loader
Foto

Тасаввуфда таназзул

Минг афсуслар бўлсинким, ҳижрий еттинчи асрдан кейин барча исломий билимлар бошига тушган таназзул тасаввуфни ҳам четлаб ўтмади. Замон ўтиши билан тасаввуфнинг суврати бузилиб, Ислом таълимотларидан, шариат аҳкомларидан узоқлашаверди.

Бу ачинарли ҳолнинг асосий сабаби таълим-тарбиянинг заифлашиб, саводсизликнинг оммалашганида эди. Оқибатда баъзи танбаллар тасаввуфни даромад манбаъига айлантириб олдилар. Ўша пайтларда илм, тақво, амалнинг ўрнини сохта кароматлар эгаллади. Шайхлар руҳий тарбия устозлари эмас, ҳожатларни чиқариш, радди бало билан машғул бўладиган азайимхонларга айландилар.

Бунинг устига, саводсиз жоҳиллар тасаввуф ҳақида, унинг аҳли ҳақида турли бўлмағур гаплар билан дунёни тўлғазиб ташладилар. Бу гаплар ҳаводан олинмагани, асоссиз эмаслигини исботлаш учун кўзга кўринган аҳли тасаввуфнинг сўзларидан иқтибослар келтиришга ижозат бергайсиз.

Ислом оламининг мағрибида шуҳрати етти иқлимга таралган шайх Аҳмад Зарруқ ўзларининг «Қоваидут-тасаввуф» китобларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Ҳозирги вақтда кўп одамларнинг ҳоли бундайдир. Улар илми рақоиқ ва ҳақоиқни ўз ишлари учун, авомнинг қалбини ром қилиш учун, золимларнинг молини олиш учун, мискинларни хор қилиш учун ва очиқ-ойдин ҳаромларга ҳамда зоҳир бидъатларга эришиш учун нарвон қилиб олганлар.

Ҳаттоки, уларнинг баъзилари миллатдан чиққанлар. Баъзи жоҳиллар уларнинг бу даъвосини мерос ва мутахассислик сифатида қабул қилганлар».

Шайх Дирдийр ўзларининг «Шарҳул Харийда» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Гоҳида улар ўзларини шайх қилиб оладилар. Унинг одамлари эса, унга шайхлигини ширк қилиб, фоний дунёнинг ахлатларини тўплаб юрадилар. Улар уни бир нарсага ярайди деб ўйлайдилар. Ана ўшалар каззоблардир. Агар биров садақа қилса ёки икром кўрсатса, ўшани одат ва ибрат қилиб олиш уларнинг жони-дилидир. Улар ўзларини одамларга арбоби ҳол қилиб кўрсатишга, Аллоҳ уларнинг гапини тасдиқлашини уқтиришга уринадилар.

Йўқ! Бу аҳлуллоҳнинг йўли эмас! Улар бу замонда жуда ҳам кўпайдилар. Ҳар бир юртда ер юзини тўлдирдилар. Уларнинг шарридан Аллоҳнинг Ўзидан паноҳ тилаймиз».

Шайх Абдул Ваҳҳоб Шаъроний ўзларининг «Ал-анворул қудсия» номли китобларида ёзадилар:

«Аҳмадия тарийқати шайхлари аёллардан аҳд оладилар. Шариат таълимотларига зид бўлишига қарамай, эри йўқ пайтида аёллар билан холий қоладилар.

Улар овқатланиш, кийиниш, гапириш ва амал қилишда Аллоҳнинг чегарасига тажовуз қиладилар ва Аллоҳ таоло буни мен учун яратган, дейдилар».

Мазкур сохта шайхларнинг кирдикорларидан куйган шайх Муҳаммад Тонжий қуйидагиларни айтади:

«Шайх Вуҳайш бизнинг маҳалламиздаги «Хони банотил хато» номли жойда турар эди. У ҳар бир чиқаётган одамга: «Тўхта, мен чиқишингдан олдин Аллоҳнинг олдида сенинг учун шафоат қилай», дер эди. Шундай деб у баъзи кишиларни икки-уч кун ҳам ушлаб турар эди. Менинг шафоатим қабул бўлгунча чиқиш мумкин эмас, дер эди».

Ушбу гаплар айтилгандан кейин ҳам тасаввуфнинг таназзули давом этди.

"Тасаввуф ҳақида тасаавур" китобидан

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ