loader
Foto

Нобел лауреатлари Путинга қарши чиқишди

39 нафар Нобел мукофоти лауреатлари дунё раҳбарларига мурожаат қилиб, улар Украинага ёрдамни сезиларли даражада оширишга, Россиядаги демократик мухолифатни қўллаб-қувватлашга ва у ердаги сиёсий маҳбусларни ҳимоя қилишга, шунингдек Путинни шерик сифатида кўришни рад етишга чақирдилар.

«Украина бу урушда шунчаки «ютқазмаслиги» эмас, балки ғалаба қозониши керак. Украиналикларга ўз вақтида кўрсатилаётган ёрдам инсонлар ҳалок бўлишини камайтиради ва тажовузкорни ҳайдаб чиқаришга ёрдам беради», — деб ёзади лауреатлар.

“ХХ аср тоталитаризм фожиалари инсон эркинликлари ва қадр-қимматига риоя қилишни талаб қилмоқда. Путин уларни қўпол равишда бузяпти. У Россияни энг катта ядровий арсеналга эга, бутун инсоният учун экзистенциал хавф туғдирадиган кучли ҳарбийлаштирилган полиция давлатига айлантирди", деб таъкидлайдилар лауреатлар.

Алексей Навалний ва Россия мухолифатининг бошқа раҳбарлари бу таҳдид ҳақида бир неча бор «ўзларидан олдинги буюк ўтмишдоши, 1975 йилги Нобел Тинчлик мукофоти лауреати академик Андрей Сахаровдан кейин» бир неча бор гапирган. Кўриниб турибдики, мактуб муаллифлари шу тариқа Сахаров анъанасини давом эттириш зарур, деб ҳисоблайдилар.

«Биз дунё етакчиларини ва барча яхши ниятли одамларни жаноб Путин ва унинг жиноий режими ҳақидаги ҳар қандай иллюзиядан воз кечишга чақирамиз. Тарих бизга тажовузкорни тинчлантириш инсониятга қарши янги жиноятларни рағбатлантириш эканлигини ўргатади. Ҳеч қандай вақтинчалик имтиёзлар буни оқлай олмайди. Биз Мюнхендаги 1938 йил такрорланишига кескин қаршимиз!» - деб ёзади лауреатлар.

Мукофот эгалари Россиянинг амалдаги режимини қатъий рад этишдан дарак берувчи чора сифатида Владимир Путиннинг қонунийлигини инкор этишга чақиришди: «Дунё етакчиларининг Путинни қайта сайланган президент сифатида тан олишдан бош тортиши дунёга кучли сигнал бўлади. Уни энди ҳамкор деб ҳисоблаш мумкин эмас».

«Коллектив ҳаракатлар ёрдамида биз Европада тинчликка эришишимиз ва глобал фалокатнинг олдини олишимиз мумкин», — дейилади мурожаатнинг якунида.

Унинг остида адабиёт, физика, кимё, тиббиёт, иқтисод, бошқа илмий соҳалар бўйича Нобел мукофоти совриндорлари ҳамда Тинчлик учун Нобел мукофоти совриндорларининг имзолари бор. Мурожаат остида имзо очиқ ва инсониятнинг зиёли пешқадамлари сафига бошқа фан, маданият арбоблари, тадбиркорлар ва жуда оддий одамлар, пенционерлар қўшилди.

Бир қарашда, бу жуда заиф ташаббус, бироқ, бошқа томондан, агар жаҳон етакчиларига ҳал қилувчи ҳаракатлар учун қўшимча рағбат керак бўлса, демак, бу яхшигина рағбатдир.