loader
Foto

Арий

«Исломни қабул қилмас экансан, сенга қарашли бутун бошли арийчи халқнинг гуноҳи устингга тушади».(Бухорий, 2941; Муслим, 1773; «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон», 6555.)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рум подилоҳи Ҳиракрга юборган номаларидан

Мазкур бобда буюк бир инсон ҳақида ҳикоя қилар эканмиз, унинг ҳаётий фаолиятини батафсил ўрганиб чиққач, кўпчилигимизга узоқ вақтдан буён тушунарсиз бўлиб келган кўплаб мужмал нарсаларни аста англаб оламиз. Мазкур китобдан кўзланган асосий мақсад ҳам аслида шундан - тарихни ўрганмай туриб фаҳмлаш қийин кечадиган, айримлари сир тутилган замонимизга оид маълумотларни ўзимиз учун ойдинлаштириб олишга уриниб кўришдан иборатдир.

Аҳамияти бўйича имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»идан кейинги ўринда турадиган имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳининг «Саҳиҳ»ида келтирилган бўлиб, кишини ҳайратда қолдирадиган қуйидаги ҳадисни бунга мисол тариқасида келтириш мумкин. Ушбу ҳадисда пайғамбарлик рисолати бошлангунча курраи заминда яшаган одамларнинг ҳолати ҳақида гап боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ курраи замин аҳлига назар солиб, ҳаммани: арабларни ҳам, араб бўлмаганларни ҳам ёмон кўриб қолди. Ахди китобнинг озчилик қолган вакилларигина бундан мустасно бўлди». Курраи заминдаги Аллоҳнинг назарига тушган ўша «аҳли китобнинг озчилик қолган вакиллари» ким бўлди экан?

Ушбу саволга жавоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан бошқа бир ҳадисда қўлланилган ғалати бир сўз замирида яширинган. У сўзни биз балким кўп эшитгандирмиз-у, маъносига талаб даражасида эътибор қилмаганмиз. Гарчи у сўз Ислом уммати наздида энг ишонарли ҳисобланган ҳадислар тўплами - имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ига кирган ҳадисда келтирилган бўлса-да. Уша ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан Византия подшоҳи Ҳирақлга юборилган нома тарихи ҳақида ривоят қилинади. Мана ўша номанинг матнидан келтирилган бир парча: «Аллоҳнинг қули ва анинг пайғамбари Муҳаммаддан Румнинг улуғ Ҳирақлига, ҳақ йўл топганларга салом. Бундан сўнгра шулки, мен сени Ислом динини қабул қилмоққа чақираман. Мусулмон бўл, саломат бўлурсан. Икки қават ажр олурсан. Агар қабул қилмас экансан, сенга қарашли бутун бошли арийчи халқнинг гуноҳи устингга тушади».(Мазкур бобнинг эпиграфига қаранг.)

Ислом тарихига оид айрим китобларда арийчилар атамаси остида Византия деҳконлари назарда тутилади. Бироқ бир қатор сабабларга кўра атаманинг бундай талқини назаримда етарли даражада ишончли чиқмаган:

- нега Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «арийчилар» каломини фақат Ҳирақлга юборган номаларидагина қўллаган бўлиб, ундан бошқа ҳолатларда фойдаланганлари бирор бир ҳадисда учрамайди?

- нега энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Византия подшоҳини устига деҳқонларнинг гуноҳигина тушиши ҳақида огоҳлан-тирган бўлишлари керак экан?

Атамани бундай изоҳлаш тарафдорлари мулоҳаза юритилаётган ҳолатга: «Деҳқонлар аҳолининг аксарият қисмини ташкил этган ва шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни алоҳида тилга олиб ўтганлар», - дея тушунтириш беришга уринишади. Тарих нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, бундай тахмин ноаниқ чиқади. Ваҳоланки, савдогарлар, овчилар, жангчилар, кашишлар каби, одамларнинг бошқа тоифалари империя аҳолиси таркибидан истисно қилинишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари уларга ҳам тааллуқли бўлмайдими?

Мазкур асарни ёзишга эндигина ҳозирлик кўрар эканман, қўлимга мени болаликдан қийнаб келган: «Арийчилар ким бўлган ўзи?» деган саволнинг жавоби топилган китоб кириб қолди. Мисрлик тадқиқотчи Фадил Сулаймоннинг қаламига мансуб китобнинг номи «Муҳаммадгача яшаб ўтган мусулмон-коптлар» экан (китобга сўзбоши ва асар таҳририга киритилган зарурий қўшимчалар доктор Муҳаммад Имара томонидан тайёрланган). Қоҳирадаги католиклар мактабида таҳсил кўрган мисрлик тадқиқотчи-мусулмон ўз асарида шу қадар муҳим бир маълумотни тилга олиб ўтганки, агар у маълумот кенг оммага маълум бўлса, насронийлик тарихини янгитдан ёзиб чиқиш талаб этилган бўлар эди. Фадил Сулаймон арийчилар тарихи чиндан ҳам насронийликнинг асл тарихи бўлиб, «арийчилар» каломи насроний муваҳҳид-кашишнинг Арий исмидан ҳосил бўлганини таъкидлайди. Исломий манбаларни тадқиқ қилиб чиқар эканман, Фадил Сулаймон айтган гапларнинг қисқартирилган шакли имом Ибн Хазм Андалусийнинг «Ал-фаслу фил милоли вал ахваи ван-ниҳол» («Динлар, адашишлар ва фирқаларга оид изохдар») асарида келтирилганини аниқладим. Унда айтилишича:



«Насронийлар жумласига Искандариядан чиққан, Худонинг мутлақ ягоналигини, Исо алайҳиссалом илоҳий сиймо эмас, Худо яратган банда холослигини, унинг Руҳуллоҳлиги, еру осмон Аллоҳ таолонинг каломи ила яратилгани каби дунёга келганини таъкидлаган кашиш Арийнинг издошларидан ташкил топган гуруҳ ҳам киради».

Шайхул Ислом Аҳмад ибн Таймия ўзининг «Ал-жавабус-саҳиҳу лиман бадаля динал-масиҳ» («Масиҳнинг динини ўзгартирганларга тўғри жавоб») асарида Исломни қабул қилган Ҳасан ибн Айюб исмли собиқ насронийнинг номасини келтиради. Номада насронийни Исломга киришга ундаган айрим сабаблар санаб ўтилган. Ўша сабаблар орасида Ҳасан ибн Айюб арийчиларнинг диний маслагини ҳам қуйидагича тилга олиб ўтади:



«...Насронийларга оидмаълумотлар билан танишиб чиқар эканман, арийчилар номи ила танилган оқимга дуч келдим. Ушбу оқимга эргашувчилар ҳақиқий Ягона Аллоҳга эътиқод қилиб, Исо алайҳиссаломни Аллоҳнинг бандаси дея таргиб қилишган. Бошқа насронийлардан фарқли ўлароқ арийчилар Исони Худо ёки Худонинг ўгли деб аташмаган ёхуд унга шунга ўхшаш сифатлар беришмаган. Улар Исонинг Ин-жилига амал крлишиб, ҳаворийлар ва Исодан бевосита таълим олган одамлар таргиб этган таълимотга эргашишган».

Илмий холислик нуқтаи назаридан ёндашиладиган бўлса, Ислом уламолари ва тарих фани арбоблари томонидан Исломдан ташқари бошқа динлар ҳақида ёзилган ҳар қандай асарни соф ҳақиқат сифатида эътироф этиш ярамайди. Бинобарин, Арий ва арийчиларга доир маълумотларнинг ишончлилигини насронийлик вужудга келгандан буён унинг тарихи тавсифланган ноисломий манбалардан текшириб кўришга қарор қилдим. Бунинг учун мен насронийлик ва черков тарихини ўрганиб келишган таниқли тарихшуносларнинг асарларига мурожаат қилдим. Бироқ буюк қаҳрамонимиз ҳақидаги ривоятлар мутолаасига берилишдан олдин тарихий ҳодисаларнинг учта ниҳоятда муҳим жиҳатини ўзимиз учун ойдинлаштириб олишимиз даркор. Зеро, бу жиҳатларнинг тўғри идрок этилиши ўтмишда юз берган ҳодисалар жараёнининг асл мазмунини қамраб олиш имконини беради.

Биринчидан. Иймон-эътиқод нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, Ислом дини янги ва фақат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билангина келган дин эмас. Зеро, бу дин Аллоҳ таоло томонидан алмийсоқдан буён тушириб келинган диннинг мукаммал қилинган якуний қисмидир. Ислом Аллоҳ таолонинг амрига бўйин эгиш, танҳо Ўзига итоат қилишни англатиб, фақат Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга оид қатъий маслакка асосланади. Шундай экан, айримлар бот-бот қўллаб келадиган «самовий динлар» атамаси асоссиз ва нотўғридир. Аслида битта дин доирасида ҳар хил «самовий шариатлар» бўлган ва фақат Исломнигина Аллоҳ мукаммал дин қилиб берган.

Бошқа динлар эса, уларга эътиқод қиладиган тоифалар ўзига ўзи берган номдан ўзга нарса эмас. Жумладан, буддойилар тоифаси ўзига ўзи файласуф Гаутам Будда шарафига ном қўйиб олган. Яъқуб алай-ҳиссаломнинг ўғли, бани Исроил қавмига асос солганлардан бири Иуда Искариотнинг исмини яҳудийлар ўзларига ном сифатида танлаб, динларига Иудаизм (Яхудо) дея ном беришган. Насронийлар эса ўзларини Исонинг (Марямнинг ўғли Масиҳнинг) издоши деб билишади. Уларни «насоро» деб ҳам аташади. Бу ном ё Исо туғилган Назарет шаҳри номидан, ё ҳаворийларнинг Исога кўрсатган ёрдами (наср ёки нусра) туфайли ҳосил бўлган.

Ислом масаласи эса мутлақо бошқа гап. Зеро, динимизнинг Ислом деган номини ушбу динга даъват этган пайғамбарларини йўллаб борган Аллоҳнинг Узи танлаган.

Аллоҳ марҳамат қилади:

«Аллоҳнинг ўзи сизларни илгари ҳам, мана шу (Қуръонда) ҳам мусулмонлар деб атади»

(«Ҳаж» сураси, 78-оят)

Иброҳим (Авраам) мусулмон бўлган:

«Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки ҳақ йўлдан тоймаган (муваҳҳид) ҳолида Аллоҳга итоат қилувчи киши бўлган. У мушриклардан ҳам бўлмаган».

(«Оли Имрон» сураси, 67-оят)

Фиръавннинг афсунгарлари Исломга кирди:

«Парвардигоро, устимиздан сабру тоқатни ёғдиргайсан ва бизларни фақат мусулмон бўлган ҳолимизда ўлдиргайсан!»

(«Аъроф» сураси, 126-оят)

Нуҳ (Ной) мусулмон бўлган:

«Бас, агар юз ўгирар экансизлар, мен сизлардан бирор ажр-ҳақ сўраганим йўқ. Мен ажр-савобни фақат Аллохдан сўрайман. Ва менга мусулмонлардан бўлиш амр этилган».

(«Юнус» сураси, 72-оят)

Мусо (Моисей) алайҳиссалом Бани Исроил қавмига панд-насиҳат бергани ҳақида хабар берар экан Аллоҳ марҳамат қилади:

«Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирар экансизлар, демак, мусулмон бўлсангизлар, Унинг Ўзигагина суянинглар».

(«Юнус» сураси, 84-оят)

Шунингдек, Парвардигори олам, Исонинг (Иисуснинг) ҳақиқий издошлари - ҳаворийлар мусулмон бўлишгани ҳақида хабар берди:

«Қачонки Исо улар томондан куфрни кўргач: «Аллоҳнинг динига даъват қилишимга ким менга ёрдамчи бўлур?» - деди. Ҳаворийлар айтдилар: «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам бергувчилармиз. Аллоҳга иймон келтирдик. Эй Исо, гувоҳ бўлгинки, биз Аллоҳга бўйсунгувчилармиз».

(«Оли Имрон» сураси, 52-оят)

Бундан келиб чиқадики, Ислом - жамики пайғамбарлар ва уларнинг издошлари учун ягона дин бўлган, гарчи унинг алоҳида шариатлари замонга боғлиқ ҳолда бир-биридан фарқ қилган бўлсада. Бошқаларга ҳаром қилинган нарсалар муайян бир халққа ҳалол қилинган ё аксинча бўлган. Бир замонда ҳаром қилинган нарсалар бошқа замонда ҳалол бўлган, Аллоҳ таоло Уз бандаларига, уларнинг ижтимоий шароити турлича бўлганини, банибашар ўз ўтмишининг турли босқичларида маданий жиҳатдан ўзгариб борганини инобатга олган ҳолда нима фойда, нима зарар бўлишини Ўзи яхши билади. Бинобарин, Исога эргашганларнинг бирор-бир тоифаси мусулмон дея эътироф этилар экан, зиммасига Исломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган охирзамон шариатига оид мажбуриятлар юклангани назарда тутилмайди. Бундай ҳолатда нисбатан кенг, мазмунан қамровли Ислом назарда тутилади.

Ажратиб олиш масаласида чалкашликка йўл қўймаслик мақсадида кейинги ўринларда Исонинг таълимотини эътироф этган мусулмонларни, улар Исога (Христосга) ва унинг Ягона Аллоҳга чақирган даъватига эргашганликларини таъкидлаб ўтиш учун рамзий маънода насронийлар (христианлар) деб атаб борамиз. Зеро, улар насроний деб аталишга бошқаларга нисбатан кўпроқ муносибдир. Бундай ном бериш муайян кишининг Ҳақ йўлида бораётганини таъкидлаб ўтиш мақсадида «Ушбу уламо - илоҳий (раббоний) мураббийдир» деган; ёхуд мусулмонларни пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашганлар сифатида кўрсатиш учун «уммати Муҳаммад» ёки шайхул Ислом Ибн Таймиянинг «Мажмуил фатава» асарида келтирилгандай «муҳаммадчилар» деган сингаридир.

Иккинчидан. Бугунги насронийларнинг Муқаддас китоби Инжил деб аталади. Инжил - юнон сўзи бўлиб, «китоблар йиғиндиси» деган маънога эга. Кези келганда айтиб ўтмоқ жоизки, аксарият давлатларда китоб сақланадиган жой «библиотека» деб аталишининг боиси ҳам шу. Биринчи ёзма шакли Исо алайҳиссаломга мутлақо ёт, ҳеч қачон гапирмаган қадимий юнон тилида битилганлиги, Инжил учун ҳақиқий мусибат бўлди. Гап шундаки, Инжил аслиятида қўлланилган, яъни Исо алайҳиссалом гапирган иврит ёки арамей тилидаги айрим сўзлар, уларнинг ўрни, мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган кадимий юнон тилидаги сўзлар қўлланилган ҳолда таржима қилинган. Жумладан, таржима нотўғри қилингани оқибатида Аллоҳ таоло Ота, Исо (Христос) эса Уғил деган номга эга бўлиб қолган, гарчи билгувчиларга маълумки, иврит ёки арамей тилларида кишининг ота ёки ўғил деб аталиши ҳар доим ҳам тегишли шахслар ўртасида бевосита қариндошлик риштаси мавжудлигини англатмайди, лекин бу сўзлар баъзан адабий муболаға шаклида, шунингдек, бировни улуғлаш ёки аксинча, коралаш мақсадида ҳам қўлланилади.

Семит тили, яъни афро-осиё тили соҳиблари бўлмиш араблар эса буни жуда яхши билишади. Чунки араб тили семит тили гуруҳига кирадиган иврит ва арамей тилига ўхшаб кетади. Жумладан, уларда отани баъзан «оиланинг худоси» ёки масалан ўғил болани «кўчанинг боласи» дейиш ҳолатлари учраб туради. Бунда улар кўчанинг ўз ўғил фарзанди бўлиши мумкинлигини назарда тутишмайди, албатта. Миллий ибораларни бу тарзда қўллаш амалиёти араб тилида бугунги кунда ҳам учраб туради. Чунончи: «Фалончи киши фалончи билан писмадончига ўғил бўлади», - дейилади ва бу ҳар доим ҳам қариндошлик муносабатлари том маънода борлигини англатмай, тасанно ёки танбеҳни ифодалаши ёхуд оддий адабий муболаға саналиши мумкин. Бундай тамойилга иврит тилида ҳам, арамей тилида ҳам амал қилинади.

Шундай экан, Исонинг иврит ёки арамей тилларида худодай кўрилгани - ушбу инсон фақат тақводор банда бўлганини англатиб, бундай ўхшатиш том маънода идрок этилмайди. Ухшаш сўзлар воситасида Исо ва унинг издошлари Аллоҳнинг амрига итоат қиладиган тақводор одамлар сифатида улуғланган, аммо иврит ва арамей тилида айтилган гапни қадимий юнон тилига ўгириб ёзган таржимонлар буни ота-ўғил ўртасидаги қариндошлик муносабати маъносида тушунишган. Агар юнонларга хос қадимий афсоналарнинг аксарияти турли-туман худолару уларнинг ўғил-қизлари ҳақидаги эртаклардан ташкил топгани инобатга олинадиган бўлса, таржимада йўл қўйилган бундай қўпол хатолар сабабини тушунса бўлади. Мажозий ибора сифатида қўлланилган ўша сўзларни қадимий юнон тили таржимонлари том маънода тушуниб, Исо билан Худони жумлаи жаҳонга ҳақиқий ота-ўғилдай кўрсатиб юборишган. Инжилнинг ўзи ҳам бунга далил сифатида хизмат қилади. Исонинг ердаги ҳаётини ҳикоя қилган Марк билан Лука ўз Инжилларида айнан бир ҳодисани ҳар хил ривоят қилишган. Хусусан, Маркнинг Инжилида (15:39) айтилишича: «Ул инсон Худонинг ўғли бўлган», Лука ёзган Инжилда эса тегишли ҳодиса баён этилар экан: «Ул инсон тақводор бўлган», - дейилган.

Учинчидан. Аксарият насронийларнинг бугунги диний эътиқоди «Учлик» назариясига таянади. Ушбу назарияда Худо ёки Парвардигор учта ҳар хил сиймода, хусусан, қариб қолган Ота, европаликлар ирқига мансуб сарғиш сочли навқирон йигитдай тасвирланиб, Ўғил дея эътироф этиладиган Исо, насронийлар қуш кўринишида тасаввур қиладиган Муқаддас Руҳ сиймоларида гавдаланган. Муқаддас учлик концепциясига мувофиқ юқорида санаб ўтилган учта сиймо Худога тенг, аммо улар алоҳида олинган якка тартибда кўриладиган бўлса, бир-бирига тенг келмайди.

Соддароқ қилиб айтганда, Ота - Худо, Ўғил - Худо, Муқаддас Руҳ ҳам - Худо, аммо Ота Ўғил эмас, Ўғил Муқаддас Руҳ эмас, Муқаддас Руҳ эса Ота эмас.

Маълумки, «Учлик» доктринаси бугунги насронийлар эътиқодининг пойдеворидир, гарчи Инжилнинг ўзида ҳам ушбу учликка доир бирон-бир далил келтирилмаган бўлса-да. Бундай таълимотни оқлашга уринаётганлар «Иоанн (Яҳё алайҳиссалом)нинг биринчи номаси»дан олинган (5:7) мужмал мисрага, яъни: «Зеро самода учтаси гувоҳлик беради: Ота, Калом ва Муқаддас Руҳ; ва учаласи мазмунан бирдир», - дейилганига таянишади. Ваҳоланки, ушбу мисрада Худо уч қисмдан иборатлигини ёки Парвардигор Исо билан Муқаддас Руҳга ҳам эътиқод қилишни амр этганини на том, на кўчма маъноларда тушуниб бўлмайди.

Бироқ юқоридаги мисрани далил тариқасида келтиришнинг ўзи ҳам бир муаммодир. Гап шундаки, у мисра Инжилнинг асл таҳриридан олинган қисми эмас. Таассуфки, бугунги насронийларнинг аксарияти бундан бехабар. Мазмунан бузуқ қўшимча саналадиган «Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ» ибораси Инжил таҳририга анча кейин, «Руҳ, сув ва кон» ибораси ўрнига қўллаш мақсадида киритилган. Инжилнинг айрим араб нусхаларида ушбу ҳолатга оид тушунтиришлар китоб ҳошиясига шундай битилганки, оддий насроний китобхоннинг эътиборини жалб қилиши даргумондир. Бироқ Инжилнинг аксарият нусхаларида китобхонни алдаш, иборанинг асл маъносига изоҳ келтирмаслик мақсадида ундай тушунтиришлар беркитилиб, ўрнига юлдузча, қавс ёки бошқа бир белги қўйиб кетилган. Инжилнинг айрим инглиз нусхаларида эса, чунончи «POLY BIBLE NEW INTERNATIONAL VERSION», ушбу ибора умуман келтирилмай: «... ўн олтинчи асргача чоп этилган юнон қўлёзмаларида кўрсатиб ўтилмаган» дея изоҳ келтириб қўя қолишган. Бундан чикди, насронийликнинг сўнгги 400 йили ҳақидагина мулоҳаза юритиш керак холос экан-да, агар Инжилнинг ундан олдинги таҳрирларига ўша бузуқ қўшимча киритилмаган бўлса?!

Урни, мазмун-моҳиятига кўра ўта муҳим саналган муқаддимамиз нихоясига етди. Ана энди ҳикоямиз қаҳрамони ҳақида сўз юритсак бўлади.

Насл-насабига кўра амазиг (барбар) бўлган кашиш Арий 256 йили бугунги Ливияда, Бенгазининг шарқидаги Жабал Ахдар ҳудудида жойлашган Кирена (бугунги Шаххат) шаҳрида дунёга келган. Бу шаҳар математика ва география фанлари олими, оддий сонларни аниқлаш алгоритми - «Эратосфен панжараси» билан математиклар орасида яхши танилган Эратосфеннинг Ватани бўлгани билан ҳам машҳурдир. Илм-фан амалиётга «География» атамасини киритиб, Ер ўлчамини тарихда биринчи бўлиб ҳисоблаб чиққан ҳам айнан шу олим бўлади.

Арий Мисрнинг Искандария шахрида яшаб, ўша ердаги маҳаллий черковлардан бирида кашишлик фаолиятини олиб борган руҳонийдир. Шунингдек, у насронийлик тарихида жиддий ўрин тутган Лукиан Антохийга шогирд тушиб, Антиохияга тез-тез қатнагани маълум. Рум подшоҳи Максимин Иккинчи томонидан ўлдирилган Лукиан Антохийни бугунги насронийлар Авлиё Лукиан деб ҳам аташади, чунки у ўлимидан сўнг жафокаш руҳоний ҳазрати олийлари унвонига муносиб топилган.

Ўша даврда Искандарияда иккита гуруҳга бўлиниб олган насронийлар ўртасида ўта кучли даҳанаки жанг авж олди. Улардан бирига Исони илоҳийлаштириш доктринасини насронийлик амалиётига жорий этишни ният қилган епископ Александр Биринчи раҳнамолик қилди. Иккинчи гуруҳни эса бундай бидъатга қарши чиққан кашиш Арий бошқарди. Арий Исони Худо яратган банда, ҳурматли пайғамбар дея таъкидлар эди. Арий бошчилигидаги гуруҳни Мисрнинг энг нуфузли насронийларидан бири - юқори Мисрдаги Ликополь (бугунги Асьют шаҳри) епископи Мелетий қўллаб-қувватлади. Шу сабабдан Юқори Миср насронийлари Исони илоҳийлаштириш ғоясини рад этган муваҳҳид тақводор бўлишган.

Лукиан Антохийнинг яккахудолик мактабида эгаллаган кучли билимларига таянган Арий, иккала гуруҳ ўртасида кечаётган кураш кескин тус олганига қарамай, насронийларни муваҳҳидликка даъват этиш фаолиятига зўр берди. Бундан ташқари, Арий Инжилдан олинган далил-исботларга асосланган ҳолда одамларни ишонтира билиш истеъдодини ҳам моҳирона ишга солди. Зеро, Инжилда Исо бирор марта бўлсин, ўз шахсига топиниш зарурлигига оид сўз айтмаган, Худолик мақомига ҳеч қачон даъво қилмаган.

Насронийлар Арийнинг тўғри сўзлиги, Исо таълимотига самимий иймон келтирганини ҳис этгач, унинг муваҳҳидлик даъватига оммавий равишда эргашишди. Профессор Димитриос Кусулас ўзининг «Буюк Константиннинг ҳаёти ва замони» асарида Арийни қуйидагича тавсифлайди: «Арий ўзининг сўзамоллиги, салобати ва ҳаётий лаззатлардан кечиб яшашга қодирлиги ила кўпдан-кўп издошларини ортидан эргаштира билган. У новча бўйли, хушбичим ва истараси иссиқ киши бўлган. Эгнига ҳамиша чўнтаксиз оқ ридо кийиб юрган». Шунингдек, профессорнинг ёзишича: «Арий унини осонгина ўчириш мумкин бўлган эркаклар тоифасига кирмаган. Унинг маслакдошлари кам бўлмаган. Аксинча, Шарқнинг аксарият епископларию кашишлари Арийнинг таълимотини афзал топишган». Искандария епископининг адоватли муносабати ва черковдан четлатилишига қарамай, насроний кашиш Арий муваҳҳидликка даъватни ҳимоя қилиш учун курашни давом этаверди. У жафокаш Лукианнинг мактабида бирга таҳсил кўрган ўртоқларидан бири, Байрут епископи, кейинчалик Никомедия (бугунги Туркия ҳудудидаги шахар) епископи бўлган Евсевий Никомедийга нома йўллаб, бошдан кечирган ҳодисаларнинг барини баён этиб ўтди. Арий ўз номасини жафокаш Лукианнинг мактабида бирга таҳсил кўрганини ёдга солганча «Эй Лукианнинг шогирди!» хитоби ила бошлади. Ушбу ҳолат Лукианнинг таълимоти муваҳҳидликка асосланганига яна бир бор билвосита гувохдик беради. Евсевий ўртоғи Арийнинг Исони илоҳийлаштиришга карши чиқишга даъватини қўллаб-қувватлашини айтди. Шундан сўнг жахоннинг йирик черковларидаги жафокаш Лукианнинг епископлик даражасигача кўтарилган кўплаб шогирдлари ҳам Арийнинг бидъатга карши чиқиб, Ягона Аллоҳга даъватини қўллаб-қувватлашди.

У даврда (IV аср бошида) христиан оламининг аксарият қисми Константин Биринчи подшолигидаги Византия империясининг тасарруфида бўлган. Бу подшоҳ тарихда кўпроқ Буюк Константин номи ила танилган. Ушбу ҳукмдор узоқ кечган ички урушлардан сўнг Византия империясини бирлаштира билган.

Константин ўша вақтда насронийликни ҳали қабул қилмаган эди. Шунга қарамай, тасарруфидаги ерларда яшаётган жамики халқларнинг диний фаолиятини ўз назорати остига олиш ва бу билан бутун империя худудидаги салтанатини мустаҳкамлашни ният қилди. Ягона Аллоҳга даъват қилаётган насронийлар билан Исони илоҳийлаштириш бидъати тарафдорлари ўртасидаги зиддиятларни дикқат-ла кузатаётган Константин ушбу можаро империянинг шаҳар ва қишлоқларидаги жамоат тартибига хавф соладиган даражада кенг тус олишидан хавотирга тушди. Шу сабабдан Византия подшоҳи Константин насронийлик тарихида биринчи бўлиб йирик миқёсли конференция ўтказди. Христианлик тарихида биринчи бор ташкиллаштирилиб, империя тасарруфидаги барча шаҳарларнинг епископлари иштирок этадиган бутунжаҳон насронийлар собори (йиғини) бугунги Туркиянинг ғарбида жойлашган Никей шаҳрида ўтказиладиган бўлди. Константин бу борада махсус фармон чиқарди. Шундай қилиб, Бутунжаҳон Никей собори 325 йил 20 - 25 май кунлари бўлиб ўтди. Ушбу собор йиғилишлари Арий бошчилигидаги муваҳҳид насронийлар гуруҳи билан Исонинг илоҳийлигига доир акидани Христианлик динига жорий этишга даъват этган гуруҳ орасида ўтган қизғин баҳсларга шоҳид бўлди. Евсевий Никомедий, Никей шаҳри епископи Феогнит Никей каби йирик шахслар Арийга тарафдор бўлишди. Исони илоҳийлаштириш тарафдорларини эса эндигина ўттиз ёшга тўлган, Искандария епископи томонидан гуруҳга раҳбар этиб тайинланган Афанасий бошқарди.

Қизиғи шундаки, Александр Биринчи Афанасийни ўзига ўғил қилиб олиб, шогирдлар сафига қўшишдан олдин Афанасий ўз ота-онаси каби мажусий бўлган. Иигитчанинг онгидаги ота-онадан мерос ўтган мажусийлик маслаги Александр Биринчи томонидан ўргатилган мазмунан бузуқ «христианлик» маслаги билан мос тушиб қолди. Онгида шаклланган айнан мана шу эътиқодла Арий ва Евсевийдек туғилганидан буён насроний бўлиб, христианлар бугунги кунгача жафокаш Лукиан деб атайдиган Лукиан Антиохийнинг дарсини олган кашишлар-у, епископлар билан баҳсга киришди.

Арий бошчилигидаги Ягона Аллоҳга эътиқод қиладиганлар гуруҳи билан Афанасий бошқарган гуруҳ ўртасидаги кўп кунлик баҳслардан сўнг, насронийлик тарихида илк бор Исонинг илоҳийлигини эълон қиладиган ҳужжат учун овоз бериш фурсати етди. Аксарият епископлар Муқаддас китобда ёзилгандай Исо даъват қилган муваҳҳидлик маслагида қолиб, бидъатга овоз беришни истамади. Бироқ овоз бериш жараёни собор иштирокчиларининг ихтиёри ила кечмади. Бутпараст, Худонинг ягоналигини рад этадиган подшоҳ Константин кутилмаганда овоз бериш жараёни Исонинг илоҳий сиймога эга бўлишини даъво қилаётганлар фойдасига ҳал бўлишини талаб қилиб колди.

Тарихшунос олим Аким Нкоси Масенконинг қаламига мансуб «Черковнинг ажралиб, путур кетиши» китобида ёзилишича, подшоҳ Константин Исони илоҳийлаштириш фойдасига овоз беришдан бош тортганлар қатағон қилинишини эълон қилди. Соборда иштирок этиб, дўқ-пўписа остида қолган муваҳҳидлик маслагидаги епископлар ўтмишда Рум ҳукмдорлари томонидан насронийларнинг бошига солинган даҳшатли жазоларни беихтиёр эсга олишди. Афтидан, «Ҳукмдорнинг тазйиғи остида имзоланган бир парча қоғоз яккахудоликка заррадай бўлсин, таъсир ўтказмайди, ўз шаҳримизга қайтгач, муваҳҳидликка даъват этишни давом этаверамиз», - деган хаёлга борган шўрлик епископлар ўзлари тушиб қолган ушбу тузоқдан чиқиб кетишни афзал кўриб, ҳужжат остига имзо чекишди. Шу тариқа, собор иштирокчиларининг аксарияти кейинчалик «Эътиқоднинг Никей рамзи» дея ном олган, насронийлик тарихида биринчи марта Исонинг Худолиги қайд этилган ўша ҳужжатни тан олишди. Аммо ҳарчанд дўқ-пўписа қилинмасин, Арий ундай бидъатни имзоламади.

Ёзувчи Р. П. Хансоннинг «Худонинг насронийлик доктринасига доир    тадқиқотлар: Арий мубоҳасаси» асарида айтилишича, кашишларнинг уч нафари, хусусан, Арийнинг ўзи, Феона Мармарик ва Секунд Птолемаид ҳужжатга имзо чекишдан бош тортишган. Аслида ўша даврнинг аксарият епископлари муваҳҳид бўлганча қолишган, албатта. Жазодан қўрқишгани учунгина ўша «Эътиқод рамзи»ни имзолашга мажбур бўлишган. Бундай ҳолат Никей рамзини имзолаб, Ягона Аллоҳга эътиқод қилганча қолган Евсевий Никомедиянинг Византия подшоҳи Буюк Константинга йўллаган номасида ҳам ўз тасдиғини топган. Ўша номада Евсевий ҳужжатнинг имзоланиш сабаби ҳақида хабар берган. Немисларнинг католик ёзувчиси Матис Хауфманнинг «Ўз ҳаётингни унутма!: Иброҳимнинг Худосига нигоҳ» (Vergiss das Leben nicht!: Ein Blick auf den Gott Abrahams) китобида маълум қилинишича, Евсевий подшоҳга йўллаган номасида қуйидагича икрор бўлибди:

«Биз гуноҳга ботдик, ё ҳукмдор. Қаҳрингиздан курқиб куфрга рози бўлдик!»

Ягона Аллоҳга эътиқод қилиб, сон жиҳатдан кўпчиликни ташкил этган епископлар ўша «Эътиқод рамзи»ни эътироф этишганининг сабабини англаб етиш учун уларни бидъатга рози бўлишга мажбур қилган вазиятни тўғри идрок этмоқ даркор. Уйга қайтиб ўз қавмига Исо таълимотини тарғиб қилишни энди хуфиёна бўлса-да, давом этиш мақсадида, епископлар, қатағон тахдид солаётган дўқ-пўписа муҳитида «қалбда йўқ нарсани сўзла тасдиқлаш мумкин» деб топишди. Яна бир ниҳоятда жиддий ҳолатни таъкидлаб ўтмоқ жоиз: Никей соборига жаҳоннинг Ягона Аллоҳга эътиқод қилган барча епископлари йиғилган бўлиб, уларни қатл қилиш оқибати - Исо таълимоти батамом йўк бўлиб кетиши билан якун топадиган хавф юзага келган эди.

Шунга қарамай, муваҳҳид руҳонийлар Никей рамзини имзолар экан, ўзларини ўзлари айнан қочиб қутулмоқчи бўлган тузоққа илинтириб қўйишди. Ушбу епископлар ҳужжатни тазйиқ остида, мажбуран имзолашганини мажусий подшоҳ ҳам, Афанасий раҳбарлигидаги черков амалдорлари ҳам жуда яхши билишган. Бинобарин, Никей собори мажлислари якунига етиши ҳамоно, епископлар ўз лавозимларидан четлаштирилиб, олис қишлоқ ва оролларга сургун қилинишди. Насронийларнинг келгуси авлоди орасида Арийнинг таълимоти кенг оммалашиб кетишининг олдини олиш мақсадида кашиш Арий ва бошқа муваҳҳид руҳонийларнинг қаламига мансуб жамики китоблар оловга ташланди. Шунинг учун ҳам бизнинг давримизда Арийнинг бирорта китобини топа олмаймиз. Арий ҳақида ёзилган нарсаларнинг аксарияти эса унинг душманлари томонидан ёзилган уйдирмалардан олинган бўлиб, илмий нуқтаи назардан ундай маълумотларга ишончла қараш ярамайди. Арий ва бошқа муваҳҳид епископлар қатағон қилингач, никейчилар раҳнамоси Афанасий қилмишига яраша мукофот тариқасида 326 йили Искандария епископи лавозимига тайинланди. Оқибатда, никейчи-епископлар муваҳҳид-епископлар фаолият юритган черковларнинг аксарият қисмини эгаллаб олишди.

Ушбу ҳодисадан сўнг Арийнинг душманлари муваҳҳид-насронийларнинг барига «арийчилар» деган тамға босишди. Бу билан улар насронийлар онгини черков бугунги кунгача оддий христианлар оммасидан бекитишга уринаётган фактдан чалғитишни ният қилишди. У факт эса «арийчилар» дея ном олган ўша тоифа аслида Исо алайҳиссалом йўлидан оғишмай бориб, таълимотининг бузилган шаклини рад этадиган ҳақиқий христианлар эканлигидан иборатдир. Никей рамзига эргашганлар эса «никейчилар» деган ном олишди. Улар ўзларини ўзлари ортодокслар (эътиқоди мустаҳкамлар) ёки православлар деб аташиб, бундай атамалар билан оддий христианларни алдашга, ҳақиқий Христиан динига эътиқод қилишаётганини кўрсатишга уринишади.

Айрим тарих манбаларида никейчилар «тринитарийчилар» деб ҳам аталгани ва бу билан уларнинг Муқаддас Учликка эътиқоди таъкидлаб ўтилгани кузатилади. Бироқ бундай ном ҳам, тахмин ҳам янглишдир. Чунки Муқаддас Учликнинг учинчи аъзоси саналадиган «Муқаддас Руҳ»ни ҳам Исога қўшиб илоҳийлаштириш мавзуси Никей соборининг кун тартибига муҳокама учун чиқарилмаган. Муқаддас Руҳ Никей соборидан кейин жуда бисёр вақт ўтиб чақирилган Константинополь соборигача Худо сифатида расман эътироф этилмаган.

Бу ҳакда кейин гаплашамиз...

Яккахудолик душманлари Арий ва унинг даъватига эргашган тақводор издошлари устидан узил-кесил ғалаба қозонилганига, Исонинг асл таълимоти абадий тугатилганига амин бўлган бир вақтда тарихий караёнларни тубдан ўзгартириб юборган ажиб бир ҳодиса юз берди.

Бировнинг хаёлига ҳам келмаган қанақанги ҳодиса бўлди у? Нима учун Византия подшоҳи Константин Ягона Аллоҳга даъват этган Kaшиш Арийни сургун жойидан империя пойтахтига чақириб олди?

Ат-Туробийнинг

"Ислом умматининг 100 буюк шахси" китобидан

 

 

 

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Арийчилик