loader
Foto

Намоздан кейин тиловат қилишнинг ҳукми

Динимизда Қуръон тиловати энг савобли амаллардан бири эканлигини доимо эътироф қилиб келинган. Яқин йилларгача намоздан кейин Қуръон тиловати қилиш жоиз ёки жоиз эмаслиги тўғрисида ихтилоф бўлмаган. Буни олимлар ҳам омма халқ ҳам дуруст деб билишган. Зеро, нафл ибодатлар орасида афзали - Қуръони карим тиловатидир.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини бунга қизиқтирганлар. Қуръони карим соҳибини шафоат қилади ва шайтон васвасаларидан қўрғон бўлади. Унинг тиловати гуноҳларни ўчирадиган, савобларни кўпайтирадиган гўзал амалдир. Аммо кейинги вақтларда намозлардан кейин ўқиладиган Қуръон тиловатини бидъат дейдиган, уни эшитишдан юз ўгирадиган кишилар пайдо бўлмоқда. Тиловат ўқилиб турган ҳолатда одобсизлик билан чиқиб кетаётганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қилинмаган, деб ўзларини оқлашга уринадилар. Ўрни келганда мазкур кишиларни даъволарига жавоб бериб, бидъат нималигини ҳам ёдга оламиз.

"Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга янгилик киритилади. Унга юришдан шариат йўлига юриш қасд қилинади" ("Ал-Эътисом" китоби).

Юқоридаги таърифдан шу нарса равшан бўладики, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларида бўлмаган, янги пайдо бўлган ҳар нарса бидъат бўлмас экан. Балки, Қуръон, ҳадис, ижмо ва шаръий қиёсдан бирор далил бўлмаган ҳолда, бир ишни пайдо қилиш ва уни диндан деб тушуниш бидъат эканлиги маълум бўлмоқда. Энди, Қуръон тиловати борасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўрсатмалари билан танишамиз:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби Ёсиндир. Кимки Ёсин сурасини (бир маротаба) ўқиса, Аллоҳ унга ўн маротаба Кўръон ўқиганлик савобини ёзади" - деганлар. (Имом Термизий ривоятлари)

Аллоҳнинг каломи ва Расулининг ҳадисларида Қуръон тиловати ҳақидаги кўрсатмалар бунданда бисёр. Қолаверса, бу масалада бирор чеклов йўқ, аксинча иш кенг қилиб қўйилгандир. Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишни кенг қилгандан кейин бандалар уни торайтириши тўғри бўлмайди. Шаръий далилларда намоздан кейин Қуръон ўқиш мумкин эмас деган гап йўқ. Қуръон тиловат қилиш ва уни тинглаш савобли иш экани эса жуда машҳур масала. Ким савоб умидида тиловат қилса, ажр олаверади.

Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлар Қуръон ўқувчига улкан савоблар, буюк фазллар хабарини берганидек, уни тингловчига ҳам ана шундай гўзал ажр, буюк манзил ҳамда улуғ мукофотлар бордир.

Имом Лайс ибн Саъд айтадилар: "Ҳеч бир киши Қуръон тингловчидан кўра тезроқ раҳматга эриисмайди. Чунки Аллоҳ таоло:

"Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!" - дейди (Аъроф сураси, 204-оят).

Бу - Қуръонни эшитиш ва унга қулоқ солишни вожиб қиладиган буйруқдир. Шубҳа йўқки, Ислом одоби Қуръон тиловат қилинган пайтда уни тинглашни тақозо қилади.

Бундан ташқари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръон тиловат қилиш ва уни тинглаш улкан ажрли амал эканлигини ҳадислардан кўришимиз мумкин.

Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳнинг китобидан бир оят тинглаган кишига бир неча баробар яхшиликлар ёзилади, Аллоҳ-нинг китобидан бир оят тиловат қилган кишига Қиёмат кунида нур бўлади" (Имом Аҳмад ривоятлари).

Ўрни келганда шуни таъкидлаш керакки, намоздан кейин ўқиладиган тиловати Қуръоннинг намозга алоқаси йўқ. Яъни, у намоз амалларидан эмас. Фақат бизнинг диёрларимизда савобни кўпроқ олиш, Қуръонни яхшироқ ўқиш, кўпроқ эшитиш ҳамда ўтганларнинг руҳларига бағишлаб қўйиш мақсадида одатга айланиб қолган. Чунки намоз салом бериш билан тугайди. Бу намоздан кейин қилинадиган мўминлар чиройли деб билган ишлардан бири, холос. Шунинг учун ҳам одамлар бу ишни вожиб экан, деб ўйлаб қол масликлари учун гоҳ-гоҳида тарк қилиб туриш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Токи одамлар бу ишни "намознинг бир қисми, буни қилмаса бўлмайди" деб, эътиқод қилмасинлар.

Аллоҳ таоло "Тоҳо" сурасининг 124-оятида қуйидагича марҳамат қилади:

"Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз".

Машҳур Ҳанафий муфассирлардан Имом Исмоил Ҳаққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Руҳул баён» асарида зикр-эслатмадан юз ўгириш қандай бўлишини тафсир қилганлар:

«Қуръони каримдаги «зикр» лафзи Қуръон, намоз, тасбеҳ-таҳлиллар ва бошҳа шу каби маъноларда келади. Яъни Мени доимо ёдига солиб турувчи шу Китобдан ва Менга чақирувчи бўлган мана шу элчимдан юзўгиришидир. Зеро, унга бу дунёда ниҳоятда тор ва қийинчилик машаққатлари кўп бўлган ҳаёт бордир”.

Ҳанафий уламоларимиздан баъзилари бир инсоннинг Қуръон тинглаши қироат қилишидан афзалдир, дейишади. Чунки, тингловчи тинглаши билан фарзни адо қилади. Қуръон қироати эса, фарз эмас. Ҳанафий олимлардан бўлмиш, Абу Суъуд раҳматуллоҳи алайҳ: "Қуръон тинглаш қироат қилишдан савоблироқдир, чунки тинглаш фарз, қироат фарз эмас”, деганлар.

Демак, юқорида келтирилган далиллар ва қоидаларга кўра, намоздан кейин Қуръон тиловати қилиш бидъат эмас, балки ихтиёрий савоб ишлардан. Фақат уни вожиб, деб билмаслик керак. Шунинг учун гоҳида тарк қилиш ҳам жоиз. Валлоҳу аълам.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Фатво маркази директорининг

"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан