loader
Foto

Рисолатдан ҳижратгача исломий даъват босқичлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлишларидан бошлаб то вафотларига қадар Исломий даъват тўрт босқични босиб ўтди:

Биринчи босқич: уч йил давом этган махфий даъват.

Иккинчи босқич: ҳижратгача давом этган, фақат оғзаки услубда қилинган ошкора даъват.

Учинчи босқич: Ҳудайбия сулҳигача давом этган, уруш бошлаганларга, тажовузкорларга қарши жанг қилиш билан бўлган ошкора даъват.

Тўртинчи босқич: Будпараст, худосиз, мушриклардан иборат, Исломга киришдан бош тортган ёки даъват йўлига ғов бўлганларга қарши жанг қилиш билан бирга бўлган очиқ даъват.



Яширин даъват

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таолонинг буйруғини бажаришни, бут-санамларни тарк қилиб, Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилишга чақиришни бошладилар. Лекин ўз ширкида, бутпарастлигида оёқ тираб турган қурайшликларни чўчитиб юборишдан, уларнинг бадғараз ва ёвуз ниятларини жалб қилишдан узоқ бўлиш мақсадида, умумий мажлисларда эмас, балки қариндош ҳамда қадрдон кишилари даврасидагина даъват қилардилар. Уларнинг биринчилардан бўлиб Исломга кирганлари Хадижа бинти Хувайлид, Али ибн Абу Толиб, Зайд ибн Ҳориса (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг озод қилган қули ҳамда тутинган ўғли), Абу Бакр Сиддиқ ибн Абу Куҳофа, Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳум ва бошқалардир.

Улар Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом билан яширин ҳолатда учрашар эдилар. Исломга кирган эркату аёлнинг адади ўттиздан ортгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таълим-тарбия ишларини олиб бориш учун улардан бири Арқам ибн Абул Арқамнинг ҳовлисини танладилар. Бу яширин даъват натижасида эркагу аёл бўлиб қирққа яқин киши Исломга кирди. Уларнинг аксариси қуллар ва фақирлардан иборат эди.

Ибратли нукталар:

1. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом даъватни яширин тарзда бошлаганларининг сабаби.

Шубҳа йўқки, у зот пайғамбарликнинг дастлабки йилларида даъватни яширин тарзда олиб боришлари ўз жонларидан хавфсираш сабабли бўлмаган. Чунки у зот "Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да (инсонларни Охират азобидан) огоҳлантиринг!" ояти нозил бўлиб, даъват қилишга буйруқ олишлари билан инсонларга юборилган Оллоҳнинг Расули бўлганларини тушунганлар ва шунинг учун ҳам у зот: "Мени пайғамбар қилиб сайлаган, даъват юкларини елкамга қўйган Зотнинг Узи мени ҳимоя қилади", деб ишонар эдилар. Шунга биноан Оллоҳ таоло у зотни биринчи кунданоқ одамлар орасида очиқ даъват қилишга буюрганида, бир дақиқа ҳам ортга сурмай гарчи ҳалок бўлишига кўзлари етиб турса ҳам, буйруқни бажарган бўлар эдилар. Лекин Оллоҳ таоло у зотнинг қалбларига даъватни дастлаб сирран бошлашга ҳамда фақат қулоқ солишига ва иймон келтиришига умид қилган кишиларнигина даъват қилишга илҳом берди. Илҳом эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун ваҳийнинг бир туридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай йўл тутишларида ўзларидан кейинги ўз умматининг даъватчиларига намуна ва кўрсатма бор эди. Даъватнинг ғоясига етиш йўдида эҳтиёткорлик нечоғлиқ зарурлигини уқтириш мавжуд эди.

2. Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган инсонлар.

Бу босқичда Исломга кирганларнинг аксариси қуллар, заифлар ва фақирлар бўлганини айтиб ўтдик.

Бунинг ҳикмати нимада эди? Бу хокисор ва бечоралар Буюк Исломий давлатнинг аркон-устунлари бўлиб қолишининг сири нимада?

Жавоб: Бу пайғамбарлар даъватининг биринчи босқичидаги табиий кўринишдир. Масалан, Нуҳ алайҳиссаломни олайдик, у зотни ўз қавми: Сенга фақат паст табақадагилар, бечоралар эргашади, деб айблашган эди.

"Шунда унинг қавми орасидаги кофир бўлган кимсалар: "Бизлар сени ҳудди ўзимизга ўхшаган одам, деб биламиз ва сенга фақат ичимиздаги пасткаш (ялангоёқ) кимсалар ўйламасдан эргашганини кўрмоқдамиз. Бизнингча, сизларнинг биздан бирон ортиқчалик жойингиз йўқ, балки биз сизларни ёлғончи деб ўйламоқдамиз" , дедилар" (Ҳуд сураси, 27-оят).

Еки Фиръавн ўз аъёнлари билан Мусо алайҳис-саломнинг тобеларини заиф, хор санашганини эслайлик. Оллоҳ таоло Фиръавннинг ҳалок бўлиши ҳақида хабар бергандан кейин Мусо алайҳиссаломнинг ана шу қавми ҳақида шундай деган:

"(Миср ва Шомдаги) Ўзимиз баракотли қилган ернинг Машриқ ва Мағрибларига бу бечора қавмни (яъни, Бани Исроилни) ворис қилиб қўйдик. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сабр-тоқат қилганлари сабабли Бани Исроилга Парвардигорингизнинг ("Бу ердаги бечора бўлган зотларга инъом қилишни ва уларни одамларга етакчи қилиб қўйишни истаймиз", деган) гўзал сўзлари тўла-тўкис бўлди. Фиръ-авн ва қавми ясаб — қуриб олган иморатларни ва баланд қилиб кўтарган қасрларни эса вайрон қилдик" (Аъроф сураси, 137-оят).

Сир шундаки, Оллоҳ таоло Ўз пайғамбарларига юборган бу Диннинг ҳақиқати одамлар ҳукмронлигидан чиқиб, Ягона Оллоҳ таолонинг салтанатига қуллик қилишга ўтишдир. Бу эса ўзини "худо" деб билганларнинг "худо"лигига рахна соладиган, заиф-бечораларнинг ҳолатига эса муносиб тушадиган ҳақиқатдир. Демак, Ёлғиз Оллоҳ таолога бўйсунишга қилинган даъват натижаси ана ундай золим ҳукмронлар тарафидан бўйсунмаслик, кибр қилиш бўлса, заиф-бечоралар томонидан бўйсуниш, қабул қилиш бўлар экан.

Бундан эса заиф-бечоралар Исломни қабул қилишга шошилганларининг сабаби чин иймон эмас, балки ана шундай мутакаббир султонларнинг азиятдаридан қутулиш бўлган, деган фикр чиқмайди. Зеро, Ёлғиз Оллоҳ таолога иймон келтириш ва Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом келтирган Динни тасдикдаш Қурайшнинг зодагонларига ҳам, заифларига ҳам баробар таклиф қилинган эди. Шу билан бирга уларнинг ҳар бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигори томонидан етказаётган нарсанинг ростлигини ич-ичдан ҳис қилиб, билиб турар эдилар. Лекин зодагонларнинг манманлиги ва мутакаббирлиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишдан тўсиб қўйган эди. Бунга мисол қилиб амакилари Абу Толибни келтириш мумкин. Аммо камбағал бечораларни иймон келтиришдан тўсадиган ҳеч нарса йўқ эди. Улар Оллоҳ таолога иймон келтирганларидан кейин ўзларида ўзгача бир қувватни ҳис қилар, Оллоҳнинг султонлигини таниб, ўзга султонликларга парво ҳам қилмай қўяр эдилар. Мана шу ўз эгасига бахтиёрлик, кўтаринки руҳ берувчи иймоннинг самарасидир.

Шайх Рамазон Бутийнинг

"Фиқҳус-сийра - Сийратни англаш" китобидан

Зиёуддин Мансур ҳафизаҳуллоҳ таржимаси