loader
Foto

Нурчилар

Нурчилар: Бу жамоа сиёсий ҳаракатдаги партияларга қараганда кўпроқ тасаввуф йўналишига яқинроқ исломий жамоа бўлиб, асосий мақсади Усмонийлар халифалиги ағдарилгандан кейин ҳокимият тепасига келган Мустафо Камол Отатуркнинг дунёвий давлат тузумига қаршилик қилишдир.

Унинг муассиси - Бадиуззамон Саид Нурсий (1873-1960) бўлиб, Туркиянинг Битлис вилояти Андол шаҳрининг шарқидаги Нурс қишлоғида курд миллатига мансуб оилада туғилган. У ёшлигидан қобилиятли бўлиб, диний фанлар билан бир қаторда дунёвий фанларни ҳам эгаллаган, спорт билан шуғулланган, милтиқдан отиш, кураш, от чопиш каби ишларни яхши билган. У 15 йил ўқитувчилик қилгандан сўнг Истамбулга келиб, «Заҳро» университетига асос солган. Усмонийлар давлати олий илмий кенгаши (Дорул-ҳикма)га аъзо бўлган.

Биринчи жаҳон уруши йиллари у турк армиясида офицерлик қилган ва кечки клуб йиғилишларида Қуръон илмлари бўйича маърузалар ўқиган. Рус разведкаси томонидан ушлаб, Сибирга олиб кетилгач, у Германия, Болгария орқали қочиб, яна Истамбулга келган. Андол қўзғолони йиллари Мустафо Отатурк уни саройга, катта лавозимга таклиф этади, лекин у буни қатъий рад этади ва сиёсатдан узоқлашиб, ибодат ва тарбия ишлари билан шуғулланади. Лекин Отатурк давлатига қарши даъватлари давом этгач, уни қамоқ ва сургундан боши чиқмай қолади.

Туркия Республикасининг ташкил топиши шариатга асосланган бошқарувни ўрнатиш тарафдори бўлган Саид Нурсий ҳаётида ҳам ўзгаришларни келтириб чиқарди. Таъқиб қилина бошлангач, у махфий жамоалар тузиб ўз даъватларини давом эттириш йўлига ўтди. Шундан сўнг ҳукумат томонидан гоҳ у, гоҳ бу шаҳарга сургун қилиниб, бир неча бор «Туркия Конституциясига таҳдиди ва шариатга асосланган давлат тузишни уюштиришда» айбланиб, судланди ва 23 йил умрини қамоқда ўтказди.

Айнан шу даврда у ўзига Бадиуззамон(Бадиуззамон - [араб. - замонанинг зўри, беназир].) лақабини олиб, Қуръони карим оятларининг шарҳлари ва диний кўрсатмалардан иборат «Рисолаи Нур» куллиётини ёзиб тугатди. «Нурчилик» ҳукумат томонидан таъқиб қилингани учун асар 1954 йилгача бирор-бир нашриётда чоп этилмай, ҳаракат фаоллари томонидан қўлда кўчирилиб, халқ орасида махфий тарқатилди.

Саид Нурсий шогирдларига «Сиёсатдан Дажжолдан қочгандек, қочинглар», деб таъкидласада, ўзи доимий равишда сиёсатга аралашишга ҳаракат қилар эди. У бутун умри давомида, даставвал султон Абдулҳамид II сиёсатини танқид қилгани, кейинчалик М. К. Отатурк ва унинг фаолиятини қоралагани учун ҳукумат томонидан таъқиб қилинди.

Саид Нурсийнинг «Кастамону лахикаси», «Земъалар», «Генчлик реҳбери», «Калимот», «Мактубот», «Ламъалар», «Шуъалар», «Асои Мусо», «Маснавийи Нурия», «Ишоротул Иъжоз», «Тарихчаи Ҳаёт», «Сиккаи Тасдиқи ғайбий» номли китоблари «нур»чиликни тарғиб қилишда асосий қўлланмалардан ҳисобланади.

«Рисолаи нур» 6000 саҳифалик китоби дунёнингўн беш тилига таржима қилиниб, Саид Нурсийнинг ғоялари тарғиб қилиниб, кенг тарқалишига сабаб бўлган.Уларнингтаржимасидан мақсад ҳам шу эди. Унинг ўзи мазкур китобга «Рисолаи нур» бу асрни ва келажак асрларни нурлантирган бир мўъжизаи Қуръониядир», дея баҳо беради.

Бироқ мазкур асар Туркия Жумҳуриятининг янги қурилган илк даврида «халифалик» кўринишидаги ислом давлатидан, европа менталитети руҳидаги секуляризм (дунёвийлик) принципи асосида давлат сиёсатининг юргизила бошланиши даврига умуман тўғри келмас эди. Фундаменталистик ғояларга жуда яқин бўлганлиги учун ҳам кескин эътироз ва давомий қаттиқ таъқибларга сабаб бўлган.

Нурсий Туркия давлатининг исломга бўлган муносабати туфайли, дунёвий давлат тузуми ўрнатилишига қарши чиққан ва атрофидагиларни мавжуд муаммоларни «исломга даъват этиш орқали ҳал қилиш»га чақирган. Унинг фикрича, «Рисолаи нур» вайрон этилган кичиккина хонани таъмир этмайди, балки вайронага айлантирилган ва буюк тоғлардек улкан тошлардан бунёд этилган ислом муҳити қалъасини таъмирлайди».

Нурсий тараққиёт сабабли юзага келган муаммоларни ҳал этишда диний амалдан фойдаланиб қолади. Ўз диний қарашларини замонага мос равишда яқинлаштирган. Китобнинг турли ижтимоий-сиёсий воқеаларни оддий ва енгил шарҳлаши сабабли, муаллиф «Бадиуззамон» («Вақт ҳаками») даражасига кўтарилади ҳамда бу ҳолат унинг мамлакат ва минтақада обрўси ошишига олиб келади. Бироқ у Туркия давлат тузуми ва отатуркчиликка қарши кураши туфайли сургун қилинади. Нурсий 1960 йил 23 мартда вафот этади ва Урфа шаҳрида дафн этилади. Аммо унинг қабри зиёратгоҳга айланиб, «Нурчилик»нинг янада кучайиб кетишидан хавфсираган расмийлар тўрт ойдан сўнг унинг қабрини очиб, хокини номаълум манзилга олиб бориб кўмадилар. Шу сабабли ҳозиргача унинг кўмилган жойи маълум эмас.

Унинг вафотидан сўнг, «нур»чилар ҳаракати етти йўналишга бўлиниб кетади. Улар «Фатҳулло Гулен» ёки «Фатҳуллачилар», «Янги Осиё» (раҳбари Меҳмет Кутлулар), «Янги насл» (раҳбари Меҳмет Биринжи), «Мед Зеҳра» (раҳбари Сиддик Дурсун), «Ажзи Менди» (раҳбари Муслим Гундуз), «Шура» (раҳбари Меҳмет Киркинжи) ва «Язижи» (раҳбарлари Хусрав Алтинбаҳак ва Саййид Нурий Эртурк) каби йўналишлари мавжуд.

Хусусан, ўзининг иерархик тузилмаси, қаттиқ интизоми, махфий низомга эгалиги билан ажралиб турадиган М.Сунгур бошчилигидаги тармоқ оммавий ахборот воситалари ва банк тузилмаларини шакллантиришни асосий стратегия қилиб белгилаган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Меҳмет Кутлулар бошчилигидаги «Йени асячилар» (Янги осиёчилар) тармоғи эса, асосан Туркиядан ташқарида фаолият олиб боришга ихтисослашиб, 1971 йилдан бошлаб «Йени Ася» кунлик ва «Кёпрю» ойлик нашрларини чоп этиб келаётганини қайд этиш лозим.

Юқоридагилардан ташқари даврий нашрларни чоп этиш билан шуғулланувчи Меҳмет Киркинчининг «Шура» (Мажлис), Сиддиқ Дурсуннинг «Мед Зеҳра», Муслим Гундузнинг «Ажзи Менди», Саид Нурсий Эртуркнинг «Язижи» тармоқлари ҳам мавжуд.

«Нурчилик»нинг тармоқларга бўлиниб кетиши Саид Нурсий мероси ва ғояларига турлича ёндашувнинг оқибати эди. Айни пайтда, бу ҳар бир тармоқнинг маълум бир соҳага ихтисослашувини ҳам келтириб чиқарди. Шу нуқтаи назардан қараганда, тасодифийдек туюлган тармоқлашув ортида ҳаракат фаолияти ва таъсир доирасини кенгайтириш стратегияси ётганини англаш мумкин.

«Нурчилик»нинг нисбатан кенг тармоқ отиши ҳақида гап кетар экан, бунинг бош сабаби сифатида, энг аввало, ҳаракат ғоялари ва фаолиятига Туркия жамиятининг ўзида зиддиятли муносабат мавжуд эканлигини қайд этиш лозим.

Ҳозирги кунда нурчиларнинг ёрқин кўзга кўринган намояндаси бўлмиш Фатҳулло Гулен (1942 йилда Туркиянинг Эрзурум шаҳрида туғилган) замонавий «нур» ҳаракати мақсадларини диний ва ирқий келиб чиқишидан қатъи назар, дунё халқларига ислом ғояларини тарқатиш, ягона диний бирликни яратиш ва Аллоҳнинг бирлигини исломий асосда инсониятга тан олдиришдир, деб қарамоқда.

Нотиқлик ва одамларни ишонтира билиш қобилиятига эга бўлган Гуленнинг жамоатчилик олдидаги чиқишлари ва фаолияти турк жамияти томонидан кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Унинг қаламига мансуб 24 китоб ва 130 дан зиёд турли видеокассеталар мавжуд.

Туркияда Гулен томонидан ташкил этилган турли жамғармалар, хусусий мактаблар, ширкатлар, ўқув курслари ўз фаолиятини кўрсатмоқда. Шунингдек, у «Бадиуззамон» жамияти телеканалига ва бир қанча радиостанцияларга эгалик қилади, даврий нашрлар бўлмиш «Заман», «Йени умит», «Зафер», «Сур», «Бизим Аиле», «Фонтан», «Нур»лар фаолиятини назорат қилади.

Шунингдек, Туркиядан ташқари, масалан, Германияда нурчилар томонидан тил мактаби, иккита ўқув маркази, радиостанция, касалхона ва болалар боғчаси, Голландия, Швейцария, Болқон, Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка, АҚШ каби 50дан зиёд давлатларда ҳам қатор жамғармалар, хусусий мактаб, лицейлар, университетлар, тил курслари, махсус ётоқхоналар ва масжидлар фаолияти йўлга қўйилган. Таълим масканларида фаолият кўрсатаётган уч мингдан ортиқ ўқитувчиларга 400дан 1400 долларгача ойлик маош берилгани маълум.

Хорижий давлатлардаги таълим масканларининг очилишига жами 1 миллиард 205 миллион АҚШ доллари сарфланган ва ҳозирги кунда ҳам мазкур ўқув масканларининг ишини юритиш учун бир миллиард долларлик бюджет ҳар йили тасдиқланаёт) оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган.

Айдарбек Тулеповнинг

"Ислом ва ақидапараст оқимлар" китобидан