loader
Foto

Халифа Умарнинг Фаластинда ўрнатган тинчлик ва адолати

Милоднинг 71 йилигача Қуддус яҳудий подшоҳлигининг пойтахти бўлиб келган. Бироқ ўша йили Рим қўшинлари кенг миқёсда юриш бошлашди ва яҳудийларни тор-мор қилиб, аҳолидан ваҳшийларча ўч олишди, яҳудийларни ўз ерларидан қувиб чиқаришди. Шу тарзда яҳудийлар учун дарбадарлик даври бошланди, Қуддус ва унинг атрофлари харобага айланди.

Император Константин даврида Рим империяси насронийликни қабул қилгандан сўнггина Қуддус яна эътибор ва эъзоз марказига айланди. Римлик насронийлар шаҳарда бутхоналар қура бошлашди, яна ана шу ерларга яҳудийларнинг кўчиб келиб ўрнашишларига рухсат беришди.

Милоднинг VII асрида Фаластин Рим (Византия) империяси таркибида эди. Орадан кўп ўтмай, форслар бу ҳудудни босиб олишди, бироқ тезда Византия яна Фаластинда ўз ҳукмронлигини ўрнатди.

637 йилда Араб халифалиги қўшинлари - мусулмонлар томонидан бу ерларнинг фатҳ этилиши Фаластин тарихида бурилиш нуқтаси бўлди. Айнан мана шу фатҳ асрлар мобайнида беҳисоб урушлар ва ҳукмдорларнинг шафқатсизлигидан, халқларнинг қувғин қилиниши, бир ҳукмрон диннинг бошқаси билан алмашинуви, вайронгарчиликлар, азоб-уқубат ва жабрлардан жафо чеккан Фаластин ерларида диний бағрикенглик, тинчлик ва фаровонлик даврининг ибтидоси бўлди.

Фаластин Муҳаммад пайғамбарнинг (с.а.в.) тўғри йўлдаги халифаларидан ҳазрати Умар (р.а.) бошчилигидаги араб қўшинлари томонидан фатҳ этилган эди. У зот Фаластинда яшаб турган барча этник ва диний гуруҳларга ақли расолик билан, ҳурмат ва эъзоз-эҳтиромда муносабатда бўлди, ана шу ерларда диний бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат анъаналарига асос солди. Англиялик тарихчи ва Яқин Шарқ бўйича мутахассис, аввалда роҳиба бўлган Карен Армстронгнинг «Муқаддас уруш» («Holu War») китобида ёзилишича:

Халифа Умар Қуддусга оқ туяда кириб борганлар, унга шаҳар ҳокими ва Қуддус патриархи (олий руҳонийси) юнон Софроний ҳамроҳлик қилган. Патриарх халифа Умарга Қуддуснинг асосий ибодатхоналарини кўрсатган ва Эски Аҳдда тилга олинган Сулаймон эҳроми харобаларига олиб борган. Халифа Умар хожаси ва биродари пайғамбар Муҳаммад (а.с.) Меърожга кўтарилган жойни зиёрат қилган ва шу жойда намоз ўқиган. Патриарх бу воқеани даҳшат ичра кузатиб турарди... у энди «куним битди» деб ўйлаётган эди. Сўнгра халифа Умар насронийлар ибодат қиладиган жойни ва Пайғамбар Исо (а.с.) тобути ёнидаги ибодатхонани кўрмоқчи бўлди. Лекин у ибодатхонага етиб борганида намоз вақти бўлиб қолди. Патриарх одоб билан Халифага ана шу ибодатхонада намоз ўқиш таклифини айтди, лекин Халифа узрини айтиб, таклифни рад этди: «Агар мен ушбу ибодатхонада намоз ўқигудек бўлсам, мусулмонлар бу воқеани тарих учун сақлаб қолиш мақсадида ибодатхона ўрнида масжид қуришни хоҳлаб қоладилар, демак муқаддас мақбара ёнидаги ибодатхонани улар бузишлари мумкин». Халифа ибодатхонадан чиқиб, муқаддас мақбарадан анча нарида намоз ўқиди. Шу нарса диққатга моликки, бугун Халифа намоз ўқиган жойда Умарнинг ихчамроқ масжиди қурилган. Масжид шундоққина Исо (а.с.) тобути ёнидаги ибодатхона қаршисида жойлашган.

Халифа Умар шарафига Зайтун тоғи устида ҳам яна бир катта масжид қурилган. Мусулмонлар келгунга қадар, узоқ йиллар мобайнида насронийлар Сулаймон пайғамбар эҳроми харобалари жойлашган бу ердан шаҳар ахлатхонаси сифатида фойдаланишарди. Халифа ана шу ҳудудни тўпланган ахлатдан тозалашда мусулмонларга шахсан ёрдамлашган. Шу тариқа бу шаҳарда иккита масжид барпо қилиб, мусулмонлар Исломнинг учинчи муқаддас шаҳрида ўрнашганлар.

Халифа Қуддусга кирганида мусулмонларнинг диний бағрикенглиги кўриниши сифатида шаҳар патриархи билан қуйидаги шартномани имзолаган:

«Ушбу Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умар томонидан Илия (Қуддус) халқига берилган ҳомийлик ҳақидаги битимдир. Мўминлар амири соғ ёки касал бўладими, барибир, бутун халқнинг ҳаёти ва мол-мулкининг ҳимоясини, шунингдек уларнинг ибодат жойлари, бутлари ва динларининг дахлсизлигини кафолатлайди. Халқнинг бутхоналари бузилишига йўл қўйилмайди ва улар тураржойга айлантирилмайди. Уларнинг аввалги ҳуқуқлари сақланиб қолади. Уларнинг мулкидан ҳеч нарсага зарар етказилмайди ва диний эътиқод масаласида ҳеч кимга ҳеч қандай босим ўтказилмайди. Улардан биронтасига тариқча ҳам зарар етмайди. Аллоҳ, Унинг расули, Расулнинг саҳобалари ва барча мўминлар ушбу битимни тасдиқлайдилар. Имзо - Умар ибн Хаттоб».

Шундай қилиб, мусулмонлар Қуддусга тинчлик ва маданият олиб келдилар. Бошқа халқларнинг муқаддас жойларига ҳеч қандай ҳурмат кўрсатмайдиган, фақатгина динларидаги фарқ туфайли бир-бирларини ўлдириш ва таъқиб қилишга асосланган ваҳшийларча ёввойи қонунлар ва ақидалар ўрнига Фаластин заминида Исломнинг адолатли ва диний бағрикенг маданияти қарор топди. Фаластин Халифа Умар (р.а.) раҳбарлигида халифаликка қўшиб олингандан кейин мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар узоқ асрлар мобайнида бу ерда тинчлик ва осойишталикда яшаб келдилар. Мусулмонлар ҳеч қачон бошқа диндагиларни Исломга зўрлаб киритишни ўйламаганлар ҳам, аммо Ислом Парвардигорнинг ҳақ дини эканини тушуниб етган кўплаб мусулмон бўлмаганлар ўз ихтиёрлари билан Исломни қабул қилганлари тўғрисида далиллар маълум. Мусулмонлар ҳимояси остидаги Фаластинда тинчлик ва уйғунлик узоқ вақт давом этди. Бироқ ХI аср охирида Фаластин ҳозиргача мисли кўрилмаган шафқатсизликка дучор бўлди. Мамлакатга бостириб кирган ваҳшийлар фазилатли Фаластин ерларини дарё-дарё қонга ботириб, зулм ва қўрқув маконига айлантирдилар.