loader
Foto

Қуръони каримдан нурланган умр

Алоуддин Мансур ўрта мактабни битирган чоғидаёқ дин асосларидан анчагина хабардор эди. Унинг бундан кейинги ҳаёти, Ислом ола-ми таниқли намояндаларининг умр йўллари каби, бир қатор шаҳарларга бориб, у ердаги пешқадам уламолардан таълим олиш тарзида давом этди. Ўш маорифни ривожлантириш жамоатчилик фонди ташаббуси билан мактаб дарслигига қўшимча сифатида нашр этилган "Ўзбек адабиёти” китобида ёзилишича, Алоуддин Мансур бу йилларда устозлари қўлида Қуръон, ҳадис, тафсир ва фиқҳ илмларидан таҳсил олди, Пайғамбар алайҳиссалом сийрати ва Ислом тарихини, араб тили балоғаси, сарф ва наҳв (морфология ва синтахсис) қоидаларини, шунингдек, исломий бадиий адабиётни чуқур ўрганди.

Шу билан бирга, Алоуддин Мансур бадиий 5 адабиётга ҳам ошуфта бўлди, шеърлар битди. Бу эса унинг шоир Шавкат Раҳмон билан ошно тутинишига олиб келди. Сўнгроқ Хуршид Даврон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Мурод Муҳаммад Дўст, Ҳайриддин Султон, Эркин Аъзам, Аҳмад Аъзам, Миразиз Аъзам, Иброҳим Ҳаққул каби бадиий сўз пешқадамлари даврасига кирди. Гарчи Тошкентга олис Қорасувдан аҳён-аҳёнда келсада, у мазкур давранинг нафақат оддий аъзоси, балки энг илғорларидан бири эди. Бу давра аҳлининг маънавий - руҳоний такомилида Алоуддин Мансурнинг ўрни катта эканига бир далил шуки, мазкур ижодкорларнинг аксари кейинчалик миллий руҳи кучли, диний-ирфоний жиҳатдан солиҳ йўлда бир талай асарлар ёздилар. Чунки Хайриддин Султон эътироф этганидек, "Алоуддин Мансур Ўшдан маърифат олиб келар, давра эса ана ўша маърифатни соғиниб яшар эди".

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарига келиб, шўро давлати мамлакатда ижтимоий-руҳий ўзгаришлар, янгиланишларга бир қадар ён беришга мажбур бўлди. Бу эса Алоуддин Мансурнинг ўша йиллардаги энг катта орзуси - Қуръони карим маъноларини ўзбек тилига таржима қилишга йўл очди. Қизиғи шундаки, айни ўша пайтларда эркинлик шабадалари таъсирида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳам ташаббус кўрсатиб, уч нафар энг билимдон уламога Қуръони карим маъносини ўгиришни топшириш, бунинг учун аввал кичикроқ бир парчани таржима қилиб муҳокама этиш ва мақбул деб топилса, тўлиқ ўзбекчалаштириш лозим, деган қарорга келганди. Алоуддин Мансурнинг машқ таржимаси Мусулмонлар идораси тайин этган уч мутаржимнинг иши қаторига кирмас, балки қўшимча равишда кўриб чиқишга тавсия этилган эди. Гап фақат Қуръон маънолари таржимаси ва янги тафсир ҳақидагина эмас. Бутун Марказий Осиёда юз йилдан ортиқ давом этган истило иймонсизликни кучайтириб, дини Исломни забун ҳолга олиб келган бўлса, юртимиз уламолари, замона берган имкониятлардан фойдаланиб, бу ярага малҳам қўйиш, одамлар қалбига Оллоҳни, унинг сўзини олиб киришга ҳаракат бошлагандилар. Ҳали истибдод замонидаёқ улкан бир журъат билан Қуръони карим маъноларини она тилимизга тўлиқ ўгиришнинг уддасидан чиққан Алоуддин Мансур эса бу ҳаракатнинг байроқдори бўла олди, деб бемалол айтиш мумкин.

Оллоҳнинг иноятини қарангки, айнан Алоуддин Мансурнинг таржимаси танловда ғолиб деб топилади; Мусулмонлар идорасининг ўша вақтдаги раҳбари, муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф эса бошқа мутаржимларга, "гап Оллоҳнинг сўзи бўлган Қуръон маъноларини халқимизга энг тўғри ва мақбул тарзда етказиш устида кетяпти, шунинг учун бу масалада ҳеч ким нафсониятга берилишга ҳақли эмас”, деб уқтирди. Алоуддин Мансур таржимани давом эттирадиган бўлди.

Айни ўша пайтда Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг олимлари ҳам Қуръони карим таржимасини ўгирган эдилар. Бу жойда ҳам яна бир бор кўрик ўтказилиб, Алоуддин Мансур қаламига мансуб вариант маъқул деб топилди ва мутаржимга ишни давом эттиришга изн берилди. Таржиманинг битган қисмларини пешма-пеши кўриб чиқиб, таҳрир этадиган ёзувчилар ва араб тили билимдонлари ҳамда тилшунос олимлардан иборат гуруҳ белгиланди.

Қуръони карим маънолари таржимаси йигирма уч ой мобайнида - 1990-91 йилларда тайёрланиб, "Шарқ юлдузи" журналининг 1992-93 йилги сонларида тўлиқ босилди. Сўнг "Юлдузча" (ҳозирги Чўлпон) нашриёти уни китоб ҳолида чоп этди. Ундан кейин Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам чиройли полиграфик ижрода такрор-такрор нашр этилди.

Туркманистонлик уламолар бу таржима билан танишиб чиқишгач, уни туркий тилларда амалга оширилган энг мукаммал таржима сифатида эътироф этдилар, Қуръони карим маъноларининг туркман тилига таржимаси учун асос сифатида танлаб, ўзбек тилидан туркманчага ўгирдилар ва у 10 минг нусхада чоп этилди. Сўнгроқ Алоуддин Мансур таржимаси орқали Қуръон маънолари қозоқ ва уйғур тилларига ҳам ўгирилдики, булар Шайх ҳазратларининг меҳнати нақадар улкан самара берганига далилдир.

1999-2000 йилларга келиб эса Алоуддин Мансурнинг ўзи Қуръони карим маъноларини қирғиз тилига ўгиришга киришди ва таржима Бишкек ва Теҳрон нашриётлари томонидан 15 минг нусхада босиб чиқарилди.

Бироқ табиатан ижодкор бўлган Алоуддин Мансур бу билан тўхтаб қолмай, 2000-йилда Қуръони карим маънолари ўзбекча таржимасининг янги нашрини тайёрлади. Бу мавжуд таржиманинг қайта чоп этилиши бўлмай, янги нашрда аввалги таржима асносида йўл қўйилган имловий хатолар ва баъзи услубий ғализликлар бартараф этилди. Шу билан бирга, жами 10 мингдан ортиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганки, буларнингҳар бири Каломи Шариф маъноларининг ўқувчи онги ва шуурига имкони борича равон етиб бориши йўлидаги интилиш самарасидир.

Хўш, Қуръони карим маънолари таржимаси муваффақиятининг сири нимада, биринчи бўлиб амалга оширилганлигидан бошқа унинг яна қандай афзаллиги бор?

Бизнингча, бунинг биринчи сабаби эътиқод кучи билан изоҳланади. Ўша, мактабда ўқиб юрган сабий ёшида оёқ-қўлидан маҳкам тутиб, оғзини зўрлаб очиб, рўзасини буздиришга жаҳд қилган кимсалар ўз қилмишлари билан унинг мурғак қалбидаги иймонни янада кучайтираётганликларини билмаганлар, албатта. Бу - иймонсизликка қарши исён эди, ёш Алоуддиннинг оғзини очиб, сув қуйган бўлсалар, унинг одамлар қалбини очиб, иймон нурларини қуйишга илк ҳаракати ўша дамдан бошланмаганди?

Таржима таъсирчанлигининг яна бир омили - Алоуддин Мансурнинг бадиий ижодга ошнолиги, сўз санъатининг вакили эканлигида. "Қуръони карим маънолари таржимаси” дея камтарона равишда тақдим этилган ва Каломуллоҳнинг лисоний-бадиий фазилатларини юзага чиқариш муддаоси ўртага қўйилмаган бўлса-да, бу маъноларнинг ўқувчига равон, тушунарли ҳолда етказилишида мутаржимнинг шоирлиги, ҳар бир сўз юкини, унинг хос-салари ва талқин имкониятларини нозик ҳис этиши, албатта, қўл келган.

Яна, Алоуддин Мансурнинг ўзбекча таржимаси қозоқ, уйғур, қорақалпоқ ва туркман тилларига ҳам таржима қилинди. Бундан ташқари, талай йиллар Ўш телевидениеси орқали туркум чиқишлар уюштириб, элга амри маъруф ва наҳий-мункар қилди.

Ўша 2001-йилдан бери Алоуддин Мансур Қуръони карим маъноларини ўзбек ўқувчисига янада теранроқ англатишни ният қилиб, "Қуръони азим тафсири” деган муаззам китобни тайёрлашга киришган эди. Қуръони карим маънолари таржимаси борасидаги ўттиз йилдан мўлроқ вақт давомида орттирган тажрибаларини ишга солиб тайёрланган бу асарнинг ҳозирга қадар ўн беш жилди нашр этилди.

Хўш, "Қуръони азим тафсири” Ислом оламидаги аввалги, жумладан, умумтуркий, қисман ўзбек тилида тайёрланган бошқа тафсирлардан нимаси билан фарқ қилади?

Назаримизда, Қуръони карим маъноларини таржима қилишга қараганда тафсир қилиш мушкулроқ. Боиси, маъно таржимаси деганда маънони бошқа тилдаги сўз билан жумлама-жумла ифода этиш мумкин, бироқ тафсир қилганда талқин ва изоҳлаш асносида янглишиш ёки асосий маъно ўрнига иккинчи маънони тақдим этиш каби ғализликларга дуч келиш эҳтимоли кўп. Инчунин, Алоуддин Мансурнинг ўзи таъкидлаганидек, то Қиёматгача бу Китобнинг сиррини тўлиқ баён қилиш мумкин эмас.

Иккинчидан, Қуръони каримнинг турли асрларда турли тилларда битилган тафсирлари бениҳоя кўп, янги муфассир эса улардаги талқин ва тадаббурлар ичидан энг мукаммалини танлаб олиши шарт. Ана шундагина янги тафсир ўзини оқлайди. Шайх Алоуддин Мансур Қуръони карим маъноларининг ўзбекча илк таржимасини тайёрлашга қўл урган ўша 1990-йилда қандай улкан юкни гарданига олган бўлса, Қуръони азимни тафсир қилишга киришган чоғидаги ҳиммати ва шижоати ундан ҳам юксак, масъулияти ҳам ортиқроқ бўлди. Шунингучунҳам бу иш олдидан Оллоҳга таваккул қилиб, Қуръони каримнинг "Тоҳа” сурасидаги: "Парвардигорим, Ўзинг қалбимни кенг қилгин; Ишимни осон қилгин; Тилимдан тугунни ечиб юборгин - сўзимни англасинлар", деган оятларни тилак сифатида келтиради. Дарҳақиқат, ҳозирда бутун элимиз шайх ҳазратларининг ушбу чўнг вазифани ҳам уддалаб, ҳалқимизни маърифатли Ислом миллатларидан бири сифатида оламга танитишдай орзуси амалга ошишини астойдил тилаб турмоқдадир.

Алоуддин Мансур амалга оширган Қуръони карим маънолари таржимасининг жозибаси нимада? Биринчи бўлиб юзага чиқарилганидами? Қуръони азим тафсиринингчи? бошқа олимларимиз араб тилини у кишичалик билишмасмикин?

Ундай эмас. Гап шундаки, Алоуддин Мансур шоир одам. Шоир эса, шеър ёзадими ёки таржима қиладими, ҳар бир сатр, ҳар бир жумла устида ижодкор сифатида ишлайди, қайси сўз ва ифода шакли матнни таъсирчан ва равон этишини дилдан ҳис қилади. Маънони шунчаки эмас, балки қулай бир алфоз билан берадики унинг таъсири бошқача бўлади.

Алоуддин Мансур таржима борасида ўз услубларини баён этар экан, ҳар бир сўз тугул, ҳатто икки сўз орасидаги боғланиш ва тўхталишларга қадар маъно ташишини айтади. Бунинг устига Қуръон оддий бир муаллиф - банданинг эмас, Оллоҳнинг Сўзи экани, шунинг учун ҳам таржима матнига ўринли-ўринсиз равишда "чиройли" сўзларни киритишга уриниш асл маънони бузишга ёки унга зиён етказишга сабаб бўлишини таъкидлайди.

Шунинг учун ҳам, гарчи ҳозирда Ўзбекистонда Қуръони карим маъноларининг яна бир неча янги таржималари чоп қилинган бўлса-да, ҳамон Алоуддин Мансур талқини асосий таржима сифатида эътироф этилади. Ўзбек мусаннифларининг диний мавзудаги асарлари-да кўпроқ ундан иқтибос келтирилади, унинг нашр адади сони бугунги кунда бир миллион нусхадан ошиб кетганининг ўзи ҳам бу таржиманинг савия-сажиясига далил бўла олади.

"Осмонингдан узилма, эй дил" китобидан