loader
Foto

Тавоф - бу коинот қонуни

Космик илмлар ҳақида сўз юритар эканмиз, Қуръони Каримдаги бир эмас кўплаб оятларнинг замирида улкан илмий мўжизалар ётганини англашимиз мумкин. Бу оятлар орқали Роббимиз бизга нимани ишора қилаётганини тушуниш қийин эмас. Жумладан, қуйидаги оятга диққат қилсак:

У кечаю кундузни, қуёшу ойни яратган Зотдир. Ҳаммаси фалакда сузмоқдалар. (Анбиё сураси 33-оят)

Бу улуғвор оят космик тизимга оид илмий ҳақиқатга ишора қилади. Илмий кашфиётлар маълумот беришича биз айланиш кучи назоратида бўлган улкан коинотда яшаяпмиз. Коинотдаги кичик массалар ўзидан йирик бўлган массалар атрофида айланиши ҳақида билармидингиз? Ер қуёш атрофида йилига бир марта айланади, ой эса ер атрофида ойида бир марта айланади ва шу билан биргаликда  қуёш тизимининг бошқа сайёралари ҳам ҳар бири ўз чизиғи бўйлаб  қуёш атрофида айланади. Бундан ташқари, бу сайёраларнинг аксариятида ҳам уларнинг атрофида ой каби доимий айланувчи табиий  йўлдошлари бор, уларнинг ҳар бири ўз орбитасида айланади. Астрономлар ҳозиргача сунъий йўлдошларнинг 60 дан ортиқ турини кашф қилишган. Бу сайёралар ва уларнинг табиий йўлдошлари барчаси биргаликда қуёш системасини ҳосил қилади.

Агар масалани теран англашга уринсак қуёш системаси ҳам бизнинг галактикамизнинг маркази бўлган сомон йўли атрофида айланади. Сомон йўли галактикаси ҳар бири қуёш тизими каби бўлган  130 миллиарддан ортиқ юлдузлар системасидан  иборат. Аммо, бу охири эмас. Бундай галактикалар ҳам  ўз навбатида инсонга номаълум, фақат қодир Аллоҳ биладиган марказ атрофида айланади.

Айланиш қонуни ҳатто инсон микроскопда ҳам кўра олмайдиган элементларнинг энг кичик бирликлари бўлган атомларга ҳам тегишлидир. Атом-диаметри миллиметрнинг миллиондан бир қисмидан кичик бўлган ядродан ташкил топган. Ядро-бу ҳар қандай жисмнинг марказий қисмидир, у нобуд бўлгунига қадар электрон, протон ва нейтрон зарядлари унинг атрофида узлуксиз айланади. Оламдаги барча моддалар 3 турдаги – қаттиқ, суюқ ёки газсимон – атомлардан иборат экан, демак, айланиш қонуни ҳамма нарсага: юлдузларга, сайёраларга, ойларга, ҳайвонларга, ўсимликларга, қумларга, денгизларга, ҳавога ва ҳоказоларга  тааллуқлидир.

Бунга ҳужайралар ҳам киради. Ҳужайранинг  суюқ қисми бўлган ситоплазма ядро атрофида ҳаракатланади.

Юқоридаги сатрларни ўйлаб  мулоҳаза юритар эканмиз, биз бу жараён  коинот қонуни эканини англаймиз.

Мўминнинг бундай илмий ҳақиқат устида ўйлаши билан яна бир айланиш тасвири кўз олдига келади: зиёратчиларнинг Каъбани тавоф қилишлари, бу Исломда ҳажнинг асосий маросимидир.

Каъбани тавоф қилиш рамзий ибодат бўлиб, унинг ҳикматлари баъзилар учун яширин бўлиши мумкин. Бу нафақат инсонлар балки бутун коинот, ундаги катта-ю кичик, кўзга кўринадиган ва кўринмайдиган барча нарсалар ёлғиз Аллоҳ таолога бўйсунишларига далолат қилади. Ҳожилар Иброҳим алайҳисаломнинг одамларга етказган илоҳий амрига жавобан ҳажга борадилар:

Эсла, Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилувчилар, (ибодатда) қоим турувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилувчилар учун поклагин. Одамларни ҳажга чақир, улар сен томон пиёда ва озиб кетган уловлар устида узоқ-узоқ йўллардан келсинлар. (Ҳаж сураси, 26-27-оятлар)

Мўмин киши фарз қилинган намозда кунига беш марта Каъба томон юзланади.

Ҳожи Каъбани худди ўзидан катта жисмни айланиб юрган самовий жисмдек тавоф қилади. Каъбани тавоф қилиш худди сайёралар қуёшнинг, электронлар ядронинг атрофида айланганидек соат милига тескари йўналишда амалга оширилади. Неча миллион йилдирки бу илоҳий қонун заррача бўлсада ўзгармади. На жонли ва на жонсиз нарсалар бу амрга хилоф қилишди. Ушбу илмлар исломдаги ибодат фарзлари билан оламни бошқарадиган табиий қонунлар ўртасида изчиллик борлигига далолат қилади, бу эса уларнинг барчаси бир манбага, яъни Улуғ Аллоҳга тегишли эканига очиқ ойдин далилдир. Шубҳасиз, Ислом бу-табиат қонунлари ва шариат қоидаларининг яратувчиси ягона Аллоҳ эканини бизга аниқ тушунтириб бера оладиган ҳақ диндир.

Инглиз тилидан Аслиддин Жалолов таржимаси