loader
Foto

Имом-хатиб қандай бўлиши керак?

«Имом» арабча сўз бўлиб, тўғри йўлга бошловчи, пешво маъносини билдиради. Шунингдек, ўзида савоб ишларни мужассам қилган инсон маъносини ҳам англатади. Демак, бир сўз билан айтганда, имом кишиларни эзгу мақсадлар сари етакловчи

ва ҳидоятга йўлловчидир. Қуръони каримда айни шу маънони ифода этувчи бир қанча оятлар бор:

«Эсланг, Иброҳимни бир неча сўзлар билан Рабби имтиҳон қилганида, уларни мукаммал адо этди. Шунда (Аллоҳ): «Албатта, Мен сени одамларга имом (пешво) қиламан», деди...» (Бақара, 124).

«Биз (Иброҳимга) Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни ҳам (набира қилиб) қўшиб бердик ҳамда барчаларини солиҳ кишилар қилдик. Яна уларни Бизнинг амримиз билан (одамларни) ҳидоят этадиган пешволар қилдик ва уларга яхши амаллар қилишни, намозни баркамол адо этишни ва закот беришни ваҳий қилдик» (Анбиё, 72-73).

Оятлар мазмунидан шундай хулоса чиқариш мумкин, имомлик вазифаси юқори мартабадир. Иброҳим (а.с.) кўп имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганларидан кейин Аллоҳ таоло иноят қилиб, имомлик вазифасини ато этган. Маълум бўладики, ҳар қандай кишига имом деб эргашиб бўлмайди. У катта синовлардан ўтган солиҳ киши бўлиши лозим. Имомнинг масъулияти ва вазифаси ҳам оғир бўлади. Имом одил, қалби пок, бутун вужуди билан кишиларга хизмат қилиши, одамлар эса унинг сўзига итоат этиши, илм соҳиби ҳамда молу дунёга ўч бўлмаслиги керак. Имомлик мансаб ҳам, лавозим ҳам эмас, у юксак мартабадир.

Қуръони карим оятларида имом яхшиликка бошловчи маъносида қўлланганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Шу боисдан кўп оятларда келтирилган «имом» сўзи расуллар ва пайғамбарларга йўналтирилган. Расуллар ва пайғамбарларнинг табиатида эса фақат ҳидоят, итоат, имон каби фазилатлар бор, холос.

Демак, имом ҳидоятга бошловчи ёки эзгу ишларга йўллайдиган шахсдир. Пайғамбарлар, уламолар ва солиҳ кишилар хайрли ишларнинг имоми ва пешвосидир.

Уламолар ўз китобларида имомлик масаласига махсус боблар бағишлашган. Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад Мовардий бундай деган: «Барча кишилар имомнинг фикрини қўллаб-қувватлайди. Шу тариқа, имомлик уларга бир пойдевор каби бўладики, элу

юрт ва дин қоидалари ўша пойдевор асосида барқарорликка эришади...». Фахриддин Розий имом кўп кишилар орасидан танланган бир шахс эканини уқтирган.

Ибн Халдун имомлар мўмин-мусулмонлар ибодатига раҳбарлик қилиш билан бирга дунё ишларида ҳам маданий ва ижтимоий жамиятнинг мазмун-моҳиятини тўла очиб беришда ҳам ўзига хос ўринга эга эканини баён қилган. Бу эса инсонларнинг икки дунё саодатига эришишида алоҳида аҳамият касб этади.

Аббосийлар даврида ибодатларга махсус диний таълим олган киши бошчилик қилиши белгилаб қўйилган. Шу тариқа, ушбу одат қоидага айланган.

Юқоридаги келтирилган оятлар ва фикр-мулоҳазалардан хулоса қилиб айтсак, имом - диний ўқув юртларидан бирини тамомлаган, илмли, диёнатли, яхши ахлоқли, адолатли, шариат аҳкомларига оғишмай амал қилувчи ва мамлакатдаги ислоҳотларни тўғри тушунган ҳамда диний раҳбарият тавсияси асосида тайинланган кишидир.

Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, жамиятимизда «имом» ва «имомлик» тушунчалари кўп қўлланилади. Уларни айнан инсонларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифда белгилаб берилган кўрсатмаларга оғишмай амал қилишга чорловчи, хайрли ишларга ундовчи ва юртда кечаётган ислоҳотларни онгли тушунувчи киши маъноларида ишлатамиз.

Юқорида айтилганлардан келиб чиққан ҳолда, имомлик нафақат диний, балки дунёвий, ижтимоий мазмунга ҳам эга эканини эътибордан чиқармаслик керак. Ҳақиқатан ҳам «имом» сўзи ижтимоий жараённинг бориши ва йўналишига ҳисса кўшувчи, халқ пешвоси деган маънони билдиради.

Мамлакатимизда имом-хатибларнинг ҳар томонлама намунали бўлишлари ва улар мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини тўла қондиришлари борасида жуда кўп ишлар қилинмоқда. Аввало, улар диний ўқув юртларида ўқитилади. Сўнг билим-кўникмаларини мунтазам ошириб боришлари учун Президентимиз ташаббуслари билан Самарқанд вилоятида Имом Бухорий халқаро маркази ташкил этилган.

Юртбошимиз ушбу марказда имом-хатиблар билан учрашиб, жумладан, бундай деганлар: «Имомлар ҳар доим халқ ичида бўлиб, буюк аждодларимизнинг бой илмий ва маънавий меросларини, муборак ислом динининг асл мазмун-моҳиятини, Қуръони каримдаги юксак ғояларни, айниқса, ақидавий масалаларни чин маънода кенг халқ оммаси онги ва қалбига тўғри ҳолда етказадиган, уларни ҳидоят йўлларига бошлайдиган масъул кишилардир».

Ҳозирги давр имомлари нафақат диний, балки дунёвий билимларга ҳам эга бўлишлари лозим. Улар бундан ўн беш, йигирма йил аввалги имомлардан тубдан фарқ қилиши керак. Истиқлол ва замон талаби шуни тақозо этмоқда. Шунинг учун ҳам имом ўз устида мунтазам ишлаши, касб маҳорати, билим савиясини ошириб бориши зарур. Шунингдек, мамлакатимизда кечаётган турли ислоҳотлар, воқеа ва ҳодисалар, халқаро ҳаётдан доимий равишда хабардор бўлиши ҳамда буларни кенг халқ оммасига тўғри етказиши керак. Шундагина имом ҳақиқий пешво мақомини олади ва халқ ҳурматини қозонади.

Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари имом-хатиблар ҳақида қуйидаги фикрларни айтадилар: «Мўмин-мусулмонлар учун имом-хатибнинг ҳар бир сўзи ва иши ибратдир. Шунинг учун имомлар жамоат жойларида, халқ ичида намуна бўлишлари лозим. Ҳаёт шундай, оддий одамда ҳар қанча камчилик бўлса, бошқалар унга катта эътибор бермайди. Аммо элга панду насиҳат қиладиган имом-хатибларда андак нуқсон сезилса, халқ кўнглида, бу имом оммани бир ишга даъват қилар экан-у, ўзи бошқа ишни қиларкан, деган шубҳа пайдо бўлади. Шунинг учун имом-хатиблар барча яхши ишларда намуна, камтарлик, сахийлик каби фазилатларга эга бўлишлари лозим».

Ахборот ва глобаллашув замонида хизмат қилаётган барча имомлар халқ орасида янгиликлардан вақтида хабардор, кишиларнинг муаммо ва ташвишларига ҳамдард бўлган ҳолда ўзларининг маърифатлари, илму ирфонларини муттасил равишда бойитиб боришлари керак.

Айдарбек Тулеповнинг

"Ислом ва ақидапараст оқимлар" китобидан