loader
Foto

Қуръони Азим тафсири, Аъроф сураси, 169-оят

169. Улардан сўнг Китобга (Тавротга) меросхўр бўлган ўринбосарлар келдики, улар бу тубан (дунё) нарсаларини (ҳалол, ҳаромлигига қарамай) оладилар ва “Албатта бизлар мағфират қилинурмиз”, дейдилар. Ҳолбуки, агар яна ўшанга ўхшаган нарса келиб қолса, уни ҳам олаверадилар. Ахир улардан Китобда (Тавротда) Оллоҳ шаънига фақат ҳақни айтишлари борасида аҳд-паймон олинмаганмиди?! Ундаги оятларни ўқиб ўрганган эдилар-ку! (Оллоҳдан) қўрқадиган зотлар учун (бу дунё матоларидан) Охират диёри яхшироқ-ку! Ақл юргизмайсизларми?!



Аксари муфассирлар ояти карима Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга замондош бўлган яхудлар ҳақида нозил бўлганини айтадилар. Улар - яъни, яҳудлар ота-боболаридан Таврот Китобини мерос қилиб олдилар-у, аммо у Китобда Оллоҳ таоло буюрган амалларни адо қилиш ўрнига дунё матоларига берилиб кетдилар. Ҳалол ёки ҳаромлгига қарамай дунё йиғадиган, порахўрлик қиладиган, ҳатто мол-дунё топиш учун Тавротдаги оятларни ҳам ҳеч иккиланмай ўзгартириб юбораверадиган бўлдилар. Ўзлари мана шундай ҳаром йўллар билан ҳеч тўхтамасдан бировларнинг ҳақларига тажовуз қилиб туриб, гуноҳ-маъсиятлар ботқоғига ботиб туриб яна: “Биз Оллоҳнинг суюкли болаларимиз, пайғамбарлар авлодимиз, шунинг учун Оллоҳ бизни кечириб юбораверади”, деб сафсаталар сотадиган бўлдилар.

Суддий айтади: “Яҳудларнинг бирон қозиси пора олмасдан хукм чиқармасди. Агар унга: “Нега порахўрлик қиляпсан? Оллоҳ Ўз Китобида буни ҳаром қилганку?” дейилса, ҳеч парво қилмай: “Оллоҳ мени кечиради”, деб жавоб қилар, одамларнинг таъна-маломатлари унга таъсир қилмасди. Энг қизиғи, агар ўша порахўр қози ўлса ёки қозиликдан бўшатилса ўрнига уни порахўр деб айблаганлардан бири қози қилиб тайинланса, у ҳам худди аввалгисидек порахўрлик қилаверар ва унга бу иш гуноҳ эканини айтганларга “Оллоҳ мени кечиради”, деб жавоб қилаверар эди”.

Ўзларини энг доно миллат деб ҳисоблайдиган яҳудлар ва уларга ўхшаганлар ҳақида ҳадиси шарифда шундай деб огоҳлантирилган.

Термизий ва Ибн Можжа Шаддод ибн Авс розияллоху анҳудан ривоят қилдилар: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Нафсини ўзига бўйсундирган ва ўлимдан кейинги ҳаёт учун амал қилган киши донодир, нафсини ҳавойи хоҳишларига қул қилиб кўйиб, сўнгра Оллоҳ ҳақида: “У мени кечириб юбораверади”, деб хом хаёл қилиб юрадиган кимса эса ожиз-ақлсиз кимсадир”, дедилар.

“Ахир улардан Китобда (Тавротда) Оллоҳ шаънига фақат ҳақни айтишлари борасида аҳд-паймон олинмаганмиди?! Ундаги оятларни ўқиб ўрганган эдилар-ку! Оллоҳдан қўрқадиган зотлар учун (бу дунё матоларидан) Охират диёри яхшироқ-ку! Ақл юргизмайсизларми?!”

Яъни, яҳудлар Тавротда Оллоҳ таоло зулмни, бировларнинг ҳаққига тажовуз қилиш, порахўрлик каби иллатларни ҳаром қилганини, У Зот гуноҳ-маъсиятлардан тўхтаб, тавба қилган кишинигина мағфират қилишини, “Оллоҳ мени кечириб юбораверади”, деб гуноҳ устига гуноҳ қилаверадиган кимсаларни эса асло кечирмаслигини ўқиб-ўрганган эдилар.

Демак, Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиб, Таврот оятларини ўзгартиришга ҳақлари йўқ эди. Аммо улар ўтмишда Мусо алайҳис-саломга иймон келтириб, Таврот кўрсатмаларига амал қилиб ўтган аждодларига нолойиқ ўринбосарлар бўлганлари учун дунё матоларини қўлга киритиш мақсадида ким ўзарга гуноҳ устига гуноҳ қилишдан тийилмас эдилар, Охиратни эса бутунлай ёддан чиқаришган эди. Шунинг учун Ҳақ таоло оят ниҳоясида уларни: “(Оллоҳдан) қўрқадиган зотлар учун (бу дунё матоларидан) Охират диёри яхшироқ-ку! Ақл юргизмайсизларми?!”, деб огоҳлантиради.

Ояти каримани ўрганар эканмиз, гарчи у яҳудлар ҳақида нозил қилинган бўлса-да, биз улуғ салафларнинг ўринбосарлари бўлган мусулмонлар ҳам дунёга ҳаддан ортиқ берилиш, устма-уст гуноҳлар қилиб, яна “Оллоҳнинг даргоҳига кенг, кечириб юбораверади”, деб хомхаёллар суриб юравериш каби иллатларга мубтало эмасмизми, деб, ўзимиз Муқаддас Дини Исломимизга қанчалик риоя қилаётганимиз, Қуръони Азим кўрсатмаларига қанчалик амал қилаётганимиз ҳақида ўйлаб кўришимиз - ақл юргизишимиз лозим.

Қуртубий “Ал-жомиъ лиаҳкомил-Қуръон” тафсирида: “Оллоҳ таоло айтган яҳудларнинг мазмум сифатлари бизларда ҳам мавжуд”, дейди ва улуғ саҳобий Муоз ибн Жабал розияллоҳу анхунинг ушбу сўзларини келтиради: “Ҳали Қуръон айрим одамларнинг калбларида худди либослар

эскирганидек эскириб, кучсизланиб қолади. Улар Қуръон тиловат қилганда лаззат-ҳаловат топмайдилар.

Ундай кимсалар қўй терисини ёпиниб олган бўрилардир. Уларнинг қилган амаллари фақат тамагирликдан иборат бўлиб, Оллоҳдан қўрқув ҳисси уларга бегонадир. Уларга зиммаларидаги мусулмонлик вазифасини бажармаётганлари айтилса “Ҳали етиб оламиз - бажаришга улгурамиз”, дейдилар. Улар: “Оллоҳга ширк келтирмаяпмизку, демак бизни кечира-ди”, дейишиб, устма-уст гуноҳ қилаверадилар”.

Агар ўзимизга, атрофимиздагиларга боқсак, буюк саҳобийнинг бу сўзлари нақадар аччиқ бўлса-да, ҳақиқат эканини тан олмасликнинг иложи йўқ. Бас, ҳар биримиз ақл юритишимиз, Оллоҳнинг ғазабига эмас, Унинг Раҳматига эришимиз учун Каломуллоҳни ўқиб, уқиб, маъноларини яхши англаб, унинг кўрсатмаларига оғишмай амал қилишга қўлимиздан келган қадар киришишимиз ва бутун ҳаётимизни мана шу Илоҳий андозадан четга чиқмасдан ўтказишимиз вожибдир. Зотан, Ҳақ таоло қуйидаги ояти каримада мўмин бандалари ҳақида шундай марҳамат қилади.

Шайх Алоуддин Мансур, роҳимаҳуллоҳ

Қуръони Азим тафсири, Аъроф сураси, 169-оят