loader
Foto

Ҳаж сураси, 39-40-оятлар тафсири

39. Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга нусрат беришга қодирдир.



Ушбу ояти карима ҳижратдан кейин нозил бўлгандир. У мусулмонларга кофирларга қарши уруш қилишга изн берувчи биринчи оятдир. Бунгача ҳатто ҳимоя учун кофирларга қарши жанг қилишга рухсат йўқ эди. Мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у кишининг саҳобаи киромларига истаганларича азоб, озор беришар, зулм қилишар эди. Саҳобаи киромлардан баъзилари калтакланган, ярадор бўлган ҳолларида келиб, бошларидан ўтган ноҳақлик ва зулмдан шикоят қилсалар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сабр қилинглар, менга уруш қилиш учун изн берилгани йўқ», дер эдилар.

Ва ниҳоят, ушбу ояти карима нозил бўлди. Бу оятда мусулмонларга уруш қилишга рухсат мазлум бўлганлари, азоб-уқубатга қолганлари учун берилгани очиқ-ойдин айтилмоқда.

«Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди».

Демак, кофирлар аввал мусулмонларга қарши уруш очган. Мусулмонлар ҳужумга ва зулмга учраганлар. Энди улар ўзларини ҳимоя қилмасалар, бўлмайди. Кофирлар уларни йўқ қилиб юборишлари мумкин.

«Албатта, Аллоҳ уларга нусрат беришга қодирдир».

Мусулмонлар урушга кирсалар, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир.

Аллоҳ таоло бундан олдинги оятда иймон келтирганларни мудофаа қилишини айтган эди. Бу оятда эса, уруш қилишга изн бермоқда. Мўминларни ўзларини ўзлари мудофаа қилишга чақирмоқда. Буни қандай тушунмоқ керак? Аввало, бу ерда ҳеч бир қарама-қаршилик йўқ. Аллоҳ таоло мўмин бандаларини мудофаа қилган, қилмоқда ва қилади ҳам. Мўминларни уруш қилишга чақириш эса, Ислом динининг умумий тацлимотидан келиб чиққандир. Ислом–ҳаракат, ижтиҳод динидир. Ислом дангасаликка, танбалликка бутунлай қарши. Шунинг учун Ислом тацлимотида, ибодатларида ҳаракат, саъй-кўшиш аввалги эътиборда туради. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани ҳаракат қилганга беради. Ҳатто иймонли бўлиш учун ҳам ҳаракат қилиш керак. Ақлини, фикрини ишга солиб, ҳидоят йўлини ахтариб ҳаракат қилмаган одам иймон йўлига кириши маҳол. Шунингдек, Аллоҳ ризқи рўзни ҳам ҳаракат қилганга беради. Аллоҳ билан банда орасидаги алоқа бўлмиш намоз, рўза, зикр, закот ва ҳажга ўхшаш ибодатлар асосини ҳам ҳаракат ташкил этади. Намоз ўқиш учун ҳаракат қилиб, таҳорат олиш, масжидга бориш, жойнамоз тайёрлаш керак. Ният қилиб, намозни бошлаганингдан ҳамма бўғинларинг ишга тушади. Қиём, рукуъ, сажда ва бошқа ҳолларда ҳаракатга келмаган аъзоинг қолмайди. Бошқа динларга ўхшаб, ўтирган жойида хаёлдан ўтказиб қўяверса ҳам бўларди. Аммо Аллоҳ буни хоҳламади, мусулмонларнинг ҳаракатчан бўлишларини хоҳлади.

Шунингдек, рўза ибодати ҳам ҳаракатдан иборат. Саҳарликка туриш, рўзани ният қилиш, таом ва шаробдан тийилиб бўлса-да, фаолиятини давом этдириш. Ифтор қилиш. Йигирма ракат қўшимча таровеҳ намозини ўқиш. Яна тунларни бедор ўтказиш — ҳаммаси ҳаракатдан иборат.

Ҳаж ибодати эса, ҳаракатнинг энг улканидир.

Ана ўша асослардан келиб чиқиб, мўминлар мудофааси ҳам жиҳодга боғлиқ қилиб қўйилган. Мўминлар ҳаракат қилиб, ўзларини мудофаа этадилар. Аллоҳ эса, уларга нусрат беради:

«Албатта, Аллоҳ уларга нусрат беришга қодирдир».

Ҳа, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига улар уруш қилмасалар ҳам, нусрат беришга қодирдир. Аммо у зот бандаларига шу йўл билан ҳам савоб касб қилиш, мартабаларини орттириш имконини очиб беради. Яна бошқа ҳикматлари ҳам кўп.

Мўминларга уруш қилишга изн берилишининг бошқа баъзи сабаблари келаси оятда ҳам баён этилади:



40. Улар ноҳақдан, фақатгина «Роббимиз Аллоҳ» деганлари учун ўз диёрларидан чиқарилгандирлар. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан дафъ қилиб турмаса, узлатгоҳлар, канисалар, ҳавралар ва Аллоҳнинг номи кўплаб зикр қилинадиган масжидлар вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга ёрдам берур. Албатта, Аллоҳ кучли ва ғолибдир.

Аввало, мусулмонларга, хусусан муҳожир мусулмонларга нисбатан зулм ўтказилди.

«Улар ноҳақдан, фақатгина «Роббимиз Аллоҳ» деганлари учун ўз диёрларидан чиқарилгандирлар».

«Роббимиз Аллоҳ» деганлари учун мушриклар уларни анвои азоб-уқубатларга мубтало этдилар. Баъзиларини ўлдирдилар, бошқаларини калтакладилар, ярадор қилдилар, турли қийинчиликларга солдилар. Охири келиб, мушриклар уларни бутунлай йўқ қилиб юбориш пайида бўлиб қолдилар. Ана шунда, мусулмонлар ўз маҳбуб диёрларини, аҳли аёл, қариндош-уруғ, молу мулкларини ташлаб чиқишга мажбур бўлдилар. Лекин мушриклар уларни ҳижрат қилиб борган жойларида ҳам тек қўймадилар. Ана шундагина мусулмонларга уруш қилишга изн берилди. Изн берилмаса ҳам, бўлмас эди. Ҳаддидан ошган кофирлар ҳар нарса қилишлари мумкин эди.

«Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан дафъ қилиб турмаса, узлатгоҳлар, канисалар, ҳавралар ва Аллоҳнинг номи кўплаб зикр қилинадиган масжидлар вайрон қилинган бўлур эди».

Яъни, Аллоҳ таоло дину диёнат, иймон-эътиқод ҳомийлари бўлмиш мўмин бандалари ила кофир ва мушрикларни дафъ қилиб турмаса, ҳаммаёқ остин-устин бўлиб кетар эди. Кофир ва мушриклар ҳаддиларидан ошиб, динларнинг энг муқаддас ибодатхоналарини ҳам вайрон қилар эдилар. Улар «узлатхоналар»ни, арабчада «савмаъа» деб номланган юлдузга сиғинадиган собиийларнинг обидаларини, христианлардаги «манастир» деб аталадиган ибодатхоналарни ҳам вайрон қилар эдилар. Насороларнинг канисаларини-да қўймасдилар. Яҳудийларнинг ҳавраларини ҳам, Аллоҳ кўплаб зикр қилинадиган мусулмонларнинг масжидларини ҳам вайрон қилар эдилар.

Дарҳақиқат, тарихга назар солинадиган бўлса, Ислом бўлмаган жойда, мусулмонлар фаолият кўрсатмаган ерда турли ибодатхоналар, уларнинг муқаддаслигига қарамай, ваҳшийларча вайрон қилинганлиги кўрилади. Фақат мусулмонларгина уруш ҳолатида ҳам ибодатхоналарнинг риоясини қилганлар. Аммо Ислом душманлари имкон топди дегунича масжид бузишга ўтишлари ҳаммага маълум.

«Албатта, Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга ёрдам берур».

Яъни, Аллоҳ Ўз динига ёрдам берган бандаларига ёрдам берур. Аллоҳнинг динига мусулмонлар ёрдам берадилар. Улар дунёда Аллоҳнинг дини устун бўлиши учун ҳаракат қиладилар. Демак, Аллоҳ ҳам уларга бу ишда ёрдамини беради.

«Албатта, Аллоҳ кучли ва ғолибдир».

Мусулмон бандаларига ёрдам бериб, ғолиб қилишга қодирдир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

Тафсири Ҳилолдан, Ҳаж сураси