loader
Foto

Харурия

Ҳарурия фирқаси тарафдорлари Али ибн Абу Толиб (р.а.)га: «Сен ўз тинчлигингни ўйлаб, душманинг фойдасига ҳукм чиқардинг, шунинг учун сенинг динингга шубҳамиз бор», деб унга итоат қилишдан бош тортиб, Ҳарура(Ҳарур - Ироқнинг Куфа шаҳри яқинидаги жой номи.) қишлоғига бориб макон тутганлари учун уларни «Ҳарурийлар» деб номланади. Шунингдек, бу фирқа аъзолари: «Биз ўзимизни Аллоҳ таоло йўлига сотганмиз», деганлари учун уларни «Шуротлар» ва Ҳазрат Али (р.а.)га шаккокларча қарши чиққанликлари сабаб «Шаккокийлар» деб ҳам аталганлар.

Ҳарурия фирқаси Али ибн Абу Толиб (р.а.)га қарши чиқиб, Ҳарура деган жойда йиғилдилар. Натижада Аллоҳ таолонинг изни билан Али ибн Абу Толиб уларни йўқ қилди. Оз қисмигина омон қолди. Ҳаруриянинг асл даъвосида Али ибн Абу Толиб (р.а.)ни кофир, деб эълон қилади ҳамда ундан воз кечиб, бошқа мусулмонларни ҳам бунга ундаган ҳолда Али (р.а.)ни кофирга чиқаришга даъват қилади. Уларнинг асл мақсади барча инсонларнинг Али (р.а.)ни ҳаддан ортиқ ёмон кўриб қолишидир. Уларнинг наздида имон сўз ва амалдан иборат бўлиб, Али ибн Абу Толиб (р.а.) унга амал қилмаган. Имон эса (бирор амални) сидқидилдан бажаришни талаб қилади. Шунинг учун ҳам улар наздида Али кофирдир.

Аҳли Сунна вал-Жамоа наздида имон сўз билан иқрор бўлиб, дил билан тасдиқлаш, амал эса унинг самарасидир. Али (р.а.) Аллоҳни тан олишда қосирликка йўл қўйгани йўқ, шунинг учун мусулмонлар бу масалада ихтилоф қилмайдилар. Лекин ҳарурийлар Али (р.а.)га амал масаласида ихтилоф қиладилар. Шундай экан, Али ибн Абу Толиб (р.а.) пок мўмин ҳисобланиб, кофирга чиқарилмайди. Чунки Али (р.а.) ислом динига қарши бирор иш қилгани йўқ, ҳолбуки, у ўз Раббини тан олган, бу эса имондир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) сўзларига кўра, имон Аллоҳни ва ҳақ дини - Исломни тан олиш, амал эса унинг буйруқларини бажаришдир.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Умматларимдан икки тоифа борки, улар учун шафоатдан бирор насиба йўк,. Улар қадарий ва ҳарурийлардир», дедилар». Ибн Аббосдан Шаъбий ривоят қилиб дейди: «Билмайдиганларингни кейинга қолдир, аммо муржиа бўлма. Аҳли байтни(Аҳли байт - Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг оилалари.) яхши кўр, аммо шиа бўлма. «Аллоҳ таоло адолатга, эзгу ишларга ва қариндошларга яхшилик қилишга буюради», дегин, аммо қадарий бўлма. Эзгу ишларга буюриб, ёвуз ишлардан қайтар, аммо ҳарурий бўлма».

Айдарбек Тулеповнинг

"Ислом ва ақидапараст оқимлар" китобидан