loader
Foto

Язид Ибн Муовия Халифалиги

Язид ибн Муовиянинг ҳаёти ва оила аъзолари

Язид 648 йили Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу (644-656) халифалиги вақтида дунёга келди. У вақтда отаси Шом амири бўлгани учун Язид амирлик саройида ҳеч нарсага муҳтож бўлмади. У балоғат ёшига етганда кўнгилҳушлик ва ўйин-кулгуга берилди. Язид сиёсий ва ижтимоий соҳаларга қизиқмас эди. Асосий вақтини ўйин-кулгу, хусусан, ов қилиш билан ўтказар эди. 24 ёшга кирганида отаси уни Византия қўшинига қўмондон қилди. Бироқ бу ҳам уни сиёсий ва ижтимоий жараёнларга жалб қила олмади.

Халифа Муовия 773 йили Куфа амири Зиёд ибн Абиҳга мактуб йўллаб, ундан Язидга байъат олиш масаласида маслаҳат сўради. Зиёд Язиднинг хулқини билгани учун бу ишда шошмаслик кераклигини айтди. Язид кўп вақтини Ҳумс вилоятидаги Ҳаворин шаҳрида ўтказар эди. Ҳатто отаси вафот этганида ҳам у ерда бўлган.

Язиднинг аёли Умму Ҳошим бинти Абий Ҳошим бўлиб, ундан Муовия, Холид ва Абу Суфён каби фарзандлари дунёга келган. Тўнғич ўғил Муовияга Язиддан кейин Шом аҳолиси байъат берган. Холид ибн Язид кимё илми билан шуғуллангани айтилади. Умму Ҳошим бинти Абий Ҳошим 683 йили эри Язиднинг вафотидан кейин Марвон ибн Ҳакамга турмушга чиққан.



Язид ибн Муовия халифалиги

Муовия розияллоҳу анҳу ҳаётлик вақтида барча шаҳарлардан ўғли Язиднинг халифа бўлиши учун байъат олди. Фақат Мадинадаги саноқли кишилар бундан мустасно эди. Муовиянинг вафотидан сўнг норозилик кайфияти юзага келди. Улар халифанинг иши нотўғри эканини танқид қилиб: “Агар бир халифа вафот этса, у кўрсатган номзодга байъат берилади ёки у инкор қилинади ва бошқа кишига байъат берилади. Бироқ халифа Муовия ҳаётлик вақтида янги халифа учун байъат олиб хато қилди”, деб ҳисоблашар эди. Шунинг учун Язидга яна қайтадан байъат берилди. Шунда хам Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳу ва Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу байъат бермади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу каби саҳобалар мусулмонларнинг бирлигини сақлаб қолиш учун байъат бердилар.

Халифа Язид имкони борича барчадан байъат олишга ҳаракат қилди. Аввало Мадинанинг янги волийси Утба ибн Валидга мактуб ёзиб, Ҳусайн ибн Али ва Абдуллоҳ ибн Зубайрдан байъат олишни буюрди. Бироқ у бу ишнинг уддасидан чиқа олмади. Шунинг учун ишдан четлатилиб, ўрнига Макка волийси Амр ибн Саид (ваф. 689) Мадина волийси этиб тайинланди. Язиднинг талаби кучайиши натижасида иккиси Маккага кетиб, ҳимояланишга қарор қилдилар. Макка ҳаром, яъни уруш қилиш таъқиқланган шаҳар эди. Шунинг учун Ҳусайн ибн Али ва Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо Маккага жўнаб кетди.



Карбало фожеаси

Маккага келганидан сўнг куфаликлар Ҳусайн розияллоҳу анҳуга элчи жўнатиб, Куфага келиб, унинг аҳолисидан байъат олишларини сўрадилар. Улар Муовия розияллоҳу анҳу даврида ҳам мактуб йўллаб, шундай илтимосларини баён қилишган эди.

Бу вақтда Нуъмон ибн Башир Куфа волийси эди. Ҳусайн розияллоҳу анҳу вазиятни ўрганиш учун амакисининг ўғли Муслим ибн Ақилни Куфага юборди. Муслим Куфага келганида унга ўн икки мингга яқин киши Ҳусайн розияллоҳу анҳуни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди. Улар Куфа волийси бошқарувига нуқта қўйди. Халифа Язид Куфа масаласини ҳал этиш учун Убайдуллоҳ ибн Зиёдни Куфа волийси этиб тайинлади. Худди шу вақтда Муслим ибн Ақил Ҳусайн розияллоҳу анҳуга Куфага келиши мумкинлиги ҳақида мактуб ёзди.

Убайдуллоҳ Куфага бориб Муслим ибн Ақилнинг жойини аниқлади. У Ҳони ибн Урванинг уйида эди. Убайдуллоҳ Ҳонини чақириб, ундан Муслим ҳақида сўраганида ҳеч нарса билмаслигини айтди. Убайдуллоҳ: “Одамлар сен билан уни бирга кўришибди”, деди. Шунда Ҳони: “Аллоҳга қасамки, мен уни уйимга чақирмадим. Ўзи уйимга келиб ўрнашиб олди”, деди. Убайдуллоҳ уни ҳибсга олишларини буюрди. Бу воқеадан хабар топган Муслим куфаликларни ёрдамга чақирди. Унинг чақириғига тўрт минг киши лаббай деб чиқди. Муслим уларни курашга тайёрлади ва амирлик қасри томон юриш бошлади. Улар хар томондан қасрни ўраб олдилар. Масжид, бозор ва атроф одамларга тўлиб тошди.

Ибн Зиёд билан бор-йўғи ўттизта миршаб, йигирмата қўриқчи, оила аъзолари ва хизматчилари бор эди, холос. У Касир ибн Шиҳоб ал-Ҳорисийни чақи-риб ўзига итоат қиладиганларни тўплаб, Муслим-нинг одамларини қўрқитишни ва ундан айнитишни топширди. Сўнгра омонлик байроғи тикиб, ким ўшанинг остига келса, омон қолишини билдирди. Бошқа қабила бошлиқларига ҳам худди шундай қилиш амр қилинди. Шундан сўнг одамлар орасида тарғибот ишлари бошланди.

Бу тадбирлардан кейин одамлар аста-секин тарқала бошладилар. Муслим ибн Ақийл билан масжидда саноқли кишилар қолди, холос. Сўнгра у беркиниб олди. Ибн Зиёд унинг беркинган жойини аниқлаб, Муҳаммад ибн Ашъасга тутиб келишни буюрди. У амрни бажарди. Йўлда келаётиб Муслим Муҳаммад ибн Ашъасга: “Менга омонлик беришдан ожизлигингни билиб турибман. Ҳусайнга одам юбориб, менинг ҳолимдан хабар беришга, уни аҳли байти билан қайтаришга, Куфа аҳлининг гапларига учмасликка, улар отасига хиёнат қилган одамлар эканини айтишга имконинг борми?”, деди. Муҳаммад ибн Ашъас унинг айтганларини қилди. Муслим ибн Ақийл келтирилганида, Ибн Зиёд уни қатл қилди. Кейин Ҳони ибн Урва ал-Муродийни ҳам қатл қилди.

Ҳусайн розияллоҳу анҳу Куфа томон юрмоқчи бўлиб турганида олдига Умар ибн Абдураҳмон келиб: “Менга Ироққа бормоқчи эканинг ҳақида хабар етди. Мени амирлари, омиллари ва байтул-моллари бор юртга боришинг хавфга солади. Одамлар дирҳам ва динорнинг бандаларидир. Сенга ёрдамни ваъда қилганлар сўзларидан қайтиб, сенга қарши уруш қилиб қолишларидан қўрқаман”, деди. Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга яхши муомала қилиб, унинг таклифини рад этди.

Сўнгра Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу келиб: “Ироққа бормоқчи эканингдан одамлар хавфсирамоқда, айтчи, нима қилмоқчисан ўзи?!” деди. “Ушбу икки кун ичида юришга азму қарор қилдим”, деди Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу. “Ундоқ қилишдан сени Аллоҳнинг Ўзи асрасин! Аллоҳ раҳмингни егур, менга айтчи, сен амирларини ўлдириб, юртларини бошини тутиб, душманларини ҳайдаган қавмнинг олдига бормоқчимисан! Мен улар сени алдаб, ёлғончи қилишларидан, сенга қарши йўл тутиб, сени ташлаб қочишларидан ва ашаддий душман бўлишларидан қўрқаман”, деди Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу. Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу гапга жавобан: “Мен Аллоҳга истихора қиламан. Кейин нима бўлишига қарайман”, деди.

Эртасига Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу яна қайтиб келиб: “Эй, амакиваччам! Шунча сабр қилай десам ҳам сабр қила олмаяпман. Шу йўлдан кетаверсанг ҳалок бўлиб, томиринг қуришидан қўрқмоқдаман. Ахир Ироқ аҳли хиёнаткор қавм. Уларга зинҳор яқинлашма! Ушбу юртда туравер. Ахир сен Ҳижоз аҳлининг саййидисан. Агар Ироқ аҳли ўзлари даъво қилаётганларидек сени хоҳлайдиган бўлсалар, уларга хат ёз, омилларини ва душманларини қувсинлар. Кейин сен уларнинг олдига бор. Жуда чиқмаслик иложи бўлмаса, Яманга бор. Унда қўрғонлар, даралар бор. Унинг ери кенг. У ерда отангнинг тарафдорлари бор. Ана шунда менимча, сенга ўзинг офиятда бўлган ҳолингда сен яхши кўрган нарса келади”, деди. Ҳусайн розияллоҳу анҳу унинг бу гапларини қабул қилмади. Шунда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Агар борадиган бўлсанг, аёлларингни ва кичик болаларингни қолдириб кет, мен сенинг ҳам Усмон қатл қилинганидек аёлларинг ва болаларинг кўз ўнгида қатл қилинишингдан қўрқаман”, деди. Бу гаплар ҳам фойда бермади.

Ҳусайн розияллоҳу анҳу аёллари ва бола-чақалари билан йўлга тушди. Йўлда унга Абдуллоҳ ибн Мутийъ дуч келди. У Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қаёққа кетаётганини билгандан сўнг: “Аллоҳнинг номи ила эслатаман, эй, Расулуллоҳ қизининг ўғли, Ислом ҳурмати ўтиниб сўрайман, араблар ҳурмати, Аллоҳнинг номи ила ўтиниб сўрайман, ундоқ қилма! Аллоҳга қасамки, агар Бани Умайянинг қўлидаги нарсани талаб қиладиган бўлсанг, улар сени соғ қўймайди. Сендан кейин эса, ҳеч кимдан тап тортмай қўядилар. Ўзингни Бани Умайяга тутиб берма!” деди. Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу гапларга ҳам эътибор бермай йўлда давом этди.

У ўз одамлари билан Саълабийя деган жойга етганида Муслим ибн Ақийлнинг қатл қилинганидан хабар топди. Шунда баъзи кишилар ортга қайтиш ке-раклигини айтди. Аммо Муслимнинг яқинлари бунга қарши чиқиб: “Аллоҳга қасамки, ўчимизни олмагунча қўймаймиз. Ёки Муслим татиган нарсани биз ҳам татиймиз!” дедилар.

Ҳусайн розияллоҳу анҳу шимол томон юриб Найнавога етиб борди. Ўша ерда уларга қарши Ибн Зиёд юборган аскар етиб келди. Ўша аскарнинг бошлиғи Умар ибн Саъд одам юбориб: “Нима учун келдинг?” деб сўради. “Юртингизнинг одамлари мактуб ёзиб келишимни сўрашди. Агар мени ёқтирмасалар, қайтиб кетаман”, деди Ҳусайн розияллоҳу анҳу. Умар бу ҳақда Ибн Зиёдга хат юборди. Шеърий услуб ила ёзилган хатда чангалимизга тушганда нажот топ-моқчи, энди иложи бормикан, деган маъно бор эди.

Убайдуллоҳ ибн Зиёд Умар ибн Саъдга: Язидга байъат қилишни таклиф қил. Агар қабул қилса ўйлаб кўрамиз, у билан одамларидан сувни тўсиб қўй”, деган амрни қилди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу: “Менга имкон беринглар, келган жойимга қайтиб кетаман”, деди. Улар: “Ибн Зиёднинг ҳукмини қабул қил”, дедилар. Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу гапни қабул қилиши мумкин эмас эди. Урушдан бошқа илож қолмади. Ҳусайн розияллоху анҳунинг урушадиган одамлари саксон кишидан ортмас эди. Жанг бошланди. Кўп ўтмай Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан барча эркак яқинлари қатл қилинди. Ироқликлардан саксон саккиз киши ўлди. Бу жиноят 681 йил жума куни, Карбало даштида содир бўлди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуни Синан ибн Авс ибн Амр ан-Нахаъий найза санчиб ўлдирди. Ўша куни Ашуро кунига тўғри келган эди (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ислом тарихи, иккинчи китоб. - Т: Ҳилол нашр, 2017. - Б. 34.).

Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ўлдирилганлиги хабари халифага етганида у бўлиб ўтган ишдан афсусланди ва Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг аёллари ва омон қолган яқинларини ҳурмат-эҳтиром билан Мадинага кузатиб қўйишларини буюрди.



Муслим ибн Уқбанинг Мадинага юборилиши

Карбало воқеасидан кейин Макка ва Мадинада халифага қарши норозилик ҳаракати бошланди. Мак-каликлар Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бошчилигида, Мадина аҳолиси эса Абдуллоҳ ибн Ҳанзала розияллоҳу анҳу бошчилигида исён кўтарди. Улар Мадина волийси Амр ибн Саидни амирликдан четлаштирди. Халифа Язид Мадина волийси этиб, Усмон ибн Муҳаммадни тайинлади. Шу билан бирга одамларга ваъз-насиҳат қилиш учун Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳуни юборди. Бироқ мадиналиклар унга ҳам қулоқ тутмадилар. Усмон ибн Муҳаммад Мадинадан қочиб чиқишга мажбур бўлди. Исёнчилар бану Умайя вакиллари жойлашган Марвон ибн Ҳакамнинг уйини ўраб олдилар. У ерда минга яқин киши бор эди.

Воқеалардан хабар топган халифа Язид Муслим ибн Уқба бошчилигида қўшин жўнатди. Қўшин келганида Умайя уруғи водил-Қурога чиқариб юборилган эди. Муслим ибн Уқба аҳолига таслим бўлиши учун уч кун муҳлат берди. Улар урушни танладилар. Муслим ибн Уқба Ҳарра ҳудуди орқали кириб келгани учун шу ерда жанг бошланди ва у Ҳарра воқеаси деб номланди. Абдуллоҳ ибн Ҳанзала, Абдуллоҳ ибн Мутиъ, Муаққал ибн Синон ва бошқалар мадиналик қўшиннинг раҳбарлари эди. 683 йили бўлиб ўтган Ҳарра жангида Мадина саййидларининг аксари ҳалок бўлди ва халифа қўшинлари шаҳарни эгаллади.

Мадина қўлга ўтгандан кейин Муслим ибн Уқба қўшин билан Макка томон йўл олди. Маккани Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бошқариб турган эди. Муслим ибн Уқба йўлда вафот этди ва ўрнини Ҳусайн ибн Нумайр эгаллади. Макка ва Ҳижоз аҳолиси Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга байъат берди. Халифа қўшинлари Маккага етиб келгач, Ибн Зубайр қўшини билан жанг бўлиб ўтди. Икки қўшин ўртасидаги жанглар бир неча ой давом этди. Энг авжига чиққан воқеа 683 йил ноябрь ойида Каъбанинг манжаниқдан ўққа тутилиши бўлди. Натижада Каъба деворларига жиддий зарар етди.

Макка қамали давом этиб турган пайтда, Язид ибн Муовиянинг ўлими ҳақида хабар келди. Умавийлар лашкарбошиси Ҳусайн ибн Нумайр Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат қилиб, ундан Шомда раҳбарлик қилишини сўради. Лекин Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бу таклифни қабул қилмади. Шундан сўнг умавийлар қўшини Шомга қайтиб кетди.

683 йил ноябрда вафот этган Язид ибн Муовия 38 ёшда бўлиб, 3 йилу 8 ой халифалик қилди. Жанозасини ўғли Муовия ибн Язид ўқиди.

Язиднинг вафотидан сўнг Муовия ибн Язид халифа бўлди. Унинг халифалик вақти баъзи ривоятларда 40 кун, баъзиларида уч ой бўлгани келтирилади. У касаллиги туфайли халифалиқца ҳеч қандай ишни амалга оширмади. Ҳатто намозга имомлик вазифасини ҳам Даҳҳок ибн Қайс бажарди. Даҳҳок намозга имомлик билан бирга халифалиқцаги ишларни ҳам юритар эди. Бу жараён Муовия ибн Язиднинг вафотигача давом этди.

С.Умматалиевнинг

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан