loader
Foto

Гуноҳни яширишга рухсат бор

Эй солиҳ банда! Ибодатни ошкора қилиш риё саналади дедик. Аммо гуноҳни яшириш мумкин. Қайси сабабларга кўра рухсат берилганини кўриб ўтамиз:



Биринчи сабаб:

Ҳақ таоло: “Фисқни ва гуноҳни яширинг”, дея амр қилган. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бундай деганлар: “Бир киши бирор-бир гуноҳни қилса, уни Аллоҳ азза ва жалланинг пардасига ўраб яширсин, сақласин ва ҳеч қачон очмасин”.

Иккинчи сабаб:

Бу дунёда кимнинг айби ёпилган бўлса, у дунёда ҳам ёпиқ ҳолда қолади, деган умид бор.

Учинчи сабаб:

Бир инсон гуноҳини яширса, халқнинг айблашидан ўзини ҳимоя қилган бўлади. Чунки гап-сўз инсоннинг вақтини ибодатдан тўсиб қўяди.

Тўртинчи сабаб:

Кўнгил залолатга тушганидан роҳатсиз бўлади. Инсон табиати ўз айбидан уялади ва уни истамайди. Бу ҳаром эмас. Олқиш ва қарғишни тенг тутиш тавҳиднинг сўнгги мартабасидир. Бунга ҳар кимнинг ҳам кучи етмайди. “Мени ёмон кўришади, одамлар гапиради”, дея намоз ўқиш тўғри эмас. Мақтов ҳаммага ҳам ёқади, лекин қоралашни ҳамма бирдек ҳазм қила олмайди.

Бешинчи сабаб:

Киши айбимни айтсам, мени жазолайдилар, деб қўрқади. Бундай кишини жазолаш шариатимизда жоиз деб кўрсатилган бўлса ҳам, гуноҳини яшириб тавба қилишга изн бегуноуни яширишга руҳссат бор қилган. Шунинг учун бошқа бировнинг жазолашидан қочиб, гуноҳни яшириш мумкин.

Олтинчи сабаб:

Инсонлардан ҳаё қилиб уялган кишига иймони туфайли рухсат берилган. Лекин ҳаё ва иймоннинг фарқи бор. Уялиш бошқа нарса, иймон бошқа тушунча.

Еттинчи сабаб:

Киши гуноҳини ошкора айтса, фосиқлар фалон киши шу гуноҳни қилган, деган гап тарқатишлари мумкин. Аммо нияти бошқалар олдида ўзини тақводор қилиб кўрсатиш бўлса, у риё ҳисобланиб қолади. Кишининг ботини ва зоҳири (яъни ташқи ва ички олами) бир хил бўлиши мушкул. Бу сиддиқларнинг даражотидир. Бу тенглик шундай бўлиши керакки, унинг ботинида ҳеч бир гуноҳ бўлмаслиги лозим.

Агар ботинида гуноҳ қилиш нияти бўлиб, “Аллоҳ таоло ҳар нарсани билади, Ҳақ билган нарсасини бандасидан бекитиб нима қиламан”, деса, бу жаҳолатдир, бу билимсизликдир. Гуноҳни шариат пардаси остига яшириб, хуфиёна сақламоқ вожиб амалдир.

Имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг

"Қалбнинг давоси" китобидан