loader
Foto

Бўш вақтни ғанимат билмоқ

Кўп одамлар ғафлатда қоладиган, қадрини билмайдиган, шукрини қилмайдиган нарса бор, у бўш вақт неъматидир.

Бухорий ибн Аббосдан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳнинг неъматлари ичида одамлар менсимайдиган икки неъмат бор - соғлик ва бўш вақт”.

Бўш вақтдан мақсад инсонни Охират ишларидан машғул қилувчи дунёвий машғулотлардан холи вақтдир.

Инсонни ҳаёт истак-майлларига ғарқ қилмайдиган, уни Аллоҳ азза ва жалланинг ҳақларини адо қилишдан тўсмайдиган касб-ҳунар, тирикчилик билан машғул бўлмоқ бундан мустаснодир.

Асли алдаш, уриб қолиш иборалари олди-сотди, тижоратларда ишлатилса ҳам, лекин аллома ал-Мановий бўйнида масъулият бўлган инсонни савдогарга, соғлик билан бўш вақтни эса сармояга (дастмояга) ўхшатди.

Зеро, у иккиси фойданинг бошидир. Муваффақият дебочасидир.

Аллоҳнинг фармонларига бўйин эгган кимса фойда олур. Шайтон малайларига итоат қилган эса зиён тортур.

Бошқа бир ҳадисда “Беш нарсадан аввал беш нарсани ғанимат бил”, дейилади ва улар ичида “машғул бўлиб қолишдан аввалги бўшликни”, ҳам зикр қилинади.

Бўшлик абадий бўш ҳолича қолмас. У ё яхшилик ё ёмонлик билан тўла бўлади. Ҳақ билан машғул бўлмаган нафс ноҳақлик билан машғул бўлар. Бас, вақтни эзгулик ва салоҳият билан тўлдирган кишига жаннат бўлсин. Уни ёвузлик билан тўлдирган кимсага дўзах бўлсин.

Солиҳлардан бири айтар: Ҳар қандай машғулотдан бўш бўлган вақт буюк неъматдир. Энди бу неъматга нонкўр бўлиб, нафси учун ҳавойи нафс эшигини очиб қўйган, нафсини шаҳват ботқоғига ботирган кимса бўлса, Аллоҳ у кимсанинг қалбини издан чиқарур, ундаги софликни тортиб олур.

Дерлар: Бўш қолиб, у бўшлиқни тўлдирмаслик, тойилишларни камайтириб, Аллоҳ томон юзланмаслик мағлубиятдир.

Салафи солиҳлар ҳам дин, ҳам дунё ишларидан бўш қолган инсонни ёқтирмаслар. Зеро, бўш вақт неъмати унинг эгасига хоҳу эркак, хоҳ аёл бўлсин, офатдир.

Дерларким: Кишининг бўш вақти ғафлат, аёлнинг бўш вақти шаҳватдир. Яъни, аёлнинг бўш қолиши унинг табиатини ҳаракатга келтиради, шаҳват ишларни ўйлашга мажбур қилади.

Миср шаҳри ҳокимининг аёли Юсуфни севиб, юрагидан уриб қолишига, Юсуфни ўз тўрига илинтириш учун ҳийлалар ишлатишига ёлғиз сабаб ўша аёл - Зулайҳонинг бекаму-кўст ҳаёти, бошқача айтганда вақти бекор, бўш қолганлиги эди.

Бундан ҳам хатарлиси, ёшликда бўш вақт билан бирга нафс истагини қондиришга имкон топгудек мол-дунёга эга бўлишдир. Бу ҳақда Абул Атоҳийя айтади:

Ёшлик, бўш вак,т буларнинг бари

Инсонни бошлайди бузуқлик сари

Шоир айтади:

Бекорчилик энди машғулот бўлди

Бу олам бўшликдан балога тўлди

Яъни, инсон машғулот деб билган бекорчилик, унинг ортидан қалб машғуллиги, шаҳватларга берилмок нафақат бу дунёда, балки Охират диёрида ҳам ёмон оқибатларни самара қилиб беради.

Юсуф Қарзовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси