loader
Foto

Таом бериш - исломнинг гўзал хислатларидандир

Таом бериш ҳам садақадир, Исломнинг яхши хислатларидан биридир.

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Исломнинг қайси амали яхши?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таом бериш, таниган-танимаган кишига салом бериш», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насоий ривояти).

Таом бериш жаннатга олиб кирадиган амаллардан биридир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни кўрсам, хотиржам бўламан, кўзим қувнайди. Менга ҳамма нарса ҳақида айтиб беринг», дедим. У Зот: «Ҳамма нарса сувдан яратилган», дедилар. Мен: «Битта нарса ҳақида хабар берингки, уни қилсам жаннатга кирайин», дедим. У Зот: «Таомлантир, саломни ёй, қариндош-уруғларга яхшилик қил, кечаси ҳамма ухлаётганида сен намоз ўқи, шунда) жаннатга саломатлик ила кирасан», дедилар» (Имом Аҳмад, Имом Ибн Ҳиббон ва Имом Ҳоким ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳмонга ибодат қилинглар, одамларга егулик беринглар, саломлашишни кенг ёйинглар - жаннатга саломат кирасизлар», деганлар (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда шундай хоналар борки, уларнинг ташқариси ичкаридан, ичкариси ташқаридан кўринади», дедилар. Абу Молик Ашъарий: «Эй Аллоҳнинг Расули, улар кимларга?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мулойим (ширин) сўз айтган, одамларга егулик берган, ҳамма ухлаётган пайтда тунни намоз билан ўтказганларга», дедилар (Имом Табароний ривояти).

Одамларга таом бериш (гунохларга) каффорат бўладиган, раҳмат ва магфиратни вожиб қиладиган амаллардир.

Аллоҳ таоло муҳтожга бир луқма нон, яримта хурмо берган, мискинга ёрдам қилганларни жаннатга киритади. Мўмин киши оч қолган мўмин биродарига егулик берса, Қиёмат куни Аллоҳ таоло ўша мўминга жаннат меваларидан едиради. Мўмин киши чанқаган мўмин биродарига сув берса, Аллоҳ таоло ўша мўминнинг чанқоғини «раҳиқул махтум»дан(Раҳиқул махтум - муҳрланган жаннат шароби.) қондиради. Мўмин киши кийими йўқ мўмин биродарига кийим берса, Қиёмат куни Аллоҳ таоло ўша мўминга жаннат зийнатларидан кийинтиради (Имом Термизий шу маънодаги ҳадисни ривоят қилган).

Аллоҳ таоло егулик улашадиган бандалари билан фаришталарга мақтанади

Таом берувчилар учун жаннатда бир эшик бор бўлиб, бу эшикдан бошқалар кирмайди.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким бир оч мўминни тўйгунича таомлантирса, Аллоҳ уни жаннатнинг шундай эшигидан киритадики, бу эшикдан фақат унга ўхшаганларгина кира олади», дедилар (Имом Табароний ривояти).

Таом берувчилар Қиёмат куни Аршнинг соясида бўладилар.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч амал борки, ким уларни қилса, Аллоҳ таоло Аршнинг соясидан бошқа соя бўлмаган Кунда ўша сояда соялантиради: қийин вақтларда ҳам мукаммал таҳорат қилиш, қоронғи кечаларда масжидларга бориш, оч қолганга таом бериш», дедилар (Имом Абул Қосим Асбаҳоний ривояти).

Аёл Kиши эрининг изни билан унинг мол-мулкидан, исроф қилмасдан садақа килса, савоб олади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аёл киши уйидаги егуликдан исроф қилмай инфоқ қилса, инфоқ қилган нарсаси учун унга ажр берилади, (ўша егуликни) топиб келгани учун эрига ҳам ажр бўлади, ходимга ҳам ўшанча ажр бўлади, ҳеч бирининг ажри камайиб қолмайди» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Яна бир ривоятда «Аёл киши эрининг уйидан садақа қилса, ўзига ҳам савоб бўлади, эрига ҳам ўшанинг мислича савоб бўлади, ҳеч бирининг савобидан ҳеч нарса кам қилинмайди. Эрига ишлаб топгани учун, хотинга эҳсон қилгани учун», дейилган (Имом Термизий ривояти).

Егулик ва ичимлик садақа қилган одам Аллоҳ таолонинг марҳаматига сазовор бўлади. Ҳатто дўзахга киришга ҳукм қилинган одам оч ёки ташна кишига яхшилик қилгани учун шафоатга лойиқ бўлиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳакда бир қисса айтиб берганлар.

«Бир обид билан бир гуноҳкор саҳрода кетишар эди. Бир куни обид чанқоққа чидай олмай, йиқилиб қолди. Унинг қийналиб, дод-фарёд қилаётганини кўрган шериги: «Менда сув бўлатуриб бу солиҳ банда ўлиб кетса, Аллоҳдан менга бир умр яхшилик келмайди. Лекин унга сув берсам, ўзим ўламан», деди. Сўнг Аллоҳга таваккул қилиб, сувни обидга беришга қарор қилди. Обид ўзига келиб, саҳродан ўтиб кетди. Гуноҳкор одам эса вафот этиб, ҳисоб-китобдан сўнг дўзахга ҳукм қилинди. Фаришталар судраб кетаётганда у ўша обидни кўриб қолиб, «Эй Фалончи, мени танидингми?» деди. Обид: «Кимсан?» деди. У: «Фалончиман, саҳрода сувсиз қолганингда ўзим ичмай, сенга берган эдим», дейди. Обид уни таниб, „ фаришталарга: «Тўхтанглар», дейди. Фаришталар тўхташади. Кейин Роббига: «Ё Роббим, у менга қандай яхшилик қилганини, мени ўзидан устун қўйганини биласан. Ё Роббим, уни менга ҳадя қил», дейди. Аллоҳ: «У сенга», дейди. У дўстининг қўлини ушлаб, жаннатга олиб киради (шу маънодаги ҳадисни Табароний ривоят қилган).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Қиёмат куни бир жаннатий бир дўзахийга қарайди. Дўзахий унга: «Эй Фалончи, мени танидингми?» дейди. У: «Йўқ, танимадим, сен кимсан?» дейди. У: «У дунёда олдимдан ўтиб кетаётиб, мендан сув сўраган эдинг. Сенга сув берган эдим», дейди. У: «Энди танидим», дейди. Шунда дўзахий: «Ўша иш сабабли Роббинг олдида менга шафоатчи бўл», дейди. Жаннатий Аллоҳ таолога: «Дўзахга қарасам, унга тушганлардан бири мени кўриб, «Эй Фалончи, мени танидингми?» деб сўради. «Йўқ, танимадим, кимсан?» дедим. У: «У дунёда олдимдан ўтиб кетаётиб, мендан сув сўраган эдинг. Сенга сув берган эдим», деди. Мен уни танидим. У: «Ўша иш сабабли Роббинг олдида менга шафоатчи бўл», деди. Мени унга шафоатчи қил, Роббим!» дейди. Аллоҳ таоло уни шафоатчи қилади, сўнг буюрилади, уни дўзахдан чиқаришади» (Имом Табароний ривояти).

Муҳаммад Ҳасанийниг

"Энг шарафли уммат" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР