loader
Foto

Ат-такфир вал-ҳижра

Ат-такфир вал-ҳижра(Ат-такфир вал-ҳижра - [араб. - куфрда айблаш ва ҳижрат].): 1971 йилда Шукрий Мустафо (1942-1978) томонидан Мисрда ташкил топган бу оқимнинг асосий ғояси бутун бир жамоаларни, ҳатто давлатларни имонсизликда (исломдан қайтишда) қоралашдан иборат бўлиб, шу асосда бу давлатларга зулм, куч ишлатиш маъқулланган. Шукрий Мустафо ва унинг сафдошлари Миср жамияти ислом қарашларига тўғри келмаслиги ва бундай давлатдан кетиш керак деган хулосага келганлар. Бу хулосадан кейин 1973 йилда «такфирчилар» Мисрнинг кам аҳолили тоғолди ҳудудига кўчиб кетганлар.

Бу гуруҳ 1976 йилда (ўзини «Жамоат ал-муслимин» -«Мусулмонлар жамоаси» деб номладилар ва улар фақат ўзларини мусулмон санаб қолганларни «динсизликда» айблашди) бир неча минг кишини ташкил қилар эди, аммо Миср ҳукумати бу жамоани хавфсиз деб ўйлади. Оила аъзолари билан жамоага кўшилмаганларни «такфир»да (имонсизликда) қоралаш жамиятда бир қанча норозиликни келтирди. 1976 йилда ҳаракатнинг 14 аъзоси гуруҳни тарк қилишди, бу ишлари учун Шукрий Мустафо уларни «имонсизликда» айблаб қатл қилиш кераклигини таъкидлади, аммо ҳуқуқтартибот органларининг аралашуви натижасида қон тўкилишининг олди олинди. Миср оммавий ахборот воситалари Шукрий Мустафо издошларини «Ат-такфир вал-ҳижра» деб номлади.

Миср Вақф ишлари бўйича собиқ вазир Шайх Ҳусайн аз-Заҳабий 1977 йилда гуруҳ аъзолари томонидан ўғирланиб, ўлдирилганидан сўнг мазкур гуруҳ фаолияти Миср ҳукумати томонидан тақиқланган. Бундан кўп ўтмай, «Ат-такфир»нинг барча аъзолари Миср хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинди. Ҳукумат 1977 йилда Шукрий Мустафони ҳибсга олди ва 1978 йилда қатл қилди. Гуруҳ аъзоларининг бир қисми, 1981 йилда МАР президенти Анвар Садатни ўлдирилишига алоқадор деб тахмин қилинган. Аммо гуруҳ сардори ўлдирилиши ҳар доим ҳам ғояни йўқолишига олиб келмайди. Шукрий Мустафо қатл этилди, унинг тарафдорлари эса узоқ муддатга қамоқ жазосига маҳкум этилди. Бундай гуруҳлар Кувайтда, Суданда, Ливанда ташкил топа бошлади. Совет иттифоқи парчалангандан кейин Россияга ҳам кириб келди. Мазкур гуруҳ фаолияти Мисрда тўхтатилганидан сўнгўз фаолиятини бошқа араб мамлакатларида давом эттира бошлади.

Россия ислом уламолар ассоциацияси раиси Фарид Сулман ўз чиқишида «такфирчилар» имонсизликда христиан ёки яҳудийларни эмас балки уларни қарашларига қўшилмаган мусулмонларни айблашади дейди.

Россия стратегик институтининг диний элат тадқиқот маркази Волгабўйи ҳудудидаги Қозон филиали илмий ходими Раис Сулейманов «Ат-такфир вал-ҳижра»ни Волгабўйи ҳудудида пайдо бўлишини тарихига тўхталиб ўтган. Мутахассис ушбу «Ат-такфир вал-ҳижра» (имонсизликда айблаш) ҳаракатининг моҳияти ўз давлатини «кофирлар давлати» деб айблаб, бошқа шариат бошқарувидаги давлатларга бориб у ерда ҳарбий тажрибаларни ўрганиб ўз юртларига «жиҳод» қилгани келишларини таъкидлайди. Унинг сўзича биринчи Татаристон «такфирчилари» Ирек Хамидулин атрофида йиғилишган,унинг бошчилигида 17 кишидан иборат гуруҳ 1999 йилда Афғонистон гуруҳига бориб қўшилишган, у ерда улар толибонларга қўшилиб «Булғор жамоатини» ташкил қилишади («Булғор жамоати» номи ўрта асрлардаги мусулмон Волга болгарлари давлати хотирасига берилган бўлиб, улар 1Х-ХШ асрларда Ўрта Волгабўйини бошқаришган. 310/922 йилда Бағдод халифалиги томонидан исломни қабул қилишган). Қисқа муддатда МДҲ давлатлари фуқаролар «Булғор жамоати» сафини тўлдира бошладилар, келиб чиқиши кавказлик бўлган Исо Доғистоний «амир» бўлган, бундан ташқари жуда кўп уйғурлар жамоага келиб қўшила бошлаган, шу сабабли улар «Уйғур - Булғор жамоати» деб номлана бошланган.

Америка ҳарбийларининг 2001 йилда Афғонистонга кириши ва «Булғор жамоати»га қарши ҳужуми натижасида жамоанинг маълум қисмлари ҳалок бўлди, айримлари асирга тушди ва ҳатто Гуантанамо қамоқхонаси маҳбусларига айланди (улардан Айрат Вахитов, собиқ «Тавба» масжиди имоми, Саман Болгорий номи билан танилган), гуруҳнинг қолган аъзолари Покистоннинг Дегон қишлоғига кўчиб ўтишди. Покистон махфий хизмати Ирек Ҳамидулинни қўлга олиб Россияга қайтарди. Аммо Москвада унга қарши ҳеч қандай айблов қўя олишмади, чунки унга қарши террористик гуруҳларда ҳаракат қилганлиги тўғрисида далиллар мавжуд эмас эди. Оқибатда уни озод қилишди ва у 2004 йилда ўз оиласи билан Суданга жўнаб кетди. Айрат Вахитов Гуантанамодан озод этилгандан кейин Россия ТИВ босими остида Россияга қайтиб келди. Лекин қайтгани билан у ўз ҳаракатларини тўхтатгани йўқ: экстремистик хусусиятли видео-мурожаатларини интернет сайтларига жойлаштира бошлади, оқибатда ҳамфикр гуруҳдошлари билан 2005 йилда Бугулма (Татаристоннинг жанубий-шарқдаги шаҳри) газ ўтказмасида теракт содир қилди. 2011 йилда Сурияда қонуний Башар Асад ҳукуматига қарши Россия фуқороларини жалб қилиш бўйича бош ёлловчи сифатида пайдо бўлгунча уни топишни имкони бўлмади.

Айни вақтда гуруҳ яширин террористик ҳаракати билан мусулмон жамияти етакчилари ва мусулмон руҳонийларига қарши машҳур ва оммавий терактларга ихтисослашган гуруҳ сифатида намоён бўлмоқда. МДҲ ҳудудида гуруҳ 2009 йилда Қирим мажлисининг етакчиси Мустафо Жамолни кофирликда айблаб, уни ўлдиришга ҳаракат қилган гуруҳ сифатида қайд этилган.

Волгабўйи ҳудудларида амалга оширилган ва оширилмоқчи бўлган барча террористик хуружлар бу «такфирчилар» билан боғлиқ бўлиб, уларнинг таржимаи ҳоли Афғонистон ва Покистон билан узвий боғлиқ бўлиб, у ерда ҳарбий тайёрловдан ўтиб қайтишган.

Такфирчилар ўзларини радикал ғоялари билан Россия масжидларини «кофирларники» деб, у ерда намоз ўқимасдан ҳақиқий мусулмон у ерда намоз ўқмаслиги керак деб уқтирадилар. Шунинг учун улар ўз шахсий хоналарида ва шахсий коттежларда намоз ўқийдилар. Такфирчилар учун масжид ва унинг ёнида теракт қилиш оддий ҳол ҳисобланади, чунки у ерда намоз ўқиётган мусулмонларга «такфир» тамғаси осилган деб таъкидлайди мутахассис. Яна шуни қўшимча қилдики, Татаристоннинг Високогорск туманидаги Инеш қишлоғида бир гуруҳ «такфирчилар» жойлашган бўлиб, лекин улар айни вақтда яширин иш олиб бормоқдалар.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, 2010 йил Россиянинг Олий суди томонидан «Ат-такфир вал-ҳижра» экстремистик ташкилот деб тан олиниб, унинг фаолияти Россия ҳудудида ман этилган.

Айдарбек Тулеповнинг

"Ислом ва ақидапараст оқимлар" китобидан