loader
Foto

ЕКПА Европа давлатларини Путинни ноқонуний деб тан олишга чақирди

Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси (ЕКПА) баёнот бериб, Европа давлатларини Россия президенти Владимир Путин 2024 йилги сайловлардан кейин ҳам ҳокимиятда қолса, унинг бошқарувини ноқонуний деб ҳисоблашга чақирди. Бундай ҳолда Европа Россия билан барча алоқаларни тўхтатиши керак, гуманитар алоқалар бундан мустасно, дейилади баёнотда.

ЕКПА Путин 2000 йилдан бери Россияда президент ёки бош вазир сифатида ҳокимиятни эгаллаб турганини таъкидлади. Россия Конституциясига 2020 йилда қабул қилинган тузатишлар энди унга 2036-йилгача юқори лавозимни эгаллаш имконини беради. Россия ичидаги мухолифларнинг қатағон қилиниши ва Украинага қилинган ҳужум билан биргаликда бу Ассамблеяни президент ҳокимияти мамлакат сиёсий тизимида назорат қилишни тўхтатган деган хулосага олиб келади.

"Кучли парламент, мустақил суд тизими, эркин матбуот ва фаол фуқаролик жамияти каби назорат ва мувозанатнинг йўқлиги узоқ вақт давомида чекланмаган президентлик ҳокимияти Россияни де-факто диктатурага айлантирди", дейилади ҳужжатда.

Бир овоздан қабул қилинган резолюцияда ЕКПА Путиннинг 2024 йилдан кейин президентлик фаолиятини давом эттириши Россия Конституцияси ва халқаро ҳуқуқий тамойилларнинг бузилиши сифатида баҳоланиши ҳақида қарор қабул қилди.

Бундан ташқари, ЕКПА Россия расмийлари ва шахсан Путиннинг Қримнинг аннексия қилиниши, Донбассдаги уруш ва 2014-йилда Малайзиянинг Boeing МН17 самолети ҳалокатидаги ролини ўрганадиган халқаро жиноий трибунал ташкил этишни яна бир бор қўллаб-қувватлади.

ЕКПА таркибига Европанинг 46 давлати, жумладан, Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган мамлакатлар вакиллари киради. Россия 2022-йилда Украинага кенг миқёсли ҳарбий босқин бошланганидан сўнг ЕКПА дан чиқди.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР