loader
Foto

Фойда жиҳатидан узунроқ, таъсир жиҳатидан боқийроқ бўлган амалнинг афзаллиги

Фойдаси узлуксиз, доираси кенг бўлган амал Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида матлуб ва афзал амал экан, замон жиҳатидан фойдаси узлуксиз ва боқийроқ бўлган амал ҳам худди шу кабидир. Балки замон жиҳатидан фойдаси узун бўлган амал Аллоҳ учун энг афзал ва суюклидир.

Шу сабабдан фойдаси узун бўлган садақа афзал саналган. Масалан, соғин эчки, бўғоз туя ва шу каби садақа қилинувчига ва унинг оила-аъзоларига фойдаси узоқ йиллар давомида етиб турувчи садақалар шулар жумласидандир.

Хитойда бир масал бор: Камбағалга ейиш учун балиқ бериш ўрнига унга ўша балиқни тутадиган тўрни ҳадя қилгин.

Ҳадисда келади: “Энг афзал садақалар Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида сояли чодир тикиш, Аллоҳнинг йўлида хизматчи бериш ва Аллоҳнинг йўлида бўгоз туя садақа қилишдир”.

Демак садақа қилувчи вафот қилганидан кейин ҳам фойдаси давом этувчи, тўхтаб қолмай жорий бўладиган садақалар афзал экан. Масалан, хайрийя жамғармалари кабики, мусулмонлар буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидан буён биладилар. Ислом маданияти ўзининг бағрикенглиги билан инсон боласи муҳтож бўладиган барча нарсаларда, ҳатто ҳайвонга ҳам яхшилик қилишда эзгуликнинг барча томонларини, яхшиликнинг барча тарафларини қамраб олгани билан ажралиб туради.

Саҳиҳ ҳадисда келади: “Инсон ўлса, унинг амали тўхтайди, аммо уч амали тўхтамайди: Жорий бўлувчи (фойдаси давомли) садақа, фойдаланиладиган илм, унга дуо қиладиган фарзанд”.

Бошқа бир ҳадисда мана шундай садақайи жорияга мисол келтирилиб, улардан еттитаси санаб ўтилади: “Инсон вафотидан сўнг ҳам унга етиб турадиган яхши амаллари булардир: Бировларга ўргатган ва ёйган илми, ортида қолган солиҳ фарзанди, мерос қолдирган китоблари, қурган масжиди, мусофирлар учун қурган уйи, оқизган анҳори, соғломлигида, ҳаётлигида молидан ажратган садақасики, ўлганидан кейин ҳам унинг савоби унга етиб туради”.

Демак, инсоннинг умри қисқа ва чегараланган экан, Аллоҳ унга берган фурсатдан фойдаланиб, фойдаси узлуксиз, таъсири давомли бўлган амаллар билан ўз умрини узайтириши мумкин бўлади. Ўшанда у ўлган бўлса ҳам тирик каби бўлади, жасадида ҳеч нарса қолмаган бўлса ҳам унинг солиҳ амаллари қолади. Шоир айтганидек:

Киши қалби бонг урар,

шуларни айтиб: Ҳаёт дақиқа, сония,

бор йўғи шудир. Бас, қолсин ортингдан яхши ном,

зикр Ортда қолган яхши ном иккинчи умр.

Юсуф Қарзовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР