loader
Foto

Атеист-яҳудийнинг «Исломни қилич билан тарқатиш» тушунчаси ҳақида

Асрлар ўтгач, Черков Шарқий (Ортодоксал) ва Ғарбий (Католик) черковларга бўлинган. Ғарбда Папа титулини ўзлаштириб олган Рим епископи императордан ўз устунлигини тан олишни талаб қилган.

Ҳукмдор ва Папа ўртасида кураш Европа тарихида аосий рол ўйнади ва халқларни бўлиб ташлади. Гоҳ у томон, гоҳ бу томон ғалаба қозонарди. Гоҳ ҳукмдорлар, гоҳ Папалар бир-бирини қуварди. Қироллардан бирининг отаси – Генрих IV «Каноссага йўл олиб», бу ерда уч кун давомида Папанинг авф этишини кутиб, қорда ялангоёқ туради.

Бироқ ҳукмдорлар ва Папалар бир-бири билан тинч-тотув яшаган пайтлар ҳам бўлган. Бугун биз айнан шундай ҳолатни бошдан кечирмоқдамиз. АҚШнинг собиқ президенти Джордж Буш II ва Папа Бенедикт XVI ажойиб уйғунликда яшамоқда. Ўтган ҳафта Папа томонидан сўзланган ва бутун дунё бўйлаб норозиликларга сабабли бўлган нутқ Бушниг «Исламофашизм»га қарши салиб юриши билан уйғунлашди.

Германия университетида ўқилган маърузасида 265-Папа унинг фикрига кўра, исломнинг насронийликдан фарқи нимада эканлигини баён қилди: насронийлик соғлом фикрга асосланган, ислом эса уни рад қилармиш. Насронийлар Худонинг ишларида мантиқ кўради, мусулмонлар эса Аллоҳнинг ишларида мантиқ йўқ деб ҳисоблайди.

Яҳудий-атеист бўлганим ҳолда, мен бу мунозараларга аралашишни истамайман. Папанинг мантиқи менинг камтарона тушуниш доирамдан юқоридир. Лекин «тамаддунлар уруши» ҳудудининг бир четида яшайдиган исроиллик сифатида мени хавотирга соладиган брир жиҳатга эътибор қаратмасдан ўта олмайман.

Исломда соғлом фикр йўқлигини исботлаш учун Папа гўёки Муҳаммад ўз издошларига динни қилич билан тарқатишни буюрган деб таъкидлайди. Папанинг сўзларига қараганда, бу бемаъни, чунки эътиқод қалб ила вужудга келади, тана ила эмас. Қандай қилиб қилич қалбга таъсир этиши мумкин?

Ўз сўзларининг тасдиғи сифатида, Папа, энг аввало, шарқ черковига мансуб бўлган Византия императорининг сўзларидан иқтибос келтирди. XIV асрнинг охирларида император Мануэл II Палеологус у билан исми айтиб ўтилмаган форслик бир мусулмон уламо ўртасида бўлиб ўтган тортишув ҳақида гапириб берди (ҳар холда у шундай ҳикоя қилди).  Тортишув авжига чиққанда император (унинг сўзларига кўра) қуйидаги сўзларни айтади:

«Муҳаммад янги нарсаларни келтирганини менга кўрсатинг, сиз ёвузликдан ва ғайриинсоний нарсалардан, масалан, динни қилич билан тарқатиш ҳақида буйруғидан бошқа ҳеч нарса топа олмайсиз».

Бу сўзлар учта саволга олиб келади: Император нима учун бундай деди? У ҳақми?  Нима учун ҳозирги Папа бу сўзларни иқтибос қилиб келтирди?

Мануэл II ўз рисоласини ҳалокат ёқасига келиб қолган империя етакчиси бўлган пайтида ёзган. У ҳукумат тепасига бир пайтлар гуллаб-яшнаган империядан атиги бир нечта провинция қолган пайтда келганди. Лекин улар ҳам турк султони томонидан босиб олиниш хавфи остида эди.

Бу пайтга келиб, Усмонлилар империяси турклари Дунай қирғоқларига етиб келганди. Улар Болгария ва шимолий Юнонистонни забт этган ва Европа томонидан шарқий империяни қутқариш учун жўнатилган қўшинларни икки марта мағлуб қилганди. 1453 йилнинг 23 май куни, Мануэлнинг ўлимидан бир неча йил ўтгач, унинг пойтахти, Константинополь туркларга таслим бўлиб, шу тариқа қарийб минг йил давомида мавжуд бўлган империянинг куни битди.

Мануэл ҳукмронлик қилган давр мобайнида ёрдам сўраб Европа пойтахтларини айланиб чиқди. У Черковларни яна бирлаштиришга ваъда берди. Шак-шубҳасизки, у ўз рисоласини насроний мамлакатларни туркларга қарши бирлаштириш ва уларни янги салиб юришига ундаш мақсадида ёзган. Соф амалий мақсад, яъни илоҳият сиёсатга хизмат қилиши кутилганди.

Шундай қилиб, бу иқтибос замонавий император – Джордж Буш II талабларига жуда мос келади.  У ҳам насронийлар дунёсини мусулмонлар «ёвузлик ўзаги»га қарши бирлаштиришга интилмоқда. Боз устига, турклар яна Европа эшикларини қоқмоқда. Фақат бу сафар эзгу ниятлар билан. Яхши маълумки, Папа Туркияни Европа Иттифоқига киритишга қарши бўлган кучларни қўллаб-қувватламоқда.

Хўш, Мануэлнинг сўзларида ҳақиқат борми?

Огоҳлантириш сўзларини Папанинг ўзи айтганди. Жиддий ва машҳур илоҳиётчи бўлгани ҳолда, у ёзилган матнни бузиб етказа олмасди, шу сабабли Қуръон динни қилич билан тарқатишни таъкидлади. Папа «Динда мажбурлаш йўқ» деб айтилган иккинчи сура оятидан иқтибос келтирган.

Бундай икки хил тушунишга йўл қўймайдиган, аниқ баёнотни қандай қилиб писанд қилмаслик мумкин? Папанинг таъкидлашича, ушбу буйруқ пайғамбар томонидан мусулмонлар ҳали кучсиз бўлган пайтда айтилган, кейинчалик эса динга хизмат қилиш учун қўлига қилич олишни буюрган. Қуръонда бундай  буйруқ йўқ. Дарҳақиқат, пайғамбар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи асаллам ўз давлатини барпо этиш даврида яҳудийлар, насронийлар, Арабистон мушрикларига уруш эълон қилган, лекин бу ҳаракатлар диний эмас, сиёсий характерга эга бўлган. Бу асосан ҳужжат учун кураш бўлган, динни тарқатиш учун эмас.

Исо Масиҳ айтади: «Уларни меваларидан билиб оласизлар». Шу сабабли исломнинг бошқа дин вакилларига таъсири ҳақида мусулмон ҳукмдорлар ҳокимликни қўлга киритгач, «динни қилич билан тарқатиш» учун кучга эга бўлгани ҳолда минг йил давомида қандай йўл тутганликлари ҳақида яхши билиб олгандан кейингина мулоҳаза юритиш мумкин.

Мусулмонлар асрлар давомида Юнонистонга ҳукмронлик қилган. Лекин юнонлар мусулмон бўлишдими? Кимдир уларни исломлаштиришга уринганми? Аксинча, насроний юнонлар усмонийлар ҳукуматида юқори мансабларни эгаллаган. Болгарлар, серблар, венгерлар ва бошқа европалик халқлар усмонлилар ҳукмронлик қилган йилларда ўз динига бемалол эътиқод қилган. Ҳеч ким уларни мусулмон бўлишга мажбур қилмаган ва уларнинг ҳаммаси ҳақиқий насроний бўлиб қолаверган.

Ҳа, албанлар ҳам, худди боснияликлар каби исломни қабул қилишган. Лекин ҳеч ким уларнинг исломни мажбуран қабул қилгани ҳақида бир оғиз ҳам сўз айтмаган. Улар ҳукмдорнинг илтифотларидан фойдаланиш учун исломни қабул қилганди.

1099 йил салибчилар Қуддусни босиб олдилар ва у ерда яшаган яҳудийлар ва мусулмонлари меҳрибон Исо Масиҳ номи билан шафқатсизларча қириб ташладилар. Ўша пайт, Фаластин мусулмонлар томонидан забт этилган вақтдан 400 йил ўтгач, насронийлар ҳамон мамлакат аҳолисинниг кўпчилигини ташкил қиларди. Бу қадар узоқ вақт давомида уларга бирон марта исломни зўрлаб қабул қилдиришга ҳаракат ҳам қилинмаганди. Фақат салибчилар мамлакатдан қувиб юборилгандан кейин аҳолининг катта қисми араб тилини ўзлаштириб, Ислом динини қабул қила бошлади. Бу одамлар ҳозирги фаластинликларнинг аждодлари ҳисобланади.

Яҳудийларни зўрлик билан исломга ўтказиш ҳаракатлари ҳақида биронта далил-исбот йўқ. Маълумки, мусулмонлар ҳукмронлиги остида Испания яҳудийлари ҳатто ҳозирги кунгача ҳам ҳеч қаерда кўрмаган фаровонликда яшаган. Иехуда Галеви каби шоирлар, буюк Маймонид араб тилида қалам тебратган. Мусулмонлар ҳукмронлиги пайтида яҳудийлар Испанияда вазир, шоир, олим бўлишган…  Толедода насронийлар, яҳудийлар ва мусулмон уламолари биргаликдаги саъй-ҳаракатлари эвазига қадимги юнон файласуфлари ва олимларининг асарларини таржима қилишган. Бу ҳақиқатда олтин аср бўлган. Агар Пайғамбар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам Исломни қилич билан тарқатиш ҳақида буйруқ берганларида, бундай бўлиши мумкинмиди?

Кейинги воқеалар бундан ҳам ёрқин таассурот қолдиради. Католиклар Испанияни мусулмонлардан тортиб олиши билан унинг ҳудудида диний террор ҳукмронлик қила бошлади. Яҳудийлар ва мусулмонлар олдида оғир танлов турарди: ёки насронийликни қабул қилиш, ёки қувғин бўлиш ва йўқ бўлиб кетиш. Ўз динини тарк этишни истамаган юзлаб ва минглаб яҳудийларнинг ҳоли не кечди? Уларни мусулмон мамлакатлар очиқ кўнгил билан кутиб олишди. Сефардлар («испан яҳудийлари») ғарбда Марокашдан тортиб шарқда Ироққача, шимолда Болгариядан (бу пайтлар у Усмонийлар салтанати таркибига кирарди) жанубда Судангача қўним топдилар. Уларни ҳеч ким таъқиб қилмади. Улар то Холокостга қадар деярли ҳар бир насроний мамлакатда ўринга эга бўлган аутодафе гулханлари, қирғинлар, оммавий қувғинлар каби инквизиция қийноқлари нима эканлигини билмади.

Нима сабабдан? Чунки Ислом «китоб аҳли»га зулм қилишни тақиқлайди [1]. Яҳудийлар ва насронийларга Ислом жамиятида алоҳида ўрин ажратилган. Улар мусулмонлар билан деярли бир хил ҳуқуқларга эга бўлган. Тўғри, улар жон солиғи тўлашга мажбур эди, лекин ҳарбий хизматдан озод этилганди – бу эса кўплаб яҳудийларга жуда ёқиб тушганди. Айтишларича, мусулмон ҳукмдорлар яҳудийларни исломни қабул қилиш истагини асло маъқуламаган, чунки бу солиқларни қисқартирган бўларди [2].

Ўз халқининг тарихидан хабардор бўлган ҳар бир ҳалол яҳудий насронийлар дунёси уларни «қилич билан» ўз динига ўтказишга кўп марта ҳаракат қилган бир пайтда эллик авлод давомида уларни ҳимоя қилган Ислом олдида чуқур миннатдорликни ҳис этиши лозим.

Исломни қилич билан тарқатиш ҳақидаги ҳикоялар – Европада испаниянинг асронийлар томонидан босиб олиниши, шунингдек, Венагача етиб борган туркларга қарши салиб юришлари каби шафқатсиз урушлар вақтида юзага келган ёлғон афсоналардан бошқа нарса эмас. Немис Папа бу эртакларга чин дилдан ишонишига шубҳа қиламан. Бу ҳолатда, католик дунё етакчиси, насроний илоҳиётчи бошқа динлар тарихини ўрганишга ҳаракат қилмаган бўларди.

Нима учун бу сўзлар омма олдида айтилди? Нимага айнан ҳозир?

Бу ерда Буш ва унинг инжилчи ёрдамчилари томонидан «терроризм» сўзи «Ислом» сўзи билан деярли синоним бўлиб  қолган «Ислом фашизми» ва «глобал терроризм»га қарши кураш шиорлари остида уюштирилаётган янги салиб юриши ҳақида фикрлар пайдо бўлиши муқаррар. Буш ёрдамчиларининг бу орсиз ҳаракатлари дунёнинг нефт ресурсларини эгаллаб олиш ниятини ниқоблаб туради. Дин ридоси иқтисодий манфаатлар ялағочлигини яширишга уриниши тарихда биринчи марта кузатилмаяпти, босқинчи ва талончилар юриши биринчи марта Салиб юриши деб аталмаяпти.

Папанинг нутқи жуда аянли манзарани тўлдириб турибди. қўрқинчли ва даҳшатли оқибатларни ким башорат қилади? [3]





-------------------



[1] нафақат «китоб аҳли»ни, балки ҳамма одамларни.

[2] бу ерда муаллиф хато қилган, чунки мусулмон бўлмаганлар томонидан тўланган солиқлар давлат ғазнасига келиб тушадиган бошқа маблағлар олдида арзимас миқдорни ташкил қиларди. Мусулмонлар доимо қолганларни исломга даъват қилиб келган ва шунадй давом этади ҳам.

[3] Муҳим изоҳ: бизнинг сайт муаллифнинг барча ғояларини ҳам қўллаб-қувватламайди, чунки уларнинг ҳаммаси ҳам Исломга мос келмайди.





Абу Муслим таржимаси