loader
Foto

Тавба сураси, 84-оят тафсири

Улардан биронтаси ўлса, зинҳор унинг (жаноза) намозини ўқиманг ва қабри устига ҳам бориб турманг! Зотан, улар Оллоҳ ва Унинг Элчисига кофир бўлдилар ва итоатсиз ҳолларида ўлдилар.

Ушбу ояти каримани яхшироқ англашимиз ва тўлароқ тасаввур қилишимиз учун унинг тафсирида ривоят қилинган мана бу саҳиҳ ҳадис ва хабарларга мурожаат қилайлик.

Ояти карима мунофиқларнинг каттаси Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг ўлими ва Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг у мунофиққа жаноза ўқиганлари ҳақида нозил бўлгани “Саҳиҳайн”да ва бошқа саҳиҳ ҳадис тўпламларида ривоят қилинган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтди: Қачонки Абдуллоҳ ибн Убай ўлгач, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам унинг жанозасига чақирилдилар. Пайғамбар алайҳис-салом энди жанозани бошламоқчи бўлган эдилар, мен сакраб ўрнимдан туриб у зот билан тобутнинг ўртасини тўсиб олдим, ва: “Ё Расулуллоҳ, Сиз мана шу мунофиқ Ибн Убайнинг жанозасини ўқийсизми? Ахир у Сиз ҳақингизда, мусулмонлар ҳақида фалон-фалон кунлари туҳмат-бўҳтон сўзларни айтганку, ахир Оллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), хоҳ Сиз у (мунофиқлар) учун мағфират сўранг, хоҳ мағфират сўраманг - агар етмиш марталаб улар учун мағфират сўрасангиз ҳам, Оллоҳ уларни асло мағфират қилмас. Бунга сабаб уларнинг Оллоҳ ва Унинг Элчисига кофир бўлганларидир. Оллоҳ эса (бундай) итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас”, деб Сизни уларга намоз ўқишдан қайтарганку”, деб такрорлайвердим. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам табассум қилдилар ва: “Эй Умар, менинг олдимни тўсмай, ортимга ўтгин”, дедилар. Мен ўша сўзларимни ҳадеб айтаверганимдан кейин у зот: “Сен эслатган оятда Оллоҳ таоло менга мунофиқларнинг жанозасини ўқиш ёки ўқимасликка ихтиёр берган. Мен ўқишни ихтиёр қилдим. Агар мен етмиш мартадан кўпроқ мағфират сўрасам, у мағфират қилинишини билсам, унданда кўпроқ мағфират сўраган бўлар эдим”, дедилар ва унинг жанозасини ўқидилар. Сўнгра ҳеч қанча вақт ўтмасдан ушбу оят нозил бўлиб, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам мунофиқларга жаноза ўқишдан, уларнинг дафн маросимига ҳозир бўлишдан қайтарилдилар. Мен ҳали-ҳануз ҳайрон бўлиб таажжубга тушаманки, қандай қилиб ўша куни Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга журъат қилибман. Ахир Оллоҳ ва Унинг Элчиси яхшироқ Билгувчику!” (Бухорий ривояти).

Муфассирлар айтадилар: “Абдуллоҳ ибн Убай ўлим тўшагида ётганида ўғли Абдуллоҳ розияллоху анхуни (бу киши садоқатли саҳобалардан эди), Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг олдиларига юборган эди, Расулуллоҳ унинг олдига кириб: “Сени яҳудларни яхши кўришинг ҳалок қилди”, дедилар. Шунда у: “Ё Расулуллоҳ, мен Сизни келиб мени сўкишингиз учун эмас, мен учун мағфират сўраб берармикансиз, деб чақиртирган эдим”, деди ва у зотдан кафанликка ўзларининг кўйлакларини беришларини, жаноза намозини ҳам ўзлари ўқишларини сўради. (“Тафсири Бағавий”дан).

Инсоний меҳр-муҳаббатнинг мужассам намунаси бўлган Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Убайнинг бу сўзларини ва кафанлик учун табаррукан кўйлакларини сўраганини эслаб, шояд у умрининг сўнгги соатида мунофиқликдан тавба қилиб, иймон келтирган бўл-са, деган фикрда унинг жанозасини ўқидилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Бадр жангида мусулмонларга асир тушган Макка мушриклари орасида Аббос ибн Абдул-мутталиб - Пайғамбар алайҳис-саломнинг амакилари ҳам бор эди. У кийимсиз қолган эди. Ўшанда узун бўйли Аббосга тўғри келадиган кўйлак топилмасдан Пайғамбар алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Убайнинг кўйлагини сўраб (унинг ҳам бўйи узун эди), амакилари Аббосга кийдирган эдилар. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Убай ўлаётган соатида Пайғамбар алайҳис-саломнинг кўйлакларини сўраганида, ундан қарздор бўлиб қолмаслик учун устларидаги кўйлакларини ечиб бердилар.

Албатта Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ишлари ҳам беҳикмат эмас эди.

“Тафсири Мунийр”да Абдуллоҳ Ибн Аббос розиялоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга: “Нега Сиз кўйлагингизни нопок-нажас кимсага бердингиз?”, деганида, у зоти бобаракот: “Менинг кўйлагим уни Оллоҳ томонидан бўладиган бирон нарсадан қутқара олмайди. Аммо ажабмас, Оллоҳ таоло ўша кўйлак сабабли минг кишини Исломга киритса”, дедилар. Дарвоқеъ, иш худди айтганларидек бўлди: Мунофиқлар ўзларининг бошлиқлари бўлган Абдуллоҳ ибн Убайдан ҳеч ажрамасдан қадам-бақадам унинг изидан юрар эдилар. Бас, қачонки улар унинг ўлар чоғида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг кўйлакларини сўраганини - ўша кўйлак билан кафанланса фойдаси бўлишига умид қилганини кўришгач, ўша куннинг ўзида улардан минг киши Исломни қабул қилди.

Ушбу оят нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бирон мунофиққа жаноза ўқимадилар.

“Танвирул-азҳон” тафсирида ривоят қилинишича, улуғ саҳобалардан Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сирдош соҳиблари эди. Бир куни Пайғамбар алайҳис-салом унга: “Мен сенга бир сирни айтаман, аммо сен уни ҳеч кимга айтмагин, мен фалон, фалон ва фалонларнинг жанозасини ўқишдан қайтарилдим”, деб мунофиқлардан бир жамоани номба-ном санадилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Ҳузайфани ўзларига яқин тутиб баъзи бир сирлар-ларни унга айтишлари саҳобаларга маълум эди. Шунинг учун қачонки Пайғамбар алайҳис-салоту вассалом вафот қилгач, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифа бўлган даврда Умар розияллоҳу анху ўзича мунофиқлардан деб гумон қилган бирон кимса ўлса, Ҳузайфани кўлидан ушлаб тўхтатиб унинг жанозасига чақирар, агар Ҳузайфа ўша жанозага борса, Умар ҳам бориб жаноза ўқир, агар у кўлини тортиб олса, Умар розияллоҳу анҳу ҳам у жанозага бормас эди.

Қуръони Азим тафсири, Тавба сурасидан

Шайх Алоуддин Мансур, роҳимаҳуллоҳ

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР