loader
Foto

Мусулмон шахс одамларга фойда келтиришга, улардан зарарни даф қилишга ҳарис бўлади

Ислом ҳидоятида тарбияланган, унинг покиза чашмасидан қонган мусулмон жамиятда одамларга фойда келтиришга, улардан озорни даф қилишга жуда ҳам ҳарис бўлади. Чунки у ўзининг ҳақиқат, эзгулик, фазилат асосларида тарбияланиши, шаклланиши, унинг ҳукми билан фойда келтирувчи фаол бинокорга айланади. Яхшилик қилишга фурсат топди дегунча, уни ғанимат билади. Яна у яхшилик қилиш нажотга олиб боришини билади:

“...яхшилик қилингиз, шоядки нажот топсангизлар” (Ҳаж сураси, 77-оят).

Яна у яхшилик йўлида босган ҳар бир қадами учун Аллоҳ таоло савоб ёзишига ишонган ҳолда яхшилик қилишга шошилади: “Қуёши чиққан ҳар кунда икки кишини орасини ислоҳ қилиш садақадир, кишига уловига минишга ёрдам бериш ҳам садақадир. Ёки ўша улов устидаги одамга ерга тушган нарсасини олиб бериш ҳам садақадир. Хуш сўз садақадир. Намозга юриб борган ҳар бир қадам садақадир. Йўлдан озорни олиб ташлаш ҳам садақадир” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисда инсон ижтимоий ҳаётида бажаради-ган яхши ишлар билан намозга юриб бориш иши бир-бирига қўшиб бир жойда айтилиши нақадар гўзал!

Бу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан бу дин инсоннинг ҳам дунёсидаги, ҳам Охиратидаги барча ишларини ўнглаш учун келганини, унинг наздида, дунё билан Охират орасида, ижтимоий ҳаёт билан руҳий ҳаёт орасида фарқ йўқ эканининг таъкидидир.

Шу сабабдан, тақводор мусулмоннинг олдида яхшилик эшиклари очиқдир. Қачон истаса, Аллоҳнинг кенг раҳматини, Унинг буюк савоби ва улуғ фазлини кўп сўраб, у эшикдан кираверади.

Жобир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳар бир яхшилик - садақадир” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Хуш сўз - садақадир” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ўзини Аллоҳга топширган, Унга ниятини холис қилган инсонга Аллоҳнинг раҳмати етади ва унга озгина яхшилик қилса ҳам, ёки ўша яхшиликни қила олмай қолса ҳам савоб ёзади, лекин ўзини ёмонликдан ушлаш шарт қилинади. Абу Мусо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, у зот дедилар: “Садақа қилиш ҳар бир мусулмонга вожибдир”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, агар имкон топмаса-чи?” - деб сўрашди. “Қўли билан иш қилади, ўзига фойда келтиради ва садақа қилади”.

Бунга ҳам қодир бўлмаса нима қилади?” - “Муҳтож, мазлумга ёрдам беради”. - “Бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?” - “Яхшиликка буюради”. - “Бунга хам қодир бўлмаса, нима қилади?” - “Ёмонликдан тўхтайди, бу унга садақадир” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини “Садақа қилиш ҳар бир мусулмонга вожибдир”, деб бошладилар-да, сўнгра мусулмон инсон ажрларини териб олишга қодир бўладиган яхшилик ва эзгуликнинг турларини санай бошладилар. Демак, садақа қилиш мусулмонга вожиб, яъни, у ўз жамиятида яхши ишларни қилиши вожибдир. Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор сабаб билан яхшилик қила олмаса лоақал тилини, аъзоларини ёмонлик қилишдан тийиши вожибдир. Бу ҳам унга садақадир. Мусулмоннинг ижобий ва салбий жиҳатларининг барчаси мусулмон жамиятни бошқарувчи Ҳақнинг хизматига йўналти-рилгандир. Зеро, мусулмон... “Мусулмонлар унинг тилидан, қўлидан саломат бўлган кимсадир”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшили-ги умид қилинадиган, ёмонлигидан тинч бўлинадиган кимсани жамиятдаги мусулмонларнинг яхшиси эканини айтдилар. Имом Аҳмад ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган одамларнинг олдида туриб дедилар: “Сизларга яхшиларингиз ким, ёмонларингиз ким эканини хабарини берайми?” Қавм жим қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини уч бор қайтардилар, шунда қавмдан бир киши: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, - деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшилиги умид қилинадиган, ёмонлигидан тинч бўлинадиганинглар яхшиларинг, яхшилиги умид қилинмайдиган, ёмонлигидан тинч бўлинмайдиганларинг ёмонларингдир”, дедилар.

Мусулмон инсон жамиятига фақат яхшилик беради, агар унга қодир бўлмаса - ёмонликдан тийилади, ўзини озордан тияди. Доимо яхшилик қиладиган, ундан ёмонлик содир бўлмайдиган инсон ҳақиқий мусулмондир. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига амал қилади: “Бировинглар ҳатто биродарига ўзи учун яхши кўрган нарсани яхши кўрмагунча мўмин бўлмайди”.

Мусулмон инсон мусулмон биродарларига ўзи учун яхши кўрган нарсаларни яхши кўриши уларга фойда келтиришга, улардан озорни даф қилишга ҳарисли-гини билдиради. Бошқача айтганда, мусулмон биро-дарларининг хизматида ғайратли бўладики, бунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига амал қилади: “Модомики, банда биродарининг хизматида бўлар экан, Аллоҳ ҳам унинг хизматида бўлади” (Табароний ривояти).

“Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди ва уни ўзига ташлаб қўймайди. Ким биродарининг хизматида бўлса, Аллоҳ хам унинг хизматида бўлади. Ким бир мусулмоннинг қайғусини аритса, Аллоҳ ҳам унинг Қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини аритади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ ҳам Қиёмат куни унинг айбини беркитади” (Бухорий ва Муслим ривояти).

“Ким бир мўминдан дунё ғамларидан бирини тарқатса, Аллоҳунинг Қиёмат кунидаги ғамларидан би-рини тарқатади. Ким қийналганга ёрдам берса, Аллоҳ хам унга дунё ва Охиратда ёрдам беради” (Муслим ривояти).

Жамиятда ўзаро ёрдам руҳини ёйишда Пайғамбар алайҳиссалом кўрсатмасининг хизмати беқиёсдир. Бу кўрсатмалар инсоннинг биродарининг ҳожатини чиқариш учун юриши узоқ эътикоф ўтиришдан яхшилигини айтади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ким биродарининг ҳожати билан юрса, бу унга ўн йил эътикоф ўтиришдан яхшидир. Ким бир кун бўлса ҳам Аллоҳнинг Юзини истаб эътикоф ўтирса, Аллоҳ таоло у билан дўзахнинг орасини уч хандақ узоқ қиладики, ҳар бир хандақнинг масофаси ғарб ва шарқ орасидан ҳам узоқроқдир” (Табароний ривояти).

Яна у зот қодир бўла туриб одамлар хизматидан юз ўгириш неъматни завол қилишлигини айтганлар. Ибн Аббоснинг ривоятида келади, айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:“Қайси бир банда, Аллоҳунга саховат қилиб неъмат берса, сўнгра одамлар унга муҳтож бўлсалар-у, у бундан бош тортса, дарҳақиқат, у ўша неъматни заволга рўпара қилибди” (Табароний ривояти).

Саҳиҳ ҳадислар чизиб берган нурли суратлардан бири - жаннатда неъматларга бурканиб ётган кишидир. Унинг жаннатда бундай неъматларга етишига сабаб, у мусулмонларга ўтган-кетганларида ҳам озор берадиган дарахтни олиб ташлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мен жаннатда у ёқдан-бу ёққа ағдарилиб ётган кишини кўрдимки, у йўлдан мусулмонларга озор берадиган дарахтни узиб ташлаган эди” (Муслим ривояти).

Муҳаммад Али Ҳошимийнинг

"Мусулмон ахлоқи" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР