loader
Foto

Ташаҳҳудда ўтириш кайфияти

Намозхон иккинчи ракатнинг иккинчи саждасидан бошини кўтарганидан сўнг чап оёғини тўшайди ва унга ўтиради. Ўнг оёғини эса тик қилиб қўяди ва бармоқларини Қибла тарафга қаратади. Бундай ўтириш "Ифтирош” ("тўшаш") деб номланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи ракатда иккинчи саждадан муборак бошларини кўтарсалар, чап оёқларини тўшаб унинг устига ўтирар эдилар, ўнг оёқларини тик тутган ҳолда унинг бармоқларини Қиблага юзлантирар эдилар.

Яъни: Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини кўрай деб, Мадинага бордим. У Зот ташаҳҳудга ўтирсалар, чап оёқларини тўшар, чап қўлларини чап сонларига қўяр ва ўнг оёқларини тик қилардилар" (Имом Термизий ривоятлари).

Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўтиришларини шундай сифатлаганлар:

Яъни: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни такбир ва "Алҳамду лиллааҳи роббил аламийн”ни қироати билан бошлар эдилар. Қачон рукуъ қилсалар, бошларини кўтариб ҳам, тушуриб ҳам юбормас, балки шунинг ўртасида тутар эдилар. Қачон саждадан бошларини кўтарсалар, ростланиб ўтирмагунларича, сажда қилмасдилар. Ҳар икки ракатда "Ат-Таҳийёт"ни айтардилар. Чап оёқларини тўшаб, ўнг оёқларини тик тутар эдилар. Шайтон уқба(Уқба ўтириш тури. Айримларга кўра ҳар икки оёқни ҳам тик қилиб товонларга ўтириш ва бошқаларга кўра думбаларини ерга теккизиб, болдирларни тик қилган ҳолда қўллари билан оёкдарини қучиб олиш тушунилади.)сидан қайтарар эдилар ва кишининг йиртқич ҳайвон тирсакларини ерга тўшаганидек тўшашидан қайтарар эдилар. У Зот намозни салом билан тугатар эдилар” (Имом Муслим ривоятлари).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар" дейишлари мутлақ бўлиб, бу У Зотнинг икки ташаҳҳудда ҳам шундай ўтиришларига далолат қилади. Чунки у киши ушбу ҳадисда ҳар икки ракатда машруъ зикрни баён қилиб, бунинг ортидан ўтириш кўринишини зикр қилмоқдалар. Аслида бу билан аввалги ҳолатни зикр қилиб, кейинги ҳолатни эсдан чиқариб қўяётганлари йўқ, балки аввалги ва кейинги ташаҳҳудларда ҳам худди шундай ўтирганликларини айтмоқдалар.

"Оламгирийя" китобида ҳам шундай баён қилинган:

Яъни: "Намозхон қачон иккинчи ракатнинг иккинчи саждасидан бошини кўтарса, чап оёғини тўшайди ва унга ўтиради. Ўнг оёғини эса тик қилиб қўяди ва бармоқларини Қибла тарафга қаратади. Икки қўлини бармоқларини ёзган ҳолда сонининг устига қўяди. "Ҳидоя” китобида шундай дейилган. Қаъдада ўтирганда тиззасини ушламайди. "Хулоса" китобида шундай дейилган. Агар намозхон аёл бўлса, чап думбасига ўтиради ва икки оёғини ўнг тарафдан чиқаради. "Ҳидоя” китобида шундай дейилган” (иқтибос тугади).

Чунки аёлларнинг мана шундай ўтириши улар учун авратларни янада яширувчироқдир. Албатта бу ҳанафий мазҳаби уламолари айтган ҳукм бўлиб, Имом Термизий, Саврий, Ибни Муборак, Ҳасан ибн Яҳё ва Куфа уламолари: "Аксар аҳли илмларнинг амали шунга кўрадир”, деганлар.

Моликий мазҳабида барча қаъдада ўнг оёқни тикка қилиб, чап оёқни ўнг томондан чиқариб ўтирилади. Бу ўтиришни "Таваррук” деб номланади. Шофеий мазҳабида аввалги қаъдада ўнг оёқни тикка қилиб, чап оёқни устига ўтирилади. Охирги қаъдада ўнг оёқни тикка қилиб, чап оёқни ўнг томондан чиқариб таваррук қилиб ўтирилади ва бу мазҳаб соҳибларини ҳам суннатдан ҳужжатлари бор. Ҳозирги кунимизда баъзи кишилар қаъда ўтиришидаги асл суннат "Таваррук" деб даъво қилишиб, инсонлар ичида ихтилоф келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Узларининг бу даъволарига Абу Ҳумайд Соъидий розияллоху анху воқеаларини хужжат қилишади.

Муҳаммад ибн Амир ибн Ато раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади:

Муҳаммад ибн Амир ибн Ато раҳмахуллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васалламнинг бир нечта саҳобалари билан бирга ўтирган эди. Улар Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васалламнинг намозларини эслашди. Шунда Абу Ҳумайд Соъидий (розияллоху анху] “Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозини сизлардан кўра кўпроқ биламан” дедилар. "У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, қачон такбир айтсалар икки қўлларини елкалари баро-барига кўтарар эдилар. Қачон рукуъ қилсалар икки кўлларини тиззаларига қўяардилар сўнг белларини пасайтирардилар. Қачон бошларини кўтарсалар тўғри бўлар эдилар, ҳатто ҳар бир бўғимлари жой-жойига қайтарди. Қачон сажда қилсалар икки кўлларини ерга тўшамасдан ва ўзларига (қоринларига) теккизмасдан қўяр эдилар ва оёқларининг бармоқларин қиблага қилар эдилар. Иккинчи ракатда ўтирсалар чап оёқларига ўтирибўнг оёқларини тикка қилар эдилар. Охирги қаъдада ўтирсалар чап оёқларини олдинроқ қилиб,ўнг оёқларини тикка қилиб, орқалари билан ўтирар эдилар", дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Абу Ҳумайд Соъидий розияллоху анху айтиб берган бу ҳадис бир нечта кўринишда ривоят қилинган бўлиб Имом Таҳовий "Шарҳи Маъонил Осор" китобларида, бу воқеанинг асли куйида келадиган мана бу ривоятдир, деганлар. Чунки баъзи ривоятларда Муҳаммад ибн Амир ибн Ато раҳматуллоҳи алайҳ Абу Хумайд Соъидий розияллоху анху Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васалламнинг намозларини баён қилиб берганликларини ривоят қилган ва бу мажлисда ҳозир бўлган саҳобалар ичида Абу Қатода розияллоху анху ҳам борлигини зикр қилган. Ваҳоланки Абу Қатода розияллоху анху Али розияллоху анху даврида вафот этган бўлиб, Муҳаммад ибн Амир ибн Ато раҳматуллоҳи алайҳ билан бир замонда яшамаган.

Абу Ҳумайд Соъидий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига: “Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозини сизлардан кўра кўпроҳбиламан”, деди. (Шунда саҳобаи киромлар) "Қаердан бундай деяпсан”, дедилар. "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни намозларини кузатдим ва намозларин ёдлаб олдим”, деди. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга турсалар, такбир айтар ва икки ҳўлларини юзлари баробарига кўтарар эдилар. Қачон рукуъ қилгани такбир айтсалар яна шундай (икки кўлларини юзлари баробарига) қилар эдилар. Рукудан бошларини кўтарганларида "Сами Аллоҳу лиман ҳамидаҳ” дер эдилар ва яна шундай(икки кўлларини юзлари баробарига)қилардилар. Сўнг “Роббана ва лакал ҳамд” дердилар. Икки сонларини қоринларига теккизмасдан ва билакларини ерга тўшамасдан сажда қилар эдилар. Ташаҳҳудга ўтирсалар чап оёқларини ётқизиб ваўнг оёқларини тикка қилиб, ташаҳҳуд айтар эдилар”.

Бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозда ўтиришлари биз юқорида Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг ривоятида зикр қилганимиздек "Ифтирош" эканлиги зикр қилинмоқда.

Аслида мазҳаблар ўртасидаги қаъдада ўтириш кайфияти борасидаги ихтилоф азалий ихтилоф бўлиб, деярли барча намозхонлар ҳанафий мазҳабида бўлган юрт мусулмонлари ўртасида бу ихтилофли масалани кўтариб чиқиш тўғри эмас. Бу нарса мазҳаблар ўртасидаги ихтилофдан бехабар кишилар ичида тортишувга, фитнага, ўрталаридаги меҳр-муҳаббат алоқаларининг узилишига, мусулмонларнинг бирдамлиги йўқолишига сабаб бўлади.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Фатво маркази директорининг

"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан