loader
Foto

Оли Имрон сураси 142-оят тафсири

142. (Эй мўминлар), ёки Оллоҳ сизларнинг ичингиздан ким (Ҳақ Йўлда) курашган-у, ким сабр-тоқат қилганини билмай (яъни, имти-ҳон қилмай) туриб жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми?!

Ояти карима Уҳуд жанги мўминлар учун бир Илоҳий Имтиҳон бўлгани-ни уқтиради. Улардан ким Оллоҳ Йўлида жиҳодга чорланган вақтида Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида мушрикларга қарши курашади-ю, ким турли баҳоналар билан ўзини четга олади, жанг асносида ҳам ким сабр-тоқат билан курашда давом этади-ю, ким жанг майдонида Пайғамбар алайҳис-саломни ёлғиз қолдириб, ўз жонини қутқариш ғамига тушиб қолади - мана шу икки ҳолатда ўзини Оллоҳ Йўлида кураша оладиган, сабрли эканини кўрсатиб, Яратганнинг имтиҳонидан ўтган инсонларгина жаннат эгалари бўлишлари баён қилинади. Аммо ким мунофиқ ибн Убай ва унинг ҳамтовоқлари каби ҳали йўлда эканларидаёқ жангдан қочса ёки жанг пайтида кофирларнинг қўли баланд кела бошлаганида орқаларига қараб қочган кимсалар каби бесабрлигини, кўрқоқлигини кўрсатса, мўмин-лар учун ваъда қилинган жаннатдан маҳрум бўлиши маълум қилинади. Мавзу шу, сўз шу ҳақца боради. Лекин бу Сўзнинг ҳукми фақат ўша маълум тарих, маълум воқеа ва ўша одамларга чекланмайди, балки Қиёматгача ҳаёти дунёга келадиган ва Ислом-иймон йўлини танлаган ҳар бир инсон учун бу Илоҳий Ҳукм, яъни, Илоҳий Имтиҳон давом этади. Ҳар бир мўмин бу имтиҳондан ўтиши лозим. Бу Оллоҳ Йўлида курашиш ва сабр синовидир.

Биз Бақара сурасининг тафсирида ҳам бир қадар айтиб ўтганимиздек. Оллоҳ Йўлидаги Жиҳод дейилганида фақат жанг майдонида бўладиган жиҳоднинг ўзигина назарда тутилмайди. Хусусан бизнинг асримизда магар четдан бостириб кирган ёвдан Ватанни ҳимоя қилиш учун бўладиган жиҳоддан бошқа барча жанг майдонларидаги “жиҳодлар” фақат мусулмонларни қириш, Исломни ёмон отлиқ қилиш учун ғайридинлар томонидан берилган кўрсатма, таълим, қурол-яроғ ва маблағ билан бўлаётгани, ўзларини мужоҳид санаган кимсалар эса, билибми, билмайми фақат ўз диндошларини, ватандошларини ўлдираётганлари ақли ҳуши жойида бўлган, Қуръон ва Суннатни билган ва амал қилган ҳар бир мусулмоннинг юрагини қон қилаётгани аччиқ ҳақиқатдир.

Ҳар бир мусулмон, Оллоҳ таолонинг жаннатига киришдан умиди бор ҳар бир инсон аввало ўз нафсининг васвасаларига, ҳавойи хоҳишларига қарши жиҳод қилиши фарздир. Агар у мана шу жиҳодда ғолиб бўлса ва бу ғалабани бир умр сабр-тоқат билан кўлида сақлаб турса, у ҳақиқий мужоҳиддир. Яна ҳар бир мусулмон ўз Динини - Исломни ўрганиши, бу йўлда ўзининг бор имкониятларини ишга солиб жиҳод қилиши - курашиши, сўнгра сабр тоқат билан билганларига бир умр амал қилиб ўтиши фарздир. Шунингдек, Оллоҳ таоло илм ато этган кишилар билганларини билмаганларга ўргатишлари, мусулмон миллатини илмли миллатга айлантириш йўлида ҳар бир олим ўз улушини қўшиши ва бу йўлда бошига тушадиган кўргуликларга сабр-тоқат қилиши Оллоҳ Йўлидаги жиҳоддир. Агар таъбир жоиз бўлса, бир жоҳил кимсанинг кўзини очиб, унга Динни ўргатиб, билимли кишилар сафига қўшиш жамиятда бир динсизни камайтириб, мусулмонлар сафига бир мусулмонни қўшишга баробардир.

Шайх Алоуддин Мансур роҳимаҳуллоҳ

"Қуръони Азим Тафсири" китобидан