loader
Foto

41. Ал-Ҳасийб

Бу исм кифоя қилувчи маъносидадир. Бир нарсага кифоя қилувчи Зот унинг ҳасийби бўлади.

Аллоҳ таоло ҳар бир кишининг ҳасийби -кифоя қилувчисидир. Бу сифатнинг ҳақиқати Ундан ўзгада тасаввур этилмас! Чунки кифояланиш учун ҳар бир киши кифоя қилувчига муҳтож бўлади, мавжудлиги учун, вужудининг давомийлиги учун, борлиғининг камолоти учун ўзига бир кифоя бўлиши лозим. Борлиқда Аллоҳ таолодан ўзга бир нарсага ёлғиз ҳолида кифоя бўлувчи йўқ. У, шубҳасиз, ҳар бир нарсага кофийдир, мавжудотнинг борлиғи давомийлиги ва мукаммал бўлиши У билан ҳосил бўлади.

Сен таом, шароб, Ер, осмон, Қуёш ва бошқа нарсага муҳтож бўлганингда Аллоҳдан ўзгага эҳтиёжим тушди деб зинҳор ўйламагил! Чунки мазкур нарсаларни яратиб қўйишлик билан Аллоҳ таоло сенга кофий бўлган — кифоя қилгандир. Демак, У сенинг ҳасийбингдир.

Аллоҳ таоло онасига муҳтож бўлаётган чақалоқнинг ҳасийби эмас деб ҳам ҳеч хаёл қилма! Чунки Аллоҳ таоло унинг онасини яратди, чақалоқни эмишга йўллади. Она қалбига меҳр-шафқат солингани боис боласини кўтариб, эмишига имкон берибди. Бундаги кифоялик мазкур сабаблар билан бўлди. Аллоҳнинг ёлғиз ўзи бу сабабларни яратмишдир.

Сенга биров айтсаки бола онасининг ўзидан кифоя қилади, чунки сутга эҳтиёж бор деса, уни сут онадан деган гумон билан тасдиқлашинг мумкин. Билгилки, сут онадан эмас, балки сут ҳам, онанинг ўзи ҳам Аллоҳнинг махлуқидир.

Аллоҳ ўз фазли билан барчага ҳасийб — кифоя қилувчидир. Борлиқда Ундан бошқа ёлғиз ўзи бир нарсага кифоя бўлувчи иккинчи бир нарса бўлмас! Балки нарсалар бир-бирига боғлиқ бўлиб, барчаси Аллоҳ таолонинг қудратига тааллуқлидир.

Танбиҳ. Ушбу сифатга банданинг ҳеч қандай насибаси йўқ. Бўлса ҳам, узоқ мажозий, изофавий ва омийларча бир гумон билан бўлади.

Мажозий бўлиши қуйидагича: инсон ўз боласига қараб туриши, устоз шогирдига таълим беришда кофийлиги бир воситадир. Чунки улар кофий эмас, балки Аллоҳ таоло кофийдир. Зеро, инсон ўз нафсига кифоя қилолмаса, ўз нафсини тутиб туролмаса, қандай қилиб ўзидан бошқага кифоя қилади?

Изофавий бўлиши эса фаразан, инсон бевосита мустақил равишда ёлғиз ўзи кифоя қила олади десак ҳам етарли эмас, чунки у ўз феъли ва кифоясини қабул қилувчи бир маконга муҳтож бўлади. Масалан, илм олишда илмнинг маҳалли бўлмиш қалбга эҳтиёж тушади. Инсон шундагина таълим беришга кофий бўлади. Ёки таомни танасига етказиши учун ошқозонга муҳтож бўлади. Бунга ўхшаш мисолларни санаб адо қилолмайсан.

Ҳар бир майда иш ҳам фоил ва қобилга муҳтож бўлади. Фоил қобилдан асло айри-айри эмас. Бу таъриф фақат Аллоҳ таоло ҳаққида дуруст бўлади. Чунки У феълни ҳам, уни қабул қилувчи маконни (маҳални) ҳам шарт-шароити билан яратувчидир!

Омийлар назари, аввало, фоилга — ишнинг бажарувчисига тушади, кўзига бошқаси кўринмайди. Фоил ёлғиз ўзи кифоя бўлмоқца деб ўйлайди. Ваҳолонки, ундай эмас!

Тўғри, бу сифатдан банданинг оладиган насибаси унинг ҳиммати ва иродасига қараб Аллоҳ таолонинг ўзи унга кифоя қилишидир. Бу банда Аллоҳдан ўзгани демайди, доим огоҳ бўлиб, жаннатни ўйламайди, дўзах хаёли билан қалби машғул бўлиб қолмайди. Балки бутун фикри-хаёли Аллоҳнинг зоти (борасидаги тафаккур)га ғарқ бўлади.

Аллоҳ таоло ўз зоти жалоли билан шу бандага тажаллий қилган ватқтида банда шундай дейди: «Шу менга кифоя қилади, Ундан ўзгани хоҳламасман, Ундан ўзганинг бор-йўқлиги хаёлимга келмас!»

Имом Муҳаммад Ғаззолийнинг

"Аллоҳнинг гўзал исмлари" китобидан