loader
Foto

Залолат ва унинг давоси

Эй солиҳ банда! Бир турли одамлар борки, охиратни билмайдилар. Булар Ҳақ йўлидан озган кимсалардир. Буларни бешта мисол билан тушунтирамиз.



Биринчи мисол:

Баъзилар охиратни инкор қиладилар. Одам ўлгандан сўнг гўё шамдек эриб битади ёки ўт-ўландек чириб йўқ бўлиб кетади, деб ўйлайдилар. Ҳаётда яхши яшаб, ўйин-кулгу қилиб қолиш керак, дейдилар. Пайғамбарларни мақом севгиси ва одамларни атрофларига йиғиш учун чиройли гапларни гапирувчи кимсалар деб биладилар. Жаҳаннам одамларни қўрқитиш учун ўйлаб топилган, бу мактабга боришга унамаган болани алдаб қўрқитишга ўхшайди, дейдилар. Бечоралар билмайдиларки, жаҳаннам азоби боланинг қўрқишидан ҳам қўрқинчлироқдир. Ҳақ таолодан юз ўгириш дўзах оловидан ҳам шиддатлироқдир.

Аллоҳ йўлидан айрилишнинг сабаби инсоннинг ҳою-ҳавасидан афзалдир. Инсон табиати ўзидан бошқа нарсани тан олгиси келмайди. Шунинг учун тарихда кўпчилик Аллоҳни инкор қилган. Улар тилларида инкор қилмасликлари мумкин, аммо қанчалик яширсалар ҳам, хатти-ҳаракатларида ва амалда буни исботлаб қўядилар. Улар дунёга қаттиқ боғланиб қолганлар, минг машаққат билан мол-дунё тўплайдилар. Агар улар охират таҳликаларига ишонганларида эди, савол-жавобни осон деб билмас эдилар. Охиратни тушунишнинг уч йўли мавжуд.



Биринчи йўл:

Жаннат ва жаҳаннамни тушуниш. Аллоҳга итоат қилувчи билан Аллоҳга осий кишининг фарқига бориш.

Бу мартабадаги илм набийлар ва валийларга хосдир. Улар ўзлари дунё ҳаётида яшасалар ҳам, фано ҳолатида турадилар. Улар маънавий оламни мушоҳада қиладилар. Инсонни ўйлашдан ва тафаккур қилишдан тўсадиган парда ички ҳиссиёт ва туйғуларга берилишдир. Китобимизнинг “Унвонлар” қисмида бунга тўхталган эдик.

Иккинчи йўл:

Ақл билан инсон ҳақиқати ва Руҳнинг сифатини билиш:

- Руҳ ўзи мустақил тура оладиган бебаҳо гавҳардир.

- Руҳ вужуд деган қолипдан ташқаридадир. Вужуд руҳнинг асбобидир.

- Руҳ таркибида бадан бўлмайди.

- Вужуд йўқолса ҳам, руҳ йўқолмайди.

Буларни ўрганиш олимларнинг ишидир.



Учинчи йўл:

Бу бутун омманинг, халқнинг йўлидир. Маърифат нури пайғамбарлардан, авлиёлардан, олим ва диндор уламолардан инсонга ўтади. Бу нур олимлар билан суҳбат асносида ҳам оддий одамларга ўтади. Бу нур иймон нуридир. Инсон илмда етилиб камолга етган бир инсоннинг - пирнинг ва тақвони маҳкам тутувчи тақводор зотларнинг суҳбатидан қувват олмас экан, у, албатта, янглишади. Устоз қанчалик илмни яхши ўрганиб ва унга амал қилса, ундан таралаётган нур ҳам шунчалик ёрқин бўлади. Булар саҳобаи киромлардир. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрганлар. Улар энг муборак зотнинг суҳбатидан баҳраманд бўлганлар. У зот туфайли шараф ва саодатга эришганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Инсонларнинг энг яхшилари менинг замонимда яшаган инсонлардир. Улардан сўнг эса саҳобаларимдан кейингилардир”.

Масалан, бир болакай отасининг илондан қочаётганини кўрса, илоннинг зарарли эканини ва ундан қочиш кераклигини тушу-ниб етади. Энди у қаерда илон кўрса, ундан қочишга ҳаракат қилади. У илондаги заҳар ҳақиқатини билмайди, лекин ундан қўрқади. Илон чақса, одам унинг заҳридан ўлишгача боради. Олимлар гўё илон заҳрининг одам танасига зарарли эканини оммага етказувчи кишилардир. Бутун халқнинг иймони улуғ дин уламоларининг суҳбатидан майдонга келади. Энг осон ва оддий даво мана шудир.



Иккинчи мисол:

Шундай инкорчилар борки, охиратни инкор ҳам этмайдилар, ишонмайдилар ҳам. Охиратнинг бор-йўқлигини билиб бўлмайди, деб ўйлайдилар.

Улар шайтон ўргатганидек гапирадилар. “Дунё кўз ўнгингда. Охират эса шубҳалидир. Кўз билан кўрган нарсага ишониш мумкин, аммо кўринмаган нарсага қандай ишониш мумкин?” дейдилар. Аммо бу фикр умуман ботилдир. Бундай фикрлайдиган адашган кимсалар учун шундай дейиш керак: “Дори аччиқ, аммо таъсири гумон. Лекин дорини ичиш керак. Денгиз йўли хатарли, лекин одамлар кемада йўлга чиқишга мажбурдирлар. Тижоратдан фойда кўриш ҳам бир эҳтимолдир, бироқ барибир одамлар тижорат қилиб кўраверадилар”.

Сувсизликдан ўлаётган одамга: “Бу сувга илон теккан бўлиши мумкин”, десалар, у сувни ичмай қўярмиди? Бу ҳаёти дунёнинг лаззати юз йилдан ортиқ эмас. Ўша юз йил ҳам гўё туш каби бирпасда ўтиб кетади. Охират эса абадийдир. Агар охират ёлғон бўлса, сен ўзингни бир неча кун бу дунёда йўқ деб бил. Аввал ҳам йўқ эдинг, кейин ҳам бўлмайсан. Охират бор бўлса, абадий азобдан қутулган бўласан.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу охиратни инкор қилган кимсага бундай деган эди: “Агар сенинг айтганинг тўғри бўлса, ҳаммамиз қутулган бўламиз. Агар охират бор бўлсачи, унда биз қутуламиз, сен эса нажот топа олмайсан”.



Учинчи мисол:

Баъзи инсонлар борки, охиратга иймон келтирадилар. Лекин айтадиларки: “Охират насиядир, бу дунё эса нақддир. Нақд пул насиядан яхшироқдир”. Лекин улар билмайдиларки, нақд пул билан насия тенг бўлмоғи керак. Насия минг танга бўлиб, нақд пул бир танга бўлса, унда насия яхшироқдир. Ҳозирда кўпчилик насия қилиб муомала қиляпти.



Тўртинчи мисол:

баъзилар охиратга иймон келтирадилар. Лекин бу дунёда қандай яшасак, у дунёда ҳам шундай давом этади, деб ўйлайдилар. “Бу дунёда ноз-неъматлар ичида яшаяпмиз. У дунёда ҳам шундай неъматларга тўямиз. Аллоҳ бу дунёда бизга берган неъматларини у дунёда ҳам беради”, дейдилар.

Каҳф сурасидаги икки биродар ҳикояси қуйидагича: уларнинг бири бой эди. У иккинчисига деди:

“Агар мен Роббимга қайтаридсам (қайта тирилсам), албатта бундан ҳам яхшироқ оқибат - бахтни топурман” (Кауф сураси, 36-оят).

Худди шу каби:

“Агар Роббимга қайтарилсам, мен учун Унинг ҳузурида гўзал (мукофот) бор” (Фуссилат сураси, 50-оят).

Бундай кимсалар ҳам залолатга ботган инсонлардир. Бунинг шифосини қуйидагича тушуниш керак: бир кимсанинг бир ўғли ва қули бор. У ўғлини мактабга беради, ўқитувчининг танбеҳларини эшитишга мажбур қилади. Қули билан иши йўқлиги учун уни таълим олишга юбормайди. Қул эркин юришдан хурсанд бўлиб, хожасини яхши кўради. Мени ўғлидан ҳам яхши кўради, деб ўйлайди. Бу эса ғирт аҳмоқликнинг ўзгинасидир.

Аллоҳ севган бандаларини дунё ҳавасларидан сақлайди. Дунё ҳаётини душманларига қолдиради. Дунё роҳати экин майдонига экин экмаган дангаса деҳқоннинг роҳатига ўхшайди. Экмаган ўрмайди, деган мақол ҳам бежиз айтилмаган.



Бешинчи мисол:

Баъзи кимсалар Аллоҳ меҳрибон, жаннатни бандаларидан қизғонмайди, дейишади. Эй нодон! Бу фикр нодонларнинг фикридир. Ахир, бундан ортиқ лутф ва марҳамат бўлурми? Жаннат сабабларини Ҳақ таоло уларга берди, агар деҳқон ерга бир дона уруғ қадаса эди, уйи донга тўлур эди. Озгина ибодат қилсалар, абадий бахтиёрликка эришар эдилар. Агар карам ва раҳматнинг маъноси уруғни экмай туриб ҳосил кутиш бўлса, сен нега ҳаракат қилмай туриб тижорат қилишни, ризқ топишни истамадинг?

Сен ҳаракат қил ва Аллоҳдан сўра! У берувчидир. Ҳар ишга қудрати етади. Уруғсиз, деҳқонсиз набототни ердан чиқариб, ўстириб қўйган Аллоҳга қандай қилиб иймон келтирмаслик мумкин? Ҳақ таоло бундай марҳамат қилади:

“Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир’ ’ (Ҳуд сураси, 6-оят).

Ҳақ таолонинг Карим эканлигига охиратда иймон келтирасан. Жаноби Ҳақ Қуръони Каримда бундай буюрадики:

“Инсонга ўзи қилганидан бошқа нарса бўлмас” (Нажм сураси, 39-оят).

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Аҳмоқ улки, ҳам ўз нафсининг гапига киради, ҳамда Аллоҳдан эҳсон кутади”. Бу уйланмай туриб, фарзанд кутаётган эркакнинг ҳолига ўхшайди. Аллоҳ Каримдир! Уруғсиз фарзанд яратишга қодирдир. Лекин инсон фарзанд талабида бўлса, уйланиши ва уни дуо қилиб сўрамоғи вожибдир. Савобли ишларни амалга оширмай туриб, охиратда жаннатни умид қилиш ҳам аҳмоқликдир.

“Аллоҳ бизни бу дунёда азиз қилди, у дунёда ҳам азиз қилади. У меҳрибондир” деганлар мағрур кимсалардир. “Бу дунё қўлингдаги коса каби кўриниб туради. Охират шубҳалидир”, деганлар ҳам ғурурли кимсалардир.

Ҳақ таоло ҳар иккиси ҳақида бундай буюради:

“Албатта, Адлоҳниг ваъдаси ҳақдир. Дунё ҳаёти сизни ғурурга кетказмасин. Ўта алдоқчи сизни Аллоҳ хусусида алдаб қўймасин” (Луқмон сураси, 33-оят).

Имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг

"Қалбнинг давоси" китобидан