loader
Foto

Шуъаро сураси 14-16 оятлар тафсири

14. Улар (яъни, аввалги пайғамбарларнинг қавмлари) ҳам бўлинмаганлар, магар ўзларига (турли дин ва фирқаларга бўлинмаслик зарурлиги ҳақида) билим-ҳужжат келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилишиб (фирқа-фирқа бўлиб кетганлар.) Агар Парвардигорингиз томонидан (уларнинг жазоларини) белгиланган муддатгача (яъни, Қиёматгача таъхир қилиш хусусидаги) Сўз ўтмаганида, албатта уларнинг ўртасида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, улар мана шу дунёдаёқ жазоларини тортган бўлур эдилар)! Албатта улардан кейин Китобга (Таврот, Инжилга) ворис қилинган кимсалар (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга замондош бўлган яхудий ва насронийлар) ҳам ундан (ўз Китобларидан) шак-шубҳададирлар.

Яъни, аввал ўтган пайғамбарларнинг қавмларидаги фирқа-фирка бўлиб бўлинган ва ўзларига юборилган элчи-пайғамбарларга иймон келтиришдан, уларга итоат этишдан бош тортган кимсалар ҳам билмаганларидан эмас, балки Ҳақ Динга эргашмаслик ва бўлиниш залолат эканини пайғамбарларидан эшитиб, жуда яхши билганларидан кейин қайсарликлари, ўзаро ҳасад-адоватлари сабабли ва моддий манфаатларидан ажраб қолмаслик ғаразида Ҳақ Йўлдан озиб турли фирқаларга бўлиниб кетганлар.

«Агар Парвардигорингиз томонидан (уларнинг жазоларини) белгиланган муддатгача (яъни, Қиёматгача таъхир қилиш хусусида-ги) Сўз ўтмаганида, албатта уларнинг ўртасида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, улар мана шу дунёдаёқ жазоларини тортган бўлур эдилар)!»

Ояти карима мазмунидан маълум бўлганидек, одамлар турли динларга бўлиниб кетганларидан кейин уларнинг ўртасида ҳеч тугамайдиган ихтилофлар бошланди. Бас, ҳар ким ўзини ҳақ, бошқаларни эса ноҳақ деб даъво қилиб, кўп ҳолларда Оллоҳ таолонинг Ҳақ Йўлида барқарор бўлган мўмин-мусулмонлар ўзларининг ҳақ эканликларини исботлашдан ожизлик қиладиган, ноҳақ йўллардаги динсиз-кофир кимсалар эса қилмишларига яраша дарҳол жазоланиш ўрнига Ҳақ Йўлдаги мўминларнинг устидан масхара қилиб куладиган бўлдилар. Ҳатто Макка мушриклари Оллоҳ таолонинг Каломини етказган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳам ёлғончига чиқариб ҳақоратлар қилдилар. Албатта бундай ҳолатларда мўминлар яхши баҳосини, ёмон жазосини олмаётганини кўриб ҳайрон қолишлари табиийдир. Ояти каримада Пайғамбар алайҳис-саломга ва барча мўминларга худди мана шу ҳолатнинг сирри - сабаби баён қилиниб, Ҳақ таоло рўзи азалда, ҳали инсон зотини яратишдан аввал, одамлар ҳаёти дунёда қиладиган амалларининг мукофот - жазосини фақат Қиёмат Кунида олишлари ҳақида Ўз Ҳукмини айтгани, агар ўша Сўз ўтмаганида, Ҳақ Йўлдан бўлиниб ихтилоф қиладиган кимсаларнинг жазолари шу дунёдаёқ нақд қилиниб, ҳалок бўлиб кетишлари аниқ эканлиги ҳақида хабар беради, Қиёмат Кунида ҳар бир ишнинг ҳисоб-китоби бўлишини айтиб мўминларга таскин-тасаллий беради.

«Албатта улардан кейин Китобга (Таврот, Инжилга) ворис қилинган кимсалар (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга замондош бўлган яҳудий ва насронийлар) ҳам ундан (ўз Китобларидан) шак-шубҳададирлар».

Яъни, албатта аҳли Китоблардан Таврот ва Инжилни ота-боболаридан мерос қилиб олган кейинги авлодлари ҳам ўзларининг китобларидан, дину иймонларидан шак-шубҳададирлар. Чунки уларга Мусо алайҳис-саломга тушган Таврот ва Ийсо алайҳис-саломга тушган Инжил китоблари Оллоҳ таоло томонидан у пайғамбарларга қандай нозил қилинган бўлса, ўша ҳолатда етиб келмади, балки уларнинг ота-боболари мазкур Илоҳий Китобларни ўзгартирдилар - уларга ёқмаган оятларни қисқартирдилар ёки ўзларидан қўшдилар ва ўзлари тўқиган сўзларни ҳам Оллоҳнинг оятлари деб авлодларига етказдилар. Жумладан, улар асил Таврот ва Инжилда муборак номлари зикр қилинган охир замон Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам ҳақидаги оятларни ҳам ўчириб ўзгартириб юборганларки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга замондош бўлган аҳли Китобнинг у зотга иймон келтирмасдан шак-шубҳада қолишганининг сабабларидан бири шудир.

15. Бас, Сиз (эй Муҳаммад алайҳис-салом), мана шунга даъват қилинг ва ўзингизга буюрилгани янглиғ Тўғри Йўлда устувор бўлинг, уларнинг (мушрикларнинг) ҳавойи нафсларига эргашманг! Айтинг: «Мен Оллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда (мендан сўраб келган муаммоларингизни ҳал этишда) адолат қилишга буюрилдим. Бизнинг Парвардигоримиз ҳам, сизларнинг Парвардигорингиз ҳам (Ёлғиз) Оллоҳдир. Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Бизлар билан сизларнинг ўртангизда хусумат-жанжал йўқ. Оллоҳ (Қиёмат Кунида) барчамизни жамлар ва Ёлғиз Унга қайтиш бордир.

Яъни, бас, эй Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам, Сиз инсонлар-ни мана шу Ҳақ Динга - Қуръонга даъват қилинг ва ўзингиз ҳам Сизга буюрилгани янглиғ Қуръонга амал қилишда устувор - собитқадам бўлинг, яъни, Оллоҳ таолога ибодатда, Унинг Динини одамларга етказишда бир умр бардавом бўлинг ҳамда уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг! Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни истиқоматга буюрган оят Ҳуд сурасида ҳам келган эди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон оятларидан бирон оят мана шу истиқомат тўғрисидаги оят каби оғир бўлмаган экан. Шунинг учун ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у зотга: “Ё Расулуллоҳ, тез қариб қолдингиз-а?” деганида, “Мени Ҳуд сураси ва унинг опа-сингиллари (айрим ривоятларда Ҳуд, Воқеа ва Мурсалот суралари) қаритди”, дедилар.

Абу Алий Саррий айтади: “Мен тушимда Расулуллоҳ соллоллоҳу алай-ҳи ва салламни кўриб: “Ё Расулуллоҳ, ривоятларга қараганда, Сиз: “Ҳуд сураси, мени қаритди”, деган эмишсиз”, деган эдим, у зот: “Ҳа”, деб жавоб қилдилар. Мен: “У сурадаги қайси оятлар Сизни қаритди? Пайғамбарлар қиссалари ва уларга иймон келтирмаган қавмларнинг ҳалок бўлиб кетганими?” деб сўрадим. Шунда у зот: “Йўқ, балки мени Оллоҳ таолонинг “Ўзингизга буюрилгани янглиғ истиқоматда - Тўғри Йўлда барқарор бўлинг!”, деган Сўзи қаритиб юборди”, дедилар. (“Тафсири Куртубий”дан).

Албатта Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга истиқоматда бўлиш буюрилганидан у зот истиқоматда бўлмаганлари тушунилмайди, балки аксинча, у зоти бобаракот истиқоматда ҳаммага ибрат эдилар. Демак, бу Илоҳий Фармон ана ўша истиқоматда бардавом бўлишга буюрмоқда. Ҳақ таоло Ўз Расулини ва барча мўмин бандаларини истиқоматда бардавом бўлишга буюришининг бир ҳикмати, Оллоҳ таоло буюрганидек Тўғри Йўлда бардавом бўлган инсонлар ҳар қандай душмандан ғолиб бўладилар, аммо у йўлдан ўнг ё сўлга оғадиган бўлсалар, мағлуб ва душманларига қарам бўлиб қолишлари аниқдир.

«Айтинг: «Мен Оллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда (мендан сўраб келган муаммоларингизни ҳал этишда) адолат қилишга буюрилдим. Бизнинг Парвардигоримиз ҳам, сизларнинг Парвардигорингиз ҳам (Ёлғиз) Оллоҳдир. Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Бизлар билан сизларнинг ўртангизда хусумат-жанжал йўқ. Оллоҳ (Қиёмат Кунида) барчамизни жамлар ва Ёлғиз Унга қайтиш бордир».

Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз олдингизга келадиган яҳудий ва насронийларга айтингки, мен Оллоҳ таоло нозил қилган Таврот, Инжил, Забурга ҳамда Иброҳим ва Мусо алайҳимас-саломга нозил қилинган саҳифаларга Қуръонга қандай иймон келтирган бўлсам худди шундай иймон келтирганман. Мен айрим самовий китобларга иймон келтириб, айримларига кофир бўлган кимсалардан эмасман. Шунингдек, мен Оллоҳ таоло томонидан қачон сизлар бирон бир масъалада ҳукм сўраб келсангиз, бирон тарафга ён босмай ўрталарингизда адолат қилишга буюрилганман. Зотан, Оллоҳ таоло сизларнинг ҳам, Бизнинг ҳам Танҳо Роббимиздир, ҳаммамизни яратган Холиқимиздир. Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. «Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир».

Яъни, “Менинг қилган амалим - Оллоҳ таоло нозил қилган ваҳийни инсонларга етказиш, кофирларни дўзах азобидан огоҳлантириш, мўмин-ларга жаннат хушхабарини бериш, Ёлғиз Оллоҳга тоат-ибодат қилиш каби амалларим - меникидир, Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида мени ўша амалларим билан ҳисоб-китоб қилиб, менга ўша амалларим учун жазо-мукофот ато қилади.

Сизларнинг Ҳақ Йўлни тарк этиб, нотўғри йўлни танлаш, Танҳо Маъбуд бўлмиш Оллоҳ таолога турли жонли-жонсиз махлуқларни шерик қилиш ва бузғунчилик қилиш каби амалларингиз эса сизларникидир, Оллоҳ таоло сизларни Қиёмат Кунида ўша амалларингиз билан ҳисоб-китоб қилиб, қилмишларингизга яраша жазоларингизни беради. Сизлар мен учун жавобгар эмассизлар, мен сизлар учун жавобгар эмасман”, деб айтиб қўйинг. Бу мазмундаги оятлар бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келади: “Ҳар бир жоннинг қилган гуноҳи фақат ўз зиёнига бўлур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга (жон)нинг юкини (яъни, гуноҳи-ни) кўтармас”. (Анъом сураси, 164-оятдан).

“Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга (жон)нинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Ва инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас). Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат Кунида) кўринур. Сўнгра у (ўша саъй-ҳаракати учун) тўла-тўкис жазо-мукофот олур.” (Ван-нажм сураси, 38-41-оятлар).

«Биз билан сизларнинг ўртамизда хусумат-жанжал йўқ».

Чунки Ҳақиқат кундек равшан бўлди ва ҳеч қандай талашиб-тортишишга жой қолмади. Энди ҳамма гап Қиёматга қолди. Ҳаммамиз Унинг ҳузурига қайтишимиз бордир. Ана ўша Кунда: Парвардигоримиз ҳисоб-китоб учун барча инсонларни, жумладан сиз билан бизни ҳам маҳшаргоҳга тўплайди ва кейин, ҳар биримизнинг кимлигимиз, ҳаёти дунёда қандай амаллар қилганимиз аниқ-равшан бўлганидан сўнг ораларимизни очиб, мўмин бандаларини кофир-мушриклардан ажратиб, Ҳақ Йўлда ҳаёт кечирган мўминларни жаннатга, ботил йўлларда умрларини зое қилган кофирларни эса жаҳаннамга ҳукм қилади.

16. Оллоҳ ҳақида (яъни, Унинг Дини ҳақида) у (Дин одамлар томонидан) қабул қилинганидан сўнг (уларни Исломдан чиқариш учун) хусумат-жанжал қиладиган кимсалар - уларнинг ҳужжатлари (яъни, жанжал-хусуматлари) Парвардигорлари - Оллоҳ наздида ботил-беҳудадир. Уларга (бу дунёда) ғазаб, (Охиратда эса) қаттиқ азоб бордир.

Қатода раҳимахуллоҳ айтади: «Ояти каримада зикр қилинган Оллоҳ таолонинг Дини ҳақида талашиб-тортишадиган кимсалардан мурод, яхуд ва насронийлардир. Улар Ислом Дини одамлар томонидан қабул қилиниб, кўпчилик мусулмон бўлиб кетаётганини кўрганларидан кейин ўринларида ўтира олмай қолдилар ва нима қилиб бўлса ҳам одамларни ушбу Ҳақ Дин ва ҳақ Пайғамбар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдан тўсиш учун мусулмонлар билан хусумат қилишиб, жанжаллаша бошладилар ва: «Бизнинг пайғамбаримиз сизларнинг пайғамбарингиздан аввал келган, бизнинг Китобимиз ҳам сизларнинг Китобингиздан илгари нозил бўлган. Ахир ўзларингиз ҳамма иттифоқ қилган нарсани ушлаш ихтилофли нарсани ушлашдан яхшироқ, дейсизларку. Мана, Мусонинг ҳақ пайғамбар эканлиги ва Таврот чиндан ҳам Оллоҳтомонидан нозил қилинган Китоб эканлигига сизлар ҳам, бизлар ҳам баб-баробар ишонамиз. Аммо Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбарлиги тўғрисида бўлса, ўртамизда ихтилоф бор. Демак, у келтирган Ислом дини ва Қуръон тўғрисида ҳам ўртамизда ихтилоф бор - сизлар уни Ҳақ Дин ва ҳақ Пайғамбар дейсизлар, бизлар эса унга ишонмаймиз. Бас, сизлар ҳам, бизлар ҳам, бил-иттифоқ тўғри деб билган Мусо ва Тавротни, яъни, яҳудий динини ушлаш вожиб бўлади», деб, одамларни Оллоҳ таолонинг барча инсонлар учун буюрган Ҳақ Дини бўлмиш Дини Исломдан тўсмоқчи бўлдилар. Шунда Ҳақ таолонинг Ўзи уларнинг келтирган «ҳужжат»лари бутунлай ботил эканини айтиб, бундай ботил сафсаталар билан улар ҳеч қачон одамларни Дини Исломдан тўса олмасликларини таъкидлади ва ундай Оллоҳ таолонинг Ҳақ Дини ва ҳақ Пайғамбари билан хусумат қиладиган бузғунчиларнинг барчаси албатта дунёда Яратганнинг ғазабига дучор бўлишлари, Охиратда эса, қаттиқ азобга гирифтор қилинишлари ҳақида қаттиқ огоҳлантирди. («Тафсири Мунийр»дан).

Шайх Алоуддин Мансур роҳимаҳуллоҳ

"Қуръони Азим Тафсири" китобидан