loader
Foto

Ҳажга боришдан олдин билишингиз керак бўлган 9 та жой

Интернетда Ҳаж ва Умра ҳақида жуда кўп материаллар ва китобларни топишингиз мумкин, аммо, афсуски, уларда бу маросимларни биринчи марта бажараётган кўплаб мусулмонлар учун мутлақо номаълум бўлган тушунчаларнинг аниқ изоҳи йўқ. Одатда, муаллифлар шунчаки ўқувчи улар ҳақида гапирадиган жойларни билади деб тахмин қилишади. Шундай экан, Ҳаж ва Умра зиёратига тайёргарлик кўраётганда номаълум тушунчалар бироз бўлса-да бўлмаслиги учун бу жойлар ҳақида қисқача тасаввур ҳосил қилишга ҳаракат қиламиз. Демак, биз ушбу мақолада зиёрат маросимлари билан боғлиқ жойларнинг турли номларини кўриб чиқамиз, ин ша Аллоҳ.



1. Каъба - Иброҳим ва Исмоил (алайҳиссалом) пайғамбарлар томонидан қад ростлаган қадимий бино бўлиб, Қуръони Каримда шундай дейилган: «Эсла, вақтики, Иброҳим билан Исмоил Байтнинг пойдеворларини кўтараётиб, (дедилар): «Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сен Ўзинг ўта эшитувчисан ва ўта билувчисан» (Бақара, 127). Каъба атрофида тавоф қиламиз, яъни Қора тошдан бошлаб етти марта айланиб, соат милига тескари йўналишда айланиб чиқамиз. Кейин Иброҳим жойи (Мақом Иброҳим) ортида икки ракат намоз ўқиймиз. Шундан сўнг биз саи (тепаликлар орасидаги югуриш маросими) ўтказиладиган жойга - Сафо ва Марвага кўчамиз.



2. Масжид ал-Ҳаром. Бу унинг марказида Каъба жойлашган масжиднинг бутун чегарасидир. «Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез қайрилганини қараганини кўрурмиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага бурурмиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам юзингизни у томон буринг. Албатта, китоб берилганлар унинг Роббларидан бўлган ҳақ эканини билурлар. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир» (Бақара, 144).

 

3. Ҳаром - бу Каъба ва унинг атрофидаги ҳудудларни, шунингдек, Мино ва Муздалифани ўз ичига олган муқаддас ҳудуд бўлиб, у ерда дарахтларни кесиш ёки ҳатто баргларни узиш каби баъзи амалларни бажариш "ҳаром" ҳисобланади.



4. Сафа ва Марва. Булар Иброҳим алайҳиссаломнинг рафиқаси Ҳажар чанқаган фарзанди Исмоил алайҳиссаломга сув излаб у ёқдан-бу ёққа юрган, натижада замзам булоғи пайдо бўлган икки тепаликдир. «Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳнинг шиорларидандир. Ким Байтни ҳаж ёки умра қилса, бу иккови ўртасида саъй қилишида унга гуноҳ йўқ. Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, бас, албатта, Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир» (Бақара, 158). Бу тепаликлар орасидан етти марта ўтилади. Бу маросим саи деб аталади.   



5. Мино. Бу Масжид ал-Ҳаромдан 8 км узоқликда жойлашган катта ҳудуд. Бу ерда минглаб ва минглаб чодирлар ҳаж вақтида зиёратчиларни бошпана билан таъминлаш учун ўрнатилади.



6. Арафот. Мино шаҳридан 14,4 км узоқликда жойлашган жой. Бу ерда зиёратчилар маълум бир кунда (Зулҳижжа ойининг 9-кунида) йиғилишади. Шу куни имом махсус хутба ўқийди ва пешин ва аср намозларини қўшиб ўқигандан кейин зиёратчилар имкони борича кўп дуо қиладилар, чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Энг яхши дуо - Арафот куни дуосидир" деганлар (Муватта). Арафотда туриш ҳажнинг устунидир, усиз ҳаж амалга ошмаган саналади. Шунинг учун Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳаж Арафотдир. Ҳаж Арафотдир. Ҳаж Арафотдир" дею таъкидлаганлар (Термизий).



7. Намира. Бу Арафотдаги катта масжид қурилган жой. "Мен отам билан Намира текислигида эдим. Тоғ ёнидан ўтаётиб, Расулуллоҳнинг намоз ўқиб турганларини кўрдим".



8. Муздалифа. Бу жой Мино ва Арафот ўртасида жойлашган. Шом вақти келганда мусулмонлар Арафотдан Муздалифага бориб, у ерда шом ва хуфтон намозларини жамлайдилар.



9. Жамарот - Мино ёнида қурилган учта катта устун. Биз барча душманларимиз, шайтонларга қарши туриш қароримиз рамзи сифатида уларга тош отамиз. Жамратул Ақаба энг катта Жамра ҳисобланади. Зиёратчилар ҳайит куни фақат шу Жамрага тош отадилар. Кейинги икки кун Жамратул Вуста (Ўрта Жамра) ва Жамратул Сугра (Кичик Жамра)га ҳам тош отадилар. Умид қиламанки, ушбу мақолани ўқиб чиққандан сўнг, ҳаж ва умра учун билишимиз ва тушунишимиз керак бўлган турли жойлар ҳақида баъзи тушунчалар аниқ бўлди.

Манба: About Islam

Абу Муслим таржимаси