loader
Foto

Риё сабаб ибодат тарк этиладиган ҳолатлар

Эй солиҳ банда!   Сен шуни билки, тоат ва ибодат уч даражададир:

Биринчи даража:

Бу ибодат кишининг ўзигагина боғлиқ бўлади, бошқаларга алоқаси йўқ. Намоз, рўза ва бошқалар.

Иккинчи даража:

Кишининг ҳам ўзига, ҳамда бошқаларга боғлиқ ҳолатлар. Ваъз-маъруза, фатво ва бошқалар.

Учинчи даража:

Халқ билан боғлиқ ҳолатлар. Подшоҳлик, қозилик, валийлик ва бошқалар. Бу уч қисмларни бирма-бир шарҳлаб чиқамиз:



Биринчи қисм:

Намоз, рўза ва ҳаж каби фақат бир кишига боғлиқ амаллар. Бу амаллар фарз ва суннат бўлгани учун риё бўлишидан қўрқилганда ҳам, асло тарк этилмайди. Ибодатнинг бошида ёки ўртасида кўнгилга риё хаёли келса, дарҳол у хаёлни ўчиришга ҳаракат қилиш керак. Ибодатнинг нияти яхшиланиши лозим. Одамлар кўзига ёқиш учун бундай ибодатларни ё кўпайтириб, ёки озайтириб бўлмайди. Чунки унинг миқдори белгилаб қўйилган. Лекин ибодатнинг бошидан охиригача ният риё бўлса, бу амалдан савоб олиб бўлмайди. Бу ибодат ҳисобга олинмайди.

Фузайл ибн Иёз бундай дейди: “Риё одамлар кўриб қолади, деб ибодатни адо қилишдан қўрқишдир. Аллоҳдан бошқага ёқиш учун қилинган ибодат асло қабул бўлмайди. У ширкдир. Ҳатто шайтон ҳам сенинг ибодат қилишингга қарши чиқади. Сени ибодат қилишингга қаршилик кўрсата олмаса, ибодат қилишда бардавом бўлсанг, сенга бундай дейди: “Қара, одамлар сенга қараяпти. Сенинг бу қилган ибодатинг риё бўлиб қолди”.

Шайтон ҳийла йўли билан бўлса ҳам ибодат қилишингга халақит беришга ҳаракат қилади. Унинг бу сўзларига қулоқ соладиган бўлсанг, одамлардан қочиб ер тагига кириб ибодат қилсанг ҳам, у яна айтадики: “Сени одамлар таркидунё қилиб, зоҳидлик қиляпти”, дейди. Бу зоҳидлик эмас, риёдир”. Сен шунда шайтонга айтишинг керакки: “Ибодатни халқ кўзига яхши кўриниш учун қилишдан тарк қилиш риё бўлса, у ҳолда одамларнинг мени гапириш-гапирмасликлари айнидир. Мен ўз одатимга кўра иш кўраман. Халқнинг гап-сўзига қулоқ солмайман”.

Қулнинг хожасига хизмат қилиши буюрилганидек, бандага ҳам Роббисига ихлос билан ибодат қилиши амр қилинган. У модомики амални бажармаяптими, ихлоси ҳам тўхтаган ҳисобланади. Ихлос фақат амал билан исботланади.

Ҳасан Басрий айтади: “Шундай одамлар борки, йиғлагиси келганда одамлардан уялиб йиғлай олмайди. Бу жоиздир, сабаби - ошкора йиғлашнинг хуфиёна йиғлашдан кўра ортиқча фазилати йўқ. Йиғламоқ ибодат ҳисобланмагани учун, йиғидан ўзини тўхтатган инсон ибодат қилмаётган ҳисобланмайди”.

Ҳасан Басрий яна бундай дейди: “Бир киши бор: доим йўлидан чиққан зарарли нарсани олиб, четга улоқтиришни истарди-ю, бу савобли ишни қилмасди. Аммо ўзини зоҳидлигини ва яхши фазилати борлигини одамлар билиб қолишидан қўрқади. Бу заифликдир. Ибодатларига риё аралашишидан қўрқади, лекин одамлар гапиради, дея савобли ишни қилмаслик ҳам тўғри эмас. Қалбни кучли қилиб, ундан риёни қувиб чиқариш лозим. Иймони заиф инсон ўзининг салоҳиятини одамлар оғзига тушишни тарк қилишда кўрса, яхшиликларини кўрсатишдан воз кечиши мумкин. Аммо бу ҳам бир мартабадир.



Иккинчи қисм:

Халқ билан боғлиқ ибодатлар. Подшоҳлик, волийлик ва қозилик. Агар бу вазифалар адолат билан суғориладиган бўлса, аъло ишдир. Агар зиммасидаги вазифани адолатсизлик билан бажарса, гуноҳ устига гуноҳдир. Агар кимса ўзининг одил эмаслигини билса, бундай вазифани бажармаслиги керак. Чунки у ёмон ишларга васила бўлиши мумкин. Бу вазифа намоз, рўза ва садақа каби бир кишининг доирасидаги ибодат эмас.

Ҳукуматни бошқариш, халқни бошқариш ва халифалик қилишда катта лаззат бор. Нафс ўша лаззат билан қонади. Ўз нафсини идор қила оладиган одамгина ҳоким бўлмоғи керак. Ҳукумат тепасига келишдан олдин синалган, омонатга хиёнат қилмайдиган, ахлоқи мансабпарастликдан йироқ бўлган ва бошқаларга бўйин эгмайдиган кимсагина халифаликка муносиб ҳисобланади.

Шубҳа қилинмайдиган, халқ томонидан синалган ва тажрибали кишиларга ишонса бўлади.

Баъзи амалдорлар бўладики, ҳукумат тепасига келгандан сўнг ўзгарадилар. Бошида қаттиқ тайёргарлик кўрган киши кўпинча кейин ўзгаради. Давлатни бошқариш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун одам, энг аввало, одил ва кучли бўлиши керак.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Рофиъга бундай деган экан: “Икки киши орасида бўлса ҳам ҳукм чиқаришдан қоч!”. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўзи халифа бўлганида Рофиъ унинг ёнига келиб: “Эй Абу Бакр! Мени ҳукм чиқаришдан қайтариб, ўзинг қабул қилибсан-ку!” деди. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Тўғри, сени қайтарганман. Аллоҳ азза ва жалланинг лаънати ҳар бир ишни адолат билан қилмаган кишининг устига ёғилсин!” деб жавоб берди.

Бу фарзандини денгиз соҳилига боришдан қайтарган ота-онанинг тақиқи кабидир. Чунки ҳали сузишни билмайдиган бола денгизга ғарқ бўлиши мумкин.

Агар султон золим бўлса, қозиси ҳар доим ҳам адолатли бўлавермайди. Бундай ҳолда султонга бош эгиш жоиз эмас.

Ҳукуматни бошқаришда ўлим таҳликасидан қўрқиб, ўзини кулар юзли қилиб кўрсатиш ярамайди, бу вазифадаги масъул шахс фақат адолатга суяниш лозим. Ҳукм чиқаришда хато қилган ҳоким хатосини “узр”, “адашибман” каби сўзлар билан тўғрилай олмайди.



Учинчи қисм:

Кишининг ҳам ўзига, ҳамда бошқаларга тегишли бўлган ибодатидир. Ваъз айтиш, фатво, ўргатиш ва ҳадис ривоят қилишдан иборат бўлган ибодатдир. Бундаги риё намоз, рўза ва ҳажга ўхшамайди. Ваъз ва амри маъруфнинг ҳам айтувчига, ҳам эшитувчига фойдали тарафи бор. Чунки ваъз риёдан сақланишга даъват қилади. Бир кимсанинг кўнглига риё яқинлашдими, дарҳол бу амалдан воз кечиши керак. Саҳобалардан бирор мавзуга доир фатво сўрашганида улар бундан бош тортиб, бир-бирларига солар эдилар.

Бишр Ҳофий бир неча сандиқ ҳадис китобларини ерга кўмди. Дедики: “Ўзимда ҳадис айтишга иштиёқ сезяпман. Агар нафсим бундан лаззатланаётганини билмаганимда эди, ривоят қилаверардим”. Яна айтиладики: “Муҳаддисларнинг “Биз ҳадис айтувчилармиз”, деб ҳадис ривоят қилишлари дунё эшикларидан бир эшикдир. Яъни бунда дунёвий манфаат бор. Улар ўзларини бошқалардан устун ҳисоблайдилар”.

Иброҳим Таймий бундай дейди: “Агар ўзингда гапиришга истак сезсанг, сукут сақла. Сенда сукут сақлаш истаги зоҳир бўлганда эса гапир”.

Муҳаддис ва мударрислар ўзларини ўзлари имтиҳондан ўтказмоқликлари зарур. Ниятлари Ҳақ таолога ибодат бўлса, риё шубҳаси бўлса ҳам, ниятда давом этмоқликлари, ҳатто уни кучайтирмоқликлари лозим. Бунинг ҳукми нафл намоз кабидир.

Валийлигида ўзидан шубҳаланган киши бу даъвосидан эҳтиёт бўлиши керак. Чунки авлиёнинг ботил нияти жуда тез юзага чиқади. Шунинг учун Абу Ҳанифа қонун ва волийликдан узоқ турди. Унга қозиликни таклиф қилишганида, у: “Мен қозиликка лойиқ эмасман”, дер эди. Сабабини сўрашганида бундай жавоб берган экан: “Агар лойиқман, десам ёлғон гапирган бўламан. Ёлғон гапирган бўлсам, қозиликка лойиқ эмасман”.

Лекин Абу Ҳанифа ўргатишдан ва мударрисликдан тўхтамади.

Бир киши қалбан ибодатга ният қила олмаса, бошқаларга ўргатиш, дарс беришда мақом ва нуфузга эга бўлиш ва бош бўлиш истагида бўлса, бу ишни тўхтатиши фарздир.

Буни қандай тушуниш мумкин? Масалан: Бир киши хутба ўқияпти, лекин одамлар ундан ҳеч нарса олмаяптилар. Бу одам ваъзини тўхтатиши жоиз. Фойдаси йўқ сўзлар булардир:

- ботил маълумотлар;

- қофияли ва такрорий сўзлар;

- Аллоҳ марҳаматини ваъда қилган, дея халқни гуноҳ ишга етакловчи ифодалар;

- тортишув ва ихтилофларга сабаб бўладиган, одамлар қалбига ҳасад ва ғурур уруғларини сочадиган сўзлар.

Бундай мазмунда маъруза қиладиган мударрисларни таълим-тарбиядан четлатиш ҳам унга, ҳам мусулмонлар учун фойдалидир. Лекин маъруза ва дарсларидан бошқалар фойда ва манфаат топадиган устозларга ваъзни тарк қилишларига рухсат йўқ. Агар бундай мударрислар бу ишдан бўйин товласалар, бошқаларга зиён етади. Юз кишининг маънавий ўсиши бир кишининг таҳликага тушишидан аҳамиятлидир. Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ҳақ таоло марҳамат қилади: “Биз динни шундай кишилар билан мустаҳкамлаймизки, ўзларига бундан ҳеч қандай фойда олмайдилар”.

Бу бошқаларга ўргатиб, ўзи амал қилмайдиган кимсаларга айтилган. Аммо ўрганиш ва ўргатишдан ҳеч қачон тўхтамаслик керак. Доимий ҳаракатда бўл, ишла, бу риёдан узоқлаштиради. Ниятингни тўғри қил. Ваъзинг ўзингга ҳам кор қилади. Ҳақ таолодан қўрқ, кейин бошқаларни ҳам Аллоҳдан қўрқита оласан.

Агар бир киши ваъзнинг тўғрилигини қаердан биламиз, деб сўраса, бундай жавоб берилади: “Ваъз тўғрилигининг аломати - маърузачининг мақсади олдиндан аниқ бўлади: Аллоҳ ва ундан сўнг одамларнинг йўлини тутади. Дунё ва мол пайида бўлмайди. Ўзидан билимлироқ, нутқи равон ва таъсирлироқ бошқа бир воиз чиқса, унга ҳасад қилмайди, балки севинади. Гўё қудуққа тушиб кетган одамни қутқараётгандек севинмоғи унинг нияти яхши эканига далолатдир. Башарти иккинчи воиз учун севинмаса, қалбида ҳасад ўти ёнаётган ҳисобланади. Унинг мақсади халқни Ҳаққа даъват қилиш эмас, балки шуҳрат орттиришдир. Унинг сўзларига энди халқ қулоқ солмай қўяди”.

Яна бир бошқа белгиси шуки: Ундай воизлар одамларни йиғлатувчи асоссиз сўзлар сўзламайдилар. Айтадиган ҳар бир сўзини яхшилаб текширадилар. Хатосини била туриб яширса, у шак-шубҳасиз риёкордир. Хато ва камчиликларини сезиб, уни тўғриласа, унинг мақсади ва нияти хайрлидир. Бундай кишилар савобли амалларини қалбига жо қилмоғи ва ўзини тарбияламоғи энг тўғри йўлдир.

Имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг

"Қалбнинг давоси" китобидан