loader
Foto

Имом Шавқоний, роҳимаҳуллоҳ

«Яман аҳли сизларга булут каби келадилар. Улар ер юзидаги инсонларнинг энг афзаллари».

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам

Яман аҳли нақадар буюк халқ!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина, Шом ва Яман халқларини кўп эслаб, улар ҳаққига дуо қилардилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Эй Роббим, Шом ва Яман диёрларига ўзинг барака ато эт». Имом Бухорий ривояти.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Батаҳқиқ, Яман аҳли келмоқда. Улар сизлардан кўра юмшоқ қалблидир. Иймон ҳам Яманда, донишмандлик ҳам Яманда». Имом Бухорий ривояти.

Дарҳақиқат, мен бу ҳадисларнинг маъносини яманликлар билан ишлаган кезларим тушуниб етганман. Уларда кўп халқларда учрамайдиган сиполик ҳамда мулойимлик каби хислатлар мавжуд. Уларни Муҳаммад алайҳиссалом мақтаганларидан сўнг ҳайрон қолишга ҳожат йўкдир. Баракали Яман диёри араблар ватани ва уларнинг тамаддун ўчоғи бўлган. У заминда ривожланиш тараққий этган ҳамда бир қанча қудратли подшоликлар ҳукм сурган. У ердан биз ушбу китобнинг аввалида ҳикоя қилган иймонли ёш йигит ва чуқурда куйган мусулмонлар шу билан бирга Аллоҳга иймон келтирганлар чиққан. У ердан Маккага биринчилардан борган Журҳум Қаҳтоний қабиласи чиққан. Мана шу кабиладан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболаридан Исмоил алайҳиссалом уйланган. Каъбанинг кисвасини биринчи бўлиб, Қадимги Яманнинг подшоҳи Асад Ҳимярий ёпган. Шомга ҳукмдорлик килган Ғассонийлар ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам берган ансорларнинг асли келиб чиқиши ҳам Ямандан бўлган. Туфайл ибн Амр Давсий, Абу Ҳурайра, Абу Мусо Ашъарий ва бошка улуғ саҳобалар ҳам (Аллоҳ улардан рози бўлсин) Яман диёридан чиққанлар. Бу муқаддас шаҳарнинг тупроғидан Шом, Миср ва Ироқни душманлардан озод қилган улуғ баҳодирлар чиққан. У ердан Андалусияга даъватчилар ва олимлар борганлар. Бу шаҳардан Шарқий Африка, Индонезия, Малайзия ва Жануби-Шарқий Осиёга Ислом динини тарғиб қилган улуғ савдогарлар чиққанлар. Шунингдек, имом Молик ва Ибн Халдун сингари улуғ Ислом олимлари, Андалусиянинг энг улуғ подшоҳи Ҳожиб Мансур ва бошқа кўплаб атоқли инсонларнинг келиб чиқиши Ямандан бўлганини эшитганлар таажжубга тушишлари мумкин.

Қаҳрамонимиз тарихи 1759 йили (ҳ. 1173 й.) бошланган. Худди шу йилда у Яманнинг Шавқон қишлоғида, Зайдийлар оиласида таваллуд топган. Халқ орасида имом Шавқоний номи билан машҳур бўлган. Ислом умматининг энг улуғ олимларидан бўлиб, ортидан бир қанча диний дурдона асарлар қолдирган. Мазкур ҳикоямиз қаҳрамони «Найлул автар шарҳи мунтақол ахбор» асарининг муаллифи, фақиҳ, муфассир ҳамда улуғ имом Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад Шавқоний Саноий Яманий бўладилар.

Зайдийлар - бу шиаларнинг бир фирқаси. Лекин уларнинг ўн иккиликларидан катта фарқи бор. Улар Абу Бакр Сиддиқ, Умарул Форуқ ва мўминларнинг оналарини ҳақорат қилмайдилар. Шу жиҳатдан улар шиаларга қараганда, суннийларга яқинрокдир. Улар Али ибн Абу Толибни Абу Бакр ва Умарларни даражасидан баланд деб ҳисоблайдилар. Умматни бошқариш пайғамбар алайҳиссаломнинг қизи Фотиманинг зурриётларидан бўлиши керак деб айтганлар. Зайдийлар улуғ имом Зайд ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толибнинг исмидан шундай аталганлар. Уларга эргашганлар кўп бўлган. Зайд ибн Алидан одамлар Абу Бакр Сиддиқ ва Умарул Форуқ ҳақида сўрашганларида уларни мақтаган. Шунда унинг жавоби одамларга ёқмайди. Улар Зайддан икки улуғ саҳобани ҳақорат қилишини талаб қилганларида Зайд ибн Али бундан бош тортади. Шунда улар Зайдни рад этиб, ундан ажралиб кетадилар. Мана шулар тарихда рофидийлар (рад этувчилар) номи билан танилганлар.

Имом Шавконий Зайдийларнинг раҳнамоларидан бўлган. Лекин у бирор мазҳабга кўр-кўрона эргашишдан воз кечиб, далилларга таянган ҳолда, қарор қабул қилишни истайди ҳамда ўзига ўзи қуйидагича савол беради. У савол ҳозирги кунда барчамизга сув ва ҳаводек зарурдир. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси мазҳабни тутган? Умар розияллоҳу анҳу қайси мазҳабга эргашган? Али розияллоҳу анҳу қайси мазҳабни ушлаган?» Имом Шавқоний бу оддий саволлардан сўнг ҳар бир мусулмонни турли оқимлар ва мазҳаблар чиқмасидан аввалги Исломнинг асосий манбаига қайтиш зарурлигини англаб етган. Шунинг учун у Қуръони карим ва суннатга асосланган ўзининг «Найлул автар» асарини ёзган. Аллоҳ таолонинг инояти билан унинг китоби ер юзига кенг тарқалиб, Ҳиндистон, Магриб, Миср ва Шом каби шаҳарларигача етиб борган. Шундай қилиб, у ўзини кўр-кўрона эргашиш қуллигидан озод қилган. Қаҳрамонимиз - яманлик улуғ имомнинг исми тарих зарварақларига олтин ҳарфлар ила муҳрланган.

Маълумки араблар насаб жиҳатидан икки катта авлод вакилларидир. Яманликлар қаҳтоний-арабларига мансуб бўлса, иккинчи авлод адноний-арабларидан ҳам улуғ бир қабила чиққан. Бу қабила сон жиҳатидан ҳам, куч-қудрат жиҳатидан ҳам устун бўлганлар. Улар Исломдан аввал ҳам, ундан кейин ҳам шуҳрат қозонганлар. Шунингдек, улар Исломгача ҳам ҳеч қайси қабила билан иттифоқ тузмаганлар. Бу қабила Дажжол чиққанда унга қаттиқ қаршилик қила оладиган қабиладир.

Бу арабларнинг қайси қабиласи бўлган?

Жанглардаги овози минг кишидан афзал бўлган улуғ баҳодир ким бўлган?

Ат-Туробийнинг

"Ислом умматининг 100 буюк шахси" китобидан