loader
Foto

Мусулмон шахс ҳақоратдан, беҳаё сўзлардан узоқ бўлади

Ғазаб пайтида ўзини ушлаб турган мусулмон инсон тилини сўкишга, ҳақорат ва ғийбатга юргизмаслиги табиий. Ислом кўрсатмаларини маҳкам ушлаган инсонда бу хулқ янада мустаҳкам бўлиши аниқдир.

Абу Масъуд розияллоҳу анхудан ривоят қилинади, айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмонни сўкиш - фосиқлик, уни ўлдириш - куфрдир” (Бухорий ва Муслим ривояти).

“Албатта, Аллоҳ таоло ҳар қандай одобсиз ва ҳаддан ошганни суймас” (Аҳмад ва Табароний ривояти). “Албатта, Аллоҳ бемаъни ва ахлоқсизни суймас” (Табароний ривояти).

“Сўкувчи, лаънатловчи, одобсиз, беъмани кимса мўмин эмас” (Бухорий ривояти).

Иймон насимидан ҳаво олган, нафсига Ислом шодлиги аралашган мусулмонга бу сифатлар лойиқ эмасдир. Демак, у бу сифатлардан жуда ҳам узоқ бўлади ва ҳаётида бирор марта ҳам қулоққа озор берадиган, туйғуларни жароҳатлайдиган, хурматни тўкадиган сўз оғзидан чиқмаган зот - Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламда мужассам бўлган гўзал намунани кўрган сари бу сифатлардан узоқ бўлиши зиёдалашаверади.

Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ахлоқсиз ҳам, лаънатчи ҳам, сўкувчи ҳам эмас эдилар. У зот итоб пайтида: “Унга нима бўлди, пешонаси чанг бўлгур”, дер эдилар” (Бухорий ривояти).

Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотнинг даъватларини эшитишдан қалбларини беркитиб олган кофирларнинг сўкишдан ҳам тилини поклаганлар, уларга жароҳат етказувчи ёмон сўзларни айтмаганлар. Бу ҳақда улуғ саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Айтилди: “Ё Расулуллоҳ, мушрикларни дуоибад қилинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сўкувчи эмас, раҳмат қилиб юборилганман”, дедилар”.

Абу Ҳурайра зикр қилади: “Бир киши ароқ ичди. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб келишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга: “Уни уринглар”, дедилар. Биримиз қўлимиз, биримиз кавушимиз, биримиз кийимимиз билан урдик. Ҳалиги айбдор кетгач, баъзилар Аллоҳ сени шарманда қилсин, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бундай деманглар, унинг зарарига шайтонга ёрдам берманглар”, дедилар (Бухорий ривояти). Ҳатто залолат, гуноҳ чўлида улоқиб юрган бўлса ҳам, унга инсоний меҳр билан қарашини кўринг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга ўз тилини одамларнинг обрўларига путур етказишда бўш қўйганларнинг ёмон оқибатини тасвирлар эканлар, нафслардан ёмонлик, гина-адоват томирини суғуриб ташлашда юксак чўққига етдилар. Қачондир инсон тарафидан содир бўладиган бу ҳақоратлар, бу тентакона сўкишлар инсоннинг йиққан барча яхшиликларини йўқотиб, даҳшатли ҳисобкитоб куни бўлмиш Қиёмат кунида уни сақлаб қоладиган ҳар қандай қўлловчидан маҳрум қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Биласизларми, қашшоқ ким?” Саҳобалар: “Бизнингча, пули, матоси йўқ одам муфлис-қашшоқдир”, дейишди. Шунда у зот: “Менинг умматим ичидаги қашшоқ бир кимсаки, Қиёмат куни намоз ўқиган, рўза тутган, закот берган ҳолда келади, лекин у фалончини сўккан, фалончига туҳмат қилган, фалончининг молини еган, фалончининг қонини тўккан, фалончини урган ҳам бўлади. Ўшалардан бирига унинг яхшилигидан, яна бирига унинг яхшилигидан олиб берилади. Қарзи тўланмай туриб яхшиликлари тугаб қолса, унга уларнинг хатоларидан олиб берилади ва ўзини дўзахга ташланади”, дедилар” (Муслим ривояти).

Демак, мусулмонларнинг ҳаётидан мана бундай бекорчи арзимас нарсалар йўқ бўлиши, сўкиш, ҳақоратга олиб борадиган душманликларнинг йўқолиши ва мана шу олий хулқий кўрсатма бутун инсонларга ом бўлиши табиий ҳолдир.

Албатта, мусулмон жамият аъзоси оғзидан чиқаётган ҳар бир сўз учун ҳисобкитоб қилинишини ич-ичидан сезади. Бундай одам ғазабланса ўзини тияди, асабларини сақлайди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини эслайди: “Икки ҳақоратлашувчининг гуноҳи ўша ҳақоратни биринчи бошлаганга бўлади, ҳатто мазлум ундан ўтиб кетгунча” (Муслим ривояти).

Шунинг учун мусулмон инсон, гарчи сабаблар бўлса ҳам, тилини ҳақоратдан сақлайди, гуноҳга тушиб қолмаслиги учун тилини ғазабдан тияди. Тажовуз-корлардан бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлади.

Мусулмон одам бу хулқни маййитларда ҳам қўллайди, баъзи бир тириклар қолиб ўликларга ҳам ёмон гаплар айтадиган жоҳиллар каби маййитларга ёмон сўзлар айтмайди. Бу борада у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига амал қилади: “Ўликларни сўкманглар. Чунки улар аввал қилиб ўтган нарсаларининг олдига кетишди” (Бухорий ривояти).

Муҳаммад Али Ҳошимийнинг

"Мусулмон ахлоқи" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси