонлар, парранда ва ҳашаротлару жонсиз тоғлар ва дов-дарахтлар ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтишади. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг сифатларидан тўрттаси: ал-Малик, ал-Куддус, ал-Азиз ва ал-Ҳаким зикр этилмоқда. “Ал-Малик” барча нарсанинг ҳақиқий эгаси деган маънода. Малик ҳақиқий эгадир, Ундан ўзга эга бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун бандалар фақат Унга қул бўладилар. Ҳеч вақтда бир қулга икки хўжайин бўлмайди. Шунинг учун инсонлар ўзларига ўхшаган инсонларга эмас, балки ягона Яратганга, ҳақиқий Маликка банда-қул бўлишлари лозим. Ҳақиқий малик зотида ҳам, сифатларида ҳам барча мавжудотдан беҳожат бўлиб, барча мавжудот унга муҳтождир. Демак, ҳақиқий малик, яъни барча нарсанинг эгаси Аллоҳ таолодир. «Ал-Қуддус» сифати, яъни барча айблардан холи, нолойиқ сифатлардан муназзаҳ-пок, мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир. Ушбу исм Қуръони каримнинг икки жойида, яъни Ҳашр сурасининг 23-ояти ҳамда Жумъа сурасининг 1-оятида келган. Имом Муслим, Абу Довуд ва Насоийлар Оиша розияллоҳу анҳодан қилган ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ ва саждаларида: «Суббуҳун Қуддусур Роббул малаикати вар руҳ», деб айтардилар. Демак, «ал-Қуддус» дегани поклаш маъносида экан. Биз Аллоҳни муқаддас қилиб, улуғлаймиз деганда нафсларимизни поклаб, У томон юзланишга тайёргарлик кўрамиз деган маънони ирода қиламиз. “Ал-Азиз” сифати эса барчанинг устидан ғолиб, бирор нарса Ундан устун келолмайди, жамики азизлик маъноси Унинг учундир, куч-қудрат азизлиги ҳам Уникидир, деган маъноларни англатади. Аллоҳнинг ушбу ал-Азиз исми Қуръони каримнинг юзга яқин жойида келган. Аллоҳ таолонинг ал-Ҳаким исми эса ҳамма нарсанинг ҳикматини билувчи, ҳар бир нарсани ҳикмат билан қилувчи ҳикматли Зот маъноларини англатади.

2. У уммийларга уларнинг ичидан Унинг оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расулни юборган Зотдир. Ҳолбуки, улар илгари очиқ-ойдин залолатда эдилар.
“Уммий” сўзи ўқиш-ёзишни ўрганмаган кишини англатади. Араб жазирасида яшайдиган араблар Ислом келгунига қадар тамоман саводсиз бўлиб, улар орасида камдан-кам одамгина ўқиш-ёзишни ўрганган эди. Улар фожир ишлар билан бемалол шуғулланишар, ана шундай расволикларини “Биз Иброҳимнинг динидамиз” деган даъво билан хаспўшлашга уринишарди. Араб миллати гумроҳлик ва жаҳолатда ҳалокат ёқасига келиб қолган бир пайтда Аллоҳ таоло уларнинг ҳолини ўнглашни ирода қилди ва бу миллатга охирги ҳақ дини Исломни юборди. Улар орасидан Муҳаммад исмли бандасини пайғамбарликка танлади ва у зотга Ўзининг охирги ҳақ Китоби Қуръони каримни нозил қилди. Токи Аллоҳнинг Пайғамбари қавмларига Аллоҳнинг оятларини ўқиб берсинлар, ундаги таълимотларни уларга етказсинлар. Бутун миллат каби Аллоҳнинг Пайғамбари ҳам “уммий”, яъни онадан туғилгандек, ўқиш-ёзишни ўрганмаган эдилар. Бу ҳол албатта Аллоҳ таолонинг улкан ҳикмати ва иродаси туфайли содир бўлган. Чунки саводсиз жамиятда уммий бўлиб ўсган, умрида ҳеч нарса ўқимаган-ёзмаган, ўзга динлар, шариат ва маданиятлардан бехабар ҳолда вояга етган, пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам ўқиш-ёзишни ўрганмаган бир одам қирқ ёшга тўлганларида Аллоҳнинг иродаси билан халқларни дунёда энг мукаммал дин бўлмиш Исломга даъват қила бошладилар. У кишига Қуръони карим оятлари нозил қилиниб, унда Ислом таълимотининг асослари, кишилик жамияти ҳаётининг ҳамма томонларини қамраб олган, унга икки дунё саодатининг кафолатини берадиган илоҳий ҳукмларнинг баёни келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига эргашган мусулмонларга Аллоҳнинг Каломи оятларини ўқиб бердилар, илоҳий таълимот воситасида уларни жамиятда урчиган турли ифлосликлар, гуноҳ ишлар ва хатоликлардан покладилар.
Ояти каримадаги «Китоб»дан мурод Қуръони каримдир, яъни ўша Пайғамбар уларга Қуръон таълимотларини, ундаги амрларни, қайтариқларни ва аҳкомларни ўргатади. «Ҳикмат»дан мурод эса Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларидир. «Суннат» Набий алайҳиссаломнинг сўзлари, қилган ишлари ва ўзгалар томонидан айтилган сўз ёки қилинган ишни маъқуллаганларидан иборатдир. Суннат мусулмонлар учун Қуръондан кейинги иккинчи манба ҳисобланади. Динимизнинг кўпгина аҳкомлари, ҳаётимиздаги зарур таълимотлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари, ҳадисларидан олингандир. Исломнинг нақадар ҳақ ва комил дин эканига Исломнинг шонли тарихидан жой олган ушбу воқеа яхши мисол бўлади: “Исломнинг илк даврида Маккадаги кофир ва мушрикларнинг зулм-тазйиқларидан қийналган бир гуруҳ мусулмонлар Ҳабашистонга ҳижрат қилишга мажбур бўлишди. Дин душманлари Ҳабашистон подшоҳи Нажошийга янги динни ёмонлашга улгуришган эди. Шунда ҳукмдор мусулмонларни чақириб келишга одам жўнатди. Подшоҳ ҳузурига боришдан олдин улар ўзаро шундай келишиб олишди: «Подшоҳ биздан динимиз ҳақида сўраса, ҳамма гапни очиқ айтамиз. Подшоҳга фақат Жаъфар ибн Абу Толиб гапиради. Ундан бошқа ҳеч ким гапирмасин». На-жошийнинг олдига боришди. Подшоҳ ҳузурига киришгач, унинг икки тарафида эгниларига ридо, бошларига бахмал кулоҳ кийган битриқлар (патриархлар) китобларини очиб ўтирганини кўришди. Нажоший мусулмонларга юзланиб сўради: «Қавмларингизнинг динини ташлаб, мени ҳам, бошқа бирорта миллатнинг ҳам динига кирмай ўзингиз учун танлаган янги дин қандай дин?». Жаъфар ибн Абу Толиб олдинга чиқиб шундай жавоб берди: «Эй подшоҳ, биз санамларга сиғинадиган, ўлимтик ейдиган, фаҳш ишларни қиладиган, қариндошликни узадиган, қўшничиликни унутадиган жоҳил кишилар эдик. Кучлиларимиз заифларимизнинг ҳақини ер эди. Аллоҳ таоло бизга унинг насаби ва ростгўйлигини, омонатдорлиги ва покизалигини ўзимиз яхши биладиган пайғамбар юборгунча шу ҳолда қолдик. Ўша пайғамбар бизни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга, ўзимиз ва оталаримиз сиғинаётган бут-санамлардан воз кечишга чақирди. У бизга рост гапиришни, омонатни адо қилишни, қариндошлик ришталарини тиклашни, қўшнилар билан яхши муомалада бўлишни, ҳаром нарсалардан тийилишни ва ноҳақ қон тўкишдан сақланишни буюрди. Бузуқ ишлардан, ғийбатдан, етимнинг молини ейишдан ва покиза хотинларга туҳмат қилишдан бизни қайтарди. Аллоҳнинг Расули бизга яна ёлғиз Аллоҳга сиғинишни, унга ҳеч нарсани шерик қилмасликни, намоз ўқишни, закотни адо этишни ва Рамазон рўзасини тутишни буюрди. Унга ишондик ва имон келтирдик, Аллоҳнинг ҳузуридан келган нарсасига эргашдик, ҳалол деган нарсасини ҳалол, ҳаром деган нарсасини ҳаром деб билдик. Улар бизни динимиздан қайтариш учун зулмни ҳаддан ошириб, сиқувга олишгач, сизнинг шаҳрингизда, қўл остингизда зулм кўрмаймиз, деган умид билан келдик». Шунда Нажоший Жаъфар ибн Абу Толибга қараб: «Пайғамбарингиз сизга Аллоҳ ҳузуридан олиб келган нарсадан бирор нарса биласанми?» деб сўради. Жаъфар: «Ҳа», деб жавоб берди. Нажоший: «Ўқи», деди. Ҳазрат Жаъфар Марям сурасининг бошидан бир неча оят ўқиди. Жаъфар ибн Абу Толибдан Аллоҳнинг калимасини тинглар экан, Нажоший йиғлаб юборди, ҳатто соқоли кўз ёшига ювилди. Усқуфлари (епископлари) ҳам йиғлаб, очиқ турган китобларини ҳўл қилиб юборишди. Шундан сўнг Нажоший мусулмонларни Қурайш қабиласига беришдан бош тортди. Кейинчалик унинг ўзи ҳам мусулмон бўлди. Унинг юртига ҳижрат қилган мусулмон аёллардан бирига Набий алайҳиссалом уйланмоқчи бўлганларида, у зотнинг номларидан совчи бўлди ва келинга катта совғалар берди. Нажоший вафот этганда, Аллоҳ унинг ўлими хабарини ғойибдан Пайғамбар алайҳиссаломга билдирди. У киши масжиддан чиқиб туриб, саҳобаларга: «Бугун Аллоҳнинг солиҳ бандаларидан бири вафот этди», дедилар ва ғойибона жаноза ўқидилар”.
Ислом уммати халқ ва элатларнинг энг мўътабари, сараси ва олийидир. Умматларнинг йўлбошчиси, бутун инсониятга ибрат бўладигани, бошқа инсонларни ўз ортидан эргаштирадигани ҳам Ислом умматидир. Умматларнинг энг пешқадами, афзали ва собитқадами ҳам Ислом умматидир. Чунки Аллоҳ таоло шундай деган: «Сиз одамлардан чиққан знгяхши уммат бўлдингиз» (Оли Имрон, 110). Бу умматнинг Китоби Аллоҳ таолонинг мўъжиза каломидир, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали бутун инсониятга индирилган илоҳий дастурдир, ҳукми қиёматгача амалда бўладиган ва ақлларни лол қолдирадиган Қуръони каримдир. Аввалги самовий китоблар инсонлар томонидан ўзгартирилиб, қўшимчалар қилиниб аслиятидан узоқлаштириб юборилгани ҳолда Қуръони каримни қиёматгача бирор ҳарфини ўзгартирмасдан муҳофаза қилишни Аллоҳ таоло зиммасига олган. Бу умматнинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳозиргача тарих кўрган барча пайғамбарларнинг энг аълосидирлар. Бу зот бутун инсониятга йўлбошчи ўлароқ юборилган Коинот сарвари ва фахри, инсонларнинг энг афзали ва комили, мусулмонларнинг қиёматдаги шафоатчиси, Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг энг сўнггисидирлар.

3. Ва ҳозирча уларга қўшилмаган бошқаларга ҳам. У қудратлидир, ҳикматлидир.
Яъни, Аллоҳ таолонинг Пайғамбари араблардан бошқа халқларга ҳам, яъни ҳали уларнинг мақомига етиб кела олмаганларга ҳам илоҳий ваҳийларни етказади. Аллоҳ таоло Ислом динини бошда арабларга туширгани билан кейинчалик уни дунёдаги бошқа юртлар ва халқларга ҳам ёйилишини ирода қилган эди. Чунки араблардан бошқа миллат ва халқлар ҳам жаҳолатда, залолатда, ваҳшийликда араблардан ўтса ўтардики, асло ортда эмас эди. Улар ҳам саводсизлик ва жаҳолатда араблар каби уммий эдилар. Оят нозил бўлган пайтда бошқа халқлар ҳали Пайғамбар уммати сафига қўшилмаган, уларга Ислом даъвати ҳануз етиб бормаган эди. Ояти карима келажакда уларнинг ҳам мусулмонлар сафига қўшилишади, деб башорат бермоқда. Бу ҳам Қуръони каримнинг улкан мўъжизаларидан биридир, келажакда бўладиган ишларнинг хабаридир. Ўша пайтда араблардан бошқа халқларнинг Исломга киришини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмасди. Масалан, орадан кўп ўтмай, ана шу башорат рўёбга чиқди, форслардан Салмон Форсий миллатдошларидан биринчилар қатори мусулмон бўлиб, Пайғамбар алай-ҳиссаломнинг энг яқин саҳобаларига айланди, бошқа ўлкалар қатори Форс мамлакати ҳам Ислом билан шарафланди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик, у зотга Жумъа сураси нозил қилинди: «...Ва ҳозирча уларга кўшилмаган бошқаларга ҳам...». «Улар кимлар, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим. Уч марта сўралмагунича у зот жавоб бермадилар. Ичимизда Салмон Форсий ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини Салмонга (елкасига) қўйдилар-да, сўнг: «Агар имон Сурайёда (олис юлдузда) бўлса ҳам, мана булардан бўлган кишилар [ёки киши] унга етишади», дедилар» (Бухорий ривояти). Ўша пайтда Осиё халқларидан фақат ҳазрати Салмони Форсийгина Исломга келган эдилар. Бу ояти кариманинг ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг башоратлари юзага чиқди. Жалолиддин Суютий ва бошқа муфассирлар ушбу башоратнинг буюк тасдиғи сифатида Имоми Аъзам - Абу Ҳанифанинг номларини келтиришган.

4. Бу Аллоҳнинг фазлидирки, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга беради. Аллоҳ буюк фазл эгасидир.
Муфассирлар оятдаги “бу” олмошига икки хил маъно беришган: 1) пайғамбарлик, шунда оятнинг маъноси «Пайғамбарлик Аллоҳнинг фазлидир, уни хоҳлаган кишисига беради» бўлади; 2) Исломга ҳидоят қилиш, бунда оят маъноси «Исломга ҳидоят қилиш Аллоҳнинг фазлидир, уни хоҳлаган кишисига беради» бўлади. Аллоҳ таоло азамати, салтанати, мулки, фазли ва эҳсони кенг, марҳамати ва карами буюк Зотдир. Агар одамлар камбағал бўлишса, Аллоҳ таоло ўз фазли-марҳамати билан уларни беҳожат ва бой қилиб қўяди. Аллоҳ яхшилиги кўп ва фазли карами буюк бўлган Зотдир. У Ўз фазли ила хоҳлаган кишисини ҳидоят қилади. Яъни, Аллоҳ кимни тўғри йўлга ҳидоят қилса, албатта, Ўз хоҳиши ва фазли билан ҳидоят қилади, тўғри йўлга йўллаб қўяди.

5. Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаганлар устига китоб юкланган эшакка ўхшашади. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган қавмнинг мисоли қандайин ёмон! Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмайди.
Ояти каримадаги «Таврот юклатилган»лар”дан мурод, яҳудийлардир. Аллоҳтаоло уларга Мусо алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юбориб, тўғри йўлни кўрсатиш учун Ўзининг самовий китоби Тавротни нозил қилган эди. Лекин улар бу илоҳий китобга амал қилишмади, ундаги амр-фармонларни ёлғонга чиқариб, инкор этишди. Бу энг катта бахтсизликдир. Ўшбу оят қўлларида ва қалбларида илм хазинаси бўлатуриб, илмига амал қилмаган уламолар ҳақида буюк бир танбеҳдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларни устига китоб ортилган эшакка ўхшатмоқда. Ҳақиқатан устига китоб ортилган эшак китобни ташиб чарчайди, аммо ундаги фойдалардан баҳра олмайди. Ушбу ояти карима гарчи яҳудийлар ҳақида айтилган бўлса-да, у мусулмонларга ҳам тегишлидир. Яъни, Аллоҳ таоло мусулмонларга: «Сизлар ҳам яҳудийларга ўхшаб, Аллоҳнинг Китобига амал қилмасангизлар, худди уларга ўхшаган бўласизлар», демоқда. Демак, Қуръонга амал қилинмаса, ундаги илоҳий таълимотлардан фойдаланилмаса, мусулмонлар ҳам устига китоб ортилган эшакка ўхшаган бўлишади. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқариб, улардан юз ўгирувчилар қавмларнинг энг ёмони бўлади ва улар хатарли оқибатга дучор бўлишади.

6. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Эй яҳудий бўлганлар, агар сизлар бошқаларни эмас, фақат ўзларингизни «Аллоҳнинг дўстлари» деб даъво қилсангиз, агар бу рост бўлса, унда ўлимни орзу қилақолинглар».
Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари алай-ҳиссаломга хитоб қилиб, яҳудийларнинг “Бизлар Аллоҳнинг танлаган бандаларимиз, бизлар Аллоҳнинг дўстларимиз” қабилидаги нотўғри даъволарига раддия беришни ўргатяпти. Агар улар ҳақиқатан Аллоҳнинг дўстлари бўлишса, нега Унинг ваҳийларини инкор қилиб, ёлғонга чиқаришяпти, нега У Зот қайтарган ишларни бемалол қилишяпти? Агар уларнинг бу даъволари рост бўлса, у ҳолда ўлимни орзу қилишсин-чи! Аллоҳ таоло яҳудийлар қавмининг ўзини ҳам бутун тарих давомида турли неъматлар, имтиёзлар билан сийлаган: қаттиқ иссиқдан ҳимоя қилиш учун улар устига булутларни соя ташлаш учун юборган, осмондан ширинлик ва бедана гўшти тушириб турган, Фиръавн аскарлари ўлдириш мақсадида таъқиб қилиб, етай деб қолганида денгизни иккига бўлиб, уларни қутқарган ва ҳоказо. Аммо итоатсиз қавм шунча неъматларга шукр қилмади, ҳидоят йўлидан юрмади. Бани Исроилга ўхшаб мўминлар Аллоҳнинг ҳукмидан чекингудай бўлишса, Исломга Аллоҳ буюрганидай тўлалигича киришмаса, уларни оғир мусибат кутиб турибди.
Суддий айтади: «Жоҳилият даврида араблар яҳудийларга кўп азият етказишар эди. Яҳудийлар Тавротда охирзамон пайғамбари сифатларини, Аллоҳ у кишини юборишини ва арабларга (мушрикларга) қарши улар билан жанг қилишини билишарди. Энди арабларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида ҳасад туфайли кофир бўлишди ва: «Пайғамбарлар Бани Исроилдан бўларди, бу эса Исмоил авлодидан чиқибди (бундай бўлмаслиги керак эди)», дейишди».

7. Улар қўллари қилиб қўйганлари сабабли ҳеч қачон уни орзу қилишолмайди. Аллоҳ золимларни билувчидир.
Яҳудийларнинг ўлимни сира орзу қилмасликларига сабаб уларнинг дунё ҳаётидаги гуноҳлари кўплиги ва айбларини тўла тан олишларидир. Улар илоҳий таълимотлардан юз ўгиришган, ўзларига нозил қилинган ваҳийларни инкор қилишган, Аллоҳнинг ҳалол-ҳаром борасидаги амрларидан чекинишган. Шунинг учун улар ўлимни орзу ҳам қила олишмайди. Чунки улар ўлимдан кейин савол-жавоб бўлишини, гуноҳларга яраша азоб белгиланишини яхши билганлари учун ўлим уларга ниҳоятда даҳшатли туюлади. Қай бир инсон ўлимни истамагани учун ўлишдан қутулиб қолган? Қай бир инсон ўлим даҳшатидан қўрққани учун бирор жойга яширина олган? Ҳеч ким Аллоҳ белгилаган тақдирдан қоча олмайди, ўлимини ортга сура олмайди. Аллоҳ азза ва жалла уларнинг ҳар бир зулмини яхши билиб тургани учун охиратда шунга яраша жазолайди.

8. Айтинг: «Сизлар қочаётган ўлим албатта сизларга йўлиқувчидир. Сўнгра яширин ва ошкорни Билувчига қайтарилурсиз. Шунда сизларга қилиб юрган амалларингизнинг хабарини беради».
Яъни, эй Пайғамбарим, яхудийларга ҳам, мусулмонларга ҳам айтингки, ўлим Аллоҳ белгилаган ажалдир, уни ортга ёки олдинга суришга ҳам, уни тўхтатиб қолишга ҳам ҳеч бир кимса қодир эмас. Улар ўлимдан қочиш учун қандай баҳона ва ҳийлаларни ўйлаб топишмасин, барибир унга йўлиқишади. Ўлгандан сўнг борлиқдаги ҳамма яширин ва ошкор нарсаларни билувчи Аллоҳ таолонинг хузурига қайтиб боришади ва дунё ҳаётида қилган барча ишларидан ҳисобга тортилишади. Ўшанда ҳамма нарсага қодир Зот бандаларининг барча қилмишларини ҳеч бир истисносиз уларга билдиради.

9. Эй имон келтирганлар! Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тўхтатинглар. Агар билсанглар, мана шу ўзларингиз учун яхшидир.
Пайғамбар алайҳиссалом вақтларида ҳам, Абу Бакр Сиддиқ билан Умарул-Форуқ даврларида жумага фақат бир марта азон айтилган. Усмон ибн Аффон халифа бўлганларидан сўнг шаҳар кенгайиб, одам кўпайиб кетгани сабабли у киши бозордаги Завро номли ҳовлиларида ҳам яна бир марта азон айтишни ташкил қилганлар. Буни эшитиб, одамлар масжидга қараб юришган. Кейин имом минбарга чиққанида жуманинг ҳақиқий азони айтилган. Ушбу оятдаги ҳукмлар ҳам мана шу иккинчи азонга тааллуқлидир. Айнан шу оятнинг ҳукми билан мусулмонларга пешин намози вақтида жамоат билан ўқиладиган жума намози фарз қилинди. Оятдаги “савдони тўхтатинглар” фармонга биноан жума намозининг иккинчи азонидан бошлаб то намоз ўқиб бўлингунча савдо-сотиқ ва бошқа дунёвий ишларни қилиш ҳаром қилинди.
Шунингдек, жума намозини узрсиз қолдириш эса жуда катта гуноҳ ҳисобланади. Мўминлар онаси Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Жумага бориш ҳар бир балоғатга етган кишига вожибдир», деганлар (Насоий ривояти); Абу Ҳурайра ва Ибн Умар розияллоху анхумдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам айтдилар: «Ё одамлар жумани тарк этишдан тўхтайдилар, ёки Аллоҳуларнинг қалбини муҳрлаб қўяди, сўнг улар ғофиллардан бўлиб қолишади» (Муслим ривояти); Абу Жаъд Замрий розияллоху анхудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам айтдилар: «Ким бепарволик билан учта жумани тарк этса, Аллоҳ унинг қалбини муҳрлаб қўяди» (Термизий, Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).
Оят охирида Аллоҳтаоло жума намозида мусулмонлар учун катта фойдалар борлигига кафолат беряпти. Яъни, жамоат намози вақтида мусулмонлар бир-бирлари билан танишадилар, ҳолларидан хабардор бўлишади. Ўзаро тенглик ғояси татбиқ қилинади, одамлар орасидаги фарқ йўқолади: давлат раҳбари оддий фуқаро билан, бой камбағал билан, оқ танли қора танли билан бир сафда бошини ерга қўйиб сажда қилади, яъни жамоат намозида ўзаро тенглик ғояси ҳаётга татбиқ қилинади. Иккинчидан, озода кийиниб, хушбўй атирлар сепган юзлаб одамларнинг бир сафда туриб, катта жамоат билан намоз ўқиши Исломнинг фазлини кўз-кўз қилади, кишиларга таъсирини ўтказади. Учинчидан, жума намозида доимо хутба - ваъз, насиҳат бўлади, кишилар яхшиликка даъват қилиниб, ёмонликдан қайтарилади. Тўртинчидан, жума куни кўпчилик биргаликда хайр-барака тилаб, дуолар қилади. Бундан ташқари, Аллоҳ таоло жума кунига дуолар қабул бўладиган соатни жойлаган.
Жуманинг суннатлари ва одоблари ушбулардир: Жумага ғусл қилиб, хушбўйланиб, энг чиройли кийимларни кийиб бориш суннатдир; жумага эртароқ келиш ҳам суннатдир; жума кечаси ва кундузи Каҳф сурасини ҳам ўқиш суннатдир; Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васалламга салавот-саломларни кўп айтиш; камида кечаси уч юзта, кундузи ҳам шунча айтса, яхши бўлади. Кўп айтишнинг эса чегараси йўқ; дуони кўп қилиш ҳам суннатдир, чунки жума кунида бир соат борки, унда дуолар албатта ижобат бўлади. Жума кунида макруҳ бўлган амаллар эса қуйидагилар: ўтирган одамларни оралаб, елкаларидан ошиб олдинга ўтиш макруҳдир. Аммо ўтирадиган жой топа олмасаю, олдинда бўш жой бўлса, унда бу макруҳ бўлмайди; хутба ўқилаётган вақтда гапириш ҳам ҳаромга яқин макруҳ ҳисобланади. Сўзловчи хоҳ имом-хатибга яқин жойда бўлсин, хоҳ узоқроқда бўлсин, хоҳ дунё сўзини гапирсин, хоҳ зикр қилсин, барибир макруҳи таҳримий бўлади. Ҳатто шу пайтда саломга алик олиш, аксага жавоб қайтариш, бировга танбеҳ бериш ҳам макруҳ амаллардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Жума куни имом минбарда хутба қилиб турганда, унга кулоқ солиш ўрнига гаплашиб ўтиргувчи одам бамисоли устига китоб ортилган эшакдир, шундай одамга «жим ўтир» деб огоҳлантирган одамнинг ҳам жума намози қабул бўлмайди», деганлар. Агар имом хутбада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни тарғиб қиладиган оятни ўқиса, ичида салавот айтиб қўяди; хутба вақтида намоз ўқиш ҳам макруҳи таҳримий ҳисобланади.

10. Намоз адо қилингач Ер юзида тарқалиб, Аллоҳнинг фазлидан истайверинглар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинглар, шояд нажот топсанглар.
Олдинги оятда Аллоҳ таоло мусулмонларга азондан кейин савдони тарк этиб, намозга шошилишни буюрган эди. Энди эса жума намозини адо қилиб бўлгандан кейин савдо, ризқ излаш ва бошқа дунёвий юмушларини қилишга қайтишлари мумкинлигини баён қиляпти. Чунки жума намози фарз бўлгани каби ҳалол ризқ талабида, оиласининг нафақасини таъминлаш йўлида ҳаракат қилиш ҳам мусулмонга фарздир. Арок ибн Молик розияллоҳу анҳу жума намозидан сўнг масжид эшигидан чиқар экан: «Аллоҳим, даъватингга муҳаббат қилдим, фарз намозингни ўқидим ва айтганингдек, ер юзига тарқалдим. Менга ўз фазлингдан ризқ бергин, Сен энг яхши ризқ берувчисан», дер экан. Аллоҳ таоло яна огоҳлантиряптики, Менинг фазлимдан талаб қилиш жараёнида дунё ишларига ҳаддан ортиқ берилиб кетманглар, чунки бу нарса сизларни тўғри йўлдан адаштиради. Парвардигорингизни кўп зикр қилиб, Унга ҳмду сано йўлланглар, ана шундагина нажотга эришасизлар, икки дунё саодатини қўлга киритасизлар. Улуғларнинг сўнгги дамдаги охирги каломлари фақат Аллоҳнинг зикри, тавҳид калимаси бўлган. Хотималари, оқибатлари шундай бўлиши учун умр бўйи тайёргарлик кўришган. Ҳар қадамда, ҳар бир ҳолатда - ётганда ва ўтирганда ҳам тилларидан таҳлил, такбир тушмаган. Чунки умрлари поёнидаги охирги сўз жаннат боғларига бир очқич, Аллоҳ ҳузуридаги савол-жавобларида жонга ора кирувчи бир ҳужжат бўлишини яхши англашган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам кўп огоҳлантирганлар. Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир қавм ўтириб Аллоҳни зикр қилса, уларни малоикалар ўраб олади ва раҳмат қоплайди. Устларига хотиржамлик-сакинат туширади. Аллоҳ уларни Ўзининг хузуридагилар билан эслайди», деганлар. (Муслим ривояти); Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анхудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳни зикр қиладиган киши билан зикр қилмайдиган кишининг мисоли худди тирик билан ўликнинг мисоли кабидир» (Бухорий ривояти).

11. (Эй Муҳаммад), улар тижорат ёки ўйин-кулгини кўриб қолишса, ўша ёққа ёпирилишади ва сизни тик турган ҳолингизда тарк этишади. Сиз: «Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса ўйин-кулгидан ва тижоратдан яхшидир ва Аллоҳ энг яхши ризқ берувчидир», деб айтинг.
Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зот орқали бутун Ислом умматига хитоб қилиб айтяптики, бандаларим тижорат ёки ўйин-кулгини кўрганда ўша ёққа ёпирилиб чопишмасин, хутба қилиб турган Пайғамбарни эшитишдан ана шу дунё машғулотлари уларни чалғитиб қўймасин. Ушбу оятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жума намозининг хутбасини қилиб турганларида бир гуруҳ мусулмонларнинг савдо карвони келганидан хабардор бўлиб, масжиддан чиқиб кетганлари эслатилмоқда. Одатда карвон келаётганда дўмбира чалиб, шовқин-сурон билан келар экан. Ўшанда Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёнларида бор-йўғи ўн икки киши қолиб, қолганлар ташқарига чиқиб кетишган экан. Оятдан маълум бўладики, дунёнинг ишларини деб, ибодатни тарк этиш яхши эмас. Чунки ризқ берувчи Аллоҳнинг Ўзидир, Унинг ибодати вақтида адо этилса, кейин ризқ топишда УнингЎзи ёрдам беради.
Жобир ибн Абдуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунида хутба қилаётган эдилар. Бирдан одамлар Мадинага келаётган карвонни кўриб қолиб, унга қараб туриб кетишди. Ўн икки кишигина қолди. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилди” (Бухорий ривояти); Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз жумада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Шунда озиқ-овқат ортилган карвон ўтиб қолди. Уни кўриб, одамлар ташқарига чиқишди. Ўн икки кишигина қолди. Шунда жума ояти нозил бўлди” (Бухорий ва Муслим ривояти). Муфассирлар айтишади: “Мадиналикларга очлик ва қимматчилик каби зарарлар етди. Шунда Диҳя Калбий Шомдан тижорат билан келиб қолди. Ўнинг келганини одамларга эълон қилиш учун ноғора чалинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу пайтда жума намозининг хутбасини қилаётган эдилар. Одамлар карвонга қараб кетишди. Масжидда ўн икки кишигина қолди. Абу Бакр, Умар ҳам улар орасида эди. Шунда ушбу оят нозил бўлди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муҳаммаднинг жони измида бўлган Зотга қасамки, сизлардан ҳеч ким қолмасдан ҳаммангиз карвон ортидан кетсангиз, албатта водийда олов оққан бўларди”, дедилар”.
Жобир ибн Самурадан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Пайғамбар алайҳиссалом жума куни шом намозида «Қул йаа ай-юҳал каафируун» ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқир эдилар, хуфтон намозида эса Жумъа сурасини ва Мунофиқун сурасини ўқирдилар» (Байҳақий “Сунан”да ривоят қилган). Бу далил Жумъа сурасининг шарафи ва фазилати нақадар улуғ эканини кўрсатади.

Орқага Олдинга