loader
Foto

Нега Саудия Арабистонида ислом олимлари қамалди?

1990 йил 2 августда Саддам Ҳусайн Қувайтга бостириб кирди ва бу халқаро норозиликни келтириб чиқарди. Ироқ ҳужумидан қўрқиб, Саудия Арабистони режими ўз чегараларини ҳимоя қилиш учун Америка қўшинларидан ёрдам сўради. Қиролликнинг рухсати билан мусулмон бўлмаган қўшинлар Ҳарамейннинг муқаддас ҳудуди бўлмиш Икки муқаддас масжидга биринчи марта қадам қўйди. Ушбу қарорга жавобан қирол оиласига қарши бўлган гуруҳ тузилди: "Саҳва" ("Ас-Саҳва ал-Исломия" - "Ислом уйғониши" сўзининг қисқартмаси).

Саҳва ҳаракатининг ўзига хос хусусияти унинг ўн минглаб ёшлар орасида АҚШ қўшинларига қарши қаршилик уйғотиш қобилияти эди. Бир онли ғазабдан бошланган нарса тез орада тўлақонли ҳаракатга айланди, унинг етакчилари Сафар ал-Ҳавалий ва Салмон ал-Авда жаҳон миқёсида шуҳрат қозонди. «Талаб мактуби»нинг нашр этилиши ва «Қонуний ҳуқуқлар қўмитаси»нинг тузилиши «саҳва»нинг юзлаб фаоллари, жумладан, ҳаракатнинг бир қанча етакчилари, жумладан ал-Ауда ва ал-Ҳавалийнинг қамоққа олинишига олиб келди.

Ҳаракат 2017 йилда Саудия Арабистонида янги валиаҳд шаҳзода ҳокимиятга келганида якун топди. У «Саҳва» ҳаракати тугатилганини эълон қилди, унинг тарафдорларини яна қамоққа ташланди ва "мўътадил Ислом"га қайтишни эълон қилди. Шуниси эътиборга лойиқки, Саудия Арабистонининг амалдаги ҳукумати нуқтаи назаридан, "мўътадил Ислом" Озодлик ҳайкали рамзи билан Хеллоуин байрамлари, кўплаб концертлар ва гедонистик фестивалларни ўтказишга рухсат беради.

Саҳва ҳаракати нима эканлигини ва Саудия режими уни нега таҳдид сифатида қабул қилаётганини тушуниш учун унинг келиб чиқиши ва унинг ғоялари Саудиянинг давлатни либераллаштириш лойиҳасига қанчалик зид эканлигини билиб олишимиз керак.

"МУСУЛМОН БИРОДАРЛАР"

"Мусулмон биродарлар" ташкилотига 1928 йилда Мисрда Рашид Ридонинг шогирди Хасан ал-Банна (1906-1949) томонидан асос солинган. Ридо Жамолиддин ал-Афғоний ва унинг шогирди Муҳаммад Абдо томонидан илгари сурилган масонликнинг Мисрга кириб келишининг ашаддий рақиби эди. Бундан ташқари, у сионистик ҳаракатдан нафратланган. Шундай қилиб, "Мусулмон биродарлар"нинг пайдо бўлишига айнан мана шу аксил-Ғарб кайфиятлари сабаб бўлди.

1954 йил декабрида "Мусулмон биродарлар" Камол Абдул Носирга (Мисрнинг ўша пайтдаги президенти) суиқасд уюштиришда иштирок этганликда айбланиб, бир қатор репрессив чоралар кўрилишига сабаб бўлди, 1965 йилда ҳаракат қатъий қадам ташлади ва унинг фикрини ўзгартирди. Носир "Мусулмон биродарлар" аъзолари учун концлагерлар ташкил қилди ва айнан ўша ерда Саййид Қутб (1906-1966) ғоялари туғилди.

Даъват жамиятни ўзгартириш йўли деб ҳисоблаган ал-Баннадан фарқли ўлароқ, Қутб биринчи навбатда шариатни амалга оширишдаги тўсиқларни олиб ташлаш керак, деб ҳисобларди:

«Аллоҳ таолонинг ҳокимиятини тортиб олиб, Унинг яратганларига зулм қилганларни фақат ваъз қилиш орқали ўз ҳокимиятларидан воз кечишга кўндириб бўлмайди; агар шундай бўлганида, Аллоҳнинг динини ер юзида ўрнатиш миссияси Аллоҳнинг пайғамбарлари учун ниҳоятда осон бўлар эди».

ЯҚИН ШАРҚДАГИ СОВУҚ УРУШ

Иккинчи жаҳон урушидан кейин, деколонизация даврида Яқин Шарқда авторитар миллатчи режимлар ҳокимият тепасига келди. "Мусулмон биродарлар"нинг тобора оммалашиб бораётгани ҳукмдорларга ёқмади ва улар ҳаракатни қаттиқ репрессияларга дучор қилдилар, натижада ҳаракатнинг кўплаб аъзолари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлдилар. 1954 йилда Носирнинг биринчи қатағон тўлқинидан омон ўтиб, "Мусулмон биродарлар" ҳаракатининг кўплаб аъзолари Саудия Арабистонидан бошпана топди.

1950-йилларнинг охиригача "Мусулмон биродарлар" Саудия Арабистонида фаол бўлмаган, бироқ Ғарб ва Совет Иттифоқи ўртасидаги геосиёсий кучлар мувозанати ўзгарган сари минтақалараро рақобат кучайиб борди. Саудия Арабистони АҚШ томонида, Миср эса Совет Иттифоқи томонида эди. Бу «Мусулмон биродарлар» Саудия майдонида асосий ўйинчи сифатида пайдо бўлган араб совуқ урушининг бошланиши эди.

Носирнинг панараб социализмидан фарқли ўлароқ, қирол Файсал (Саудия сулоласининг учинчи қироли-Абу Муслим) исломни қиролликнинг асосий мафкураси деб эълон қилди. "Мусулмон биродарлар"дан ёрдам сўраб, Носирнинг араб миллатчилигига муқобил "ислом бирлиги"ни таклиф қилди. Бу мақсадни амалга ошириш учун 1961 йилда Мадина Ислом университети ташкил этилган бўлиб, унга "ўғирлик, зулм ва қийноқларга дучор бўлгандан кейин ўз мамлакатидан ҳайдалганлар" бошчилик қилган, бу эса "Мусулмон биродарлар" аъзоларига аниқ ишора қилади.

Жиддадаги Қирол Абдул Азиз университети ва 1981 йилда Умм ал-Қура университетига айланган Маккадаги филиалида «Мусулмон биродарлар» бошиданоқ кўпчилик эди. Университетнинг машҳур домлаларидан бири Саййид Қутбнинг укаси Муҳаммад Қутб эди. Шундай қилиб, "Мусулмон биродарлар"нинг энг кўзга кўринган аъзолари Саудия Арабистонидаги таълим муассасаларининг ўқитувчилари таркибида етакчи лавозимларни эгаллаб, 1970-80-йиллар давомида уларни эгаллаб туришган. Бундан ташқари, улар умумтаълим мактаблари ўқитувчилари таркибига ҳам кирдилар:

«Шундай қилиб, 1960-йилларда Саудия Арабистонида "Мусулмон биродарлар"нинг экзоген анъаналари маҳаллий диний соҳага кенг миқёсда киритилди ва уни ҳар томондан қўллаб-қувватловчи институтлар яратилди. Ушбу "трансплантация" ўзининг қарши маданияти ва ўз ташкилотларини туғдирган кенг ижтимоий ҳаракатни келтириб чиқарди ва таълим тизими орқали тез орада ижтимоий ҳаётнинг деярли барча соҳаларини қамраб олди».

"САҲВА" нинг келиб чиқиши

Бу ижтимоий ҳаракат "Ас-Саҳва ал-Исломия" (Ислом уйғониши) ёки оддийгина "Саҳва" номи билан танилган. Ҳаракат мафкураси дунёга бўлган икки хил қарашнинг ўзига хос синтезига айланди: Муҳаммад ибн Аблуд-Ваҳҳоб мероси ва "Мусулмон биродарлар" ғоялари.

"Мусулмон биродарлар" ғоялари, авваламбор, сиёсий характерга эга бўлиб, дастлаб империячи Ғарбга қарши қаратилган эди. Муҳаммад ибн Абдул-Ваҳҳобнинг ғоялари, биринчи навбатда, унинг тавҳид ҳақидаги тушунчасига ва Исломни динга киритилган ва мусулмонларнинг дастлабки уч авлодига маълум бўлмаган бидъатлардан тозалаш зарурлиги ҳақидаги фикрларига қаратилган бўлса-да.

Кўриниб турибдики, бу икки анъана бир-биридан жуда фарқ қилган ва турли мақсадларга эга эди. Улар бир-бирини тўлдириб, Саудия таълим тизими орқали "Мусулмон биродарлар"нинг методологияси ва эътиқодлари ҳукмронлик қилган, Саудия заминида Муҳаммад ибн Абдул-Ваҳҳоб ақидасини қабул қилган "Саҳва"нинг ташкил қилинишига асос солди

Сахво ҳаракатининг ғоявий илҳомчиси, албатта, Муҳаммад Қутбдир. У 1919 йили Мисрда туғилиб, катта акаси Саййиднинг шуҳрати соясида ўсган. Олти йил қамоқда ўтириб, 1966 йилда акаси осилиб қатл этилганига гувоҳ бўлгач, 1971 йилда Саудия Арабистонига кўчиб кетди ва Маккадаги Шариат факультетига профессор этиб тайинланди.

Муҳаммад Қутб Муҳаммад ибн Абдул-Ваҳҳобнинг интеллектуал меросини акаси ғоялари билан жуда муваффақиятли уйғунлаштирган. Шундай қилиб, у Ибн Аюдул-Ваҳҳоб таърифлаган асл "тавҳиднинг уч устуни"га тўртинчи устунни қўшиб, уни "тавҳид ал-ҳакимия" деб атаган, яъни фақат Аллоҳ ҳукмрон, ўзига етарли бўла олади. Ва бу билан у Аллоҳнинг қонуни билан ҳукм қилмаган ҳар қандай ҳоким (ҳукмдор) Аллоҳнинг тавҳидини бузган бўлишини назарда тутган.

Бу Биринчи жаҳон уруши ва халифалик вайрон бўлгандан кейин ўрнатилган халқаро тартибни бузиш эди, ўшанда ислом империяси Аллоҳнинг шариатини эълон қилмаган, балки Ғарб мустамлакачиларининг шаблони бўйича шакллантирилган дунёвий конституцияларни афзал кўрганлар бошчилигидаги кўплаб миллий давлатларга парчаланиб кетган.

Шариат ҳукмдор устидан ҳукмронликни қўлга киритмагунча тавҳид тўлиқ бўлмайди, деган эътиқод кейинчалик Саҳва ҳаракатининг дунёқарашида ва Саудия режимини танқид қилишларида ҳукмронлик қиладиган ғояга айланди.

Мухолифатнинг Шаклланиши

Саудия Арабистонининг янги авлоди "Мусулмон биродарлар" ғояларидан илҳомланиб улғайган. Улар "Саҳва" ташкилоти томонидан ташкил этилган, исломий таълим, мусулмон ўзлигини мустаҳкамлаш ва бутун дунё мусулмонлари олдидаги масъулият ҳиссини тарбиялашга қаратилган ёшлар лагерларида қатнашди. Уларга дин ва сиёсат инсон ҳаётининг алоҳида (алоҳида) унсурлари эмаслиги, ислом динига жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олувчи ажралмас ҳаёт тарзи сифатида қараш лозимлиги уқтирилди.

Саудияликлар (Қироллик ҳукмрон оиласи вакиллари) сиёсий майдонда устун мавқеини сақлаб қолишди, бироқ янги авлод зиёлилари, олимлари ва фаоллари сиёсий ва диний элита орасида иккинчи даражага тушиб қолганини тушуна бошладилар. Шундан сўнг уларда масъулият ҳисси ва адолатсизликка қарши чиқиш ҳуқуқига ишонч пайдо бўла бошлади.

1990 йил 13 августда Оқсоқол уламолар қўмитаси (Ҳаёт Кибар ал-Уламо) кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди ва унинг якунида "мамлакат раҳбари томонидан зарур қурол-яроғларга эга бўлган малакали кучларни жалб этиш ва уларни ўз манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватловчи фатво қабул қилинди. Бу мамлакатга қарши тажовузкор ҳаракат қилишга қарор қилганлар орасида қўрқув уйғотади".

Саҳва уламолари фатвога кескин муносабат билдиришди ва АҚШ қўшинларини Икки масжидга киритиш ҳаракатини диний қўллаб-қувватлашни қораладилар ва фатвога бевосита эътироз билдиришди.

Сафар ал-Ҳавалий "Уммат уламоларини хатодан қутқариш" сарлавҳали мақола эълон қилган. Унда у саудиялик олимларни фиқҳ ал-воқий ҳақида тўғри тушунчага эга эмаслиги, яъни улар ташқи сиёсат муҳитини аниқ тушунмаганликлари сабабли уларни бу борада нотўғри қарорлар қабул қилишларига олиб келганини танқид қилган.

Салмон ал-Авда "Давлатнинг парчаланиш сабаблари" мавзусида маъруза ўқиди ва унда Саудия Арабистони сиёсатининг тасаввурини тақдим этди ва агар мамлакат ўз қонунийлигини сақлаб қолишни истаса, нималардан қочиш кераклигини таъкидлади. У Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳнинг асарларига асосланиб, давлатнинг қулашига олиб келиши мумкин бўлган ўн иккита сабабни санаб ўтди. Улар орасида бошқарув аппаратининг маънавий ва иқтисодий бузуқлиги, унинг раҳбарлари томонидан ўрнатилган зулм, қарор қабул қилишда маслаҳатлашиш (шўро) анъаналарига амал қилмаслик кабилар бор эди. Ўз нутқи давомида у шундай деди:

"Баъзи давлатлар дин асосида, уни ҳимоя қилиш ва тарқатиш, яхшиликка чорлаш ва ёмонликдан қайтариш тамойилини қўллаш, шариатга йўл кўрсатиш учун қурилган... Давлат [бундай] мақсадига содиқ қолар экан, у ўз халқининг қўллаб-қувватлашидан баҳраманд бўлгани учун, у куч-қудратга, шаънига ва енгилмасликка эга бўлишдан тўхтамайди. Бироқ мўлжалланган йўлдан оғишса, ўз борлиги маъносини йўқотади, энг яқин тарафдорлари эса уни тарк этадилар... Бундай мамлакат янги қўллаб-қувватлашга эга бўла олмайди, бу эса унинг қулашига олиб келади".

Бунга жавобан давлат ал-Авдани ҳам, ал-Ҳавалийни ҳам қамоққа ташлаб, Саҳва ҳаракатига чек қўйди. Дарҳақиқат, Саҳва аъзолари Саудия қироллигига эслатма юбормоқчи ва уларни ўзлари кетаётган хавфли йўлдан огоҳлантирмоқчи эдилар. Аммо ҳукумат назарида Саҳвачиларнинг талаблари таҳдид ва уларнинг сиёсий фаолиятига аралашиш эди. Шу тариқа Саудия Арабистонининг сиёсий структураси, 1932 йилда ташкил этилганидан бери бузилмас бўлиб туюлган муассаса ўз тарихида биринчи марта дарз кетди.

ФИКРЛОВЧИЛАР ЭМАС, ИСТЕЪМОЛЧИЛАР АВЛОДИ

Қироллик ҳукумати тахтга сўнгги вориси кўтарилиши билан Саҳва ҳаракатига бир марта чек қўйишга қарор қилди. Янги ҳукумат ҳеч кимни аямади: на дунёвий фаолларни, на исломчиларни. "2030 йидгача бўлган даврда Саудия жамиятини либераллаштириш дастури" га таҳдид бўлган ҳар қандай киши зарарсизлантирилди. Бошқалар қаторида, ал-Авда, ал-Ҳавалий, Али ал-Умари, Аид ал-Қарний ва бошқа кўплаб арбоблар ва фаоллар 2017-йилги босим пайтида қайта қамоққа ташланган.

Сиёсий режим қиролликдаги ҳақиқий ўзгаришларни қўллаб-қувватлаганларнинг овозини қатъий равишда ўчириб қўйди, аксинча, ўзгаришлар иллюзиясини танлади: ёшларни чексиз ўйин-кулгилар оқими билан озиқлантириш ва қирол оиласига хавф туғдирмайдиган ислоҳотлар кўринишини танлади. Мустақил ва кучли исломий мутафаккирлар авлодини тарбиялаш ўрнига улар Netflix контентини истеъмол қиладиган, рок-концертларда қатнашадиган, итоаткор ва кўнгилчан бўлган тор фикрли, билимсиз ёшлар авлодини тарбияламоқда.

Давлат раҳбарларининг сиёсатига рози бўлмаганлар учун Хашукджи (Саудия ҳукуматига мухолиф журналист, 2018 йил 2 октябрда Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллиги ҳудудида ўлдирилган) тимсолида ёрқин мисол келтирилди. Қиролликни либераллаштириш лойиҳасини танқид қилган олимларнинг ҳибсга олиниши ҳам аҳамиятли эди. Режим бу ҳаракатлари билан ҳар қандай норози овозларга тоқат қилмаслигини очиқ кўрсатди.

muslimskeptic.com материаллари асосида

Абу Муслим тайёрлади