loader
Foto

Абдуллоҳ ибн Зубайр халифалиги

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳаёти

Абдуллоҳ ибн Зубайр машҳур саҳобий Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ва Асмо бинти Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳонинг фарзандидир. У ҳижратдан кейин 624 йил Мадинада туғилган биринчи гўдак эди. Шунинг учун у туғилган вақтда мусулмонлар ниҳоятда хурсанд бўлган. Ўша вақтда яҳудийлар “Муҳожирларда бепуштлик тарқалган” деб даъво қилишар эди. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг дунёга келиши уларнинг даъвоси ёлғон эканини амалда кўрсатган. У Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламдан 33 та ҳадис ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Зубайр Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврида Қуръон оятлари ёзилган саҳифаларни мусҳафларга кўчириш вазифасини бажарган. Шунингдек, у Африкадаги фатҳ юришларида қатнашган. Хусусан, Абдуллоҳ ибн Саъд қўшинига ёрдам беришлик учун шимолий Африкага юборилди. Унинг қўллаган тадбири фойда бериб, Рум саркардаси Жаржир ўлдирилди ва мусулмонлар ғалабага эришди.

Абдуллоҳ ибн Зубайр Усмон розияллоҳу анҳунинг уйи фитначилар томонидан қамал қилинганда уни ҳимоя қилганлардан бири бўлди. Бундан ташқари Муовия розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Константинопол ва Африкадаги фатҳ юришларида қатнашди.

Язид ибн Муовия халифа бўлганида унга байъат бермади ва Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан Маккага жўнаб кетди. Ҳусайн розияллоҳу анҳу Куфага кетаётганида Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу унга: “Агар Ҳижозда туриб халифаликни талаб қилсанг сенга ҳеч ким қаршилик қилмайди”, деди. Ҳусайн розияллоҳу анҳу Карбалода ўлдирилгач, ибн Зубайр халифа Язидга бўйсунмасликни эълон қилди. Макка ва Ҳижоз аҳолиси махфий тарзда унга байъат бера бошлади.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу халифалиги

Язид ибн Муовия вафотидан сўнг халифаликнинг аксар қисми ибн Зубайр халифалигини тан олди. У 683-692 йилларда Маккада халифалик қилди. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Мадинага укаси Убайдани волий қилди ва унга умавийлар вакилларини Мадинадан чиқариб юборишни буюрди. Шундан сўнг Бану Умайя Шомга кўчиб кетди.

Басрага Абдуллоҳ ибн Язид юборилди. У келганидан сўнг Убайдуллоҳ ибн Зиёд Шомга қочиб кетди. Шундан сўнг Куфа ва Басра шаҳарлари Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга байъат берди. Миср, Хуросон ва Яманга ҳам одам юборилиб, улардан Абдуллоҳ ибн Зубайр учун байъат олинди.

Шомда Дамашқ ҳокими Даҳҳок ибн Қайс, Ҳумс амири Нуъмон ибн Башир, Қиннисрин амири Зуфар ибн Абдуллоҳ ва Фаластин амири Нотил ибн Қайс Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат берди. Бу ҳудудда фақат Урдун ҳокими ва айрим кишилар ибн Зубайр бошқарувини тан олмади. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга байъат бермаганлар асосан Умайя уруғи вакиллари ва халифа Язидга она тарафдан қариндош бўлган калбийлар эди.

Шунингдек, Нофе ибн Азрақ(Нофеъ ибн Азрақ - Азрақийлар фирқасининг асосчиси. У азрақийлар фирқасининг етакчиси ва фақиҳи бўлган. Нофе басралик бўлиб, Усмон розияллоҳу анҳуни қатл қилган фитначилар билан Мадинага келган. Сўнг Али розияллоҳу анҳу халифалиги даврида ҳарбий ҳаракатларда қатнашиб, таҳким воқеасидан кейин унинг қўшинидан ажралиб чиққан. Умавийлар даврида улар тазйиққа учраб, кўплаб тарафдорлари ўлдирилган. Нофе ибн Азрақ Аҳваз яқинида 685 йили ўлдирилан.), Абдуллоҳ ибн Убод(Ибодийлар фирқасининг асосчиси. Абдуллоҳ ибн Убод 704 йил Абдулмалик ибн Марвон даврида вафот этган.) каби хорижийларнинг раҳбарлари ҳам Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳокимиятини тан олмади. Улар дастлаб байъат бериш учун Маккага келиб, Абдуллоҳ ибн Зубайрдан Усмон ибн Аффон ҳақида сўрадилар. Ибн Зубайр у ҳақда ижобий жавоб бергач, ундан юз ўгириб турли юртларда норозилик ҳаракатларини бошладилар.



Вилоятлар

Абдуллоҳ ибн Зубайр даври доимий сиёсий беқарорлик даври бўлди. Ҳижоз аҳолиси Абдуллоҳ ибн Зубайрга итоат қилсада, Шом умавийлар тасарруфида қолди. Ироқда турли қарашдаги волийлар кетма-кет алмашиб турар эди. Миср ва Африка дастлаб Абдуллоҳ ибн Зубайр тасарруфида бўлиб, кейинчалик умавийлар томонидан эгалланди.

С.Умматалиевнинг

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан