loader
Foto

Бақара сураси,120-оят тафсири

120. Яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам то Сиз уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз Сиздан рози бўлмайдилар. Айтинг: «Оллоҳнинг Йўлигина Ҳақ Йўлдир». Қасамки, агар Сизга келган ҳақиқий билимдан кейин уларнинг нафс-ҳаволарига эргашсангиз, у ҳолда Оллоҳ тарафидан Сизга на бир дўст ва на бир ёрдамчи бўлмайди.



Ушбу оятда гарчи Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса ҳам, оят мазмунидан аниқ кўриниб турганидек, бу Илоҳий танбеҳ барча мусулмонларга қаратилгандир. Яъни, ҳар бир мусулмон бу икки дин вакиллари билан муомалада ўта эҳтиёт бўлиши лозимдир. Чунки уларни фақат бир нарса - мусулмон ўз динидан чиқиб ё насроний ё яҳудий бўлиши рози қилар экан, холос!

Шунинг учун Ҳақ таоло ўта қатъий таъкид билан “яҳудлар ҳам, насронийлар ҳам Сиз уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз Сиздан рози бўлмайдилар”, деди. Демак, уларнинг рози бўлган нарсалари Оллоҳ таоло рози бўлган Ислом Динига қарши экан: “Бугун энди кофир бўлган кимсаларнинг сизларни динингиздан (чиқаришдан) умидлари узилди. Бас, сизлар улардан қўрқмангиз. Мендан қўрқингиз! Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, (сизларни динсизлик зулматларидан иймон нурига чиқариш билан) Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим (яъни, Исломдан бошқа динлар Оллоҳ ҳузурида мақбул эмас). (Моида сураси, 3-оят).

Бас, Яратганнинг розилигини истаган мусулмон, яҳудларга ҳам, насронийларга ҳам: “Оллоҳнинг Йўлигина Ҳақ Йўлдир”, дейишга буюрилди. Яъни, Оллоҳнинг Йўли бўлган Ислом Ҳаққа олиб борадиган Йўлдир, сизлар даъват қилаётган яҳудийлик, насронийлик эса бузилган, ўзгарти-рилган йўлдир, деб жавоб қилишга буюрилди. Аммо агар бунинг акси бўлса - “Қасамки, агар сизга келган ҳақиқий билимдан (Қуръондан) кейин уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсанггиз, у ҳолда Оллоҳ томонидан сизга на бир дўст ва на бир ёрдамчи бўлмайди” - агар кимки Қуръонни, Оллоҳ рози бўлган Исломни ортга ташлаб, Динимиз душманларининг ҳавойи нафсларига илиқиб - эргашиб кетадиган бўлса у дунё ва Охиратдаги энг бахтсиз кимсага айланади. Чунки у энг Буюк Дўстдан, энг Улуғ Мададкордан маҳрум бўлган, Дўстнинг душманларидан дўстлик излаган, залолатдаги маҳлуқлардан мадад сўраган, чин маънода-ги адашган кимсадир.

Ҳақиқий мусулмон шу қадар бахтли инсонки, у нима қилишни ҳам, нима дейишни ҳам, ҳатто нима ейишни ҳам Оллоҳ таолонинг ўзидан - У Танҳо Зот нозил қилган Қуръондан, Унинг элчиларининг саййиди Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдан сўрайди. Ҳаётида дуч келадиган ҳар қандай мушкила-муаммони унга Қуръон ва Ҳадис ҳал қилиб беради. Демак, у ғайри динларнинг “маслаҳатларига” муҳтож бўлган, эртага нима бўлишларини билмайдиган махлуқларнинг чизиб берган йўл-йўриқларига эрчиб кетаверадиган йўлсиз кимса эмас. Унинг Тўғри Йўлни кўрсатиб берадиган Китоби бор, икки дунёда бахтли-саодатли бўлишига кафолат берадиган Дини Исломи бор, унинг ота-онасидан ҳам меҳрибон бўлган Устози, Йўлбошчиси, Раҳбари - Пайғамбари бор. Унинг зиммасида фақат мана шу вазифа - бу дунёда Тўғри Йўлни кўрсатгувчи, Охиратда эса гуноҳкор умматларини шафоат қилгувчи Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини маҳкам тутиб, динсиз кимсаларнинг ҳавойи нафсларига эргашмасдан, бу ҳаёти дунёда чин инсоний умр ўтказиш бордир.

Шайх Алоуддин Мансур (роҳимаҳуллоҳ)

Қуръони Азим тафсири, Бақара сураси