loader
Foto

Дорул ислом ва дорул куфр масаласи

Ҳозирги кунда баъзи тоифалар томонидан Дорул ислом ва Дорул ҳарб тушунчаларини нотўғри талқин қилиниши натижасида Аҳли суннат уламолари сўзларига зид бир қанча фатволар тарқалиб, мусулмонлар ўртасига ихтилоф солмоқда. Хусусан, мусулмонлар яшайдиган диёрларни "Дорул куфр” ҳисоблаб, бу юртлардан ҳижрат қилиш фарз деб, асоссиз фатво бермоқдалар.

Мавзуга киришишдан аввал юқорида зикр қилинган атамаларнинг таърифларини ўрганиб чиқайлик.

Уламоларимиз ўз китобларида "Дорул ислом", "Дорул ҳарб", "Дорул куфр", "Дорул аҳд" ва “Дорул бағий” истилоҳларини ишлатганлар.

"Дорул ислом” сўзи "Ислом диёри" маъносида, "Дорул куфр" сўзи эса "Куфр диёри", деган маънони англатади.

Бизга маълум бўлган манбалардан бу атамаларни биринчи ишлатган шахс саҳоба Холид ибн Валид розияллоху анху бўладилар. У киши Ҳайра ахдига ёзган хатларида, Дорул ҳижрат ва Дорул исломда яшайдиган бошқа дин вакиллари ичида ишга ярамай қолган, қаттиқ касаллик ёки офатга учраган кишилар ёхуд қарзга ботиб кетган қариялардан жизяни бекор қилиш ва оила ахди билан мусулмонларнинг Байтул молидан таъминланиб туриши, агар Дорул ҳижрат ва Дорул исломдан бошқа жойга кўчиб кетсалар, бу таъминот тўхтатилишини айтганлар.

Бу мавзуда далил сифатида ояти карима ёки ҳадиси шарифлар келмагани сабабли мазкур атамаларга нисбатан уламоларнинг ёндашувлари ҳам турлича бўлган.

1. Дорул ислом - Ислом ҳукмлари очиқ-ойдин бўлган ерлар.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Дорул ислом - Ислом ҳукмлари очиқ-ойдин бўлган ерлар". Ислом ҳукмларининг очиқ-ойдин бўлиши дегани, у ерда ибодатлардан ташқари зино, ўғирлик каби ишлар ман қилинган бўлишидир. Яна ахди зимма билан бўлсада мусулмонлар яшайдиган жойлар, мусулмонлар фатҳ қилиб, ғайридинлар қўлида қолдирган жойлар ёки мусулмонлар яшаб, кейин ғайридинлар уларни ҳайдаб чиқарган жойлар ҳам Дорул исломдир. (Кувайт фиқҳ энциклопедияси)

Дорул исломда яшовчи мусулмонлар азон, жамоат ва жума намозлари, икки ийд намози каби ислом шиорларини зоҳир қилиб туришлари шарт бўлади.

2. Дорул ҳарб (Дорул куфр) - куфр ҳукмлари очиқ-ойдин бўлган ерлар. Яъни у ерда Ислом ҳукмлари ва шиорлари зоҳир эмас, балки куфр ҳукмлари устун бўлади.

Уламолар Дорул ҳарбдан ҳижрат қилиш керакми деган саволга, бу борада одамлар учга бўлинади, дейдилар:

А) Ҳижрат фарз бўлган кишилар. Улар - ҳижратга қодир бўлган ҳамда Дорул ҳарбда яшаши сабабли динини изҳор қилишга имкони йўқ шахслар. Аёл кишининг маҳрами бўлмаса, қарайди: йўлда жони омон бўлишига ишонса ёки Дорул ҳарбда турганидан кўра йўлдаги хавф камроқ бўлса, ҳижрат қилади.

Б) Ҳижрат фарз бўлмаган кишилар. Улар касаллик, Дорул куфрда туришга мажбурлангани ёки (аёллар ва болалар каби) заифлиги сабабли ҳижрат қилишдан ожиз бўлган шахслар. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

"Фақат бирор чора-тадбирга қодир бўлмаган ва (ҳижратга) йўл топа олмайдиган ночор эркак, аёл ва болалар борки..." (Нисо сураси, 98-оят).

В) Ҳижрат вожиб бўлмаган, лекин мустаҳаб бўлган шахслар.

Улар - ҳижрат қилишга қодир, лекин Дорул куфрда динини изҳор қилиш имконияти ҳам бор. (Кувайт фиқҳ энциклопедияси).

Ҳанафийлар: "(Макка) фатпҳидан кейин ҳижрат йўқ...", деган ҳадиси шариф сабабли Дорул ҳарбдан ҳижрат қилиш вожиб бўлмайди”, деганлар.

Ҳанафий уламолардан Мулла Али Қорий эса шундай дейдилар:

"Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васалламнинг: "Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ", деган сўзлари фатхдан кейин Маккадан Мадинага ҳижрат йўқлигига хосдир, деб тушунилади. Чунки Дорул куфрдан Дорул имонга кўчишнинг умумийлиги ўз ҳолида қолади" ("Мирқотул мафотиҳ” китоби). Демак, вазиятга қараб хукм ўзгариб

туриши мумкин экан.

3. Дорул аҳд - уни ваъдалашув ва сулҳ диёри ҳам дейилади. Дорул ахд - мусулмонлар билан ерлари ўзларида қолиш шартига кўра урушмаслик битимини тузган диёр ахди.

4. Дорул бағий (боғийлар ери) - Ислом диёрининг бир қисми, у ерда куч-қувватга эга бўлган бир жамоа мусулмонлар йиғилган бўлади.

Улар қандайдир таъвиллар билан давлат бошлиғига итоат қилишдан бош тортган бўлади.

Уламолар Дорул ислом Дорул куфрга айланадими, йўқми деган масалани ҳам муҳокама қилганлар.

1. Шофеийлар, Дорул ислом ҳеч қачон Дорул куфрга айланмайди, ҳатто ғайридинлар у ерларни босиб олиб, мусулмонларни ҳайдаб чиқариб, ўз ҳукмларини жорий қилсалар ҳам, дейдилар. Чунки ҳадиси шарифда: "Ислом олий бўлади, ундан устун бўлинмайди", деб марҳамат қилинган. (Имом Дорақутний Оиз ибн Амр ал-Музанийдан ривоят қилган).

2. Моликийлар, ҳанбалийлар ва ҳанафийлардан Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад раҳимаҳумуллохдар Дорул ислом унда куфр ҳукмлари устун бўлиши билан Дорул куфрга айланади, дейдилар.

3. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ, фақат учта шарт билангина Дорул ислом Дорул куфрга айланади, дейдилар:

A) Дорул исломда куфр ҳукмлари зоҳир бўлса;

Б) Дорул ислом Дорул куфрга қўшилиб кетса;

B) Дорул исломда бирорта мусулмон ёки мусулмонлар омонлик берган бирорта зиммий топилмаса. (Кувайт фиқҳ энциклопедияси)

Биринчи шартни шарҳлаб машҳур аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

"Бу шартнинг зоҳири шуки, гарчи (Дорул исломда) мусулмонларнинг ҳукмлари ва аҳли ширкнинг ҳукмлари (бирга) жорий қилинса ҳам, дорул ҳарбга айланмайди. (Раддул мухтор).

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ижтиҳодига кўра диёрларнинг номланиши ислом ва куфрга боғланган бўлса ҳам асл мақсад омонлик ва хавфдир. Бир диёрда мусулмонлар учун тўлиқ омонлик ва ахди куфр учун тўлиқ хавф бўлса, у Дорул исломдир. Агар омонлик тўлиғича куфр ахдига бўлиб, хавф тўлиғича мусулмонларга бўлса, у Дорул куфрдир. Мусулмонлар омонлик сўрашига ҳожат бўлмайдиган ҳолатларда мусулмонлар учун омонлик қолаверади ва у ерлар Дорул куфрга айланмайди. Худди шундай омонлик Дорул ислом Дорул куфр ерларига қўшилиб кетмаса, ўз кучида қолади. (Кувайт фиқҳ энциклопедияси).

Бу мавзунинг хулосаси шуки, қадимдан мусулмонлар қўли остида бўлган ерлар кейинчалик бошқаларнинг қўли остига ўтсаю, лекин бутунлай ислом хукмлари йўқотилиб ташланмаган бўлса ва мусулмонлар у ерда яшаб қолсалар, Дорул куфрга айланмайди, балки Дорул ислом бўлиб қолаверади.

Афсуски, мавзуни бошида айтганимиз каби баъзи тоифалар Ислом диёрларини, жумладан, ватанимизни куфр диёри деб фатво бериб, бу диёрлардан ҳижрат қилиш вожиб бўлди, демоқдалар. Аслида ҳам шундайми?!

Улар далил сифатида Нисо сураси 97-оятини келтиришади:

"Албатта, ўзларига (ҳижратдан бош тортиб) зулм қилувчиларнинг жонини олган фаришталар (уларга): "Қайси ҳолда бўлдингиз?” - десалар, улар: "Ер юзида бечораҳол эдик”, - деб айтадилар. (Фаришталар): "Аллоҳнинг ери унда ҳижрат қилишларинг учун (етарлича) кенг эмасмиди?" - дейдилар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. Нақадар нохуш жой у!"

Муфассирлар, бу ояти карима Маккадан ҳижрат қилиш фарз бўлганда мусулмон бўлган, кейин ҳижрат қилмай, Бадр жангига мушриклар сафида муртад ҳолида чиққан ва кофир бўлиб қатл қилинганлар ҳақида нозил бўлган, дейдилар. (Тафсири Насафии)

Бу оятлар Куфр диёридан Ислом диёрига ҳижрат қилишга тегишли бўлади. Бундан ташқари уламолардан ҳеч бири Ислом диёридан ҳижрат қилиш ҳақида баҳс қилмаганлар, балки Куфр диёридан ҳижрат қилишнинг турлари ҳақида гапирганлар. Бу ояти каримани Ислом диёридан фитна ва мақсадсиз уруш бўлаётган жойларга ҳижрат қилишга далил қилиш катта хато бўлади. Чунки тарихда Хавориж тоифаси мушрик ва кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни мусулмонларга татбиқ қилиб кўп қон тўкилишига сабаб бўлишган. Бугун ҳам тарих такрорланмоқда. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоху анхумо хаворижлар ҳақида: «Улар кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни олиб, мўминларга қарши қўлладилар!» - деганлар. Бу сўзни Имом Бухорий зикр қилганлар.

Ислом диёридан ҳижрат қилинмаслигини қуйидаги ривоят ҳам тасдиқлайди, тобеинлардан бири Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ таниқли саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга: "Мен Шомга ҳижрат қилмоқчиман!” деганлар. Ибн Умар розияллоху анҳу унга: Бугун ҳижрат йўқ! Ортингга қайт!”, деганлар [Имом Бухорий ривоятлари).

Ҳазрати Али розияллоҳу анху халифалиги даврида Хаворижлар фирқаси пайдо бўлди ва Басрадан чиқиб кетиб, ўзларига алоҳида жой қилиб, ўша ерга жойлаша бошлаганлар. Одамларга "Ҳижрат фарз. Биз билан ҳижрат қилинглар!” деб ҳаммани ҳижратга даъват қила бошлаганлар. Одамлар буюк саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг олдига келиб, улар ўзларини муҳожирлар деб аташаётганини айтибдилар. Шунда, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Улар шайтонга ҳижрат қилганлар. Ахир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ!" деганлар-ку!" деганлар (Имам Абдурраззоқривоят ҳилган).

Диёрлар ҳақида ижтиҳод қилган уламоларимиз фатволарига кўра бизнинг диёрларимиз Ислом диёридир. Бунга сабаб бизнинг ерларимиз қадимдан Ислом диёрлари бўлиб келган. Исломдан кейин диёрларимиз иккита катта истилога учради. Биринчиси мўғуллар истилоси, кейингиси Чор Россияси ва коммунистлар истилоси. Лекин ҳар икки истилодан кейин хукм яна мусулмонларга қайтди. Яна ислом шиорлари бўлмиш азон, жамоат, жума ва ийд намозлари қайта тикланди, исломда жиноят ҳисобланган гунохдар қонун билан таъқиқланди. Ислом хукмлари очиқ-ошкора қилинадиган бўлди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин БМТ ташкил қилинди ва бутун дунё давлатлари бир-бирлари билан ўзаро уруш қилмаслик келишувига эришдилар.

Шу сабабли баъзи эътиборли уламоларнинг фикрича ҳозирда бирор давлатни Дорул куфр дейилмайди, бал-ки Дорул ахд ва Доруд даъва дейилади.

Энг қизиғи юртимизни ташлаб ҳижрат қилиб борадиган жойлари қаер экан!? Ислом диёрларида уруш оловини очган, кўп мусулмонларнинг қони тўкилиши ва уй-жойсиз қолишига, қочқин бўлишига сабаб бўлган бир гуруҳ боғий (давлат раҳбарига қарши чиққан) лар ўрнашиб олган жойми?! У ерни шариат тилида "Дорул бағйи" дейилади. Ҳозирги кунда у ерларга бориш маълум бир давлатлар чегарасини ноқонуний бузиб ўтиш ва фитна оловини кучайтириш бўлади. Уша исёнкор тўдалар жамланган жойларда на одамнинг дини, на жони, на моли омонда эмас. Бу эса ҳижратнинг асл моҳиятига бутунлай тескаридир. Бунинг устига дунёдаги бирор мўътабар олим уларни қўллаб-қувватлагани йўқ ва улар олиб бораётган қонли урушларни бу ҳақиқий жиҳод, дегани йўқ. Аксинча, бу тўдалар пайдо бўлиши билан юзлаб дунё уламолари уларга қарши чиқиб, раддия бердилар.

Гоҳида жиҳодни даъво қилаётган тўдалар бир-бири билан жанг қилиб кетаётгани кузатилмоқда. Ҳар икки томон ғозийликни, ўзининг ҳақ эканини даъво қилади. Лекин ғаразлари турлича экани ёки уларни бошқарувчи кучларнинг мақсади ҳар хиллиги сабаб ўзаро урушадилар.

Хулоса шуки, ғаразли мақсадлар билан фитна ўчоғи-га чақираётганларнинг даъволари асоссиз. Ҳар бир ақлли-мулоҳазали мусулмон инсон уларнинг алдовларига учмаслиги, мўътабар уламоларимизнинг кўрсатмаларига амал қилиши ва мусулмонларнинг катта жамоатини лозим тутиши керак.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Фатво маркази директорининг

"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан